"Ҳашаротдек кўришади": Ҳиндистон ҳукумати нега мусулмонларнинг уйини бузяпти? Din va dunyo

Ҳиндистон ҳукумати Муҳаммад (с.а.в)нинг шаънини ҳимоя қилиб чиққани айтилаётган мусулмонларни тартибсизликда айблаб, уйини булдозерлар билан бузиб ташламоқда. Мамлакат Олий суди сешанба куни Уттар-Прадешда бўлган ушбу амал қанчалик қонуний бўлганини кўриб чиқади. Мусулмонлар ўзларини ҳашаротдек ожиз ҳис қилаётганини айтмоқда.
Бузилишлар Ҳиндистонда танқидларга сабаб бўлди ва дунё бўйлаб шов-шув келтириб чиқарди. Кўпчилик булдозерда бузиш ҳукуматдаги ҳинду миллатчиларининг БЖП партияси томонидан озчилик мусулмон жамосининг уйлари ва мулкларини вайрон қилишда қуролга айланганини айтишади.
Би-би-си мухбири Ражини Вайдянатханнинг хабар беришича, Саҳаранпурдаги кўчаларда қўрқув ҳукмрон.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шаҳардаги мусулмонлар учун хавфсиз жойнинг ўзи қолмаган.
Ҳиндистонда аксил-мусулмон кайфият кучаймоқда.
Нафрат нишонига айланган, сиёсий нутқларда ҳужумга тутилган қавм энди ҳукумат уйларига бостириб келишидан қўрқмоқда.
Бу кўргилик Хушнуданинг бошига тушди. 17 яшар ўғли Абдул ҳибсга олингач, уйига булдозер жўнатилди.
Расмийлар тартибсиз намойишларда қатнашганларнинг ноқонуний қурилган уйларини бузаётганини айтади.
Огоҳлантирмасдан бузишга келишган вақти Хушнуда неваралари билан уйда эди.

"Болалар тинмасдан йиғлашарди. Жуда ҳам кўп полиция ходими бор эди. Булдозер ташқарида, биз эса ичкарида эдик", дейди Хушнуда.
Ҳиндуларнинг миллатчи БЖП партияси вакили Муҳаммад (с.а.в) ни ҳақорат қилгач, бир ҳафта олдинги жума намозидан сўнг минглаб одам намойишга чиқди.
Асосан тинч ўтган намойиш кейин кескинлашди. Ўнлаб мусулмон ушланди.
Асма ўшандан бери ўғли Алини кўргани йўқ.
У тартибсизликларда айбланмоқда. Унинг айтишича, ўғли ҳатто намойишга ҳам чиқмаган.
Бироқ расмийлар унинг уйини кўриб кетишди. У энди булдозерлар келишидан хавотирланмоқда.
"Бу уйни қуриш учун боримизни сарфлаганмиз. Улар келиб ноқонуний дейишди ва бузиш билан таҳдид қилишяпти. Улар учун оддий ҳашаротмиз. Бизни истаган вақтида эзиши мумкин", дейди Асма.
Ҳукмрон БЖП партияси сўнгги ойларда ўзгача фикрловчиларни бостириш учун булдозерларни Ҳиндистон бўйлаб юборди.
Улар буни Ҳиндистонда "булдозер адолати", дейишади. Кўпчиликка кўра, мусулмон намойишчиларга қаратилган жазо турини мамлакатдаги таниқли ҳуқуқшунослар танқид қилди.
"Бир гуруҳ нафақагадаги ҳакамлар ва Олий маҳкамада ишловчи адвокатлар буни қонун устуворлигига йўл қўйиб бўлмас тажовуз, фуқароларнинг ҳуқуқини топташ ва конституцияни масхаралаш, деб тарифлашди", дейди Би-би-си мухбири Ражини Вайдянатхан.
Бироқ БЖП партияси бундай ўйламайди. Би-би-си партиянинг Саҳаранпурдан сайланган расмийсидан булдозерларни солиш муносиб жавобми, деб сўради.

"Ҳеч кимда жамоат мулкини бузиш ҳаққи йўқ. Шундай экан, қонунга кўра уларга қарши булдозерлар ишлатилиши керак. Булдозерлар тўғри қарор", дейди БЖП партиясидан Мукеш Чоудҳари
Мусулмонларнинг уйи ва ҳуқуқларига таҳдид қилинмоқда.
Булдозер Ҳиндистоннинг демократик қадриятлари тамалига чанг солиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













