Ҳиндистон: Тож Маҳал яна қизғин мунозаралар марказида

Тож Маҳал

Сурат манбаси, Getty Images

"Жаҳоннинг етти мўъжизасидан бири" бўлган бу қадим обида Уттар Прадеш штатида сайёҳлар учун мўлжалланган буклетга киритилмаган.

Янги буклет штат сайёҳлик бошқармаси томонидан чиқарилган. Даъво қилинишича, у реклама мақсадларини кўзда тутмаган.

Аммо, шунга қарамай, қадим ва машҳур Тож Маҳалнинг ундан тушиб қолиши таажжуб, тушунмовчилик ва ғазабнок муносабатларга сабаб бўлган.

Ижтимоий мулоқот тармоқларида баҳсу мунозараларни қизитганлар эса, биргина оддий интернет фойдаланувчилари билан чекланмаган.

Журналистлар, сиёсатчилар ва фаоллар ҳам уларнинг сафларига қўшилишган, бу хусусда ўзларининг норози "овозлари"ни эшиттиришган.

Дейлик, биргина "Twitter"нинг ўзида бор-йўғи 24 соатнинг ичида Тож Маҳалнинг номи 12 минг мартадан кўпроқ тилга олинган.

Бош сайёҳлик вазири ва буклет

Бобурийлар меъморчилигининг "шоҳ обидалари"дан бири бўлган Тож Маҳал Уттар Прадеш штатининг Агра шаҳрида жойлашган.

Тож Маҳал киритилмаган буклет эса, миллатчи ҳинду сиёсатчиси Йоги Адитьянатх Уттар Прадеш штати Бош сайёҳлик вазири этиб тайинланишидан олти ой ўтиб чоп этилган.

Ундан амалга оширилаётган ва кўз тутилаётган сайёҳлик лойиҳалари билан бир қаторда бир қанча машҳур тарихий обидаларнинг номлари ҳам келтириб ўтилган.

Тож Маҳал кирмаган бир пайтда, Бош сайёҳлик вазири Йоги Адитьянатх шахсан бош руҳонийси бўлган Горакхпур ибодатхонаси номи ҳам бу буклетдан жой олган.

Йоги Адитьянатх бунгача ҳам ўзининг Тож Маҳалга бўлган муносабати боис анчайин гап-сўзларга сабаб бўлиб улгурган.

Дейлик, шу йил июнь ойида Бош сайёҳлик вазири Тож Маҳал "ҳинд маданиятини акс эттирмаслиги"ни иддао қилиб чиққанди.

Агар, Уттар Прадеш Сайёҳлик бошқармаси мулозими Аваниш Авастининг сўзларига таянилса, янги буклет фақат матбуот анжуманларини кўзда тутиб, чоп этилган. Сайёҳлар учун йўриқнома бўлмаган.

Уттар Прадеш штати ҳокимиятининг расмий "Twitter"аккаунтидаги қатор твитларда баён қилинишича эса, Тож Маҳални таъмирлаш ишлари учун, ҳатто, маблағ ҳам ажратилган.

Тож Маҳал...

Муҳаббат мақбараси ҳисобланган Тож Маҳал ЮНЕСКОнинг Жаҳон Маданий мероси рўйхатидан жой олган обида саналади.

Ушбу меъморий обидани бундан 4 асрча бурун Бобурий шаҳзодаларидан - Ҳиндистон подшоҳи Шоҳжаҳон барпо этдирган.

Обида унинг оламдан ўтган суюкли рафиқаси малика Мумтоз Маҳал хотирасига бағишланган.

Тарихий манбаларда Тож Маҳални тиклаш учун чорак асрча ортиқ вақт сарфлангани ва қурилиш ишларида ўн минглаб одамлар банд бўлишгани ёзилади.

Оппоқ мармардан барпо этилиб, қимматбаҳо тошлардан сайқал берилган мўъжизакор иморат Жамна дарёси бўйида жойлашган.

Обида баъзан "ёноқдан оқаётган кўз ёши"га ҳам қиёс қилинади.

Хавф ва таҳдидлар

Сўнгги юз йилликда 17-асрда қурилган ушбу мақбара-масжид турли хавфлар қаршисида қолган.

Афсонавий Тож Маҳал охирги пайтларда ям-яшил тус олишни бошлаган.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мутахассислари айтишича, бунга ифлосланган Жамна дарёсидан чиқаётган зараркунандалар сабаб бўлмоқда.

Улар Тож Маҳалнинг оппоқ мармар деворларига яшилсифат қора изларини қолдиришмоқда.

Охирги юз йилда Тож Маҳал тўқнаш келаётган хавф-хатарлар эса, биргина зараркунандалар билан чекланмаган.

Қадимий обида ифлосланишдан тортиб, "виждонсизларча қурилган" крематория ва бомба таҳдиди билан ҳам рўбарў келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02