Афғонистон ва Марказий Осиё: Сув масаласига энди Россия аралашадими ва Қўштепа фақат минтақа эмас, Москваю Пекинни ҳам қўрқитяптими?

Қўштепа канали қурилиши

Сурат манбаси, Ndc.gov.af

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сув ресурслари тақсимоти минтақада ҳатто уруш чиқариши мумкин бўлган энг ҳассос масалалардан бири сифатида кўрилади.

Алоқадор мавзулар:

Ҳамкорлик кенгаядими?

Кобулдаги учрашув

Сурат манбаси, BAKHTAR

Сурат тагсўзи, Томонлар айнан Афғонистоннинг сув ва энергетика соҳаларига сармоя киритиш имкониятларини муҳокама этишган.

Маълум бўлишича, шу кунларда Толибон ҳукуматининг Энергетика ва сув вазири Россиянинг Кобулдаги элчиси билан учрашган.

Бу ҳақда Толибоннинг расмий ахборот агентлиги саналувчи "Бахтар" кеча, 21 апрел куни хабар тарқатган.

Мазкур хабарда айтилишича, учрашув вазирликнинг пойтахт Кобулдаги идорасида бўлиб ўтган.

Томонлар айнан Афғонистоннинг сув ва энергетика соҳаларига сармоя киритиш имкониятларини муҳокама этишган.

Турли соҳалар, хусусан, Афғонистоннинг инфратузилмасини яхшилашга қаратилган катта аҳамиятга эга лойиҳаларда қандай ҳамкорлик қилишлари мумкинлиги ҳақида гаплашиб олишган.

Маълум бўлишича, Толибоннинг Энергетика ва сув вазири Россиянинг давлат ва хусусий ширкатларини муҳим ташаббусларга сармоя киритишга чақирган.

"Бахтар" улар сирасида Панжшир водийсидан пойтахт Кобулга сув ўтказиш, Тахор, Бағлон, Ҳирот ва Ғазнада янги тўғонлар қуриш каби ташаббусларни тилга олиб ўтган.

"Бахтар" ахборот агентлиги ўзининг хабарида бу тўғонларнинг айнан қайси дарёларда қурилиши кўзда тутилаётганини очиқламаган, Тахор ва Бағлон эса, Афғонистоннинг айнан Амударёга яқин жойлашган вилоятлари бўлади.

Кобулдаги учрашув чоғида Россия томони ўтган йили қурилишига қизиқиш билдиргани хабар берилган ва Марказий Осиё давлатлари барчасининг бирдек жиддий хавотирларига молик зиддиятли Қўштепа канали лойиҳаси бирор бир мазмунда тилга олингани ёки йўқлиги ноаён қолган.

Мазкур агентлик хабарига кўра, элчи Дмитрий Жирнов Россия ширкатларига тегишли маълумотларни тақдим этиш орқали сармоялар масаласида кўмакчи бўлишни ваъда қилган.

Айтилишича, Россия элчиси Толибон ҳукуматининг Энергетика ва сув вазирини шу йил май ойида Қозонда бўлиб ўтиши кутилаётган иқтисодий форумга ҳам таклиф қилган.

Мазкур форум ҳам иқтисодий имкониятлар ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун қулай платформа сифатида кўрилади.

Кобулдаги учрашувга оид хабар Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқариш ва унинг фаолиятига қўйилган тақиқни бекор қилиш қароридан саноқли кунлар ўтиб олинмоқда.

Худди шу қарор манзарасида эса, расмий Москва Афғонистоннинг келажакдаги энергетика ва инфратузилма лойиҳаларида стратегик позициясидан фойдаланган ҳолда Кобул билан савдо, бизнес ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлашни ҳам мақсад қилганини расман ва ошкора баён қилганди.

Бошқа томондан, Қўштепа каналининг номи Россиянинг Афғонистондаги лойиҳаларга сармоя киритиш ва у ерда янги иш ўринлари яратиш истагида эканига оид ўтган йилги хабарлар фонида ҳам тилга олинган.

Бу ҳақда ўшанда Россиянинг Афғонистондаги бизнес маркази раҳбари Рустам Ҳабибуллин "Новости" ахборот агентлигига айтган.

У ўзининг агентлик билан суҳбатида "Россиянинг сармоялари Афғонистонга киришни бошлагани"ни ҳам билдирган.

"Булар ўша заводлар, корхоналар, қишлоқ хўжалиги", деркан, Рустам Ҳабибуллин, "жумладан, Қўштепа канали қурилиши ҳам катта қизиқиш уйғотаётганлиги"ни таъкидлаган.

У Россиянинг қатор корхоналари ушбу канал ёнидан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер майдонларини узоқ муддатли ижарага олишаётганини маълум қилган.

Россия ахборот агентлигининг бу хабари ўша пайтда Ўзбекистондаги айрим етакчи нашрларнинг эътиборидан ҳам четда қолмаганди.

Қўштепа Россия ва Хитойни ҳам қўрқитадими?

Россия томони вакиллари

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Афғонистон таҳдиди эса шундоқ ҳам, йилларки, Марказий Осиёга ўзининг ҳар томонлама босимини ўтказишида расмий Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўриб келинади.

Мазкур зиддиятли канал лойиҳаси нафақат Марказий Осиё, балки Россия ва Хитойга ҳам таъсир қилиши ҳақидаги таҳлиллар ўтган йили ҳатто Ғарбда ҳам бўй кўрсатган.

Жумладан, Жеймстаун жамғармаси халқаро тадқиқот ва таҳлил маркази Қўштепа каналининг Тожикистон ва Марказий Осиёга кенг миқёсдаги таъсири ундан Россия ва Хитойнинг ҳам тобора зиён чекишини англатиши ҳақида ёзган.

Марказга кўра, Москва сув танқислиги туфайли юзага келадиган ҳар қандай беқарорлик ўзининг минтақадаги таъсирига таҳдид солиши ва Тожикистондаги ҳарбий базасини йўқотишга олиб келишидан хавотирда.

Афғонистон билан чегарадош учта Марказий Осиё давлатидан биттаси ва Толибон билан муносабатлари анчайин терс ягона минтақа мамлакати бўлган Тожикистонда эса, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган.

"Тожикистондаги беқарорлик ҳатто исломий радикализмнинг Россия Федерациясига ёйилишига йўл очиши мумкин, бу эса, айниқса, Крокус Сити Ҳоллдаги ҳужумдан Кремль сезгир бўлиб қолган нарса", - дейилади улар таҳлилида.

Марказ бунинг ортидан пойтахт Москвада Сибирь дарёларини Марказий Осиёга буриш лойиҳасини қайта тиклаш орқали Россия бунга қарши туриши керак, деган фикрлар ҳам янграётганига ўзининг эътиборини қаратаркан, унинг 1980-йилларда рад этилгани ва руслар орасида кенг қўллаб-қувватловга эга эмаслигини ҳам эслатиб ўтган.

"Айни пайтда, исломий таъсирнинг ҳар қандай кенгайишидан хавотирда эканига қарамай, Пекин Тожикистондаги иқтисодий, ҳарбий иштирокини кенгайтириш, Қўштепа тўлиқ ишга тушгач, Афғонистондаги туз конларига имконли бўлишни жуда истайди. Хитойнинг расмий сиёсати каби, бу саъй-ҳаракатларида ҳам манфаатлари бўлинган", - дейди марказ.

Жеймстаун жамғармаси халқаро тадқиқот ва таҳлил марказининг давом этишича, Қўштепа канали масаласида эса, Толибон бошқа давлатларга таъсир воситасига эга бўлиш имконини қолдирмаган.

Аввалига канал қурилиши учун пулни четдан излаган бўлса-да, ҳатто битказилишини секинлаштирса ҳам, уни ўзи буткул молиялашини эълон қилган.

Москванинг Украина уруши билан чалғиб, Пекиннинг канал борасидаги бўлинган сиёсати эса, Толибоннинг четдагиларнинг бу хусусдаги шикоятларига эътибор бермаслик ва мазкур лойиҳани давом эттиришига имкон берган.

Кремль
AFP
Moskva suv tanqisligi sabab yuzaga keladigan har qanday beqarorlik mintaqadagi ta’siriga tahdid solishi va Tojikistondagi harbiy bazasini yo‘qotishga olib kelishidan xavotirda...
Jeymstaun jamg‘armasi xalqaro tadqiqot va tahlil markazi.
Batafsil: bbc.com/uzbek da.

Бошқа томондан, Қўштепа каналининг Тожикистон ва Марказий Осиё геосиёсатига кенгроқ таъсири Вашингтоннинг бир четда қараб тура олмаслиги ёки ўзининг таъсирини исломий радикаллар, Хитой ва ёхуд Россияга бой бериш билан таваккал қилишини англатади, деб ёзган марказ.

Марказ таҳлилида таъкидланишича, Америка Қўшма Штатларининг имкониятлари йўқ эмас: Улар Марказий Осиёда сувдан самарали фойдаланиш чоралари ва сувни тузсизлантириш лойиҳаларини тарғиб қилиш орқали Толибон, Россия ва Хитойдан келувчи таҳдидни камайтириши мумкин.

"Аммо бу фақат Вашингтон камдан-кам кишининг қулоғига чалинган канал лойиҳаси ва ЕвроОсиёнинг улкан қисмининг келажаги ўртасида боғлиқликни топган тақдирдагина, мумкин бўлади", - дейди марказ.

Толибон қураётган Қўштепа канали атрофидаги хавотирлар тинмаётир.

Ўзбекистон томонига кўра, Қўштепанинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин

Таҳлилчилар орасида эса, янги канал Марказий Осиёдаги шундоқ ҳам ҳассос бўлган сув муаммосини янги босқичга кўтариши, ҳатто, "минтақавий можаро"га ҳам сабаб бўлиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукумати, орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам, минтақадагилари илова дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.

Улар Афғонистоннинг Амударё суви бўйича қўшнилари билан ҳеч қандай келишуви йўқлигини таъкидлашади, Афғонистон сув ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини айтишади.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган ва айнан минтақада энг йириги саналувчи Толибон илова турли жангари гуруҳлар бошпана топиб, жанг қилиб, жон сақлаб келган Афғонистон таҳдиди эса шундоқ ҳам, йилларки, Марказий Осиёга ўзининг ҳар томонлама босимини ўтказишида расмий Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўриб келинади.

Россия, бошқа томондан, барча Марказий Осиё давлатларининг энг йирик ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори ва иккита энг катта савдо-иқтисодий шеригидан биттаси бўлади.

Афғонистон иқтисодининг таназзулга юз тутиб, мамлакатдаги вазиятнинг издан чиқиши эҳтимоли эса, Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитой учун ҳам воқеаларнинг хавотирга молик ривожи сифатида тилга олинади.