Ўзбекистон янги Евросиё даҳлизида асосий марказга айланадими?

Сурат манбаси, bbc.co.uk/uzbek
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи йўналишидаги бир неча транспорт турларини бирлаштирган даҳлизининг ишга туширилиши Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Ушбу даҳлиз ғарбий Хитойни Каспий денгизи билан боғлайди, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали ўтиб, Европага ва Яқин Шарққа янги, тезроқ ва қулай савдо йўлини очиб бериши ҳақида Ўзбекистон ва Марказий Осиё нашриётларида таъкидланади.
Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норовга кўра, давлатнинг ушбу даҳлизда иштироки мамлакатни қуруқ ерда жойлашган берк давлатидан "бошқа давлатларга уланган" марказга айлантиради ва савдо ҳамда иқтисодий ўсиш учун катта имкониятлар яратади. Ўзининг ижтимоий саҳифисида у, даҳлиз нафақат товарлар ҳаракатини осонлаштиради, балки Ўзбекистоннинг кенг Евросиё транспорт тармоғидаги ўрнини мустаҳкамлайди деган.

Сурат манбаси, rasmiy
Авто йўл, темир йўл ва чегара инфратузилмаси каби инфратузилмаларни ривожлантириш туфайли Ўзбекистон экспорт маҳсулотларини халқаро бозорга тез ва самарали етказилиши мумкин. Иштирокчи давлатлар ўртасидаги божхона жараёнларини мувофиқлаштириш ҳам кечикишларни камайтиради, савдони силлиқ ва башорат қилинадиган ҳолатга келтиради. Бу ўз навбатида бизнес учун қулай муҳит яратади ва Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилади, дейилади шу йили Jamestown нашриётида чоп этилган мақолада.
Даҳлиз Ўзбекистонга стратегик мослашувчанликни тақдим этади. Анъанавий Россия орқали ўтадиган йўллардан ташқари транзит йўлларини диверсификация қилиш орқали мамлакат ягона йўлга боғлиқлигини олдини олади ва логистика соҳасида кутилган хавф-хатарни яхшироқ бошқаради. Бу эса таъминот занжирининг чидамлилигини кучайтириб, Ўзбекистоннинг глобал савдо тармоқларида иштирокини мустаҳкамлайди, дейилади мазкур мақолада.
Шунингдек мақолада, Россиянинг логистик ҳаракатларда четлаб ўтиш ҳақида сўз боради. Яъни, янги кўп йўналишли трабспорт даҳлизининг муваффақияти қисман анъанавий асосан Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали ўтувчи транзит йўналишлари кўплаб Ғарб юк ташувчи ширкатлар учун қизиқиш йўқотган. Бунга асосий сабаб Россиянинг Украинага бостириб кириб, уруш бошлагани кўрилади. Бу эса ўз навбатида Россиянинг Марказий Осиёдаги транзит таъсирини камайтириб, минтақавий мустақил транспорт йўлларини ривожлантиришга туртки бермоқда.
Бундан ташқари Jamestown таҳлилига асосан, янги йўналишлар Ўзбекистон маҳсулотлари, айниқса қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва саноат маҳсулотлари учун Европа ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Бу экспорт ҳажми ва миллий даромад ўсишига хизмат қилади. Бундан ташқари, айтилишича, даҳлизнинг ишга тушиши Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан боғлиқлиги кучаяди, чегаралараро ҳамкорлик, қўшма инфратузилма лойиҳалари ва савдо қоидаларини мувофиқлаштиришни рағбатлантиради.
Ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ҳам, даҳлиз Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги асосий ўйинчи сифатидаги ролини мустаҳкамлаши айтилади. Савдо ва транзитнинг ортиши иш ўринлари, тажриба алмашинуви ва минтақавий алоқаларни ривожлантириш имкониятларини яратади. Ушбу даҳлиз орқали Ўзбекистон минтақавий иқтисодий ва транспорт сиёсатини шакллантиришда таъсирини ошириши кўзланмоқда.
Dahliz nafaqat tovarlar harakatini osonlashtiradi, balki O‘zbekistonning keng Yevrosiyo transport tarmog‘idagi o‘rnini mustahkamlaydi
Шундай экан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи йўналишидаги даҳлиз Ўзбекистон учун трансформацион имкониятни ифодалайди. Стратегик режалаштириш, сармоя ва ҳамкорлик орқали мамлакат ушбу йўлдан фойдаланиб, иқтисодий ўсиш, минтақавий таъсир ва Евросиё савдо тармоқларига интеграцияни эҳтимолини кучайтиради. Ушбу даҳлиз Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарбни боғлашдаги ўсиб бораётган мавқесини яна бир бор тасдиқлаши мумкин.












