Ҳиндистонда яна бир Бобурий масжиди устидан жанжал, оқибати ёмон бўладими? Hindiston Musulmonlar Yangiliklar

Сурат манбаси, ROBERT NICKELSBERG/GETTY IMAGES
- Author, Сутик Бисвас
- Role, BBC, Ҳиндистон
Ҳиндистонда яна бир Бобурий масжиди жанжал диққат-марказида турибди. Жанжал ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасида янги тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкин. Хавотирлар кун сайин кучаймоқда.
Алоқадор мавзулар:
Дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Варанасида ҳиндулар ва мусулмонлар ёнма-ён жойлашган маъбад ва масжидда ибодат қилиб келишган.
Эҳтиёткорлик билан қўриқланадиган мажмуа унинг мураккаб тарихидан дарак беради. Гянвапи масжиди 16-асрдаги улкан ҳинд зиёратгоҳи Вишванат ибодатхонаси харобалари устига қурилган. Маъбад 1669 йилда олтинчи бобурий подшоҳ Аврангзебнинг буйруғи билан қисман вайрон қилинган.
Бу жой ҳозир мусулмонлар энг катта диний озчиликни ташкил этувчи ҳиндулар яшайдиган Ҳиндистонда янги кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлган можаро марказида турибди.
Бир гуруҳ ҳиндулар маҳаллий суддан масжид орқасидаги маъбадда ва мажмуанинг бошқа жойларида ибодат қилишга рухсат беришни сўраган. Баҳсли суд қарори билан масжид видеотасвирга олинганда ҳинд худоси Шиванинг рамзи бўлган тош устунча топилгани айтилади, масжид маъмурлари бу даъвони инкор қилмоқда.
Шундан сўнг масжиднинг бир қисми маҳкама томонидан муҳрланиб, масжид раҳбариятига ўз позициясини билдиришларига имкон ҳам берилмаган. Баҳс аллақачон Олий судгача етиб борган ва сешанба куни суд мажмуа қўриқланиши ва намоз масжидда давом этавериши ҳақида қарор чиқарган.
Бу 1992 йилда муқаддас Аёдҳя шаҳрида ҳинд тўдалари томонидан вайрон қилинган 16-асрда қурилган Бабри масжиди бўйича ўнлаб йиллар давом этган можарога ўхшаш ҳолат такрорланишидан хавотирни оширган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўша пайтда мухолифатда бўлган ҳинд миллатчи Бҳаратия Жаната партиясининг (БЖП) олти йиллик кампаниясидан сўнг масжид бузилди ва 2000 га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар юзага келди. 2019 йилда Олий суд Аёдхядаги баҳсли жой ҳозирда у ерда маъбад қураётган ҳиндуларга берилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Мусулмонларга масжид қуриш учун бошқа жой берилди.
1991 йилда қабул қилинган "Ибодат масканлари тўғрисида"ги қонунга кўра, Ҳиндистоннинг Мустақиллик кунида, 1947 йил 15 августда ибодат жойи бўлган ҳар қандай масканни ўзгартириш, бир диндан олиб, бошқасига бериш тақиқланади. Варанасидаги можаронинг танқидчилари бу қонунга зид эканини айтишади. Таниқли мусулмон етакчиси Асадуддин Овайсийнинг айтишича, "масжид бор ва бундан кейин ҳам шундай бўлади".
Варанаси жойлашган Уттар-Прадешдаги ҳукмрон БЖП раҳбари ҳеч нарса тошга ўйилмаган деб ҳисоблайди. "Ҳақиқат ошкор бўлди... Биз суднинг бу борадаги қарорларини олқишлаймиз ва уларни амалга оширамиз", деди бош вазир ўринбосари Кешав Прасад Мауря.
Қандай ҳақиқат ошкор бўлгани тўлиқ аниқ эмас.

Сурат манбаси, ROBERT NICKELSBERG/GETTY IMAGES
Биринчидан, бу жойда маъбад мавжуд бўлган деб қаралади. Ҳарвард университетининг қиёсий диншунослик ва ҳиндшунослик профессори Диана Л. Экнинг сўзларига кўра, зиёратгоҳ "ўлчами катта бўлиб, марказий зиёратгоҳдан иборат ва саккиз павильон билан ўралган эди".
Бундан ташқари, бир асрдан камроқ вақт ичида маъбад "Аврангзеб буйруғи билан бузиб ташланган, - дейди профессор Эк. - Ярим демонтаж қилинган ҳолда, у ҳозирги Гянвапи масжиди асосига айланди."
Шунингдек, масжид ибодатхона харобалари устига қурилган, деган фикр ҳам кенг тарқалган. Профессор Эк таърифлаганидек, "эски маъбаднинг бир девори ҳали ҳам масжид матрицасидаги ҳинду безаклари каби турибди".
"Масжидга орқа томондан қараганда, бу икки анъана ўртасидаги кескин қарама-қаршилик кўринади: эски ибодатхонанинг ҳатто хароба ҳолатида ҳам ажойиб бўлган тош девори узра бугунги масжиднинг оддий оқ гумбази қад кўтарган".
"Аврангзеб: Инсон ва афсона" муаллифи Одри Трушкенинг сўзларига кўра, вайрон бўлган ибодатхона деворининг бир қисми бино таркибига киритилгани "Бобурийлар ҳокимиятига қаршилик кўрсатишнинг даҳшатли оқибатлари ҳақида огоҳлантирувчи диний баёнот бўлиши мумкин".
Тарихчиларнинг фикрича, Аврангзебнинг маъбадга ҳужуми сабабларидан бири унинг ҳомийлари бобурийларнинг кўзга кўринган душмани бўлган ҳинду подшоси Шиважининг қамоқдан қочишига ёрдам берганидир.

Сурат манбаси, Getty Images
Аризона университетида Жанубий Осиё тарихидан дарс берувчи Ричард М. Итон: "Давлат ҳокимиятига бўйсунган, аммо кейинчалик давлат душманига айланганлар томонидан ҳомийлик қилинган ибодатхоналар кўпинча бобурий ҳукмдорлари томонидан нишонга олинган", дейди.
12 18-асрлар оралиғида Ҳиндистонда маъбадлар таҳқирланишининг 80 та мисолини қайд этган профессор Итоннинг сўзларига кўра, Аврангзебнинг 49 йиллик ҳукмронлиги даврида камида 14 та ибодатхона бобурий зобитлари томонидан "вайрон қилинган".
"Биз Ҳиндистон тарихида таҳқирланган ибодатхоналарнинг аниқ сонини ҳеч қачон билмаймиз", дейди у. Бироқ, ўнгчиларнинг мусулмонлар ҳукмронлиги остида 60 000 га яқин ибодатхоналар вайрон қилинган деган муболағали даъволари тарихчилар келтирадиган рақамлардан анча кўп.
Профессор Итоннинг сўзларига кўра, ибодатхоналарни таҳқирлашда бобурий ҳукмдорлари қадимги ҳинд прецедентига эргашган.
Унинг қўшимча қилишича, 12-аср охиридаги мусулмон шоҳлари ва камида 7-асрдаги ҳинд подшоҳлари "душман қироллари ёки давлат исёнчилари ҳомийлигида қурилган ибодатхоналарни талон-тарож қилган, қайта қурган ёки вайрон қилган, бу мағлубиятга учраган ҳукмдорларни ўзларининг аввалги мақомидан маҳрум қилиш ва маънан заифлаштириш учун қилинган."

Сурат манбаси, DEAGOSTINI/GETTY IMAGES
Бу истисно эмас, дейди тарихчилар. Европа тарихида кўплаб диний низолар ва черковларни таҳқирлашлар бўлган. Масалан, Шимолий Европада 18-асрда протестантлар қўзғолони пайтида кўплаб католик бинолари вайрон қилинган ёки таҳқирланган. Бундай мисоллар орасида 1566 йилда Утрехт соборининг таҳқирланиши ёки 1559 йилда Шотландиядаги Авлиё Эндрю соборининг деярли бутунлай вайрон қилинишини ҳам бор.
Аммо шарҳловчи Пратап Бҳану Меҳта таъкидлаганидек, "Агар дунёвийлик тарихни дунёвий ахлоқнинг асосига айлантирмасдан тарихга тарихдек қараса мустаҳкамланади". Ва Варанасида давом этаётган низо фақат "бошқа умумий фронт" очилишига олиб келиши мумкин.
Бундай хавотирларга ҳали эрта, дейди ўнг қанот шарҳловчиси Свапан Дасгупта. "Ҳозирча масжидни бузиш ва аввалги ҳолатини тиклаш талаби йўқ... Шунингдек, қонун зиёратгоҳнинг ҳозирги диний характерини ўзгартиришга рухсат бермайди, - деб ёзади у. - Шу маънода, Варанасидаги ҳозирги тортишувлар ибодатгўйларга кўпроқ ҳаракат эркинлигини беришга қаратилган."
Бундай тинчлантиришларга ҳамма ҳам кўнмайди. Ўтган йили Олий суд ибодат жойлари тўғрисидаги қонунга эътироз билдирган, бунинг ўзи янги жанжалларга йўл очиши мумкин эди.
Ҳиндистон Олий судининг собиқ судьяси Мадан Локур: "[Варанасидаги] бу кампания [ҳиндулар] даъволари бўлган бошқа ибодатхоналарга доир қатор даъволар пайдо бўлишининг бошланиши, холос.
Бу давомли жанжалга олиб келиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















