Россия иқтисодига Ғарб санкциялари таъсир қилмаяптими?

Россия танклари

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Дэниел Томас
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

2022 йилда Украинага ноқонуний бостириб кирганидан бери Россия дунёдаги энг кўп санкция қўйилган давлатга айланди. Шунга қарамай, унинг иқтисодиёти ҳайратланарли даражада бардошли бўлиб чиқди.

2024 йилда, агар расмий статистикага ишонилса, Россия иқтисодиёти барча G7 давлатлари – Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ иқтисодиётларини ортда қолдирди. Ўтган йили Россия иқтисодиёти 4,3 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич Буюк Британияда 1,1 фоиз, АҚШда эса 2,8 фоизни ташкил этди.

Бундай ўсиш, асосан, Кремлнинг рекорд даражадаги ҳарбий харажатлари ҳисобига юз берди. Нефть экспорти ҳажми ҳам нисбатан барқарор бўлиб қолди: илгари Европага экспорт қилинган маҳсулотлар эндиликда Хитой ва Ҳиндистонга йўналтирилди. Бундан ташқари, эгалари ва ҳаракати яширин бўлган танкерлар – "соя флоти" Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермоқда.

Шу билан бирга, Bank of America маълумотларига кўра, Россия рубли бу йил 40 фоиздан ортиқ ўсиб, жаҳон бозоридаги энг яхши натижани кўрсатган валютага айланди.

Аммо 2026 йилга яқинлашганимиз сари вазият ўзгариб бормоқда.

Алоқадор мавзулар:

Мамлакат ичида инфляция юқори даражада сақланиб қолмоқда, фоиз ставкалари 20 фоизга етган, компаниялар эса малакали ишчи топишда қийналмоқда. Халқаро миқёсда эса нефть нархлари Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳозирги можаро туфайли ўсишга мойил бўлса-да, йил бошида пасайиш кузатилган эди.

Россия иқтисодиёт вазири пайшанба куни мамлакат "қизиб кетган" иқтисодий ўсиш давридан сўнг "турғунлик ёқасида" турганини тан олди. Баъзи кузатувчилар эса ҳатто иқтисодиёт инқироз ёқасига келиб қолганини тахмин қилишмоқда.

Getty Images
Umuman olganda, 2026 yil oxirigacha vaziyat nihoyatda noqulay bo‘ladi va, albatta, defoltlar hamda bankrotliklar yuz beradi. Shunga qaramay, inqiroz yengil bo‘ladi.
Yevgeniy Nadorshin
Iqtisodchi, Moskva (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Аммо бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Ва урушга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Москвада яшовчи иқтисодчи Евгений Надоршин Би-би-си билан суҳбатда шундай дейди: "Умуман олганда, 2026 йил охиригача вазият ниҳоятда ноқулай бўлади ва, албатта, дефолтлар ҳамда банкротликлар юз беради." Шунга қарамай, у инқироз "енгил" бўлишини тахмин қилади ва инқироз ҳақидаги даҳшатли башоратларни "буткул ёлғон" деб атайди. "Россия иқтисодиёти бундан ҳам оғир инқирозларни бошдан кечирган", дейди у.

Надоршиннинг айтишича, ишсизлик даражаси ҳозирда рекорд даражада паст – 2,3 фоиз. Келаси йилда эса бу кўрсаткич атиги 3,5 фоизгача кўтарилиши мумкин. Таққослаш учун, Буюк Британияда апрель ойида ишсизлик даражаси 4,6 фоизни ташкил этган.

Путин

Сурат манбаси, Getty Images

Шу билан бирга, экспертлар Россиянинг иқтисодий турғунлик даврига кирганини таъкидлашмоқда. 2024 йил апрель ойида йиллик инфляция даражаси 9,9 фоизни ташкил этди. Бу, қисман, Ғарб санкциялари туфайли импорт нархлари ошганлиги ва ишчи кучи танқислиги сабаб иш ҳақлари кўтарилиши билан боғлиқ.

Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил охирига келиб мамлакатда тахминан 2,6 миллион ишчи етишмаган. Бу ҳолат асосан эркакларнинг урушга сафарбар қилиниши ёки ундан қочиб, хорижга чиқиб кетиши билан боғлиқ.

Марказий банк инфляцияни жиловлаш учун фоиз ставкаларини рекорд даражага кўтарди. Бироқ бу ҳолат компанияларнинг сармоя жалб этишини қийинлаштирмоқда. Шу билан бирга, Россиянинг нефть ва газдан тушадиган даромади санкциялар ва нархлар пасайиши туфайли камайди: расмий маълумотларга кўра, 2024 йил май ойида бу даромад ўтган йилга нисбатан 35 фоизга тушган.

Бу ҳолат бюджет тақчиллигини кенгайтирди, мамлакат инфратузилма ҳамда давлат хизматларига ажратиладиган маблағни камайтиришга мажбур бўлди.

"Уларда ҳарбийлар учун тегиб бўлмайдиган улкан харажатлар бор, – дейди сиёсатшунос ва Россия бўйича таҳлилчи Андраш Тот-Цифра. – Шу сабабли йўл, темир йўл ва коммунал хизматлар соҳасидаги муҳим инвестиция лойиҳаларига ажратилган маблағлар бошқа томонларга йўналтирилмоқда. Хизматлар сифати эса кўзга кўринарли даражада ёмонлашмоқда."

Россия Ғарб санкцияларига кутилганидан яхшироқ дош берган бўлиши мумкин, аммо санкциялар иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда, дея таъкидлайди Тот-Цифра.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Россиялик компаниялар зарур технологияларни импорт қилишда қийинчиликка дуч келмоқда ва бу айниқса автомобиль саноатига жиддий зарар етказди. Европа Иттифоқи Россия кўмирини импорт қилишни тақиқлади ва 2027 йилгача газ импортини ҳам бутунлай тўхтатишни кўзлаяпти.

"Бу омиллар қисқа муддатда Россиянинг уруш олиб бориш салоҳиятига жиддий тўсқинлик қилмайди, – дейди Тот-Цифра. – Аммо улар келгуси йилларда иқтисодий ўсиш ва диверсификация имкониятларини чеклаши мумкин."

Ҳозирча эса Кремль бу хавотирларни инкор этмоқда. 2024 йил июнь ойи бошида Президент матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Россия иқтисодиётининг "макроиқтисодий барқарорлиги" ва "асосий кучи" яққол намоён бўлаётганини айтди.

Апрель ойида эса у ҳукумат сиёсати туфайли Россия иқтисодиёти "анча муваффақиятли ривожланаётганини" таъкидлади.

Россия рубли

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо бундан кейин нима бўлишини олдиндан айтиш қийин.

Агар Украина ва Россия бу йил тинчлик келишувига эришса – бу эҳтимолдан холи эмас – Москвага нисбатан халқаро босим бир оз енгиллашиши мумкин. АҚШ президенти Доналд Трамп муносабатларни нормаллаштириш, ҳаттоки янги иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирган.

Бироқ Оксфорд энергетика тадқиқотлари институти олими доктор Катя Яфимаванинг фикрича, Европа, ҳатто тинчлик ўрнатилган тақдирда ҳам, ўз йўлидан боришда давом этиши ва Россияга нисбатан санкцияларни сақлаб қолиши мумкин.

"Ҳатто шундай бўлмаган тақдирда ҳам, Европанинг 2022 йилгача бўлганидек Россия нефти ва газини катта ҳажмда харид қилиши деярли мумкин эмас. Гарчи газ импортининг қисман тикланиши эҳтимоли бўлса-да," дея қўшимча қилади у.

"Шунга қарамай, бу ҳолат Москва учун мураккаб иқтисодий вазиятни юзага келтиради. Россия нефть экспортининг асосий йўналишини Европадан бошқа бозорларга ўзгартиришга муваффақ бўлган бўлса-да, газ экспортини қайта йўналтириш бирмунча мураккаб."

Нима бўлишидан қатъи назар, уруш Россия учун узоқ муддатли иқтисодий харажатлар келтириб чиқаради. Кремль эса бу харажатларни қоплаш йўлларини тобора йўқотиб бормоқда.