Саудия ҳожиларни офтоб уришидан огоҳлантирди

Саудияда Арабистонига Ҳаж зиёратига борган аёл ва эркак

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Саудия расмийлари қуёшнинг тўғридан-тўғри нури остида қолмасликка чақирди
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳаж зиёратида иштирок этаётган зиёратчиларни кучли иссиқдан салбий таъсирларнинг олдини олиш учун қатъий қоидаларга риоя қилишга чақирди.

Бу йилги зиёратнинг асосий маросимлари пайтида ҳаво ҳарорати Целсий шкаласи бўйича 40°C дан ошиши кутилмоқда.

Алоқадор мавзулар

Саудия тиббиёт вазирлиги маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 16:00 гача ҳожиларни офтоб нури тўғридан-тўғри ўзларига тушиши олдини олишга чақирди.

Зиёратчиларга соябонлардан фойдаланиш, қизиб кетган юзаларда юрмаслик ва Арафот куни баланд жойларга чиқишда эҳтиёт бўлиш тавсия этилди, деб хабар берди Саудия Арабистонидаги Al Arabiya веб нашри.

Арафот куни — Ҳажнинг энг муҳим кунларидан бири — бу йил 5 июнга тўғри келади.

Бу куни зиёратчилар Арафот тоғига ва унинг атрофига дуо қилиш ва ибодат учун боришади.

Вазирлик, шунингдек, Ҳаж иштирокчиларига мунтазам равишда сув ичиш ва оч рангли кийимлар кийишни тавсия қилди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Бу йил Саудия Арабистони Подшоҳлиги саломатликка оид кўрсатмалар ҳақида хабардорликни ошириш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борди.

Ҳажни хавфсиз ўтказиш, ноқонуний саёҳат ташкилотчилари ва рухсатномасиз зиёратчиларга қарши чоралар кўрилгани кенг ёритилди.

Ўтган йили жуда иссиқ об-ҳаво шароитида бўлиб ўтган Ҳажда 1300 дан ортиқ зиёратчи вафот этгани хабар қилинган.

2024 йилги тадбирни ташкил этишдаги камчиликлар учун танқид қилинган подшоҳлик, вафот этганларнинг 83 фоизи расмий Ҳаж рухсатномасига эга бўлмаганини ва улар қаттиқ иссиққа дучор бўлганларини маълум қилди.

Кўплаб рухсатномасиз зиёратчилар туристик визалар билан келишади ва кондиционерсиз, кўпинча кўприклар остида ёки очиқ ҳавода тунашга мажбур бўлишади.

Бу йил Саудия расмийлари айни Ҳаж визасисиз мамлакатда бўлиб турган зиёратчиларга қарши қаттиқ "ов" қилди, кўпчилик хорижликлар қўлга олиниб мамлакатдан чиқариб юборилди.

2025 йилги Ҳажга 1 миллион 255 мингдан ортиқ зиёратчига Каъбатуллоҳга киришларига изн берилди, Саудия расмийлари бу издиҳомлар юзага келиши олдини олиш учун қилинганини айтдилар.

Ҳаж ҳақида сиз билмаган бешта факт

Каъбатуллоҳда Бомдод намозини ўқиётган мусулмонлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бу йил 1 миллион 255 мингдан ортиқ ҳожи Каъбада тўпландилар

Ҳаж — бу Ислом динига эътиқод қиладиган мусулмонлар учун муқаддас зиёрат бўлиб, ҳар йили юз минглаб ибодат қилувчилар Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрига оқиб борадилар.

Ҳаж Исломнинг беш арконидан бири ҳисобланади ҳамда жисмонан ва молиявий жиҳатдан қодир бўлган ҳар бир мусулмон ҳаётида камида бир марта Ҳаж зиёратини адо этиши керак.

Ҳаж — дунёдаги энг йирик йиллик инсонлар тўпланиши бўлиб, бутун дунёдан ибодатчилар Маккаи Мукаррамада йиғиладилар.

Макка — Пайғамбар Муҳаммад (С.А.Вв.) туғилган жой ва у зотга Қуръони Каримнинг илк ваҳийлари нозил қилинган макон ҳисобланади.

Маккаи Мукаррамада Исломдаги энг муқаддас жой — Кааба жойлашган.

Қааба — қора мато билан қопланган куб шаклидаги бино, у Масжидул Ҳаром (Макканинг Буюк масжиди) марказида жойлашган. Қуйида Ҳаж ҳақида сиз билмаган бешта қизиқарли факт келтирилган:

1. Каабатуллоҳ — Иброҳим Алайҳиссаломнинг мероси

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳаж Ислом арконларидан бири бўлгани учун, уни фақат Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.) билан боғлаш табиийдек туюлиши мумкин.

Аммо Ислом таълимотига кўра, бу маросимлар Иброҳим Алайҳиссалом даврига бориб тақалади.

Кааба ҳам айнан у зот томонидан қурилган деб ҳисобланади.

Ҳаж маросимлари Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга итоат қилиб ўғлини қурбон қилишга тайёр бўлганини эслаш учун ўтказилади.

Бу садоқатли амал илоҳий аралашув билан тўхтатилган.

Иброҳим Алайҳиссалом (насронийлик ва яҳудийликда Абраҳам ёки Аврам деб аталади) бу икки динда ҳам муҳим шахс ҳисобланади.

2. Жинслар ажратилмайди

Кўпгина мусулмон ибодатларида эркак ва аёллар алоҳида дарвозалардан киришади ёки алоҳида жойларда намоз ўқийдилар.

Аммо Ҳаж зиёрати пайтида эркак ва аёллар ўртасида бундай ажратиш йўқ.

3. Ўзига хос кийиниш қоидалари

Ҳаж зиёратида иштирок этувчи зиёратчилар муайян кийиниш қоидаларига амал қилишади, бу руҳий тенглик ва камтарликни ифода этади.

Эркаклар икки қисмдан иборат оддий, оқ, тикилмаган матодан иборат иҳром кийимини кийишади.

Бу барча мўминлар тенг эканини англатади.

Аёллар эса оқ кийим кийиш шарт эмас, лекин баданни тўлиқ ёпадиган, кенг ва камтарона кийим кийишлари керак.

Улар бошларини рўмол билан ёпишлари лозим, аммо юзлари очиқ қолиши керак.

4. Сафо ва Марва тепаликлари орасида юриш

Ҳажнинг энг асосий амалларидан бири — Тавоф бўлиб, у Кааба атрофини етти марта соат йўналишига қарши айланишдан иборат.

Аммо яна бир муҳим маросим — икки тепалик орасида юришдир.

Зиёратчилар Масжидул Ҳаром ичида жойлашган Сафа ва Марва тепаликлари орасида етти марта тез юришади.

Бу маросим Иброҳим Алайҳиссаломнинг рафиқаси Ҳожарнинг чақалоқ ўғли учун сув излаб икки тепалик орасида югурганини ёдга олади.

5. Арафот тоғидаги руҳий авж нуқта - вуқуф

Ҳажнинг марказий нуқтаси Кааба бўлса-да, зиёратнинг руҳий авж нуқтаси Маккатуллоҳдан 20 километчар узоқликдаги Арафот тоғида содир бўлади.

Бу ерда зиёратчилар тонгдан то қуёш ботгунча йиғилиб, дуо, тафаккур ва Қуръон тиловати билан машғул бўлишади.

Ислом таълимотига кўра, айнан шу ерда Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.) ўзининг охирги хутбасини айтган.

Шу боис бу жой Исломда жуда муқаддас ҳисобланади.