Ҳиндистон мусулмонларга ўз эшикларини ёпмоқчими?

Никоҳ маросими

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Покистон 2017 йили ҳинду тўй маросимларига рухсат берди.
    • Author, BBC Verify тайёрлаган мақола
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳиндистон қўшни давлатлардаги ғайримусулмон озчиликларга фуқаролик бермоқчими?

Ҳиндистон ҳукумати уч қўшни давлатдан келган мусулмон бўлмаган озчиликларга фуқаролик таклиф қилувчи баҳсли қонунни қабул қилишга қарор қилди.

2014 йил 31 декабргача Ҳиндистонга ноқонуний кирган ҳиндулар, сикхлар, буддистлар, жайнлар, парсилар ва насронийлар, агар улар мусулмонлар кўпчилик бўлган Покистон, Бангладеш ёки Афғонистондан келганликларини исботлай олсалар, фуқароликка ариза беришлари мумкин.

Алоқадор мавзулар:

Ҳиндистон Ички ишлар вазири Амит Шоҳ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Номусулмонлар таъқиб қилинаяпти, деди Ҳиндистон Ички ишлар вазири Амит Шоҳ

"Фуқароликни ўзгартириш тўғрисида"ги қонунда бошқа давлатлардан Ҳиндистонга келган мусулмонларга ҳам бир хил ҳуқуқ берилмагани учун камситувчи сифатида танқид қилинди.

Ҳукумат аксарият мусулмонлардан иборат бу давлатларда озчиликлар камайиб бораётгани ва улар эътиқоди туфайли таъқибга учраётганини айтмоқда.

"Менимча, Аҳанд Бҳаратнинг бир қисми бўлган ва диний таъқибга учраганларга бошпана бериш бизнинг ахлоқий ва конституциявий бурчимиздир", деди ички ишлар вазири Амит Шоҳ.

Аҳанд Бҳарат Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Бутан, Малдив ороллари, Непал, Мянма, Шри-Ланка ва Тибетни ўз ичига олган катта Ҳиндистон ғояси номидир.

Ҳиндистонда мусулмонлар бугун қандай яшашаётгани ҳақидаги видеони кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хўш, қўшни давлатларда мусулмон бўлмаганларнинг аҳволи қандай?

Қанча ҳинду ва бошқа ғайримусулмонлар бор?

Амит Шоҳнинг даъво қилишича, Покистоннинг мусулмон бўлмаган аҳолиси 1951 йилдан бери кескин камайган.

Бу 1947 йилда бўлинганидан сўнг янги ташкил этилган Покистондан ғайримусулмонларнинг оммавий чиқиши ва Ҳиндистондан Покистонга мусулмонларнинг қочиб ўтиши ортидан содир бўлди.

Ўзининг сўнгги нутқида жаноб Шоҳ 1951 йилда Покистондаги ҳиндулар аҳолининг 23 фоизини ташкил қилган деди. Унинг айтишича, таъқиблар туфайли бу рақам 3,7 фоизга камайган.

Жаноб Шоҳ, шунингдек, 1951 йилда Бангладешдаги ҳиндулар сони 22 фоизни ташкил этган, 2011 йилда бу кўрсаткич 10 фоизга тушган.

Аммо Шоҳнинг рақамлари 1951 йилги маълумотлар (бўлингандан кейин ўтказилган биринчи аҳоли рўйхати) 1971 йилгача бир давлат бўлган Ғарбий ва Шарқий Покистонни (ҳозирги Бангладеш) ўз ичига олганлигини ҳисобга олмаган кўринади.

1951 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, ҳиндулар қадимги Ғарбий Покистонда аҳолининг 1,6% ва Шарқий Покистонда 22% ни ташкил қилган.

Покистоннинг Карочи шаҳрида Дивали байрами муносабати билан шам ёқаётган Ҳинду аёл

Сурат манбаси, Huw Evans picture agency

Сурат тагсўзи, Покистоннинг Карочи шаҳрида Ҳиндулар Дивали байрамини нишонлайдилар

Покистонда (собиқ Ғарбий Покистон) ҳиндуларнинг нисбатан кичик аҳолиси 1951 йилдаги 1,6 фоиздан сезиларли даражада ўзгармади, чунки расмий 2017 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, ҳинду аҳолиси атиги 1,7 фоизни ташкил қилади.

Бошқа озчиликларни қўшганда, бу кўрсаткич 3% дан ошади. Бу жаноб Шоҳ фақат ҳиндулар учун келтирган рақамга яқинроқ бўлади.

Маълумотлар кўрсатишича, Бангладешда (собиқ Шарқий Покистон) ҳинду аҳолиси сезиларли даражада камайди, яъни 1951 йилдаги 22% дан 2022 йилда тахминан 8% гача.

Покистон ва Бангладешда насронийлар, буддистлар, сикхлар ва парсилар каби бошқа ғайримусулмон диний озчиликлар бор.

Покистонда ҳам 1970-йилларда ҳукумат мусулмон эмас деб эълон қилган Аҳмадийлар бор. Уларнинг сони тўрт миллион атрофида баҳоланади ва бу уларни мамлакатдаги энг катта диний озчиликга айлантирган.

Афғонистонда мусулмон бўлмаган гуруҳларга ҳиндулар, сикхлар, баҳоийлар ва насронийлар киради ва аҳолининг 0,3% дан камроғини ташкил қилади.

Расмий АҚШ ҳисоботига кўра, Толибон уларнинг хавфсизлиги учун кафолат берганига қарамай, 2023 йилда Афғонистонда 100 дан кам сикх ва ҳинду қолди.

Ғайримусулмонларнинг расмий мақоми қандай?

Ҳиндистон ҳукуматининг Фуқаролик тўғрисидаги қонунида шундай дейилган: "Покистон, Афғонистон ва Бангладеш конституцияларида алоҳида давлат дини белгиланган. Натижада, ҳинду, сикх, буддист, жайн, парси ва насроний жамоаларига мансуб кўплаб одамлар диний таъқибларга дуч келмоқда."

Покистоннинг давлат дини ислом эканлиги рост. Афғонистон ҳам исломий давлатдир.

Бангладешда вазият анча мураккаб. Мамлакат 1971 йилда дунёвий конституция асосида вужудга келган, бироқ Ислом 1988 йилда расмий давлат динига айланди.

Қарорни бекор қилиш учун узоқ давом этган судлашув 2016 йилда Бангладеш олий суди ислом давлат дини бўлиб қолиши кераклиги тўғрисида қарор чиқаргандан сўнг якунланди.

Бироқ, бу давлатларнинг барчасида ғайримусулмонлар ўз эътиқодларини эркин бажаришлари мумкинлиги тўғрисидаги конституциявий қоидалар бор. Айрим ҳиндулар Покистонда ҳам, Бангладешда ҳам, хусусан, бу икки давлатда бош судьялар сифатида кўзга кўринган лавозимларни эгаллаган.

Озчиликлар камситишларга дуч келадими?

Покистондан борган Ҳиндулар
Сурат тагсўзи, Покистондан борган Ҳиндулар гуруҳи Деҳлидаги жамлоқда яшайдилар

Амалда, ғайримусулмон озчиликлар камситиш ва таъқибларга дуч келишади.

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Покистоннинг куфрга оид қонунларига ишора қилиб, у "мавҳум сўзлар билан ифодаланган, полиция ва суд томонидан ўзбошимчалик билан қўлланади, бу эса диний озчиликларни таъқиб қилишларга сабаб бўлади" дейди.

Сўнгги йилларда Ҳиндистонга кўчиб келган покистонлик ҳиндулар Би-би-сига ижтимоий ва диний камситишларга, хусусан, Синд вилоятидаги ҳинду қизлар таъқибга учраганликларини айтди.

Аммо Ҳиндистон фуқаролик қонунига тааллуқли бўлмаган Аҳмадийлар ўз эътиқодлари учун камситишларга дучор бўлишлари ҳам ҳақиқат, чунки Покистондаги аксарият мусулмонлар уларни бузуқ эътиқоддагилар деб билади.

Бангладешда ҳиндулар улушининг йиллар давомида камайиб кетиши сабаблари кўп.

Бадавлат ҳинду аҳолисининг уйлари ва корхоналари ҳужумга учраган, баъзан эса уларни ўз ерлари ёки мулкларини тортиб олиш учун мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилишган. Ҳиндулар ҳам диний жангарилар томонидан нишонга олинган.

Бангладеш ҳукумати аввалроқ Ҳиндистоннинг озчиликлар ҳақидаги даъволарини рад этган эди. Собиқ ташқи ишлар вазири Абдул Монем 2019 йилда Би-би-сига берган интервьюсида: "Бизда бу мамлакатда озчиликларни таъқиб қилиш ҳолатлари йўқ", деди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

Лого