Ҳиндистон, Айодҳа можароси: Бобур Масжиди бузиб ташланган ер тақдири нима бўлди?

Сурат манбаси, Reuters
Бир неча асрлик "Айодҳа аслида кимники?" қабилидаги баҳс ва тортишувлар Ҳиндистон тарихидаги ечими мушкул суд ишлари бошланишига сабабчи бўлган. Мазкур муаммонинг илдизини диний ўзликка дахлдор сиёсат қаъридан топиш мумкин.
Ҳиндулар шимолдаги Уттар Прадеш штатида жойлашган Айодҳа шаҳрини ўзларининг энг мўътабар ҳисобланмиш илоҳларидан бири - Рамнинг киндик қони тўкилган маскан ўлароқ кўрадилар.
Мусулмонлар эса бу шаҳардаги Бобур Масжидида асрлардан бери ибодат қилиб келишларини таъкидлайдилар.
Ҳиндистон Олий Суди 9 ноябрь куни ушбу ерни ибодатхона қуриш учун ҳиндуларга бериш тўғрисида қарор чиқарди.
Ҳиндуийлик Ҳиндистонда энг кенг тарқалган дин саналиб, у бундан 4 минг йил муқаддам пайдо бўлган, дея ҳисобланади.
Ҳиндистондаги илк мусулмон сулола ҳукмронлиги эса XIII аср бошларида ўрнатилган.
Муаммонинг сабаби нимада ўзи?
Қадамжо юзасидан тортишувлар оқибатида 1992 йилда ҳиндулар оломони 16 асрда барпо этилган Бобур Масжидини бузиб ташлаган эди. Бунинг ортидан норозилик ҳаракати бошланган ва 2 мингга яқин инсон ўлдирилган.
Ҳиндуларнинг кўпчилиги Бобур масжиди, аслида, мусулмон босқинчилари келиб вайрон этган ҳинду ибодатхонаси ўрнига қурилган, деб ишонади.
Мусулмонлар эса 1949 йилнинг декабрига қадар у ерда ибодат қилганликлари, лекин ҳиндулар, кейинчалик, илоҳ Рам бутини масжидга ўрнатиб олганини иддао қиладилар.
Шундан бери ҳар икки дин вакиллари саноқсиз марта судга мурожаат қилиб, қадамжо юзасидан назоратни даъво этиб келадилар.
Иш энди ёпилдими?
Бу ишда учта асосий даъвогар томон бор: ҳиндуларнинг икки гуруҳи ва Ҳиндистондаги исломий мулкларни асрашга масъул бўлган Мусулмон Вақф Бошқармаси.
Икки ҳинду гуруҳи эса ўнгчи кайфиятдаги Ҳинду Маҳасабҳа сиёсий партияси ва ҳинду руҳонийларининг Нирмоҳи Аҳара сектасидир.
Томонлар 2002 йилда бир-бирининг устидан Аллоҳобод Олий судига арз қилганлар.

Сурат манбаси, Getty Images
Суд қарори эса орадан саккиз йил ўтиб - 2010 йилда чиққан. Қарорда баҳсга сабаб бўлган 1 гектардан зиёд ер тенг миқдорда уч қисмга бўлиниши зарурлиги айтилган эди.
Бироқ ушбу ҳудуднинг энг муҳим қисми - Бобур масжид бир вақтлар қад ростлаган жой - бошқаруви ҳиндуларга бериб юборилади.
Суд, шунингдек, ишга доир уч муҳим масала бўйича ҳам қуйидагича тугал хулоса беради:
"Бу ҳақиқатан ҳам илоҳ Рамнинг туғилган ери; Бобур масжиди вайрон этилган ҳинду ибодатхонаси ўрнида тикланган ва масжид Ислом таълимотларига зид равишда қурилган".
Ҳиндулар ва мусулмонлар қайта шикоят қилиши ортидан Ҳиндистон Олий суди 2011 йилда бу суд қарорини бекор қилган.
Шу йилнинг 9 ноябрь куни эълон қилинган навбатдаги суд қарорида эса бузиб ташланган Бобур масжиди остида "исломий бўлмаган" бино қолдиқлари мавжудлиги тўғрисидаги археология хулосасидан иқтибос келтирилади.
Мазкур қарор баҳсли ҳудуд Рам ибодатхонаси қуриш учун ҳиндуларга берилиши, мусулмонларга эса масжид қурилиши учун бошқа ер ажратилишини белгилаб берган.
Шунга қарамай, суд Бобур масжидининг вайрон этилиши ноқонуний бўлганини тан олган.
Мусулмон даъвогарларнинг асосий гуруҳи суд қарори устидан шикоят қилмаслигини билдирган.
Бу борада яна қандай муҳим ҳуқуқий қарорлар қабул қилинган?
1994 йили Ҳиндистон Олий Суди ушбу иш юзасидан қарор чиқарган, бу қарорида масжид ғояси "Исломга алоқадор эмас" деб таъкидланган. Суднинг ушбу қарори ҳиндуларни Бобур Масжиди атрофидаги бор ерни ўз назоратига олиш учун курашга руҳлантирди.
2018 йил апрелида Ҳиндистондаги таниқли юрист Ражив Дҳаван олий суд ҳакамларига мурожаат қилган, 1994 йилги қарорни қайта кўриб чиқишга чақирганди.
Аммо орадан сал ўтиб, Олий Суд олдинги қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризани рад этди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистонда диний низолар кучаймоқдами?
Бош вазир Нарендра Модининг миллатчи BJP партияси 2014 йилда ҳокимиятга келгандан бери мамлакатда диний ва ижтимоий бўлинишлар янада кучайган.
BJP'га аъзо депутатлар, вазирлар ва бошқа таъсирли сиёсатчилар Айодҳада ҳинду ибодатхонаси қуриш ғоясини кенг дастаклай бошлаганлар.
Сўнгги йилларда ҳиндулар учун муқаддас ҳисобланган сигирни сўйгани ёки сотгани учун кўплаб мусулмонлар жазоланган, ҳатто, ўлдирилган.
Ҳинду миллатчилигининг кучайиши эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам диний низоларнинг оловланишига сабаб бўлган.
Яқинда Ҳиндистон Ички ишлар вазири Амит Шоҳ Ассам штатида қўлланилган ҳукумат схемаси асосида "ноқонуний муҳожирлар"(кўпчилик бу жумла билан вазир мусулмонларни назарда тутди, деган фикрга борган)ни мамлакатдан чиқариб юборишини таъкидлаган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















