Ғазони тўла эгаллаш бўйича Исроил режаларига доир беш савол

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Мария Заккаро
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Исроил ҳукумати Ғазодаги ҳарбий операцияни кенгайтириш ва кўпроқ ҳудудни эгаллаш режасини маъқуллади.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Исроил хавфсизлик кенгаши ҲАМАСни йўқ қилиш ва қолган гаровдагиларни қутқариш учун "шиддатли операция" ўтказишга қарор қилганини, Ғазонинг 2,1 миллион аҳолиси эса "ҳимоя мақсадида кўчирилиши"ни айтди.
Бу қарор халқаро миқёсда хавотир ва баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Исроилнинг Ғазо бўйича режаси қандай?
Якшанба куни Исроил хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланган таклиф Ғазони "эгаллаш", унинг ҳудудини назорат қилиш, ҲАМАСга қарши "кучли ҳужумлар" уюштириш, шу билан бирга гуруҳнинг гуманитар ёрдам тарқатишига тўсқинлик қилишни қамраб олади.
Кенгайтирилган кампания давомида ҳаво ҳужумлари ва бошқа ҳарбий операциялар давом этар экан, фаластинликларнинг аксарияти Ғазо жанубига кўчирилади.
Исроил оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, режанинг биринчи босқичи Ғазонинг қўшимча ҳудудларини эгаллаш ва ҳудуд чегаралари бўйлаб ўтадиган Исроил белгилаган "буфер зона"ни кенгайтиришни назарда тутади.
Таклиф, шунингдек, хусусий компаниялар орқали ёрдам етказиб бериш режасини ҳам назарда тутади. Бу БМТ таъкидлашича, жиддий озиқ-овқат танқислигига сабаб бўлган икки ойлик қамалга чек қўяди.
Танқидчилар ҳарбий ҳаракатлар қолган 59 гаровдагини (уларнинг тақрибан 24 нафари тирик деб тахмин қилинмоқда) қайтаришни таъминлай олмаганини айтиб, ҳукуматни ҲАМАС билан келишувга эришишга ундамоқда.
Бош вазир Нетаняху қўшинлар қанча ҳудудни эгаллаб олишини айтмади, бироқ "чиқиб кетмаслигини" таъкидлади.
Маълум бўлишича, режа АҚШ президенти Доналд Трампнинг 13-16 май кунларидаги минтақага ташрифи якунлангунча амалга оширилмайди. Бу ҲАМАСга янги тинчлик келишуви ва гаровдагиларни озод қилиш учун "имконият ойнаси" бўлади.
Нима учун очликдан қўрқишмоқда?
Яқинда эълон қилинган режа бутун ҳудуд бўйлаб очлик хавфидан хавотирларни яна кучайтирди.
2 март куни Исроил Ғазога барча ўтиш йўлларини ёпиб, озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармонлар киришига тўсиқ қўйди ҳамда икки ҳафтадан сўнг ҲАМАС билан икки ойлик тинчлик келишувини бекор қилиб, ҳарбий ҳужумни қайта бошлади.
Isroil armiyasi nazoratidagi markazlar orqali G‘azo janubiga yordam yetkazishga ruxsat berish rejasini qoralaymiz, bu - yordamni qasddan qurolga aylantirishga urinish.
Бу чора ҲАМАСга гаровдагиларни озод қилиш учун босим ўтказиш мақсадида қўлланилгани айтилди.
Бироқ Исроилга қамални бекор қилиш учун халқаро босим кучайиб бормоқда. Оммавий очлик хавфи яқинлашаётгани ва тинч аҳолини қасддан оч қолдириш ҳарбий жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантиришлар берилмоқда.
Яқинда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Фаластин қочқинлари агентлиги озиқ-овқат ёрдами захиралари тугаганини маълум қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
БМТ маълумотларига кўра, омборлар бўшаб қолгани, новвойхоналар ёпилгани ва жамоат ошхоналари таъминоти тугашига бир неча кун қолгани сабабли аҳоли очлик ва тўйиб овқатланмаслик хавфига дуч келмоқда.
Қамалдаги вазият Ғазонинг зўриқиб ишлаётган соғлиқни сақлаш тизими учун зарур асосий дори-дармонлар, вакциналар ва тиббий жиҳозлар етказиб берилишини ҳам тўхтатиб қўйди.
Бироқ Исроил ҳудудда ёрдам етишмовчилиги йўқлигини бир неча бор таъкидлаган.
Исроил ҲАМАСни гуманитар ёрдамни ўғирлаб, ўз жангчиларига бериш ёки пул йиғиш учун сотишда айблади. БМТ ва бошқа ташкилотлар ёрдам бошқа мақсадларга йўналтирилганини рад этиб, қатъий назорат механизмлари мавжудлигини таъкидламоқда.
Хусусий компаниялар орқали ёрдам етказиб бериш режалари эълон қилинганидан сўнг, БМТ ва бошқа ёрдам ташкилотлари бу таклиф асосий инсонпарварлик тамойилларини бузиши ва улар бу режага қўшилмасликлари ҳақида баёнот берди.
Халқаро ҳуқуқда очарчилик ҳақида нима дейилган?
Мамлакатда озиқ-овқат танқислиги сабабли аҳоли тўйиб овқатланмаслик, очлик ёки ўлимга дучор бўлса, очарчилик юзага келади.
Бу ҳолат одатда БМТ томонидан, баъзан мамлакат ҳукумати ҳамда бошқа халқаро ёрдам ташкилотлари ёки гуманитар агентликлар билан биргаликда эълон қилинади.
Бунинг учун БМТнинг Озиқ-овқат хавфсизлигининг интеграциялашган босқичлари таснифи (IPC) деб номланган шкаласидан фойдаланилади.
Бу шкала мамлакатдаги озиқ-овқат танқислиги ёки хавфсизлигини бешта оғирлик "босқичи"га ажратади, очарчилик эса бешинчи ва энг оғир босқич ҳисобланади.
Очарчилик расман эълон қилиниши учун маълум бир географик ҳудудда учта ҳолат юз бериши керак:
- хонадонларнинг камида 20 фоизи жиддий озиқ-овқат танқислигига дуч келади
- болаларнинг камида 30 фоизи ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекади
- "очликдан ёки тўйиб овқатланмаслик ва касалликларнинг ўзаро таъсири туфайли" ҳар куни 10 000 кишига икки нафар катта ёки тўрт нафар бола вафот этади

Сурат манбаси, Getty Images
Тинч аҳолини уруш усули сифатида оч қолдириш Женева конвенцияларида белгиланган халқаро қонунларга кўра тақиқланган.
БМТ таъкидлашича, Исроил халқаро ҳуқуққа биноан деярли барчаси кўчирилган Ғазо аҳолисини таъминлашга мажбур. Исроил халқаро ҳуқуққа риоя қилаётганини ва ёрдам етишмовчилиги йўқлигини айтмоқда.
Бироқ, БМТнинг OCHA гуманитар ташкилоти армия назоратидаги марказлар орқали Ғазо жанубига ёрдам етказишга рухсат бериш бўйича сўнгги режани қоралаб, буни "ёрдамни қасддан қуролга айлантириш уриниши" деб баҳолади.
ҲАМАСнинг юқори лавозимли амалдорларидан бири Би-би-сига айтишича, исроилликлар Ғазога ёрдам етказиб беришни тўсиб қўйишда давом этаётган бир пайтда ҲАМАС энди ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардан манфаатдор эмас.
Бироқ Исроил жойлардаги вазиятни кузатиб бораётганини таъкидлади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Шунингдек, ўт очишни тўхтатиш даврида Ғазога деярли 450 минг тонна юк ортилган 25 мингдан ортиқ юк машиналари кириб келгани айтилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп яқинда Нетаняхуга "Ғазога яхши муносабатда бўлишимиз керак" деганини ва уни минтақага кўпроқ озиқ-овқат ва дори-дармон киритишга ундаганини айтди.
Бунга расмий жавоб бўлмади, аммо ҳафта бошида Исроил ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британия, Франция ва Германиянинг қўшма баёнотида блокадани "чидаб бўлмас" деб таърифлаб, "бу тугаши керак" деган танқидини рад этди.
Бу вазиятга қандай келиб қолдик?
Исроил ҳарбийлари 2023 йил 7 октябрь куни 1200 га яқин одам ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинган мисли кўрилмаган чегара оша ҳужумига жавобан ҲАМАСни йўқ қилиш кампаниясини бошлади.
Ўшандан бери Ғазода камида 52 567 киши ҳалок бўлди, жумладан, Исроил ҳужуми қайта бошланганидан бери 2459 киши, деб хабар қилди ҳудуднинг ҲАМАС бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Уч босқичли ўт очишни тўхтатиш келишувининг биринчи босқичи январь ойида кучга кирди. ҲАМАС Исроилнинг 1900 га яқин фаластинлик маҳбусни озод қилиши, ёрдам ва бошқа товарларнинг Ғазо секторига киришига рухсат бериши эвазига 33 нафар гаровдаги шахсни озод қилди.
Жанглар тўхтаб, минглаб кўчирилган ғазоликлар уйларига қайтгач, ҲАМАС ва Исроил иккинчи босқич учун музокараларни бошлаши керак эди.
Томонлар музокараларнинг иккинчи босқичида барча қолган гаровдагиларни озод этиш, шунингдек, Исроил кучларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш ва урушни бутунлай тугатишга келишиб олган эди.
Биринчи босқич 1 мартда якунланди, бироқ кейинги босқич бўйича музокараларда ҳеч қандай силжиш бўлмади.
Ғазо қанчалик катта ва уни ким бошқаради?
2007 йилдан бери ҲАМАС Ғазонинг амалдаги бошқарув органи ҳисобланади.
Бу ҳудуднинг узунлиги 41 км, эни 10 км; Исроил, Миср ва Ўрта ер денгизи билан ўралган.
Исроил, АҚШ ва бошқа баъзи Ғарб ҳукуматлари томонидан террорчи ташкилот сифатида таснифланган ҲАМАС 2006 йилда босиб олинган ҳудудда бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонди ва рақиби ФАТҲни анклавдан қувиб чиқарганидан сўнг ўз мавқеини мустаҳкамлади.
Кейинги йилларда ҲАМАС ва Исроил бир нечта марта жиддий тўқнашди, жумладан 2008-2009, 2012 ва 2014 йиллардаги можаролар юзага келди.












