АҚШ Гренландияни олиш ва ҳарбий куч ишлатишни муҳокама қиляпти - Оқ уй баёноти

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
АҚШ Президенти Доналд Трамп Гренландияни олиш бўйича «қатор имкониятлар»ни муҳокама қилмоқда, хусусан, ҳарбий куч ишлатишни ҳам. Бу ҳақида Оқ уй маълум қилди.
BBC билан суҳбатда Оқ уй НАТО аъзоси бўлмиш Даниянинг ярим-автоном ҳудуди ҳисобланувчи Гренландияни олиш АҚШ учун «миллий хавфсизлик приоритети» эканини билдирди.
Бу баёнотдан бироз аввал Европа Иттифоқи раҳбарлари Данияга ўз дастакларини изҳор қилиб қўшма баёнот чиқаришган. Дания Арктикадаги ороли масаласида Трампга қарши чиқиб келмоқда.
Дам олиш кунларида Трамп яна АҚШ хавфсизлик сабаблари туфайли Гренландияга "муҳтож" эканини қайтарган. Бунинг ортидан Дания Бош вазири Метте Фредериксен АҚШнинг ҳар қандай ҳужуми НАТО тугатилганини англатишини айтди.
Сешанба куни Оқ уй қуйидаги баёнотни берди: «Президент ва унинг жамоаси бу муҳим ташқи сиёсий мақсад йўлидаги қатор имкониятларни муҳокама қилмоқда, ва албатта, Бош қўмондонда АҚШ армиясини ишга солиш ваколати бор."
НАТО - Атлантика уммонининг турли томонида жойлашган давлатларнинг ҳарбий гуруҳи бўлиб, унинг бирон аъзосига қилинган ҳужумда бошқа аъзолар мудофаага қўшилади.
Сешанба куни олтита Европа давлати Данияга ўз қўллаб-қувватловини изҳор қилди.
«Гренландия ўз халқига тегишли, ва фақат Дания ва Гренландия ўзаро алоқалари бўйича қарор ола оладилар», дейилади Британия, Франция, Германия, Италия, Полша, Испания ва Даниянинг қўшма баёнотида.
Улар ўзлари ҳам АҚШ каби Арктикадаги хавфсизлик ҳақида қайғуришлари ва бу хавфсизликка НАТО иттифоқчилари, жумладан АҚШ, биргаликда эришишлари кераклигини айтишди.
Улар, шунингдек, БМТ низомидаги тамойиллар, хусусан, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш»га чақирдилар.
Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Ниелсен баёнотни ҳуш қарши олди ва «ўзаро ҳурмат" асосидаги мулоқотга чақирди.

Сурат манбаси, Reuters
Гренландиянинг тақдири масаласи АҚШ ҳарбийларининг Венесуэлага бостириб кириб Президент Николас Мадурони олиб чиқиб кетиши ортидан яна диққат марказига тушди.
Душанбада Трампнинг юқори мартабали маслаҳатчиларидан бири Стивен Миллер «Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлиши кераклиги АҚШнинг расмий мавқеи» эканлигини айтди.
CNN интервюсида ундан такроран АҚШ бу йўлда ҳарбий куч ишлатиш ё ишлатмаслиги сўралганида, у "Гренландия келажаги масаласида ҳеч ким АҚШ билан жангга кирмайди", - деди.

Сурат манбаси, Reuters
57 минг аҳолига эга Гренландия 1979 йилдан бери кенг ваколатлар билан ўзини бошқариб келади, аммо мудофаа ва ташқи сиёсат масалалари Дания томонидан амалга оширилади.
Аксар гренландияликлар қачондир Даниядан мустақил бўлишни истасалар-да, оммавий фикр сўровларида аксар кўпчилик АҚШнинг бир қисми бўлишга қарши эканликларини айтишган.
Гренландияда 1941 йилдан бери АҚШ ҳарбий базаси мавжуд.
Трамп 2019 йилда, ўзининг илк президентлик муддати чоғида ҳам Гренландияни олиш истагини билдирганди. "Аслида бу катта кўчмас мулк келишуви", деган у.
Гренландия яшил энергия учун зарур бўлган муҳим минералларнинг, жумладан, ноёб ер элементлари, графит ва литийнинг улкан ва асосан фойдаланилмаган захираларига, шунингдек, рух, олтин, темир рудаси, никел, мис, платина гуруҳи металлари, титан, ванадий ва криолит, олмос ва уран каби саноат минералларининг йирик конларига эга.
Эриб бораётган музликлар бу табиий бойликларнинг қазиб олинишини осонлаштиради.












