Ҳиндистон Тож Маҳал, Қизил Қалъа ва Қутуб Минор – ҳаммасини очди Hindiston dunyo yangiliklar

Тож Маҳал

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон ҳукумати пандемия боис эканини айтиб, ўтган йил ҳам Тож Маҳални олти ойга ёпиб қўйган, бунақаси мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди

Даҳшатли коронавирус инқирози ичида қолган Ҳиндистон шу йўл билан ўз иқтисодини жонлантирмоқчи. Бобурийлар даври меъморчилигининг "шоҳ обидалари" апрель ойидан буён ёпиқ қолаётганди.

Хабарларга кўра, бутун дунёга машҳур меъморчилик обидалари кеча, чоршанба куни сайёҳлар учун қайта очилган.

Ҳиндистон пандемиянинг ҳалокатли тўлқинидан энди-энди ўзига келмоқда.

Коронавирусни жиловлаш учун ҳинд ҳукумати апрель ойида мамлакатда кескин карантин чораларига қўл урган.

Худди шу чекловлар остида 17-асрда Ҳиндистоннинг шимолий Агра шаҳрида Шоҳ Жаҳон барпо эттирган Тож Маҳал ҳам ёпиб қўйилганди.

Ҳиндистонда коронавирус

Сурат манбаси, Reuters

Коронавирус ҳозир ҳам кунига минглаб ҳиндистонликни ўлдирмоқда.

Сўнгги инқирознинг қанчалик даҳшатли бўлганига қарамай, Ҳиндистон ҳукумати пандемиядан жиддий зиён кўрган иқтисодини имкон қадар тезроқ қайта тиклаш илинжида.

Худди шу боис ҳам, чекловларни бекор қилишга киришган.

Агралик масъулларнинг айтишларича, ҳозирча Тож Маҳалга кунига бор-йўғи 650 та сайёҳнинг киришига изн берилган.

Пандемиядан авваллари Тож Маҳални йилига 8 миллионга яқин одам келиб кўрган.

Мажмуага келувчиларнинг сони кунига 20 мингдан кўпроқни ташкил этган.

Тож Маҳал жойлашган Уттар-Прадеш Ҳиндистоннинг коронавирус энг кўп тарқалган штатларидан бири бўлади.

Штатда ҳали ҳам кунига 300 га яқин кишининг коронавирусга чалинаётгани, яна ўнлабининг вафот этаётгани айтилади.

Ҳиндистоннинг обидалари

Чоршанба куни Тож Маҳалдан ташқари Ҳиндистонда федерал ҳимоя остида бўлган бошқа дунёга машҳур обидалар - Қизил Қалъа ва Қутуб Минор ҳам сайёҳлар учун очилган.

Ҳиндистон Хитой билан бирга дунёнинг аҳолиси энг катта иккита давлатидан биттаси бўлади, сони бир миллиарддан ортади.

Чекловларнинг бу тариқа бекор қилиниши мамлакатнинг йирик шаҳарларида одамларнинг кўпайиши яна коронавируснинг ортишига сабаб бўлади, деган жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотлари ҳам бу каби хавотирларнинг асоссиз эмаслигига далолат қилган.

Чоршанба кунги кундалик кўрсаткичлар сешанбадагисидан кўра кўп бўлган.

Мамлакатда 62224 та янги ҳолат аниқланган, коронавирусдан вафот этганларнинг сони эса, 2 ярим мингдан кўпроқни ташкил этган.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари Шимлада ҳам туристлар сони ортиб, йўлларда тирбандликлар кучайганидан хабар беришаркан, бу ердаги вазият ҳам янги қўрқувларни пайдо қилган.

A muslim woman talks on her cell phone as she walks in old Delhi city area, New Delhi, India, 22 August 2017.

Сурат манбаси, EPA

Ҳиндистонда ҳам туризм глобал коронавирус пандемиясидан энг кўп зиён чеккан соҳалардан бири бўлади.

Ҳинд ҳукумати эса, қандай бўлмасин, чекловларни бекор қилиб, соҳани жонлантириш, иш жойлари ва корхоналарни қайта тиклаш ҳаракатида.

Бутунжаҳон Сайёҳлик ва туризм кенгаши маълумотларига кўра, 2020 йилда Ҳиндистоннинг туризм соҳасида иш ўринлари қарийб 21 фоизга қисқарган.

Ҳиндистон ҳукумати пандемия боис эканини айтиб, ўтган йил ҳам Тож Маҳални олти ойга ёпиб қўйган, бунақаси мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Меъморий обида қайта очилганидан кейин ҳам қатъий эҳтиёт чораларининг амал қилиши ташриф буюрувчиларнинг "Тож Маҳал олдинги Тож Маҳал эмас"лигига оид шикоятларига ҳам сабаб бўлгани кўрилганди.

Ҳиндистонда миллатчи партия бошчилигидаги ҳукуматнинг қудратга келиши ортидан сўнгги йилларда Тож Маҳал ва Бобурийлар даври меъморчилигининг ноёб намуналари бўлган бошқа бир қатор тарихий меъморий обидаларнинг тақдири қизғин муҳокамалар марказида бўлиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek