Америка Ўзбекистонга ажратилган грантни бекор қилди, Трамп сиёсати Ўзбекистон ва дунё демократиясига қандай таъсир қилади?

Сурат манбаси, Reuters
Вашингтон 215 миллион долларлик грантларни бекор қилар экан, улар орасида Ўзбекистонга ажратилган 2 ярим миллион доллар ҳам бор.
Айни грант Ўзбекистонда "фуқаролик иштирокини ривожлантириш" лойиҳаларига сарфланиши режаланган эди.
Жами 139 та грант президент Трампнинг "самарадорлик" йўлида қўйган навбатдаги қадами сифатида кўрилмоқда.
Америка Қўшма Штатларининг дунё давлатларини турфа тарифлар билан "сийлаб" тургани жаҳон молия бозорида жиддий тебранишларни юзага келтирмоқда.
Оқ уйга қайтган Доналд Трампнинг режалари ҳамда қарорлари АҚШнинг ўзида ҳам, хорижда ҳам демократиянинг келажаги борасида баҳсларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Айни жараёнлар Марказий Осиё мамлакатлари учун қандай аҳамиятга эга бўлиши борасида ҳам турли фикрлар ва ҳатто хавотирлар билдирилмоқда.
Хусусан, бутун дунёдаги демократия яловбардори сифатида кўрилган АҚШдаги ўзгаришлар Ўзбекистон ва минтақага қандай таъсир қилади?
Президент Трамп ўз лавозимига киришган биринчи кундаёқ 200 дан ортиқ фармонга имзо чекди ва айни қадам АҚШ ва дунёга таъсир қилувчи ўзгаришларни бошлаб юборди.
Халқаро миқёсда Америка халқининг ёрдамини етказувчи USAID ташкилоти фаолияти фалажланди. Таҳлилчилар айнан шу ташкилот ривожланаётган давлатларда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини ҳимоя қилишда сезиларли ўрин тутганини айтишади. Шу вақтгача ўзини дунёда демократия тарғиботчиси ва қўриқчиси сифатида танитган Американинг ташқи дунёдан иҳоталанадиган сиёсатга қараб оғиши эса бутун дунёда демократик ривожланишга путур етказиши мумкинлиги ҳақида қўрқувларни пайдо қилди.
"Постмодернист демократия"
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Президент Трампнинг ҳатти-ҳаракатлари Марказий Осиёда ҳам эътибордaн четда эмас ва бу борада муайян қарашлар мавжуд.
Одатда таҳлилчилар янги президентларнинг сиёсатига баҳо бериш учун 100 кунча вақт керак деб айтишади.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарход Толипов фикрига кўра, Трамп сиёсати бораси хулосалар чиқариш учун 10-15 кун етарли бўлган.
Аслида Трамп ўз ҳатти ҳаракатларини демократияга зид эмас деб таъкидлаб келаяпти. Унинг давлат тепасига сайловлар натижасида келаганинг ўзи демакратия натижасидир дейди.
"Ҳозирда турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган қарорларини ҳам демократияга зид эмас деб баҳолаяпти."
"Лекин биз билган классик, фундаментал демократияга жид деб таъкидлашимиз мумкин", - дейди Толипов.
Толипов Трампнинг ҳаракатларини "постмодернистик демократия" доирасида деб таърифлайди.
Demokratiyaning susayishi, avtokratiyaga "yashil chiroq"
Толипов, шунингдек, АҚШнинг глобал мавқеи, тарихан унинг ички демократиясини қўллаб-қувватлаб келганини, ҳозирда Трампнинг сиёсати туфайли у хавф остида эканлигини таъкидлайди.
Ўзбек сиёсатшуноси фикрига таянилса, хорижда демократияни тарғиб қилишдан чекиниш АҚШнинг ўзида ҳам демократик қадриятларни заифлаштириши мумкин.
Фундаментал сиёсат назариясида "давлатнинг ташқи сиёсати, унинг ички сиёсатининг давомидир" деган тушунча бор. Агар шу назариядан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак,
Трампнинг халқаро саҳнада хавотирлар уйғотган сиёсати, унинг ички сиёсанинг давоми экан. Халқаро сиёсатда демократиядан юз ўгириши, ички сиёсатида ҳам демократиядан чекинишини билдириши мумкин деган хавотирлар мавжуд дейди сиёсатшунос.
У, шунингдек, АҚШ тўрт йилдан кейин ўз олдинги глобал кун тартибига қайтадими ёки ҳозирги "изоляцияланган сиёсий кун тартибида" қоладими, деган саволни қўяди. Бу ноаниқлик Трамп сиёсатининг узоқ муддатли оқибатларини ва уларнинг халқаро тартибларни ўзгартириш салоҳиятини таъкидлайди.
Алоқадор мавзулар:
Трамп ва Марказий Осиё
АҚШ Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлардаги демократик жараёнларни яқиндан кузатиб, ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қиларди. АҚШдаги сўнгги сиёсий тенденция ривожланаётган давлатларда автократиянинг кучайишига сабаб бўлиши мумкинми деган хавотирлар ҳам мавжуд.
Толипов Трампнинг сиёсати автократик режимларга "яшил чироқ" бериши мумкинлиги, бу эса Марказий Осиё каби минтақаларда демократиянинг ривожланишини орқага қайтариши мумкинлигидан огоҳлантиради.
У мазкур ўзгаришларнинг Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши борасида ноаниқлик мавжудлигини билдиради.
Шу қатор Ўзбеккистондаги демократик ўзгаришлар яқинда бошланганини таъкидлаб, ҳамон унга қарши кучлар ҳам борлигини таъкидлайди.
Айни пайтда, суҳбатдошимиз Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар АҚШдаги сиёсий иқлимдан қатъи назар давом этишига умид билдиради.

Сурат манбаси, Reuters
Баъзи таҳлилчилар кучли авторитар давлат ҳисобланмиш Россия минтақада таъсирини янада ёйиш учун Трамп олиб бораётган сиёсатдан унумли фойдаланишини таъкидлашмоқда. Таҳлилчи Аркадий Дубновнинг айтишича, Қозоғистон Трамп чиқишларидан сўнг йўналишни Россия томон ола бошлагани кузатилган.
Америкада бўлаётган ўзгаришлар Марказий Осиё давлатларидаги демократик жараёнларга қандай таъсир қилади деган саволимизга таҳлилчи Алишер Илҳомов қуйидагича жавоб берди:
Trampning harakatlari nafaqat O‘zbekistondagi, balki butun dunyodagi demokratik jarayonlarga salbiy ta’sir qiladi. Bu vaziyatdan Moskva katta ehtimol bilan foydalanadi
Алишер Илҳомов:
"Дунё бўйлаб нафақат гуманитар дастурларни, балки сезиларли даражада ҳуқуқ ҳимояси соҳаси ҳамда сўз эркинлигини молиялаштириб келган USAID дастурининг ёпилиши ёки радикал қисқартирилиши нодавлат ташкилотларининг имкониятларига зарба бўлади. Ҳукумат ваколатининг суиистеъмол қилинишини савол тарзида кўтарадиган ва жамоатга олиб чиқадиган ва ҳукуматни қайсидир маънода тийиб турган эркин матбуот кучи йўқолади. Бошқа давлатлар, масалан Европа томонидан унинг ўрни тўлдириладими, йўқ номаълум. Россия федерациясининг ҳам Украинадаги ҳарбий жиноятларини тергов қилаётган Халқаро жиноят судига санкция киритиш ҳақидаги қарор ҳам демократлаштириш ва демократия меъёрларига, инсон ҳуқуқларига риоя қилишни савол остига олади. Агар Трамп ушбу суднинг фаолиятини тўхтатишга эришса, бу халқларни ва бутун дунёни инсониятга қарши жиддий жиноят қиладиган шахсларни жазога тортиш дастагидан маҳрум қилади. Доналд Трампнинг сўнгги ҳаракатлари нафақат Ўзбекистондаги балки бутун дунёдаги демократик жараёнларга салбий таъсир қилади. Бу вазиятдан Москва катта эҳтимол билан фойдаланади. Бизнинг давлатларга босимни кучайтиради. Бу демократлаштириш борасида вазиятни кескинлаштириб, Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет ўлкаларининг мустақиллигини таҳдид остига қўяди."
Таҳлилчининг фикрича, Доналд Трампнинг ҳаракатлари нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун дунёдаги демократик жараёнларга салбий таъсир кўрсатади.
Дунё бўйлаб демократияга етказиладиган зарар эса президент Трамп қарорларининг эҳтимолий оқибатларидан бири ва балки, энг муҳими сифатида кўрилиши мумкин.












