Америка Исроил ҳамкорлиги: Энди у замонлар ортда қолдими?

Доналд Трамп ва Бенямин Нетаняҳу

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг 2023 йил 7-октабрдаги ҳужумлари ва Исроилнинг ҳарбий жавоби туфайли АҚШ ва Исроил ўртасидаги иттифоқ халқаро майдонда асосий эътиборга тушди.
    • Author, Том Бейтман
    • Role, BBC мухбири
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Трамп Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху билан февраль ойида музокаралар ўтказган эди. Нетаняху Трaмп инаугурациясидан кейин Оқ уйга таклиф қилинган биринчи хорижий лидер эди. АҚШ президенти унга Ғазо секторини назоратга олишга ваъда берди, аввалроқ бу ҳудудни "тозалаш" ва Фаластин аҳолисидан бўшатишга ҳам ваъда берганини эслаймиз.

Трамп ўз таклифи билан дунё эътиборини тортди - бу унинг маъмуриятининг Исроилни қўллаб-қувватлашини кучайтирди ва ушбу ҳаракатлари билан халқаро ҳуқуққа зид равишда халқаро нормаларни бузди. Ҳозирги Республика партиясининг Исроил билан муносабатларининг энг юқори нуқтасини белгилаган воқеалар - баъзан "ҳар қандай бадал эвазига қўллаб-қувватлаш" деб таърифланади.

Алоқадор мавзулар:

Икки давлат ўртасидаги иттифоқ 2023 йил 7-октабрда Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ва ундан кейинги Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми туфайли халқаро майдонда асосий эътиборга тушди.

Ўша уруш даврида президент Жо Байден маъмурияти Исроилга 18 миллиард долларга яқин қурол юбориб, АҚШнинг мисли кўрилмаган даражадаги ёрдамини давом эттирди. Бу давр АҚШда кучайган норозилик намойишлари билан ажралиб турди, намойишчиларнинг кўпчилиги анъанавий Демократик партияга хайрихоҳ сайловчилар эди. Бу ҳолат Америка Қўшма Штатларининг Исроил ва фаластинликларга бўлган муносабати атрофида кескин маданий урушнинг марказига айланди. Мен намойишларда қатнашдим, унда намойишчилар Байденни қайта-қайта "Генотсидчи Жо" деб аташди - бу айбловни у доимо рад этган.

Ўша пайтда Доналд Трамп норозилик билдирувчиларни "радикал-чап қанот ақлдан озганлар" деб атади. Трамп маъмурияти ҳозирда антисемитизмда ёки Ҳамасни қўллаб-қувватлашда айбланган юзлаб чет эллик талабаларни депортация қилишни мақсад қилган. Бу ҳаракат судларда қизғин баҳсга сабаб бўлмоқда.

Демократлардан "овоз" кутган Байден учун эса Исроилни қўллаб-қувватлаш аввалги президентлар, ҳатто Трампдан ҳам сиёсий жиҳатдан қимматга тушди.

Байденнинг Исроил билан муносабатлар бўйича асосий қарор қабул қилувчиларидан бири ҳали ҳам ўша пайтда қабул қилган қарорлари билан "бўғишиб" ётибди.

"Мен буни араб америкаликлар, араб бўлмаган америкаликлар, яҳудий америкаликлари учун ниҳоятда кучли ҳис-туйғуларни уйғотганини тушунаман", - дейди Байденнинг собиқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

"Икки хил қарама-қарши мулоҳаза бор эди: бири Исроилнинг ҳам тинч аҳоли орасидаги қурбонлар бўлишига олиб келадиган ҳаракатларига йўл очиб бермаслик, гуманитар ёрдам оқими бўйича чеклашни хоҳлаш эди. Иккинчиси эса [...] Исроилни бир нечта турли фронтларда душманларига қарши туриш учун зарур бўлган имкониятлардан узиб қўймасликни таъминлаш хоҳиши эди."

"Қўшма Штатлар 7-октабрдан кейинги ўша кунларда Исроилни моддий, маънавий ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлади".

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аммо жамоатчилик фикрини ўрганиш америкаликлар орасида Исроилни қўллаб-қувватлаш пасайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шу йилнинг март ойида ўтказилган Gallup сўрови шуни кўрсатдики, америкаликларнинг фақат 46 фоизи Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирган (Галлап кузатувларининг 25 йиллик тарихидаги энг паст кўрсаткич),33 фоизи эса ҳозир Фаластинликларга ҳамдардлик билдиришини айтган - бу шу пайтгача бўлган энг юқори кўрсаткич. Бошқа сўровлар ҳам шунга ўхшаш натижаларни кўрсатди.

Гарчи фақат улар билан чекланмаган бўлса-да, ўзига хос камчиликларга эга бу сўровномалар ўзгариш асосан демократлар ва ёшлар орасида бўлаётганини кўрсатади. 2022 ва 2025 йиллар оралиғида Пю Тадқиқот Маркази республикачиларнинг Исроилга нисбатан салбий фикрда бўлганларининг улуши 27 фоиздан 37 фоизга ошганини аниқлади (бу ўзгаришнинг асосий қисми 49 ёшгача бўлган ёш республикачилар томонидан юзага келган).

АҚШ 1948 йил май ойидан - Америка янги ташкил этилган Исроил давлатини биринчи бўлиб тан олганидан бери, Исроилнинг энг кучли иттифоқчиси бўлиб келган. АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши узоқ муддатда давом этиши эҳтимоли жуда юқори бўлса-да, бу кайфиятдаги ўзгаришлар АҚШнинг қатъий қўллаб-қувватлашининг амалий даражаси ва сиёсий чегаралари, шунингдек, жамоатчилик фикрининг ўзгариши охир-оқибат Вашингтонга ва реал дунё сиёсатига таъсир этадими, деган саволларни туғдиради.

GETTY
AQShlik yoshlar urush yangiliklarini TikTok'dan olmoqda, G'azodagi tinch aholi o'limi esa yosh demokratlar va liberallar orasida Isroilni dastaklash kamayishiga sabab bo'lmoqda.
BBC.COM/UZBEK

Оқ уйда бўлиб ўтган баҳс

Кўпчилик учун АҚШ ва Исроил ўртасидаги яқин муносабатлар геосиёсий инфратузилманинг доимий, мустаҳкам бир қисми бўлиб туюлади. Аммо бундай бўлиши кафолатланмаган эди - ва бошида асосан бир кишига боғлиқ бўлган.

1948 йил бошида АҚШ президенти Гарри С. Труман Фаластинга нисбатан ўз ёндашувини белгилаши керак эди. Британиянинг ўттиз йиллик мустамлакачилик ҳукмронлигидан сўнг, чиқиб кетиш ниятини эълон қилганида, мамлакат яҳудийлар ва араб фаластинликлари ўртасидаги мазҳаблараро қонли тўқнашувлар гирдобида эди. Труман Европада Ҳолокостдан омон қолган яҳудийларнинг аҳволидан чуқур таъсирланди.

Ню-Йорк шаҳрида бўлажак академик ва Исроил бош вазири Голда Меирнинг тарихчиси ёш Франсин Клагсбрун ота-онасининг яҳудий ватани учун ибодат қилаётганини кўриб катта бўлган."

АҚШ президенти ўз мамлакати Ғазо секторини назорат остига олишига ваъда берди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти ўз мамлакати Ғазо секторини назорат остига олишига ваъда берди

Мен яҳудий ва жуда сионистик оилада ўсганман", - дейди у. "Акам ва мен Англия ўз эшикларини очиши учун пул йиғишга чиқардик. Акам метро поездларига тушарди, поезддаги барча эшиклар очилганида ва у "очинг, очинг, Фаластинга эшикларни очинг" деб бақирарди", - деб эслайди у.

Труман маъмурияти яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаш масаласида кескин бўлинган эди. Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Давлат департаменти яҳудий давлатини тан олмаслик ҳақида огоҳлантирган эди. Улар араб давлатлари билан қонли тўқнашув бўлишидан, бу АҚШни ҳам тортиб, Советлар билан Совуқ урушнинг кучайишига олиб келишидан хавотирда эдилар.

Британия Фаластиндан чиқиб кетишидан икки кун олдин Оқ уйда ўта кескин баҳс бўлиб ўтди. Труманнинг ички маслаҳатчиси Кларк Клиффорд яҳудий давлатини тан олишни ёқлаб чиқди. Баҳснинг нариги томонида Давлат котиби, Труман "яшаб турган энг буюк америкалик" деб ҳисоблаган Иккинчи жаҳон уруши генерали Жорж Маршалл турарди.

Труман жуда қадрлаган бу инсон минтақавий уруш хавфи туфайли президентнинг яҳудий давлатини зудлик билан тан олишига қаттиқ қарши эди - ҳатто Труман агар тан олиш тарафдори бўлса, келгуси президентлик сайловларида унга овоз бермаслигини ҳам айтди.

АҚШ 1948 йилдан буён Исроилнинг энг кучли иттифоқчиси бўлиб, у янги эълон қилинган давлатни биринчи бўлиб тан олган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ 1948 йилдан буён Исроилнинг энг кучли иттифоқчиси бўлиб, у янги эълон қилинган давлатни биринчи бўлиб тан олган.

Аммо ғайриоддий кескинликка қарамай, Труман икки кундан кейин мамлакатнинг биринчи бош вазири Давид Бен-Гурион томонидан Исроил давлати эълон қилинган заҳоти уни тан олди.

Ню-Йоркда туғилган, 1930 йилларда Британия томонидан Қуддусдан қувилган фаластинлик тарихчи Рашид Холидийнинг айтишича, АҚШ ва Исроил қисман муштарак маданий алоқалар туфайли бирлашган. Унинг сўзларига кўра, 1948 йилданоқ фаластинликлар АҚШда муҳим дипломатик устунликка эга эмас эдилар. Тенг бўлмаган бу курашда уларнинг миллат сифатида ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқи четга сурилган эди.

Президент Гарри С. Труман Исроил давлатини Исроилнинг биринчи бош вазири Девид Бен-Гурион томонидан эълон қилингандан сўнг дарҳол тан олди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Гарри С. Труман Исроил давлатини Исроилнинг биринчи бош вазири Девид Бен-Гурион томонидан эълон қилингандан сўнг дарҳол тан олди.

Бошқа томонда келиб чиқиши европалик ва америкалик бўлган одамлар бошчилигидаги сионистик ҳаракат мавжуд эди... Арабларда эса бундай нарса йўқ эди", - дейди у. "[Араблар] Фаластин тақдирини ҳал қилган мамлакатларнинг жамиятлари, маданияти, сиёсий етакчилари билан таниш эмас эдилар. "Агар Америка қандай эканлигини билмасангиз, Америка жамоатчилигига фикрингизни қандай етказишингиз мумкин?" - дейди Холидий

Оммавий маданият ҳам ўз ролини ўйнади - хусусан, ёзувчи Леон Уриснинг 1958 йилда ёзилган романи ва кейинчалик катта муваффақият қозонган "Эксодус" филми. Унда Исроилнинг ташкил топиш ҳикояси 1960 йиллардаги кенг аудиторияга қайта ҳикоя қилинган эди. Филм версияси эса янги заминдаги кашшофларнинг кучли америкалаштирилган тасвирини яратди.

Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмертнинг айтишича, 1967 йилги уруш Американинг Исроилга чуқур ҳарбий ва сиёсий ёрдамини мустаҳкамлаган бурилиш нуқтаси бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмертнинг айтишича, 1967 йилги уруш Американинг Исроилга чуқур ҳарбий ва сиёсий ёрдамини мустаҳкамлаган бурилиш нуқтаси бўлган.

Ўша пайтда сиёсий фаол бўлган, аммо кейинчалик Исроил бош вазири бўлган Эҳуд Олмерт 1967-йилги урушни Америка Қўшма Штатларининг Исроилни қўллаб-қувватлаши бугунги кундаги кучли иттифоққа айланган пайт деб кўрсатади.

Қўшни давлатлар томонидан босқин хавфи кучайганидан кейин бу урушда Исроил олти кун ичида араб давлатларини мағлуб этди.Ўз ҳудудини деярли уч баробарга оширди ва Ғарбий Соҳил ва Ғазода бир миллиондан ортиқ давлатсиз фаластинликларнинг ҳарбий оккупациясини бошлади.

"Биринчи марта Қўшма Штатлар Исроилнинг Яқин Шарқдаги йирик ҳарбий ва сиёсий куч сифатидаги аҳамиятини тушунди ва ўшандан бери мамлакатларимиз ўртасидаги асосий муносабатларда ҳамма нарса ўзгарди", - дейди у."

Зарурий алоқалар

Йиллар давомида Исроил Ер юзида АҚШнинг энг катта хорижий ҳарбий ёрдам олувчисига айланди. Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Америка иттифоқининг кучли дипломатик ёрдамига эга эди. Шу билан бирга, АҚШнинг президентлари Исроил ва унинг араб қўшнилари ўртасида тинчлик ўрнатишга ҳам ҳаракат қилишган.

Аммо сўнгги йилларда бу одатий муносабатлардан анча нарига ўтди.

Мен Жейк Салливан билан гаплашганимда, унга Мичиган штатидаги араб америкаликларининг Ғазо можароси даврида Исроилни қўллаб-қувватлагани учун Байден ва унинг вориси бўлган Камала Ҳаррисни бойкот қилгани ва бунинг ўрнига Трампга овоз бергани масаласини кўтардим. У Байденнинг бу қўллаб-қувватлаш туфайли штатда мағлуб бўлгани ҳақидаги фикрни рад этди.

Аммо Исроилни дастаклаш Америка жамоатчилигининг бир қисмида сезиларли норозиликка сабаб бўлди.

Шу йилнинг март ойида ўтказилган Пю Тадқиқот Марказининг сўровига кўра, америкаликларнинг 53 фоизи Исроилга нисбатан салбий фикр билдирди, бу сўров охирги марта 2022 йилда ўтказилгандан бери 11 пунктга ошган."

Эски дўстлик ришталари емирилмоқдами?

Ҳозирча жамоатчилик фикридаги бу ўзгаришлар АҚШ ташқи сиёсатида катта ўзгаришларга олиб келмади. АҚШнинг баъзи оддий сайловчилари Исроилдан юз ўгираётган бўлса-да, Капитол тепалигида икки партиядан сайланган сиёсатчиларнинг аксарияти ҳали ҳам Исроил билан мустаҳкам иттифоқнинг муҳимлигини таъкидлашга мойил.

Баъзиларнинг фикрича, жамоатчилик фикрида узоқ муддатли ва барқарор ўзгаришлар охир-оқибат Исроилга амалда кўрсатиладиган ёрдамнинг камайишига - дипломатик алоқаларнинг заифлашишига ва ҳарбий ёрдамнинг қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу масала Исроилда баъзи одамлар томонидан айниқса кескин сезилмоқда. 7-октабрдан бир неча ой олдин Исроилнинг собиқ генерали ва Ҳарбий разведка бошқармаси раҳбари Тамир Ҳайман ўз мамлакати ва Қўшма Штатлар ўртасида дарз кетиш бошлангани ҳақида огоҳлантирган эди. Бу қисман америкалик яҳудийларнинг сионизмдан узоқлашувининг секинлашуви билан боғлиқ эди.

Исроилнинг миллий-диний ўнг қанот фойдасига сиёсий ўзгариши бунда муҳим роль ўйнади. 2023 йил бошидан Исроил Нетаняхунинг суд тизими ислоҳотларига қарши яҳудий исроилликлар ўртасида мисли кўрилмаган норозилик келтириб чиқарди.Кўпчилик унинг мамлакатни теократияга томон олиб кетаётганини таъкидлади - бу даъвони у доимо рад этган. АҚШда Исроил билан доимо чуқур алоқада бўлганлар эса бу жараённи кучайиб бораётган хавотир билан кузатиб боришди.

Жейк Салливаннинг айтишича, у Байден маъмурияти 7 октябрдан кейин бошқача ҳаракат қила олармиди деган савол билан курашишда давом этмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жейк Салливаннинг айтишича, у Байден маъмурияти 7 октябрдан кейин бошқача ҳаракат қила олармиди деган савол билан курашишда давом этмоқда.

Шу йилнинг март ойида Ҳайман бошчилигидаги Тел-Авивдаги етакчи таҳлил маркази Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти АҚШ жамоатчилик фикри Исроилни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан "хавфли зонага" кирганлиги ҳақида мақола эълон қилди. "АҚШ ёрдамининг камайиш хавфи, айниқса узоқ муддатли ва чуқур илдиз отган тенденцияларни акс эттириши нуқтаи назаридан, жуда катта", - деб ёзган мақола муаллифи Теодор Сассон. "Исроил башорат қилинадиган келажак учун глобал супердавлат ёрдамига муҳтож."

Росс шундай дейди: "Трамп демократларнинг аксарияти томонидан жуда салбий қабул қилинади - сўнгги сўровлар 90 фоиздан ортиғини кўрсатмоқда. Tрампнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши бу ерда, ҳеч бўлмаганда, демократлар орасида Исроил танқидини кучайтирадиган динамикани келтириб чиқариш потенциали мавжуд.

Бироқ, у Вашингтоннинг Исроилни қўллаб-қувватлаши – ҳарбий ёрдам ва дипломатик алоқалар шаклида – давом этишини кутмоқда. У агар исроиллик сайловчилар ўз бош вазирини истеъфога чиқариб, уни АҚШдаги хавотирларнинг бир қисмини бартараф этиши мумкин бўлган марказчилроқ ҳукуматга алмаштирса яхшироқ, деб ҳисоблайди. Исроилда келаси йилнинг октябрь ойи охиригача умумий сайловлар бўлиб ўтиши керак.

Росснинг таъкидлашича, бундай янги Исроил ҳукумати шароитида "Ғарбий Соҳилнинг де-факто аннексиясини яратишга ундов бўлмайди. Демократик партия ва Демократик партия расмийлари билан анча кенг кўламли алоқалар ўрнатилади.

Деннис Росснинг айтишича, аксарият демократлар Трампга нисбатан жуда салбий фикрда, сўнгги сўровлар 90 фоиздан кўпроғи уни ёқтирмаслигини кўрсатган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Деннис Росснинг айтишича, аксарият демократлар Трампга нисбатан жуда салбий фикрда, сўнгги сўровлар 90 фоиздан кўпроғи уни ёқтирмаслигини кўрсатган.

Эски дўстлик ришталари емирилаётганини кўраётганлар, айниқса, 7-октабрдан бери фикри энг сезиларли даражада ўзгарган гуруҳ - ёш америкаликларнинг қарашларига эътибор қаратмоқда. "ТикТок авлоди" сифатида кўплаб ёш америкаликлар уруш ҳақидаги янгиликларни ижтимоий тармоқлардан олишади ва Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми натижасида тинч аҳоли орасида юқори ўлим кўрсаткичлари Америкадаги ёш демократлар ва либераллар орасида қўллаб-қувватлашнинг пасайишига олиб келганга ўхшайди.

Ўтган ой эълон қилинган Пю тадқиқот сўровига кўра, 30 ёшгача бўлган америкаликларнинг 33 фоизи уларнинг ҳамдардлиги тўлиқ ёки асосан фаластинликлар томонида эканлигини айтган бўлса, исроилликлар ҳақида шундай деганлар 14 фоизни ташкил этди. Кекса америкаликлар исроилликларга ҳамдардлик билдириш эҳтимоли кўпроқ эди.

Арден Мудофаа ва Хавфсизлик Амалиёти раиси ва АҚШ Давлат Департаментининг собиқ расмийси Карин Вон Ҳиппел Исроил мавзусида америкаликлар ўртасида демографик тафовут мавжудлигига қўшилади - бу ҳатто Конгрессга ҳам таъсир қилади.

"Конгрессдаги ёшлар Исроилни ўз-ўзидан қўллаб-қувватлашга камроқ мойил", - дейди у. "Ва менимча, ёш америкаликлар, жумладан, яҳудий америкаликлар ҳам ота-оналарига қараганда Исроилни камроқ қўллаб-қувватлайдилар".

Кўплаб америкалик ёшлар Ғазо уруши ҳақидаги янгиликларни ижтимоий тармоқлардан олишлари айтилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўплаб америкалик ёшлар Ғазо уруши ҳақидаги янгиликларни ижтимоий тармоқлардан олишлари айтилади

Аммо у бу сиёсий даражада жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигига шубҳа билан қарайди. Партия асосидаги ўзгариб бораётган фикрларга қарамай, у 2028 йилда президентликка номзод бўлиши мумкин бўлган энг таниқли демократларнинг кўпчилиги "классик тарзда Исроилни қўллаб-қувватловчилар" эканлигини айтади. У Мичиган губернатори Гретчен Уитмер ва собиқ Транспорт вазири Пит Буттигиэгни мисол сифатида келтиради. Фаластинликлар ҳуқуқларини узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватловчи Инстаграмда машҳур конгрессмен Александрия Окасио-Кортес ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳиппел очиқчасига жавоб беради: "Менимча, Окасио-Кортес типидаги одам ҳозир ғалаба қозона олмайди".

Феврал ойидаги Трaмп-Нетаняху Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманидан кейинги ҳафталарда мен Жейк Салливандан АҚШ-Исроил муносабатлари қаерга қараб кетаётганини сўрадим. У иккала давлат ҳам ўз феъл-атворини ва муносабатларини белгилайдиган демократик институтларига бўлган ички таҳдидлар билан курашаётганини таъкидлади.

"Менимча, бу масала иккала давлат учун ҳам ташқи сиёсатга оид саволдан кўра, кўпроқ ички сиёсатга тегишлидир. Яъни, Американинг ички сиёсати қаерга қараб кетяпти ва Исроилнинг ички сиёсати қаерга қараб кетяпти? Мана шу икки саволга жавоб берсак, беш, ўн ёки ўн беш йилдан кейин АҚШ билан Исроилнинг муносабатлари қандай бўлишини билиб оламиз."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: