Россия: Иқтисодий форумда "рус аскари оёғи стратегияси" нега керак эди? Подкаст

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Stiv Rozenberg
- Role, BBC муҳаррири
- Reporting from, Россия
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Яқинда Ғарб етакчилари G7 ва НАТО саммитларига йиғилган бир пайтда, Россия Президенти Владимир Путин ўзининг йиллик халқаро форумини ўтказди. Петербургдаги Халқаро Иқтисодий Форум расман хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун ташкил этилади, аммо сўнгги йилларда Ғарб инвесторларининг ундан четда қолаётагни яққол кўзга ташланади. Бу сафарги тадбир "иқтисодий" деб аталган бўлса-да, Стив Розенберг кузатганидек, асосий эътибор мудофаа масалалари ва Россиянинг ҳарбий қудратини тарғиб қилишга қаратилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тасаввур қилинг, сиз хорижий инвестицияларни жалб этиш ва иқтисодиётни юксалтиришни кўзлаган президентсиз.
Шу йўлда сиз халқаро форум уюштирдингиз, ўзингизнинг таъкидингизча, у 140 мамлакат ва ҳудуддан иштирокчиларни жамлади.
Саҳнада форум мезбони ўлароқ нима дейсиз? Қандай кучли гап айтасизки, зални тарк этаётган меҳмонлар оғзидан тушмай қолсин? Уларга қойил қолдирадиган, қизғин муҳокамага сабаб бўладиган қандай сўз айтиш мумкин?
Петербургдаги форумда Президент Путин шундай деди:
"Қаерга рус аскари оёқ босса, ўша ер бизники!"
Ана шу жумладан бошлаб, Россия матбуоти ва сиёсий шарҳловчилари фақат шу гапни муҳокама қилмоқда. Московский Комсомолец бу иборани "кун ибораси, ҳафта ибораси, ҳатто сўнгги йилларнинг энг муҳими" деб атади. "Бу сўзлар билан," деб ёзади газета, "Путин ўзининг сиёсий кредоси ва узоқ муддатли стратегиясини аниқ ва лўнда ифода этди. Бу 'Рус аскари оёғи' стратегияси."

Сурат манбаси, EPA
Бу иборанинг иқтисодиётга алоқаси йўқ. У мутлақо ҳарбий амбициялар ҳақидаги баёнот эди. Айнан шунда моҳият мужассам. 2022 йил февралида Россия Украинга кенг кўламли бостириб кирганидан буён иқтисодий фаровонлик Кремль учун иккинчи даражали масалага айланган; биринчи ўринда Украинани мағлуб этиш.
2022-yil fevralida Rossiya Ukrainga bostirib kirganidan buyon iqtisodiy farovonlik Kreml uchun ikkinchi darajali masalaga aylangan; birinchi o‘rinda Ukrainani mag‘lub etish.
Петербургдаги форум ҳам бу устуворликни яширмади.
Албатта, стендларда ширкатлар тақдимотлари, замонавий технологиялар, роботлар ва сунъий интеллект кўргазмалари...
Аммо кўргазма марказига келган меҳмонни энг аввал кутиб олган нарса – ташқарида намойиш этилган сўнгги рус ҳарбий техникалари эди. Ичкарида эса Россия томонидан босиб олинган ва аннексия қилинган Украина ҳудудларига алоҳида стендлар ажратилиб, Россия байроқлари хилпираб турарди.
Форумда нафақат Украина, балки Яқин Шарқдаги уруш ҳам кўпчиликнинг хаёлида эди – бу Доналд Трамп ҳафта охирида Эрондаги нишонларга ҳаво зарбаси буйруғини беришидан олдин эди.
Путин асосий нутқини бошлашидан аввал асосий залга кириш учун навбатда турганимда, ёнимга бир россиялик депутат келди:
– Айтинг-чи, – деди у, – бомба ташламоқчимисиз?
– Қандай бомба? – деб сўрадим.
– Эрон устига бомба ташламоқчимисиз?
– Мен ҳеч кимга бомба ташламоқчимасман, – дедим. – Доналд Трамп ҳақида айтяпсизми?
– А-ҳа, Трамп сизлар нима десангиз, шуни қилади! – деди у кулимсираб. – Британияликлар уни бошқаради. Сизлар ва "теран давлат".
У кулиб қўйди.
Аммо Россия ҳукумати бу мавзуда мутлақо кулиб ўтиргани йўқ.
Эрон режими ағдарилиши эҳтимоли Москвада ташвиш уйғотмоқда. Сўнгги олти ой ичида Кремль аллақачон Яқин Шарқдаги бир муҳим иттифоқчисини – Сурия президенти Башар Асадни йўқотди. Путин энди яна бир ҳамкорни бой беришни истамайди – айниқса яқинда у Эрон билан "комплекс стратегик ҳамкорлик шартномаси"ни имзолаганини ҳисобга олсак.
Бироқ бу келишув ҳарбий иттифоқ эмас. Демак, уруш чиқса, Россия Эронни ҳимоя қилишга мажбур эмас. Шу боис Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Кремлга ташриф буюрганида, Президент Путиннинг қўллови сўздагина эди, бироқ Теҳронга ҳарбий ёрдам беришга шошилмади.
Ахир Россиянинг ўзи аллақачон Украинадаги уруш ботқоғида қолган. Бундан ташқари, Кремл Исроил билан ҳам илиқ муносабатларни сақлаб қолмоқчи.
Петербургдаги форумда қатнашган россиялик депутат ва телевидение бошловчиси Евгений Попов бунга шундай изоҳ берди:
– Биз Исроил ҳукумати билан яхши алоқадамиз, – деди у. – У бизга қарши санкциялар жорий этмади ва Украинага қурол етказмади.
Демак, Яқин Шарқда Россия нозик мувозанат сақлашга уринаётгани аён.
Нутқлари ва оммавий чиқишларида Путин ҳар доим ўзини дадил ва ишончли кўрсатишга интилган. Аммо бу йилги форумда ҳукм сурган асосий кайфият – ноаниқлик эди.
Россия иқтисодиёти бўйича ноаниқлик – ҳукумат вакиллари ҳатто очиқчасига инқироз белгилари мавжудлигини тан олди.
Украинадаги уруш борасида ноаниқлик шундаки, бу можаро тўртинчи йилига кирди.
Яқин Шарқдаги вазият ҳам шубҳалар билан тўла.
Ноаниқлик эса фақат Россиягагина хос эмас. Бу ҳақда Петербургдаги суҳбатимизда журналист ва жамоат арбоби Ксения Собчак ҳам гапирди:
– Балки уч йил аввал, ҳаммаси бошланганда, – деди у, Россиянинг Украинага бостириб киришини назарда тутиб, – биз "келажагимиз қаерда?" деган саволни ўзимизга бергандирмиз.
Аммо орадан уч йил ўтди, бугун кўряпмизки, бутун дунё ёниб турибди. Исроил, Эрон, Покистон, Ҳиндистон. Бугун ҳеч кимда келажак ҳақида тиниқ тасаввур қолмаган.












