Россия: Чақимчилар авжига чиқди - Сталин даври қайтдими? (Видео)

Владимир Соловьёв каби таниқли бошловчилар ўз кўрсатувларида кимнидир осонгина “халқ душмани” дея тамғалаши мумкин.
Сурат тагсўзи, Владимир Соловьёв каби таниқли бошловчилар ўз кўрсатувларида кимнидир осонгина "халқ душмани" дея тамғалаши мумкин.
    • Author, Амалия Затари ва Виктория Аракелян
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Бугунги Россияда душманни ичкаридан овлаш бошланган. Россия урушини танқид қилган ҳар бир одамнинг устидан ёзилиши, у айбловларга юз тутиши, судга тортилиши ва, кўп ҳолларда, қамалиши мумкин.

Баъзилар ўз нишонларини очиқчасига қоралайди. Владимир Соловьёв каби таниқли бошловчилар ўз кўрсатувларида кимнидир осонгина "халқ душмани" дея тамғалаши мумкин. Екатерина Мизулина каби сиёсатчилар эса блогер ва санъаткорларни жазога тортишга чақиради.

Баъзилар эса атрофидагилар ватанпарвар эмаслигини гумон қилгач, ташаббусни ўз қўлларига олишади. Ўтган йил августида икки эркак "Вагнер" жангарилар гуруҳини "қотиллар" деб сўккан 87 яшар қарияни дўппослашган, унинг қўлларини қайириб автобусдан улоқтиришган.

Яна баъзилар буни ҳеч кимга билдирмасдан, яширинча қилишади.

Нега улар бундай қилишади? Уларнинг қурбонларига сўнг нима бўлади? Улар ўзи кимлар?

ЧАҚИМЧИЛАР: Ичкаридаги душманга ов

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳали яқин-яқингача, Совет Иттифоқи фуқаролари бир-бирини чақиб беришга рағбатлантирилган. Бу машъум удум қатағон йилларида "донос" (чақув) дея ном олганди. Юмалоқ хат (кимнингдир устидан ёзилган имзосиз хат)лар ҳам авж олган. Сталин ўлимига қадар, коммунистик партиянинг учдан бир қисми доносга тушиб, ғойиб бўлган.

"Халқ душмани" деб айбланган миллионлаб одамлар ё қамоқда ё мажбурий меҳнат колонияларида ўлган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши билан, бу эски анъана яна қайтти.

Бу сафар бир ашаддий чақимчи ҳаммадан ажралиб турди. Анна Коробкова исмли шахс Россияда энг фаол чақимчига айланди. Лекин унинг кимлигини ҳеч ким билмасди.

Россияда бу ғайриоддий исм эмас, лекин унинг имейл адреси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга тўғри келмасди. Унинг ким экани, ва нимадан илҳомланишини тушуниш учун Би-би-си уни текшира бошлади.

Кутилмаганда, у бизнинг имейлимизга жавоб берди:

"Салом, Би-биғси ажойиб ҳужжатли филмлар қилади. Менинг отам Сталин вақтида чақимчи бўлган. У менга юмалоқ хат ёзишни ўргатган. Махсус ҳарбий амалиёт бошланганидан бери, мен тинмай ёзаяпман. Жадвал билан ишлайман. Олдин ким нима деганини кузатаман, сўнг икки кун тўхтамай хатни ёзаман. Кейин беш кун дам оламан. Ким нима дейишини YouTube, Озодлик, "Настоящее время"да кўраман."

Уни кўпроқ тушуниш учун, унинг қурбонларини топишга ҳаракат қилдик.

Архипова ўзига қарши хатлар ортидан Россияни тарк этти.
Сурат тагсўзи, Архипова ўзига қарши хатлар ортидан Россияни тарк этти.

2022 йил кузида Россиядаги университетда ишловчи антрополог олима Александра Архипова уни чақиб беришганидан хабар топган. Хат муаллифи Анна Коробкова эди.

"Хат мен ишлайдиган жойнинг ректорига юборилганди. У жуда узун эди. "Бу хатдан мақсад - ходимингиз Александра Архипованинг аҳлоқсизлигидан сизни хабардор қилиш. Ходимингиз Россия армиясини обрўсизлантириб, қонунни бузди," – дея хатдан парча келтиради олима.

Архипованинг бизга айтишича, Коробкова унинг дўстлари ва ҳамкасблари устидан ҳам ёзган.

"Бир ҳамкасбим менга ғамгин қаради-да, чўнтагидан ғижим хатни чиқарди. У жуда ўхшаш донос эди. Ёзилиш услуби бир хил, лекин буниси у ҳақида. Муаллифи яна – Анна Коробкова. Шунда ўйладим, тенденция сезиляпти. Сўнг учинчиси чиқди, бешинчиси... Мен уларни йиға бошладим."

Ўзи ва яқинлари овлана бошлаганини англагач, Архипова Францияга қочди. Ва у ердан ўз терговини бошлади.

Украинадаги урушнинг илк йилида ҳукумат аҳолидан 300 мингдан ошиқ юмалоқ хат олди. 2024 йил охирига бориб, камида 3 минг уруш танқидчиси судда айбдор топилди.
Сурат тагсўзи, Украинадаги урушнинг илк йилида ҳукумат аҳолидан 300 мингдан ошиқ юмалоқ хат олди. 2024 йил охирига бориб, камида 3 минг уруш танқидчиси судда айбдор топилди.

Унинг дўстларига кўра, Анна Коробкова ортида Россия махфий хизматлари, ФСБ турганди.

Архипова бу фикрга қўшилмади.

"Бу ФСБнинг иши эканига ишонмадим, битта одам ўзига миссия қилиб олган, дедим. Миссия шуки, халқ душманларини топиш, давлатга ёрдам бериш ва ватанни тозалаш."

Буни аниқлаш учун Архипова юмалоқ хат эгасини мулоқотга чиқишга ундади.

«Мана унга ёзган илк хатим: "Ҳурматли Анна. Менинг исмим Александра Архипова, мен "махсус ҳарбий амалиёт" оқибатида ижтимоий муносабатлар қандай ўзгаргани ва одамлар ҳукуматни қанчалар дастаклашини ўрганаётган тадқиқотчиман." Бу эса бир ҳафтадан сўнг олган жавобим:

"Мен бепул ишлайдиган чақимчиман. Биздеклар Россияда жуда кам, тадқиқотга киритишга етмайди."

Юмалоқ хатчи Коробкова Би-би-си билан ёзишмаларини бир қанча вақт давом эттирди, лекин интервью беришни сўраганимизда, буни рад этти:

"Матбуотда Анна Коробкова сохта, деган хабарларни кўрдим.. ОАВда чиқсам бўларди, лекин менга таҳдидлар бўлиши мумкин. Хавфсизлигим сабаб, юзимни кўрсатмайман."

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Лекин, ҳар бир хатда унинг шахсига ишоралар сезиларди:

"Мен аҳолиси 1,5 миллионлик, Украина чегарасидан минглаб километр узоқдаги шаҳарда яшайман. Университетда дарс бераман. Ҳамкасбларим ва дўстларим нима қилишимни билишмайди."

Архипова тезда Коробкова Россиянинг тўртинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Екатеринбургда яшашини гумон қила бошлади. У ерда ҳар доим Россиянинг энг кўп чақимчилари яшаган.

Мизулина

Екатерина Мизулина Россия сиёсий фазосида ярқираётган юлдуз.

Ўта миллатчи Мизулина яқинда Россия интернет хавфсизлиги лигаси раиси этиб тайинланди. Россия интернетини цензуралаш вазифаси унинг Европа Иттифоқи, Британия ва АҚШ санкциясига тушишига етаклаган.

Мизулина яқинда Россия интернет хавфсизлиги лигаси раиси этиб тайинланди.

Сурат манбаси, Yekaterina Mizulina

Сурат тагсўзи, Мизулина яқинда Россия интернет хавфсизлиги лигаси раиси этиб тайинланди.

"Ғарб сиёсатчилари сўз эркинлигини қўллашларини айтишади. Мен ўз юртимдаги одамларга ёрдам бериш учун нимадир ижобий иш қилмоқчи бўлсам, улар йўқ, сен санкциядасан, чекловга тушдинг, дейишади. Афтидан, бу ерда қандайдир икки юзламачилик бор", - дейди Мизулина интервьюларидан бирида.

Мизулина Россиядаги энг таниқли арбобларни қоралаш билан тез орада машҳурликка эришди.

Жумладан, таниқли блогер Артёмий Лебедевни. У Лебедевни нацизмни оқлашда ва шаккокликда айблаган. Бунга Лебедевнинг Иккинчи Жаҳон уруши 1939 йилда СССР ва Германия Полшага ҳужум қилиши билан бошланганини ёзгани асос бўлган.

"Тарихнинг бундай бузиб кўрсатилиши қаердан келишини тушуниш қийин. Бу ерда нацизмни қайтаришга ҳаракат бўляпти. Уни динимиз ва авлиёларимиз ҳақида ифлос гапларни тарқатган шаккок, блогер Артемий Лебедев ёзган. Интернет хавфсизлиги лигаси унинг судга тортилиши йўлида ишлайди", - деди ўшанда Мизулина.

BBC
O'z yurtimdagi odamlarga yordam bermoqchi bo'lsam, sen sanksiyadasan deyishadi. Bunda ikkiyuzlamachilik bor.
Yekaterina Mizulina (bbc.com/uzbek)
Internet xavfsizligi ligasi raisi

Чақув ва юмалоқ хатлар Россияда катта таъсирга эга бўляпти. Украинадаги урушнинг илк йилида ҳукумат аҳолидан 300 мингдан ошиқ юмалоқ хат олди. 2024 йил охирига бориб, камида 3 минг уруш танқидчиси судда айбдор топилди.

"Ҳукумат одамларга жазо муқаррарлигини англатмоқчи. Лекин, жазо пала-партиш. Ҳамма биладики, урушга қарши пост ёзсанг, баъзида ҳеч нима бўлмайди. Лекин шундай постга лайк боссанг, етти йилга қамалишинг мумкин", - дейди Архипова.

Қочқин реппер

Реппер Noize MC ўзининг ўткир ижтимоий муаммолар ҳақидаги мисралари билан танилган.

Урушдан олдин бу унинг концертлари бекор бўлишига сабаб бўлганди, лекин унга қарши илк расмий тергов очилишига унинг ўз муҳлиси ёзган хат асос бўлди.

"Ижтимоий тармоқда кимдир менинг албомимини эшитибди, сўнг ҳафа ватанпарвар сифатида баъзи сўзларимни савол остига олибди. "Қандай ҳадди сиғди? Энг шарафли ва ҳалол полициямизни коррупцияда айблаяпти. Ҳукуматга қарши ишлаяпти. Тезда қўлга олиниб, қамалиши керак," – дея постни эслайди Noize MC.

Бу пост ҳазил бўлган экан. Буни унинг муаллифи ҳам айтган.

"Мен атайин постни шунақа аҳмоқона қилиб ёзгандим. Уни ўқиган одам, кулсин деган мақсадда. Мен донос ёзадиган одамларни калака қилгандим. Афсуски, ёзганларимни жиддий қабул қилишди", - дейди Дмитрий Якушев.

Аммо, натижада Noize MC нацизм ва экстеризмни тарғиб қилиш гумони билан терговга берилди.

Noize MC ҳам Россиядан қочди.
Сурат тагсўзи, Noize MC ҳам Россиядан қочди.

"Улар терговга нимадир туртки бериши учун баҳонани кутишаётганди. Яна эринмасдан якшанба куни тергов қўмитаси ана шу чақув асосида терговни бошлаётганини эълон қилди", - дейди Noize MC.

Босим ошиши билан Noize MC, бошқа либераллар каби, Россияни тарк этишга қарор қилди.

"Охирги йилларни осон кечирган одамни топишим қийин. Мен учун осон бўлмади. Мен кўчиб кетишга мажбур бўлдим, ўз уйим, ва қадрли нарсаларимни ортда қолдирдим."

Россия онгининг қўриқчилари

Россия жамияти ўзгаряпти.

Уруш ҳолатида ҳарбийлар дастурхоннинг энг тўрига чиқариляпти. Фахрийлар махсус имтиёзлар билан сийланган. Уларнинг баъзилари ўзларини Россия онгининг қўриқчилари этиб тайинлашган.

Ҳарбийлар жамоатчилик арбобларини чириган ахлоқда айблаб, чақув хатларини ёзишади.

Шундай гуруҳлардан бири, "За Други своя"нинг лидери Валентин Боцвин буни бизга шундай изоҳлади:

"Мен кўп хатлар ёзаман, лекин очиғи, кўпи нашр этилмайди. Ҳозирда инсоний қадриятлар учун уруш юз беряпти. Улар бошқача қадриятлар билан тинчликка қарши тизимни яратишяпти. Уруш шунинг устида кетяпти."

Valentin Botsvin
BBC
Hozirda insoniy qadriyatlar uchun urush yuz beryapti. Ular boshqacha qadriyatlar bilan tinchlikka qarshi tizimni yaratishyapti. Urush shuning ustida ketyapti.
Valentin Botsvin
Urush faxriysi (bbc.com/uzbek)

2024 йил майида Валентин Боцвин рассом Алиса Горшенина устидан ёзиб берди.

Алиса энди уни нималар кутаётганини билмасди.

"Мавҳум вазият эди. Мени сўраб келишадими, йўқми - билмаганман. Саросимада эдим, подъезд олдига келган машиналардан, ё қоронғинда қандайдир эркакни кўрсам, изимдан тушдими деб қўрқдим", - дейди Горшенина.

Алиса устидан хатга у "Пусси Райот" гуруҳининг янги клипи учун дизайнер рассом бўлиб ишлагани сабаб бўлган.

"Улар жирканч нарсалар эди, ҳатто руҳоний арбоблар билан сексуал характердаги саҳналар. Бу мутлақо номақбул. У "мен рассомман" деди. Узр, лекин, бунақаси кетмайди. Мен чора кўришларини сўраб ўша хатларни ёзганман", - дейди Боцвин Би-би-сига.

Клипда қўшиқчиларнинг қуйидаги мисралари янграган: "Сизни кечирмаймиз, қолдиқларингизни топтаб ташлаймиз, Останкино минораси чиройли ёнади."

Рассом Алиса Горшенина клипдаги дизайни учун судга берилди.
Сурат тагсўзи, Рассом Алиса Горшенина клипдаги дизайни учун судга берилди.

Фахрийларнинг хатлари Алисанинг онасини шунчалар хавотирга солдики, у Боцвинга қизини тинч қўйишини сўраб, ялиниб мактуб йўллади.

"Онасига жавоб бердим, қизингизга гапиринг. Узр сўраса, бари тугайди, дедим."

"У кўргазмамни "жирканч ахлат" деб атаган. Онамга қуйидагича жавоб берган: "Қаерга қараётгандингиз? Нега унинг ахлат билан озиқланишига ва махлуқ бўлиб ўсишига йўл қўйдингиз," – дея жавобни ўқиб беради Алиса.

Ўз ижоди ва эркинлиги хавф остида бўлса-да, Алиса Россияда қолишга аҳд қилди ва адвокатлардан маслаҳат сўради. Биринчи юрист унга "кетинг" деди. Зудлик билан. Қаерга бўлса ҳам.

Алиса Горшенина 2025 йил апрелида ҳибсга олинди. Ҳибсда 10 кун қолиши ортидан, у "экстремист" рамз, яъни камалак эможисини намойиш қилишда ва Россия армиясини обрўсизлантиришда айбдор топилди. У озод этилди, лекин жаримага тортилди. Ҳозирда у ҳукм устидан шикоят қилмоқда.

Коробкова топилдими?

Париждаги қувғинидан Александра Архипова энг фаол чақимчи Анна Коробкованинг аслида кимлигини билишга уринишда давом этти.

Коробкова мингдан ортиқ юмалоқ хат ёзганини айтса-да, ҳаётда уни ҳеч ким кўрмаган.

Икки йил ичида Архипова Коробкова ёзган 74та юмалоқ хат ва таҳдидларни йиғди.

Лингвист эксперт Даниил Скоринкин билан улар бу ҳужжатлардаги стилистик услубни таҳлил қилишди.

У "Мен махсус ҳарбий амалиётни мутлақо қўллаб қувватлайман деб ёзади. Нуқта. "Барча қонунбузарликка қаршиман." Булар формула деб аталади. "Аҳлоқсизлик амали" каби ибора ҳам формула, у ҳар доим хатлар охирида. Бу катта хатларнинг аксари ана шундай аниқ элементларга эга", - дейди Архипова.

Aleksandra Arxipova
BBC
Bu menga kerak bo‘lgan eng oxirgi dalil edi. Men Ivan Abaturov muallifligida yozilgan xatni topdim. So‘ng menga qarshi Anna Korobkova yozgan xat bilan solishtirdim. Ikkovi bir xil.
Aleksandra Arxipova
Quvg'indagi olima (bbc.com/uzbek)

Улар Коробкова дастхатида такрорланувчи услубни аниқлашди.

Ҳақиқий топилма эса улар Коробкованинг Википедия саҳифасини таҳлил қилганларида чиқди.

Унда Коробкованинг юмалоқ хатларига хавфсизлик хизматларидан қайтарилган жавоблар суратлари бор эди.

"Хавфсизлик хизматлари юборган жавоблар оммага очиқланмайди. Демак, бу мақолани ёзган одам ё шу хатларни кўрган ёки улар буни Коробковадан олишган. Демак, улар танишлар", - дейди Архипова.

Википедиядаги мақолада ҳам формулалар Коробкова хатидагиларга ўхшаш эди.

Худди, уларни бир киши ёзгандек.

Сўнг, жамоа саҳифадаги фотоларни таҳлил қилди.

Бу суратларни олган камера жуда ноёб камера бўлган.

"Сўнг, Вики Коммонсга қарадик, у ерда ана шу камерадан юкланган бошқа суратлар ҳам бор эди. Википедияга фақат бир киши шу камерадан сурат юклаган, унинг исми - Иван Абатуров. Биз Иван Абатуровнинг суратини топдик. Айнан ўша камера унинг камаридан осилиб турганди", - дейди Архипова.

Иван Абатуров Екатеринбургдан, тарих битирувчиси. У YouTubeда доносчикларга қизиқиши ҳақида гапирган.

Архиповага кўра, унга қарши юмалоқ хатлар ортида Иван Абатуров турибди.
Сурат тагсўзи, Архиповага кўра, унга қарши юмалоқ хатлар ортида Иван Абатуров турибди.

"Бугун чақимчилар ҳақида гаплашамиз. Ўртоқ Сталиннинг ҳукмронлиги даврида "Катта террор" бўлган, 1937-38 йилларда. Унда 700 минг нафарча одам қатл қилинган", - деб гапиради Абатуров ўз видеосида.

Чуқурроқ текширишса, Иван Абатуров университетда ғаламис бўлгани аниқланди. Паст баҳо қўйган Тарих факултетидаги домлаларига у таҳдидлар қилган.

Сўнг Архипова жумбоқнинг охирги парчасини топди:

"Бу менга керак бўлган энг охирги далил эди. Мен Иван Абатуров муаллифлигида ёзилган хатни топдим. Сўнг менга қарши Анна Коробкова ёзган хат билан солиштирдим. Иккала юмалоқ хат мутлақо бир хил эди."

Архипова ўз топилмаларини Би-би-сининг рус хизматига берди.

Би-би-си сўнг Абатуровнинг IP адреси Коробкованикига мос эканини аниқлади.

Улар деярли бир хил эди.

Абатуровнинг аввал ёзган хатлари текширилди.
Сурат тагсўзи, Абатуровнинг аввал ёзган хатлари текширилди.

Архипова Абатуровни интернетда фош қилиши ортидан Абатуров буни рад этиб чиқди.

"Мен у хатларни ёзмаганман. Хорижий матбуот ҳақиқий эксперт бўлмаган одамларни ишлатади. Масалан, биттаси хорижий агент. Уларга "хато қиляпсизлар" деб ёздим. Сунъий ақл ҳар кимни ўхшатиб беролади. Ўша антрополог молия олиш учун шу ҳикояни ўйлаб топган", - дейилади Абатуровнинг раддиясида.

Аммо, Архипова унинг раддияси қайтанга унга қарши исботни кучайтирганини айтади:

"Раддия ҳам ўша формулалар ва ўша бир хил лингвистик хатолар билан ёзилган. Абатуров қанча кўп ёзгани билан, Коробковага айланиб бораверди."

Би-би-си бу айбловларни Коробковага йўллаганида, у жавоб бермади. Абатуров ҳам жавоб бермади.

Панадаги ҳаёт

Бугунда Россияда чақув қурбонига айланиш оқибатлари жуда хавфли бўлиши мумкин.

"Шундай воқеъликда ашаяпмиз. Баъзида нотўғри рангли кийимда кўчага чиқиб ҳам, менинг аҳволимга тушиб қолишингиз мумкин", - дейди Алиса.

Хавфларга қарамай, баъзилар Россияни тарк этмайди.

"Қолиш мен учун муҳим. Шундоқ ҳам кўп ҳуқуқларимдан айиришди. Энди буни ҳам олмасликлари керак."

"Агар ёш рассомларда эътиқод ё руҳий негиз бўлмаса, албатта улар нотўғри йўлга киради. Сен ўзинг тушунмайдиган дунё билан ўйнашяпсан. Аралашма, акс ҳолда, бадалини тўлайсан", - дейди уруш фахрийси Боцвин.

Чақимчилар Россия тарихида қолган арвоҳларни тирилтириш билан таҳдид қилишади. Бу ҳақида Абатуров ўз видеосида берилиб гапирган:

"Чақимчилар икки турга бўлинади – қадри баланд ва қадри йўқ чақимчилар. Қадри йўқ бўлганларини ўз қурбонлари ва қонун қўлига ташлаб тилка-пора бўлишига қўйиб беришади."

Архиповага кўра, ҳар қандай одам эртага чақимчи қурбони бўлиши мумкин:

"Одамлар прожектор қачон уларга қарашини билишмайди. Чақимчилар аслида ўша прожекторлар."

Юмалоқ хатдан қўрқув ичида россияликлар қандай жазоланишларини билишмайди.

Улар ўзларини цензура қилиш, панада юриш ва эҳтиёт бўлиб гапириш босими остидалар.