Энг йирик мусулмон мамлакат дунёнинг энг йирик беш иқтисодидан бирига айланмоқчи

55 ёшли Мусмуляди ва унинг рафиқаси 50 ёшли Нурмис

Сурат манбаси, Oki Budhi

Сурат тагсўзи, 55 ёшли Мусмуляди ва унинг рафиқаси 50 ёшли Нурмис
    • Author, Ханна Самосир ва Ники Видадио
    • Role, Би-би-си Джакарта ва Нусантара

Аксарият ўрта ёшли эр-хотинлар имкони бўлса, нафақага чиқишга тайёргарлик кўради, аммо 55 ёшли Мусмуляди ва унинг рафиқаси 50 ёшли Нурмис бундай қилмоқчи эмас.

Улар Индонезиянинг ўрмонда қад кўтараётган янги пойтахтига кўчиб келишди.

"Энди шаҳар инфратузилмаси қурилаётган пайтда бу ерда уларга иш топиш осонроқ бўлиши керак", деди Мусмуляди Би-би-си Индонезия хизматига.

Ҳозир уларнинг уйи Борнео оролидаги Нусантарадаги қурилиш майдончасида. Бу ява тилида архипелаг маъносини англатади.

Нурмис цемент қоради, Мусмуляди кошин ётқизмоқда.

Уларнинг орзуси Индонезия орзуси - Мусмуляди доимий ишга жойлашиш ва мегалойиҳада субпудратчи бўлишга умид қилмоқда.

poytaxt

Сурат манбаси, Oki Budhi

Халқ орасида Жокови номи билан танилган президент Жоко Видодо икки йил аввал Нусантара қурилишини эълон қилганидан бери бизнес жадал ривожланмоқда.

Ҳукумат 2029 йилга бориб бу ерда икки миллион киши истиқомат қилишини башорат қилмоқда.

Аммо ўнлаб километр узоқликда яшайдиган Пандей (51 ёш) ва унинг рафиқаси Шамсия ўз уйларидан ҳайдаб юборишларидан хавотирда.

Улар 20 000 кишилик маҳаллий жамоага мансуб. Унинг оиласи авлодлар оша яшаб келган ўз ерларига қонуний ҳуқуққа эга эмас.

Бир куни тонгда жаноб Пандей уйғониб, олдиндан огоҳлантирмасдан ўз ерини белгилаб кетишганини кўрди.

Пандей ота-боболаридан қолган ер учун курашмоқда

Сурат манбаси, Oki Budhi

Сурат тагсўзи, Пандей ота-боболаридан қолган ер учун курашмоқда

Ҳукумат ҳудудни сув тошқинидан ҳимоя қилиш учун тозаламоқчи, аммо Пандей февраль ойида судда уни кўчириб юборишларини тўхтатишга муваффақ бўлди.

"Бу менинг фарзандларим ва набираларимнинг келажаги учун қилаётган ишим", деди у Би-би-си Индонезия хизматига.

"Агар мен ҳеч нарса қилмаганимда, фарзандларим ва невараларим ҳукумат учун шунчаки ташлаб юбориладиган ахлат бўлар эди. Биз адолатсизлик билан шундай курашяпмиз".

iqtibos

Бу вақтинчалик муҳлат бўлиши мумкин, чунки бошқа қишлоқлардаги маҳаллий аҳоли жуда арзон нархда бўлса ҳам, ҳукумат уларга ер учун компенсация берганидан кейин аллақачон кўчирилган.

Муляди ва Пандейнинг ҳикоялари шуни кўрсатадики, Президент Видодонинг лойиҳалари кўпинча қўштиғли қиличдир: улар баҳс-мунозараларга сабаб бўлади, лекин айни пайтда имконият яратиши мумкин.

orangutan

Сурат манбаси, Getty Images

Беш йирик иқтисод

Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, жаноб Видодо 2014 йилда биринчи марта лавозимга келганида Индонезия харид қобилияти паритети (ХҚП) бўйича дунёдаги ўнинчи йирик иқтисодиёт эди.

Орадан 10 йил ўтиб Индонезия Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Япония, Германия ва Россиядан кейин еттинчи ўринга кўтарилди.

Дунёдаги энг кўп мусулмон аҳолиси бўлган давлат 2027 йилга бориб иқтисодий жиҳатдан Россияни ортда қолдириши кутилмоқда.

Бу давлатда 14 февраль куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди, биринчи турда норасмий маълумотларга кўра, мудофаа вазири Прабово Субианто ғалаба қозонишга яқин турибди.

У ўз президентининг иқтисодий сиёсатини давом эттиришга ваъда берди ва жаноб Видодонинг ўғли Гибран Ракабуминг Рака унинг ушбу курашда шериги саналади.

"Жокови дастурлари қоғозда яхши ва Индонезияни ХВФ прогнозига яқинлаштириши мумкин", дейди Индонезиянинг 10 та энг йирик банкларидан бири бўлган Пермата Банк бош иқтисодчиси Жосуа Пардеде.

Аммо мамлакатнинг янада катта амбициялари бор: мустақиллигининг 100 йиллиги нишонланадиган 2045 йилга келиб юқори даромадли бешта давлатдан бирига айланиш.

Бунга эришиш учун Индонезия иқтисодиёти йилига 6-7 фоизга ўсиши керак, дейди Индонезия молия вазири Шри Муляни.

Ҳозирда ўсиш 5 фоизни ташкил этмоқда.

2045 йилга келиб юқори даромадли бешта давлатдан бирига айланиш учун Индонезия иқтисодиёти йилига 6-7 фоизга ўсиши керак

Сурат манбаси, Oki Budhi

Сурат тагсўзи, 2045 йилга келиб юқори даромадли бешта давлатдан бирига айланиш учун Индонезия иқтисодиёти йилига 6-7 фоизга ўсиши керак

«Никел жазаваси»

Индонезия Бали курорт ороли билан машҳур, аммо бу ерда электр транспортлар учун аккумуляторларнинг асосий компонент бўлган никелнинг дунёдаги энг катта заҳиралари жойлашган.

Президент Видодо биринчи марта 2019 йилда никель экспортини тақиқлашни эълон қилганида, Европа Иттифоқи Индонезияни Жаҳон Савдо Ташкилотида судга берди.

Мустақил тадқиқот институти бўлмиш Иқтисодий молияни ривожлантириш институти эълон қилган мақолада айтилишича, унинг никель сиёсати иш ўринларини яратган ва иқтисодиётни кўтарган.

Аммо Индонезия никель заводларини қуриш учун Хитой сармоясига қаттиқ қарам бўлиб қолмоқда, бу эса келажакка оид саволларни туғдирмоқда, айниқса, Хитойнинг иқтисодий ўсиши бу йил 5,2% дан 4,6% гача пасайиши прогноз қилинаётган бир вақтда.

Президент Видодо, шунингдек, Хитой сармояси учун яшил чироқ ёққани учун танқид қилинди. Шу билан бирга, унинг саноат сиёсати сабабли ер жанжаллари, соғлиқ муаммолари ва атроф-муҳитнинг бузилишига эътибор бермаяпти.

"Никель жазаваси ҳукуматни ақлдан оздирмоқда", дейди Мелки Нахар, Конларни ҳимоя қилиш тармоғи нодавлат ташкилоти координатори.

Бали узра ботаётган қуёш Индонезия классик сайёҳлик манзарасидир

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бали узра ботаётган қуёш Индонезия классик сайёҳлик манзарасидир

Оролдан оролга

Транспорт ва алоқа Индонезия ривожланиши калитидир, чунки у учта вақт зонасида жойлашган 1700 та оролдан иборат бўлиб, унинг ҳозирги пойтахти Жакарта чўкиб боряпти.

Аммо президент Видодо 2022 йилда пойтахтни кўчириш тўғрисидаги қонунни имзолаганида, дунё пандемиядан халос бўлиш учун курашган эди.

Айрим давлатлар, жумладан, Хитой ҳам янги шаҳарга сармоя киритишга қизиқиш билдирган, бироқ ҳозирча ҳеч нарса «аниқ» эмас.

"Ҳозиргача Нусантарага сармоя киритиш учун йирик глобал сармоядорларни жалб қилиш қийин эди", дейди мустақил таҳлил маркази Иқтисодий ва ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ходими Наилул Ҳуда.

Президент турли усулларни синаб кўрди, жумладан, фуқаролик жамияти вакиллари фикрича, инвесторларни қўллаб-қувватловчи меҳнат қонунини қабул қилиш ишчилар ҳуқуқларини бузади.

У октябрь ойида ҳокимиятни топширади ва Нусантара қурилишини ўзидан қоладиган абадий мерос деб билади.

Президент Видодо Нусантарани халчи учун "совға" сифатида кўради

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Видодо Нусантарани халчи учун "совға" сифатида кўради

Аммо ҳукуматга қарашли Инновациялар бўйича миллий агентлик сиёсий тадқиқотчиси Фирман Нурнинг айтишича, у тоза иш эмас.

"Кўп жиҳатдан, Нусантара сўнгги 10 йил ичида демократик қадриятлар тараққиёт ва сиёсий амалиётдан қандай йўқотилганини акс эттиради", дейди жаноб Нур.

Айни пайтда, янги келаётган президент, жаноб Субианто, оналар ва болалар учун бепул сут ва тушлик каби популистик сиёсатни ваъда қилиб, одамларнинг қалби ва ақлини эгаллашга уринмоқда.

Мутахассислар огоҳлантиришича, бу лойиҳалар президентнинг амалдаги мегалойиҳалари туфайли бюджетга юк бўлиши мумкин.

"Бепул тушлик ва бошқа баъзи сиёсатлар ҳукумат бюджетини қуритади, бу эса давлат қарзини каттартиради", дейди жаноб Худа.

"Агар кейинги ҳукумат сиёсати шундай калтабинларча давом этса, менимча, дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланиш орзусига қарамай, қарз 2029 йилга келиб икки баравар кўпайиши мумкин."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002