Бобурий ҳукмдор нега бугун Ҳиндистон сиёсатида баҳсга сабаб бўлмоқда? Hindiston Dunyo Musulmonlar Yangiliklar

Бобурий ҳукмдор Аврангзеб

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бобурий ҳукмдор Аврангзеб
    • Author, Гита Пандей
    • Role, Би-би-си, Деҳли

Бундан уч аср олдин вафот этган бобурий ҳукмдор сўнгги ойларда Ҳиндистонда қизғин баҳс мавзусига айланди.

Алоқадор мавзулар:

Севимли бўлмаган ҳукмдор

Аврангзеб, одатда, "сўнгги рисоладагидек ҳукмронлик қилган бобурий ҳукмдор" деб аталса ҳам, Ҳиндистонни 1658 йилдан 1707 йилгача деярли 50 йил бошқарган бўлса ҳам, аммо тарихчилар назарида у қадар севимли бўлмаган.

Аввалига у отасини қамоққа ташлаб, катта акасини ўлдириб, тахтга ўтирди.

Бошқа бобурий ҳукмдорлар билан солиштирганда, унинг ишлари силлиқ кетмади - унинг бобоси Акбар бағрикенг дунёвий ҳукмдор сифатида таърифланган, бобоси Жаҳонгир санъат ва меъморчиликка меҳр қўйгани билан танилган, отаси Шоҳ Жаҳон Тож Маҳални қурган буюк романтик эди.

Аммо олтинчи император ва диндор Аврангзеб кўпинча экспансионист, шариат қонунларини қаттиқ қўллаган ва ҳиндувийларга ҳимоя эвазига тўлаши керак бўлган камситувчи жизя солиғини жорий қилган шафқатсиз золим сифатида тасвирланган.

Шунингдек, у мусиқа ва бошқа нафис санъатдан нафратланган ва бир нечта ибодатхоналарни вайрон қилишга буйруқ берган одам сифатида тасвирланган.

Буларнинг барчаси юзлаб йиллар олдин содир бўлган, аммо сўнгги пайтларда унга нисбатан нафрат мисли кўрилмаган даражага етди.

Бу нафрат 1669 йилда Аврангзеб томонидан муқаддас Варанаси шаҳрида вайрон қилинган буюк ҳинд зиёратгоҳи Вишванат ибодатхонаси харобалари устига қурилган Гянвапи масжиди борасидаги жанжал билан бошланган. Ҳозир Аврангзебнинг исми ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб, минглаб ҳақоратомуз иборалар билан тилга олинади, уни суд ҳужжатларида учратиш мумкин ва Ҳиндистоннинг замонавий ҳинд миллатчи раҳбарлари ҳам у ҳақда бот бот гапиради.

Декабрь ойида Бош вазир Нарендра Моди Варанасидаги тадбирда Аврангзебнинг "зулмлари, террори" ҳақида гапирди. "У цивилизацияни қилич билан ўзгартиришга ҳаракат қилди. У маданиятни мутаассиблик билан тор-мор этишга уринди", деди Моди.

Ўтган ой у Исломни қабул қилишдан бош тортгани учун боши жудо қилинган сикх Гуру Теғ Баҳодур таваллудининг 400 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлаб, бобурий ҳукмдор исмини яна тилга олди.

"Аврангзеб кўплаб бошларни кесиб ташлаганига қарамай, у бизнинг иймонимизни бўшаштира олмади", деди Моди.

Унинг гапларидан ҳайратга тушган канада америкалик журналист Twitter'да Ҳиндистон бош вазири нега "300 йил олдин вафот этган бобурий ҳукмдорга бунчалик ҳужум қилиб узоқ нутқ сўзлаяпти?" деб савол қўйди.

Бир қатор твитларида тарихчи Одри Трушке ҳинд миллатчилари "мусулмонлар ҳиндуларга юзлаб йиллар давомида зулм қилиб келган, шунинг учун улар ўтмиш учун қасос сифатида бугун эзилишига лойиқ" ҳисоблайдилар, деб жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Аврангзебнинг исми "замонавий мусулмонлардан нафратланиш ва уларга қарши зўравонлик мақбул эканлигини кўрсатиш учун чорлов" сифатида ишлатилган.

Ўша Twitter муҳокамасидан кейинги кунларда Аврангзебга нисбатан кўпроқ нафрат пайдо бўлди.

Уни «қассоб» деб атаган Агра шаҳри мэри жамоат жойларидан унинг барча изларини олиб ташлаш кераклигини айтди. Twitter'да бобурий императори ҳиндуларни йўқ қилмоқчи бўлган «босқинчи» деб аталди ва бир фойдаланувчи ҳиндларнинг саждагоҳлари устига қурилган барча бобурий ёдгорликлар ва биноларни бузишни таклиф қилди.

Пайшанба куни унинг ғарбий Махараштра штатидаги қабри минтақавий сиёсатчи "унинг зарурияти"га шубҳа қилиб, йўқ қилишга чақирганидан кейин зиёратчилар учун ёпилди.

Алигарҳ мусулмон университетининг ўрта асрлар тарихи бўйича профессори ва муаллиф, тарихчи Надим Ризавийнинг айтишича, Аврангзеб сўнгги йилларда ҳинду тўдалари томонидан таҳқирланган Ҳиндистондаги мусулмон озчиликларни ёмонотлиқ қилиш учун "жуда қулай исм".

Профессор Ризавийнинг айтишича, бобурий ҳукмдор бир нечта ҳинд ибодатхоналарини вайрон қилган ва ҳиндуларга камситувчи солиқ солган, аммо у мураккаб шахс бўлган ва умуман ёвуз эмас эди.

"У ҳинд ибодатхоналарини сақлаш учун энг кўп маблағни у ажратган, ўзи ҳам келиб чиқиши жиҳатидан учдан икки қисми ҳинд эди, чунки унинг катта бобоси Акбар ражпутга (ҳинд кастасининг жангчиларига) мансуб аёлга уйланган. Унинг ҳукмронлиги даврида ҳокимият тепасида ражпутлар анча кўп эди."

Аурангзеб қабри зиёратчилар учун ёпилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аврангзеб қабри зиёратчилар учун ёпилди.

Оммалашган тасаввурга қарамасдан, профессор Ризавийнинг айтишича, Аврангзеб ўзининг шахсий ҳаётида фундаменталист бўлмаган ва у "винодан завқлангани, ҳинд маъбудалари ёқтирадиган вина чолғу асбобини чалган ва унинг раҳбарлиги остида бошқа ҳар қандай бобурий ҳукмдор давридагидан кўра кўпроқ мусиқа китоблари ёзилган".

Аммо унинг қўшимча қилишича, Аврангзеб "худди бугунги Ҳиндистон етакчилари каби динни сиёсий муваффақиятсизликларини яширишга ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида ишлатган."

"Аммо савол шундаки, агар Аврангзеб ёвуз, мазҳабпараст ва фундаменталист бўлса ҳам, ибодатхоналарни вайрон қилган бўлса ҳам, биз унга тақлид қилишимиз керакми?" деб сўради профессор Ризавий.

"У 300 йил аввал яшаган тиран ва император эди. Ўша пайтда замонавий демократия, у бошқарадиган конституция йўқ эди. Аммо бугун биз Ҳиндистон конституцияси ва парламент қонунларига амал қиламиз, шунинг учун 16-17-асрларда содир этилган ишларни қандай қилиб такрорлаш мумкин?»

Шунинг учун, агар кимдир 17-аср сиёсати билан шуғулланса, у 17-асрдаги Аврангзебдан кўра каттароқ жиноят содир этган бўлади", деб қўшимча қилади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek