Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳақида айтилган гаплар Ҳиндистоннинг дипломатик муаммоларини чуқурлаштириши мумкинми?

БААнинг Ҳиндистонга қарши чақириқларга қўшилиши сезиларли аҳамиятга эга

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БААнинг Ҳиндистонга қарши чақириқларга қўшилиши сезиларли аҳамиятга эга
    • Author, Викас Пандей
    • Role, Би-би-си

Ҳиндистоннинг ҳукмрон партиясидан икки юқори мартабали амалдорнинг Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) ҳақидаги мунозарали изоҳлари ортидан чиққан дипломатик муаммо ҳал бўлай демаяпти.

БАА, Уммон, Индонезия, Ироқ, Мальдив ороллари, Иордания, Ливия ва Баҳрайн пайғамбар ҳақида айтилган сўзларни қоралаган исломий давлатлар рўйхатига қўшилди. Аввалроқ Қувайт, Эрон ва Қатар ўз норозилигини билдириш учун Ҳиндистон элчиларини чақирган, Саудия Арабистони эса кескин баёнот билан чиққан эди.

Ҳиндистон дипломатлари бу мамлакатларни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда - мамлакат уларнинг аксари билан илиқ муносабатларга эга - аммо бўрон ҳали вери тугайдиганга ўхшамаяпти.

Бу тортишув марказида ҳинд миллатчи Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) вакили Нупур Шарма турибди. У ўтган ой теледебатда шундай фикр билдирган ва унинг баёноти видеоси интернетда тарқалиб кетган эди. Партиянинг Деҳли бўлимининг ОАВ раҳбари бўлган Навин Жиндал ҳам бу борада провокацион твит ёзди.

Танқидчилар Шарма хоним ва жаноб Жиндалнинг гаплари мамлакат сўнгги бир неча йил давомида гувоҳ бўлган чуқур диний қутбланишни акс эттиради, дейди. 2014 йилда БЖП ҳокимиятга келганидан бери мусулмонларга қарши нафрат нутқи ва ҳужумлар кескин ошди.

Уларнинг, айниқса, Шарма хонимнинг гаплари мамлакатдаги мусулмон озчиликни ғазаблантирди ва баъзи штатларда вақти-вақти билан норозилик намойишларига сабаб бўлди. Би би си Шарма хонимнинг сўзларини такрорламайди, чунки улар ҳақоратли деб қабул қилинади.

Икки раҳбар омма олдида узр сўради ва партия Шарма хонимни вақтинча четлатди, жаноб Жиндални эса ҳайдади.

"БЖП ҳар қандай диннинг ҳар қандай диний арбобини ҳақорат қилишни кескин қоралайди. БЖП шунингдек, ҳар қандай мазҳаб ёки динни ҳақорат қилувчи ёки камситувчи ҳар қандай мафкурага қарши чиқади. БЖП бундай одамлар ёки фалсафаларни тарғиб қилмайди", дейилади баёнотда.

Нупур Шарма ўтган ой ТВ дебатда ҳақоратли сўзлар ишлатганди

Сурат манбаси, Twitter/Nupur Sharma

Сурат тагсўзи, Нупур Шарма ўтган ой ТВ дебатда ҳақоратли сўзлар ишлатганди

Аммо экспертларнинг таъкидлашича, БЖПнинг жавоби мамлакатнинг ички ишлари халқаро саҳнага чиққанидан кейин етарли бўлмаслиги мумкин. Ислом оламидаги ғазаб бу давлатларнинг айрим баёнотларидан кўриниб турибди.

Қатар Ҳиндистондан оммавий кечирим сўрашини кутаётганини айтди.

"Бундай исломофоб нутқнинг жазосиз қолишига йўл қўйиш инсон ҳуқуқлари ҳимоясига жиддий хавф туғдиради ва бундан кейин ҳам нотўғри қараш ва маргиналлаштиришга олиб келиши, зўравонлик ва нафратнинг циклик тус олишига сабаб бўлиши мумкин", дейди Қатар ташқи ишлар вазирлиги.

Саудия Арабистони ҳам ўз баёнотида кучли сўзларни ишлатган. "Ташқи ишлар вазирлиги БЖП сўзчисининг баёнотларини қоралайди", дейилади баёнотда.

Ҳиндистоннинг Қатардаги элчиси Дипак Митталнинг айтишича, баъзи "маргинал элементлар"нинг сўзлари Ҳиндистон ҳукумати нуқтаи назарини акс эттирмайди. БЖПнинг юқори мартабали раҳбарлари ва бошқа дипломатлар ҳам баҳсли баёнотни қоралади.

57 мамлакат аъзо Ислом конференцияси ташкилоти ва Покистон ҳам Ҳиндистонни танқид қилди. Аммо Деҳли, одатдагидек, иккаласини ҳам танқид қилиб, уларнинг изоҳлари "асоссиз ва чекланган" эканлигини айтди.

Таҳлилчилар фикрича, партия ва ҳукуматнинг юқори раҳбарлари бу борада оммавий баёнотлар беришга мажбур бўлиши мумкин. Акс ҳолда, Ҳиндистоннинг араб дунёси ва Эрон билан алоқаларига путур етиши хавфи бор, дейди улар.

Кўп нарса тикилган

Ҳиндистоннинг Қувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Уммон ва БААни ўз ичига олган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши билан савдо ҳажми 2020-2021 йилларда 87 миллиард долларни ташкил этди. Миллионлаб ҳиндлар бу мамлакатларда яшаб ишлайдилар ва уйларига миллионлаб долларлик пул жўнатишади. Минтақа, шунингдек, Ҳиндистонга энергия импортининг асосий манбаи ҳисобланади.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 2014 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери минтақага мунтазам сафар қилиб келади. Мамлакат аллақачон БАА билан эркин савдо шартномасини имзолаган ва Кенгаш билан кенгроқ келишув ҳақида музокаралар олиб бормоқда.

Жаноб Моди 2018 йилда Абу-Дабидаги биринчи ҳинду ибодатхонасига пойдевор қўйиш маросимида қатнашди, бу Ҳиндистон ва минтақа ўртасидаги алоқалар ўсиб бораётганига мисол сифатида келтирилди.

Шу манзарада, БААнинг Ҳиндистонга қарши хорга қўшилиш қарори жуда аниқ. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир неча йил ичида сезиларли даражада яхшиланди. БАА кўп миллатли форумларда ҳам Ҳиндистонни қўллаб-қувватлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, можаро Ҳиндистоннинг БАА ва бошқа мамлакатлардаги сўнгги дипломатик муваффақиятларига соя солиши мумкин.

Сўнгги бир неча йил ичида Деҳлининг Теҳрон билан муносабатлари илиқ бўлса да, келишмовчиликлар Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахоннинг Ҳиндистонга кутилаётган ташрифига соя солиши мумкин.

Араб дунёсида хизмат қилган яна бир собиқ дипломат Анил Тригунаятнинг айтишича, Ҳиндистон оғир аҳволда, раҳбарият даражасидаги самимий ҳаракатларгина салбий оқибатлар олдини олади.

Миллионлаб ҳиндистонлик мигрантлар форс кўрфази давлатларида ишлайди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Миллионлаб ҳиндистонлик мигрантлар форс кўрфази давлатларида ишлайди

Бошқа таҳлилчилар фикрича, ҳалокатнинг дипломатик юки Ҳиндистоннинг минтақадаги манфаатларига зарар етказиши мумкин.

"Хорижий пойтахтлар, жумладан, Нью-Деҳлининг яқин дўстлари Ҳиндистоннинг ички ишларини танқид қилганда, Ҳиндистон расмийлари кўпинча мудофаавий муносабатда бўлишади. Аммо бу ҳолатда ҳинд дипломатларидан узр сўраш ва зарарни қоплашнинг бошқа шакллари орқали кескинликни бартараф этиш учун тезда ҳаракат қилишларини кутаверинг", дейди Майкл Кугелман, Вилсон марказидаги Осиё дастури директори ўринбосари.

Араб давлатлари ҳам ўз халқининг ғазабини босиш учун аниқ чора кўрмоқчи. Ҳиндистонни танқид қилувчи хештеглар ушбу мамлакатларда оммалашиб кетди ва воқеа уларнинг оммавий ахборот воситаларида асосий мавзуга айланди.

Ушбу ҳештагларнинг баъзилари ҳинд товарларини бойкот қилишга чақиради. Шунингдек, Қатар ва Қувайтдаги баъзи дўконлар ҳинд товарларини пештахталаридан олиб ташлагани ҳақида хабарлар бор. Қувайтдаги Al-Ardiya Co-Operative Society супермаркетида араб тилида "Биз ҳинд товарларини олиб ташладик" деб ёзилган.

Аммо таҳлилчилар, жумладан, жаноб Кугелманнинг фикрича, ғазабнинг оммавий намойишига қарамай, муносабатлар Форс кўрфази давлатлари учун ҳам, Ҳиндистон учун ҳам муҳим ва ҳар икки томон кескинликни юмшатишга интилади.

"Деҳли стратегик жиҳатдан муҳим минтақанинг бу ғазабли жавобидан қанчалик хавотирга тушса, Ҳиндистонда ҳам кейинги зарарлардан ҳимояланиш ричаглари бор. Уларга Ҳиндистонга энергия экспорт қилиш жуда муҳим, қолаверса, ҳиндларнинг килиб яшаши ва ишлаши ва умуман Ҳиндистон билан бизнесни давом эттириш уларга зарур", дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, бу мамлакатларнинг аксил мусулмон гапларга қарши чоралари чекланган бўлиши мумкин.

Кучайиб бораётган қутблашув

Танқидчиларнинг айтишича, БЖПнинг ҳокимиятга келиши Ҳиндистонда диний қутбланишни кучайтирган. Ўтган бир неча ҳафтада, айниқса, ҳинду гуруҳлари Варанасидаги маҳаллий судга мурожаат қилиб, кўп асрлик масжидда ибодат қилишга руҳсат сўраганларидан кейин аҳвол яна оғирлашган. Улар масжид аввал ҳинду ибодатхонаси бўлганини даъво қилишган.

Телеканалларда провокацион мунозара уюштирилди ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда чексиз нафрат пайдо бўлди. Ўнг қанот гуруҳларга алоқадор кўплаб одамлар телекўрсатувларда кўпинча мунозарали баёнотлар беришади, аммо танқидчилар Шарма хоним БЖП даъво қилганидек "маргинал элемент" эмаслигини айтишади. У БЖП нуқтаи назарини ифодалаш вазифаси юкланган партиянинг матбуот котиби эди.

Таҳлилчиларнинг қўшимча қилишича, ушбу можаронинг халқаро оқибатлари ажратувчи сиёсат Ҳиндистон учун халқаро оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдирувчи огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлиши керак.

"Деҳли, мамлакатнинг тобора заҳарли тус олаётган сиёсати ҳақида гап кетганда, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар кўпинча Ҳиндистонда қолмаслигини тушунмоқда. Ҳиндистоннинг глобал таъсири кучайгани ва унинг хориждаги дипломатик ва иқтисодий ҳамкорлиги кучайгани сари, унинг ички сиёсати хорижда норозиликни келтириб чиқарса, бу янада кўпроқ хавф туғдиради», дейди жаноб Кугелман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek