Ўзбекистонлик мигрантлар: кеча, бугун ва келажакда - Видео

Гулрайҳон Муханбетова

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонлик талаба Гулрайҳон Муханбетова Болгариядаги меҳмонхоналардан бирида ишлаб келмоқда.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Собиқ Иттифоқ давлатлари орасида Ўзбекистон кўп йиллардан бери хорижда ишлаётган мигрантлар сони жиҳатидан етакчи давлат бўлиб келган.

Мутахассислар мамлакат учун меҳнат миграцияси ҳануз ўта муҳим ижтимоий масала ва иқтисоднинг салмоқли таркибий қисми бўлиб қолаётганини урғулашади.

Мустақилликка эришилганидан сўнг Ўзбекистондан мигрантларнинг асосий оқими Россия ва Қозоғистон каби "яқин хориж" давлатлари томон йўналган бўлса, ҳозирга келиб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тер тўкиб ишлаётган давлатлар сони анчайин кенгайган.

Ўзбекистонликлар ишлаш учун ҳозирда қайси давлатларни танлашмоқда?

Яқинда АҚШнинг йирик шаҳри саналмиш Нью-Йоркнинг янги сайланган ҳокими Зоҳран Мамданийнинг ўзбек ҳамшираларини ўз нутқида тилга олгани ўзбекистонлик мигрантлар сиёсий саҳнада ҳам эътиборга тушаётганлари белгисидир.

Лекин ўзга юртга кўчиб ўтиб ишлаш, ҳаётни деярли қайтадан бошлаш, рўзғордан орттириб ватанда қолган оила, бола-чақага пул юбориш осон эмас.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Асли Самарқандлик 30 ёшли Марҳабо бир неча йилдан бери Туркиянинг Истанбул шаҳрида оёқ кийим корхонасида ишлайди.

Унинг айтишича, ўғли онаси билан Ўзбекистонда қолишган. Бир йилда бир маротаба келиб, Марҳабони кўриб кетишади.

Марҳабо оёқ кийим корхонасида

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Истанбулдаги оёқ кийим корхонасида ишловчи Марҳабонинг ўғли ватанда онаси билан қолган.

"Ризқимиз қаерда бўлса ўша ердамиз. Насиб қилса, Ўзбекистонга қайтиш ниятим бор", дейди Марҳабо.

Ўзбекистонликлар ишлаш ва ўқиш учун танлаётган мамлакатлар қаторига йил сайин тобора кўпроқ давлатлар қўшилмоқда. Бир неча йил аввал Европага бориш имконлари жуда чекланган эди. Ҳозирда уларни жаҳоннинг жуда кўплаб бурчакларида кўришимиз мумкин.

Британияга мавсумий ишчи бўлиб келган ўзбекистонликлар ўз Instagram саҳифаларида авваллари аксар ўзбекистонликлар ишлаш учун йўл олган Россиядан у ердаги шарт-шароитлар фарқ қилишини айтишади.

Британиядаги ўзбекистонлик мавсумий ишчилар
Instagram
Россияга қараганда Британияда ишлаш шароитлари ва маоши яхшироқ. Милициядан қўрқув йўқ.
Британиядаги ўзбекистонлик мавсумий ишчи

"Россиядан кўра бу ерда ишлаш яхшироқ, тўлайдиган пули ҳам кўпроқ. Одамларнинг муносабати ҳам Россиядагидан минг маротаба яхши. Милициядан қўрқиш йўқ. Милицияни туртиб кетсанг ҳам "сорри" дейди. Россияда "ҳужжатинг қани, у ерга бор, бу ерга бор" дейиш кўп. Бу ерда қонун доирасида яшасанг, ҳеч ким ҳеч нарса демайди", дея ўз таассуротларини ўртоқлашадилар.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ўзбекистонлик мигрантлар географияси кенгаймоқда

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисоди жадал суръатлар билан ўсаётгани, ҳар йили кўплаб иш жойлари яратилаётганини айтиб келади.

Ўзбекистон Миграция Агентлигига кўра, ҳозирда жаҳон бўйлаб турли мамлакатларда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 300 минг атрофида. Бу рақам не қадар ишончли эканлигини текшириш имконсиз, аммо кўплаб тахминларга кўра, уларнинг сони анчайин кўпроқ.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпайиб бораётган мамлакатлардан бири Жанубий Корея.

У ерда ишлаётган Бекзод Ёрқин ўғлининг айтишича, охирги йилларда ўзбекистонликлар учун у ерда ишлаш ва яшаш шароитлари осонлаштирилган. Шунинг учун уларнинг сони ўсиб бормоқда.

Бекзод Ёрқин ўғли

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Бекзод Ёрқин ўғлининг айтишича, охирги йилларда ўзбекистонликлар учун Жанубий Кореяда ишлаш ва яшаш шароитлари осонлаштирилган.

"7 йилдан бери Жанубий Кореядаман. Сўнгги 2 йилда ишчи визасидан кўра, талабалик визаси билан Ўзбекистондан келаётганлар сони анчайин ошган. Бунга сабаб Жанубий Корея томонидан ўзбекистонликларга талабалик визаси соддалаштирилган тартибда берила бошлаганидир. Бундан ташқари Жанубий Корея Университетларида контракт тўловлари миқдори Ўзбекистондаги университетлардан деярли фарқ қилмайди", дея тушунтирди Бекзод.

Шоҳрух Жуманазаров ҳам ўқиш ва меҳнат муҳожирлигини Жанубий Кореяда бошлаган.

Ҳозирда у Португалияда ўқиб, ишлаяпти. Унинг айтишича, у Португалияда ўзини қулайроқ ҳис қилади.

Шоҳрух Жуманазаров

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Шоҳрух Жуманазаров Португалияда таржимонлик билан шуғулланади.

"Португалияда таржимонлик билан шуғулланаман. Мени бу ерда хуш қабул қилишди. Менга нисбатан муносабат яхши. Дўстлар орттирдим, бирга вақт ўтказишни яхши кўрамиз", дея айтади у.

Лекин шу билан бирга Шоҳрух Португалияда маошлар пастроқ эканлиги ва кейинчалик мусулмон давлатига кўчиб ўтиш истаги борлиги ва охир оқибат балки Ўзбекистонга қайтиш нияти борлигини ҳам айтади.

Туркиядаги ўзбекистонликлар

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлар сони нисбатан кўп бўлган давлатлардан бири Туркия. Ҳозирда у ерда 57 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ишлайди.

Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда Истанбулдан журналист Соҳиба Ҳаётнинг айтишича, норасмий равишда Туркияда қолаётган ўзбекистонликлар назарга олинса, уларнинг сони бундан 2-3 баробарга кўпроқ бўлиши мумкин.

Унинг шунингдек, бизга айтишича, яқин -яқингача Туркияда Ўзбекистондан аёл меҳнат муҳожирлари сони кўпроқ бўлиб келган.

"Туркия ҳамиша аёллар миграцияси учун мақбул мамлакатлардан бири бўлиб келган. Кейинги вақтларда Туркия ҳукумати ноқонуний муҳожирларга қарши чораларни кучайтиргани сабабли мигрантлардан баъзилари ортга қайтишга мажбур бўлишганди. Аммо охирги йилларда уларнинг сони яна ошмоқда. Бу ерда ишлайдиган ўзбекистонлик аёлларнинг кўпи ёлғиз аёллар бўлиб, улар мамлакатга қайтишнинг бошқа йўлларини топишган. Масалан, Туркия ватандоши билан никоҳ қуриш орқали. Бундан ташқари Россиядаги меҳнат муҳожирларига нисбатан сиёсат туфайли у ердан қайтишга мажбур бўлган эркакларнинг бир қисми ҳам Туркияга иш излаб келишмоқда. Ана шу сабаблар туфайли ўзбекистонлик мигрантларнинг сони яна кўпайган", деди Соҳиба Ҳаёт.

Истанбул шаҳри

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Туркиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида аёллар аксариятни ташкил қилишади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Туркияда аёллар асосан уй хизматкори, кексаларга қараш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади ва бу каби иш топиш имконлари бошқа турдаги ишларга нисбатан кўпроқдир. Шунингдек, шахсий уйларда ишлаш учун ёлланганлар турар-жой ва озиқ-овқат билан таъминланганлари учун бу каби харажатлардан ҳолилар ва ишлаб топган пулларини тежаш имконига эгалар. Бундан ташқари Россиядаги каби ишлаш учун патент тўловлари ҳам мавжуд эмас. Фақатгина йилда бир бор ишчи визасини янгилаб, тўлов қилинса кифоя.

Соҳиба Ҳаётнинг илова қилишича, ўзбекистонликлар учун Туркияда ишлаш ва яшаш шароитлари Россия билан таққослаганда кескин фарқ қилмаса ҳам, жамиятдаги муносабат, шунингдек, иқлим шароитларида фарқ албатта кўзга ташланади.

Болгарияда ҳам ўзбеклар

Ўзбекистонлик собиқда ҳисобчи Нилуфар Назарова бир неча йилдан бери Болгариянинг Қора денгиз соҳилидаги Албена оромгоҳидаги меҳмонхоналардан бирида ишлаб келаётганлардан бири.

Унинг айтишича, бу ерга келган илк йилларида ўзбеклар сони жуда кам бўлган.

"Ҳозирга келиб бу ердаги ватандошларимиз сони юзлаб. Бизнинг бу ерда олган суратларимизни кўриб, ҳикояларимизни эшитиб жуда кўплар бу ерга кела бошлашди", дейди Нилуфар.

Албенадаги оромгоҳлардан бирининг бошқарувчиси Красимира Стоянованининг айтишича, хориждан келган ишчилар турар жой, озиқ-овқат ва Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ маош билан таъминланадилар.

"Ўзбекистонликларни бу ерга етаклаб келаётган сабаблар очиқ ойдин. Энг асосийси улар Ўзбекистонда жуда кам маош олишади. Ойига 100-150 доллар. Бу ерда эса маошлар 600 евродан бошланади. Лекин ҳеч нимага харажат қилишмайди», дейди Красимира Стоянова.

Гулрайҳон Муханбетова
ВВС
Болгарияда иш кўп, лекин муносабат яхши
Гулрайҳон Муханбетова
Ўзбекистонлик талаба

Собиқда Болгария ҳукумати расмийси ҳозирда хориждан ишчиларни ёллаш агентлиги раҳбари Филип Гоуневга кўра, Болгарияда мавсумий ишчилар дохил йигирма мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

"Бу суръатларда келгуси 5-6 йил ичида ўзбекистонликлар салмоқли озчилик гуруҳига айланишлари мумкин», дейди у.

Болгарияда ишлаётган ўзбекистонликлар орасида аввал ўз ватанида сайёҳларга йўлбошчилик қилган Равшан Расулов, талаба Гулрайҳон Муханбетовалар ҳам бор.

Меҳмонхоналардан бирида официант бўлиб ишловчи Гулрайҳоннинг айтишича, иш кўп аммо одамларнинг муносабати жуда яхши.

"Дастлаб Албенага келганимда бу ерда ҳамма нарса гўзал бир тушдек эди. Тушимми, ўнгимми, деб саволга берардим», дейди Гулрайҳон.

Равшан ва Гулрайҳон каби ўзбекистонлик ёшлар ҳозирча орзу-умидларини хорижда амалга оширишга мажбур бўлишмоқда. Ватанда фаровон умргузаронлик қилиш умиди эса ҳануз қўл етмас бўлиб қолмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Нима учун ўзбекистонликлар ҳануз хорижга интилишмоқда?

Охирги йилларда кузатилаётган тренд – Ўзбекистонликларнинг Россиядан ташқари бошқа давлатларда иш топиш имконларини излаётганлари.

Шу манзарада Ўзбекистон ҳукумати, жумладан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Миграция агентлиги томонидан бу имкониятларни кенгайтириш қадамлари ҳам кўзга ташланади.

Би-би-си билан суҳбатлашган оддий одамларнинг аксари хорижга иш излаб кетишларига асосан иқтисодий сабаблар туртки берганини айтишди.

Лекин бунинг яна бошқа сабаблари ҳам борми?

Миграция масалалари билан шуғулланувчи ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммаднинг айтишича, албатта меҳнат миграциясининг асосий сабаби иқтисодий муаммолар. Лекин шу билан бирга мамлакатда таълим тизми яхши қўйилмаганлиги ҳам асосий омиллардан биридир.

Россиядаги мигрантлар.

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда меҳнат миграциясининг асосий сабаби иқтисодий муаммолар.

"Ўзбекистонда иш ўринлари етишмаслиги муаммоси бор. Лекин бошқа томондан сифатли мутахассисларни етиштириб бериш тизими рисоладагидек бўлмагани туфайли ўзларига маликали ишчиларни топа олмаётган иш берувчилар ҳам мавжуд. Ривожланган мамлакатда бизнинг Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатга қараганда кўпроқ даромад олиш омили ҳам бор. Ёмон иқтисодий аҳволга тушиб қолган ёки қарзга ботган инсон албатта хорижга бориб, бу вазиятдан тезроқ чиқиш йўлларини кўпроқ излайди. Бошқа томондан бу тенденцияларга эргашиб бораётганлар ҳам бор", деди Ботир Шермуҳаммад.

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар сони қамаётгани сабабларига тўхталар экан, Ботир Шермуҳаммад Украинадаги уруш сабалардан бири бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди. Аммо бу асосий омил эмаслигини урғулади.

"Албатта уруш фактори муҳожирларга алоқадор. Аммо бу бирламчи эмас. Охирги ўн йилларда кузатганимиз шуки, бу каби фавқулодда вазиятлар муҳожирларимизнинг ортга қайтиш қарорига жиддий таъсир қилмайди. Улар учун асосий нарса даромаднинг миқдори. Уларнинг қарорига таъсир қилаётган асосий нарса Россия рублининг долларга нисбатан қийматининг тушиши, яъни даромадларининг камайиши. Бундан кейин Россия жамиятида ва расмий доираларда ҳам уруш бошланганидан сўнг мигрантларга нисбатан ёв қарашнинг кучайиши омили ҳам бор албатта".

Ботир Шермуҳаммаднинг айтишича, Россиядаги қатор террорчи ҳужумлардан сўнг муҳожирларга нисбатан чекловлар янада кучайтирилган. Уларни депортация қилиш, ҳеч қандай сабабларсиз мамлакатга киритмаслик ҳоллари ҳам кўпайган.

"Аммо Россия иқтисоди учун меҳнат муҳожирлари ҳануз муҳим", дея таъкидлайди у.

Ботир Шермуҳаммад
ВВС
Ўзбекистонликларнинг хорижда иш топиш имконларининг кенгайиши аввало уларнинг иш ва тил ўрганиш кўникмаларига боғлиқ.
Ботир Шермуҳаммад
ҳуқуқшунос

Узоқ хориж давлатларига миграция ўсадими?

Ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммаднинг айтишича, Жанубий Корея дохил узоқ хориж давлатларида иш топиш имконларини кенгайтириш кўпда ватандошларнинг ўзларига боғлиқ.

"Бизда ҳукуматдан, миграция агентлигидан бу каби давлатларда иш топиш имконларини кенгайтириш талаб қилинади. Лекин шуни назарда тутиш керакки, булар Россия каби визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар эмас. Биринчи навбатда ишчи визасини олиш керак. Бунинг учун эса қатор талабларга жавоб бериш керак. Ҳам иш берувчи томонидан қўйиладиган, тилни билиш, касбий малака бўйича талабларга, шунингдек, қабул қилаётган давлатнинг маълум талабларига жавоб бера олиш керак. Бу осон эмас. Шунинг учун узоқ хорижга ўзбекистонликларнинг боришлари бу давлатларнинг уларни қабул қилиш имконларига эмас, бизникилар бу талабларга не қадар жавоб бера олишларига боғлиқ", дея таъкидлайди Ботир Шермуҳаммад.

Ўзбекистонлик мигрантлар қабул қилувчи давлат талабларига жавоб бера олмайдиларми?

"Таълим билан боғлиқ муаммолар бор. Ўзбекистонликларда билим ва таълим олиш кўникмалари етишмаслиги узоқ хориж давлатларида иш топишлари имконларининг кескин кенгаймаётгани сабаларидандир. Улар ўрганишни исташмаяпти. Бир неча ой сарфлаб тил ўрганиш, касб ўрганишга ҳамма ҳам тайёр эмас. Ҳатто бу жараёнлар бепул бўлса ҳам тайёр эмаслар. Жуда кам сонли ватандошларимиз тил ва малака имтиҳонларидан ўтишга тайёрлар. Шунинг учун четга чиқиб ишлаш энг аввало ватандошларимизнинг ўзларига боғлиқ", деб айтди Би-би-си билан суҳбатда ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммад.

"Бизнинг ватандошлармиз бунга тайёр эмас эканлар узоқ хориж давлатларига миграция кескин кўпаймайди", дея урғулади у.

Россиядаги меҳнат муҳожири

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқшуносларга кўра, хорижга ишлаш учун йўл олаётганлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, меҳнат шартномасини синчковлик билан ўрганиш ва ишга ёлланиш жараёнида фирибгар агентликлардан огоҳ бўлиш ҳам муҳимдир.

Ўзбекистонликлар хорижда шартнома қоидаларини бузишмоқда

Ботир Шермуҳаммаднинг айтишича, шартнома асосида чет элга ишга борган ўзбекистонликларнинг қоидаларга зид равишда ишни ташлаб кетишлари, бошқа ишларга ўтиб кетишлари, жиноятчиликка аралашишлари ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ва бу ҳолат иш берувчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

"Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга ишчи квоталарининг камайтирилишига олиб келмоқда. Масалан, Туркияда ўзбекистонликларга нисбатан ҳужжатларни расмийлаштириш қатъийлаштирилган. Бирлашган Араб Амирликларида ўзбекистонликлар иштирокида юз берган жиноий ҳаракатлар ишчиларгина эмас, ҳатто саёҳатга борган ватандошларимизнинг чекловларга юз тутишларига олиб келди. Германияда эса иш берувчиларнинг ўзбекистонлик ишчилардан норозилиги туфайли яқин йилларда Ўзбекистондан умуман ишчи олмаслик ҳақида ҳам сўзлар янграмоқда", дея тилга олди ўзбекистонлик ҳуқуқшунос.

Ботир Шермуҳаммаднинг айтишича, хорижга ишлаш учун йўл олаётганлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, меҳнат шартномасини синчковлик билан ўрганиш ва ишга ёлланиш жараёнида фирибгар агентликлардан огоҳ бўлиш ҳам муҳимдир.