Ўзбекистон ва дунё: Нега бу йил бунча кўп Ҳожи ҳалок бўлди?

Сурат манбаси, Getty Images
Бу йилги Ҳаж зиёратида турли мамлакатлардан борган 1000 дан ортиқ Ҳожи вафот этди, "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар қилишича, аксарининг ўлимига ҳаддан зиёд иссиқ ҳаво ҳарорати билан боғлиқ омиллар сабаб бўлган.
Ҳаж дунёдаги энг кўп одам тўпланадиган зиёрат, ҳар йили Саудия Арабистонига миллионлаб мусулмон ўзининг фарзини адо этиш учун йиғилади.
Молиявий ҳамда жисмоний қурби етган ҳар бир мусулмон учун фарз ҳисобланадиган бу йилги Ҳаж зиёрати 19 июнь куни Қурбон Ҳайитининг учинчи куни ниҳоясига етди.
Алоқадор мавзулар:
Би-би-си ўзи мустақил ўлимлар рақамини текширолмади.
19 ва 20 июнь кунлари Би-би-си Саудия Арабистони расмийларига мурожаат қилди, Ҳожилар ўлими сабаблари ҳамда Ҳаж зиёратини ташкил этишлари билан боғлиқ танқидлар юзасидан шарҳ беришларини сўради.
Бироқ ҳозирча расман ўз сўровларига жавоб олгани йўқ.
Бироқ Саудия Арабистони Подшоҳлиги бу йилги Ҳаж мавсумидаги саломатлик масалалари билан боғлиқ муваффақиятлари ҳақида баёнот тарқатган эдилар.
"Кўп сондаги зиёратчилар юқори ҳаво ҳарорати мушкулликларига дуч келсалар ҳам Ҳаж мавсуми ҳар қандай пандемия тарқаши ёки жамоат саломатлигига нисбатан таҳдидлардан ҳоли", деди ўз баёнотида Саудия Тиббиёт вазири Фаҳад ал-Жаллаэл.
Саудия расмийларига кўра, бу йилги зиёратга тахминан 1 миллион 830 минг зиёратчи келган, шундан 1,6 миллиони хорижлик эди. Хорижликлар орасида энг сони кўплари Покистон, Иордания ва Тунис фуқаролари бўлган.
Би-би-си бу йил бунча кўп зиёратчи ўлимига қайси омиллар сабаб бўлганини ўрганди.
Экстремал иссиқ

Сурат манбаси, .
Шу кунларда Саудия Арабистонида ёндирадиган жазирама кузатилаяпти, соядаги ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 51,8 даражагача кўтарилаяпти. Бу нарса ўлимлар сони кўп бўлишига сабабчи асосий омил деб ишонилади.
Саудия Тиббиёт вазирлигининг иссиқдан ўзини ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамасдан, кўп зиёратчилар қизиб кетиш ва иссиқ уришининг қурбони бўлдилар.
Бир Араб дипломати қарийб 658 мисрлик ўлимини экстремал иссиққа боғлади. Ушбу зиёратчиларнинг кўпчилигида талабдаги Ҳаж рухсатномаси бўлмаган, бу нарса эса уларнинг ташкиллаштириладиган ёрдам ва ресурслардан фойдаланишларини чеклаган.

Сурат манбаси, Reuters
"Фақат Аллоҳнинг раҳми билан мен тирик қолдим. Чунки тасаввур қилиб бўлмас иссиқ бўлди", деди Би-би-сига нигериялик Ойша Идрис.
"Улар Каъбанинг ҳамма эшикларини ёпиб қўйдилар. Биз ўзимизни том соясига олдик, том эса ёнарди", деди у.
"Бошимда доим соябон, мунтазам ўзимга Замзам сувини сепиб салқинлаб турдим. Ҳушимдан кетиб қолсам керак, кимдир соябонимни кўтариб турсайди, деб ўйладим. Бунчалар иссиқ бўлади, деб кутмаган эдим", деди Ойша Идрис.
Бошқа бир зиёратчи Наим иссиқ уриши туфайли оламдан ўтган деб хабар қилинаяпти, унинг қариндошлари эса саволларига жавоб тополмаяптилар.
"Онам билан алоқа тўсатдан узилиб қолди. Биз уни бир неча кун изладик. Охирида Ҳаж пайти вафот этганидан хабардор бўлдик", деди унинг ўғли Би-би-си Араб хизмати билан суҳбатда. У онасининг Маккада дафн этилишини ўзлари учун шараф деб билишларини қўшимча қилди.
Зиёратчилар ўзлари учун таниш бўлмаган иссиқ, машаққатли жисмоний ҳаракат, жуда катта очиқ майдон ҳамда кўпчилиги кекса ёки бетоб бўлиш, баъзи ҳолларда ҳам кекса, ҳам бетоблик ҳолатларига дуч келадилар.
Ҳаж зиёрати давомида иссиқ уриши билан боғлиқ ўлимлар янгилик эмас.
Ўтган йили Саудия расмийлари 2000 дан ортиқ зиёратчини иссиқ уриши ҳолати рўй берганини хабар қилган эдилар.
Олимларнинг огоҳлантиришларича, глобал исиш экстремал жазирама шароитини янада ёмонлаштиради.
"Ҳаж иссиқ иқлим шароитида асрлар давомида адо этиб келинган, лекин иқлим инқирози бу шароитларни янада кучайтираяпти", деди Рейтерс ахборот агентлигига иқлим ўзгариши бўйича таҳлилчи Карл-Фредрих Шлеусснер.
Унинг таҳлилларига кўра, глобал ҳаво ҳароратининг саноатлар юзага келишидан олдинги пайтдагига қараганда 1,5 даража исиши Ҳаж зиёрати давомидаги иссиқ уриш рискини беш марта кўпайтиради.
Ҳозирги башоратлар 2030 йилга бориб глобал ҳаво ҳарорати 1,5 даража кўтарилишини кўрсатмоқда, бу нарса келажакда зиёратчиларга янада қийин бўлади деганидир.
Маккадаги Арофат тоғи Жаннатдан қувилган Одам Ато ва Момо Ҳаво учрашган ҳамда илк тавбалари қабул қилинган жой деб кўрилади, Арофат тоғига чиққан Ҳожиларга салқин сув сачратиб турилади.
Издиҳом ва санитария муаммолари

Сурат манбаси, .
Бир неча гувоҳлар сўзларига кўра, Саудия расмийларининг бошқарувидаги хатолари экстремал шароитларни янада оғирлаштирган, зиёратчилар учун ташкил қилинган кўпгина махсус жойларда инқирозни келтириб чиқарган.
Гувоҳлар айтишича, жойлар ва қулайлик воситалари таъминоти абгор аҳволда эди, одамга тўлиб кетган чодирлар ичида шунга мос салқинлаштириш ва санитария шароитлари яратилмаган бўлган.
Исломободлик 38 ёшли Амина(бу унинг ҳақиқий исми эмас) шундай деди: "Бизнинг чодирларимизда кондиционер йўқ эди. Салқин сув сепиб совутиб турадиган совутгичларда кўпинча сув йўқ эди".
"Бу чодирларнинг ичида нафасимиз сиқилиб кетди, тер танамиздан сув бўлиб оқар эди. Бу даҳшатли тажриба бўлди биз учун", деди у.
Жакарталик Фавзия Амина сўзларини тасдиқлади:
"Жуда кўп одам одам тиқилинчлигидан ва чодирларнинг ичи қизиб кетганидан ҳушини йўқотди. Биз кечки овқатни ярим тунгача кутдик, чодир ичида одамлар оч ўтиришди".
"Бу шу вақтгача бўлган энг яхши Ҳаж ташкиллаштириши бўлди, лекин янада яхшиланишини олқишлар эдик", деди Фавзия.
Транспорт масалалари

Сурат манбаси, Reuters
Шунингдек, зиёратчилар жазирама қуёш остида узоқ масофаларга пиёда юришга мажбур этилганлар, бунинг учун айримлар ташкилотчиларни йўлларни тўсиб қўйиш ва транспорт бошқарувини ёмон йўлга қўйишда айблайдилар.
Номи аноним қолишини истаган покистонлик аёл зиёратчи шундай деди:
"Бизни етти километрлик йўлдан юришга мажбурлашди, у ерда на сув, на офтобдан пана қиладиган соя бор эди. Полиция тўсиқ қўйиб қўйган, биз зарур бўлмаган узоқ масофани пиёда айланиб ўтишга мажбур бўлдик".
Атрофда Саудия ҳукуматининг автомобиллари бор эди, лекин улар тоби қочган ёки иссиқ уриб ҳушидан кетган зиёратчиларга ёрдамга келишмади, деди аёл.
"Чодирлар ичида одамларни худди товуқхонадаги жўжалардек ушлаб туришди. Кароватлар ўртасида бўш жой йўқ эди. Бир неча юз одам учун атиги бир нечта душ бор эди", деди у.
Саудия Транспорт расмийлари зиёратчилар учун 27000 дан ортиқ автобусни йўлга қўйдик деди.
Хусусий Ҳаж зиёрати ширкатида вакили Муҳаммад Ача покистонлик аёлнинг гапларига қўшилди.
"Бу менинг 18-марта Ҳажга келишим. Мен ўз тажрибамдан келиб шуни айтаман, Саудия назоратчилари мувофиқлаштирувчилар эмас. Улар назорат қиладилар, лекин ёрдамга келмайдилар.
Муҳаммад Ача айтишича, бир зиёратчи мана шу иссиқ ёз пайти кунига камида 15 километр масофани пиёда босиб ўтишига тўғри келади. Бу эса уларни иссиқ уриши, чарчоқ ва сув йўқлигига рўпара қилади.
"Аввалги йиллари чодирлардан қайтиб олиш йўли очиқ бўларди. Ҳозир ҳамма йўллар ёпиб қўйилади. Бунинг оқибатида, 1-зонадаги А чодирида турган зиёратчи шу ёзнинг иссиғида 2,5 километрлик масофани пиёда босиб ўтишга мажбур бўлади", дейди у.
"Агар мабодо йўлда сенга бирор кор-ҳол рўй бериб қолса, сенга 30 дақиқасиз ёрдам етиб келмайди. У ерда ҳаётни асраб қолиш нуқталари ташкил қилинмаган, бу йўлда сув ичиш жойлари йўқ", дея қўшимча қилади Муҳаммад Ача.
Кечиккан тиббий ёрдамлар

Сурат манбаси, .
Хабарларга кўра, кўпгина зиёратчиларга талабдаги тиббий эътибор кўрсатилмаган.
Бир неча зиёратчиларнинг гувоҳлик беришларича, иссиқ уришидан ҳолидан тойган ёки саломатлигида муаммо пайдо бўлиб қолган инсонларга дастлабки тиббий ёрдам ва "Тез ёрдам" машиналари имконли бўлмаган.
Аминанинг хотирлашича, клаустрофобия ёки тор жойдаги диққинафаслик оқибатида бир зиёратчига кислород зарур бўлиб қолган, атрофдагиларнинг зир югуриб шошганларига қарамасдан, у жойга "тез ёрдам" машинаси 25 минут ўтганидан кейин етиб келган.

Сурат манбаси, Reuters
"Ваниҳоят, "тез ёрдам" етиб келди ва у эркакни икки секунд ҳам текширмасдан, "унга ҳеч нарса қилгани йўқ", деди ва кетди", деди у.
Бироқ Саудия Тиббиёт вазирлиги таъкидлашича, барча зиёратчиларнинг саломатлигини таъминлаш учун етарли ресурслар йўналтирилган.
Ҳукумат баёнотида айтилишича, буларга 189 та шифохона, тиббиёт маркази ва мобил клиникалар киради, уларда жами 6500 ўрин ташкил қилинган, 40000 дан ортиқ тиббий, техник, маъмурий ходимлар ва кўнгиллилар жалб этилган.
Тиббий ёрдам учун 370 "тез ёрдам" автомобили, еттита авиация "тез ёрдами", 12 та лаборатория, 60 та таъминотчи юк автомобили, учта мобил тиббий омборхона муқаддас жойлар учун стратегик нуқталарда жойлаштирилган, дейилади ҳисоботда.
Макка Саломатлик маркази Ҳаж мавсумига тайёргарликни шундай таърифлади:
"Турли тиббиёт муссасаларида 3944 ўрин, шу жумладан, интенсив парвариш бўлимларида 654 ўрин тайёрланган, барча шифохоналар ва марказларда фаолият узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча имкониятлар ходимларни тайёргарликдан ўтказиш ва талаб қилинадиган заруриятни қондиришга йўналтирилди".
Ҳужжатсиз зиёратчилар

Сурат манбаси, Reuters
Ҳаж зиёратини адо этиш учун ҳар бир шахс махсус Ҳаж визаси учун мурожаат қилиши лозим.
Бироқ айрим шахслар зиёратга талаб қилинган ҳужжатларсиз боришади.
"Норасмий Ҳожилар" масаласи ўлимлар сонини кўпайтирган сабаб деб ишонилади.
Ҳужжат тўғри бўлмаган зиёратчилар ҳатто ёрдамга муҳтож бўлиб турган бўлсалар ҳам расмийларга мурожаат этишдан ўзларини олиб қочадилар.
Расмийлар бундай зиёратчиларни чодирларда тиқилинч ҳосил бўлишига сабабчи бўлганликда айблайдилар.
"Биз гумон қилишимизча, қўлида Ҳаж визаси эмас, оддий ташриф буюрувчи визаси бўлган инсонлар Ҳаж ҳудудларига киришган", деди Индонезия Миллий Ҳаж ва Умра комиссияси раиси Мустолиҳ Сирож.
"Франс Пресс" агентлигининг бир Араб мамлакати дипломатидан иқтибос келтиришича, ушбу мавсумда оламдан ўтган камида 658 мисрликнинг 630 нафарида талабдаги Ҳаж ҳужжатлари бўлмаган.
Саудия Ҳаж ва Умра Миллий Қўмитаси маслаҳатчиси Саад ал-Қурайший Би-би-сига шундай деганди:
"Ҳаж визаси бўлмаган одамга тоқат қилинмайди ва улар ўз мамлакатларига қайтишлари лозим".
Саад ал-Қурайший расман Ҳаж рухсатига эга бўлиш ва муқаддас масжидларга кириш рухсатини берадиган Nusuk карталари орқали ноқонуний зиёратчилар аниқланишини айтди.
Кекса, заиф ва бетоб зиёратчилар

Сурат манбаси, Reuters
Кўп зиёратчилар Ҳажга умрининг охирида ёки зиёрати учун етарли маблағ тўплаганида, ёки агар ўладиган бўлсам, ўша ерда ўлай, деб борадилар.
Мисол учун, Бангладеш мусулмонлари Ҳаж зиёратини адо этаётган вақти ўлишни бахт ҳисоблайдилар, бу ўша инсонга махсус мақом тақдим этишини айтадилар.
Бу ҳам Ҳаж мавсуми пайти рўй берадиган ўлимлар сабабларидан биридир. 2022-23 йиллардаги Ҳаж мавсумларида 200 тача зиёратчи оламдан ўтган.
Ҳажни адо этаётган зиёратчи ўлса нима бўлади?
Ҳажни адо этаётган зиёратчи оламдан ўтса, ўлим ҳақида Ҳаж миссиясига хабар қилинади. Улар зиёратчи билагузуги ёки бўйнидаги ID орқали шахсини аниқлайдилар. Ундан сўнг шифокор сертификат беради, Саудия Арабистони ўлим гувоҳномасини расмийлаштиради.
Жанозалар ўлим қаерда рўй берганига қараб, Маккаи Мукаррамадаги Масжидул-Ҳарам ёки Мадинаи Мунавварадаги Набавий масжиддек муҳим масжидларда ўқилади. Жасад ювилади, кафанланади.
Сўнг қабристонга дафн этилади. Ҳар бир қабристон китобида дафн этилган инсонларнинг исмлари бўлади, шунга қараб қариндошлари қабрни зиёрат қилишлари мумкин бўлади. Дафн маросимлари харажатларининг ҳаммасини Саудия Арабистони ҳукумати ўз зиммасига олади.
Саудия ҳукумати бошқа ёрдам ташкилотлари ва Қизил Ярим Ой ташкилоти кўмагида ҳар бир инсонга "муносиб ва ҳурматли дафн маросимини таъминлашини" айтади.
"Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар қилишича, 11 мамлакат расмийлари ўз фуқаролари Ҳаж зиёрати пайти оламдан ўтганини хабар қилдилар.
Булар - Миср, Иордания, Тунис, Индонезия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Сенегал, Судан, Ироқ Курдистони.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг расмий Телеграм канали Muslim.uz Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар раҳбарлигида ўзбекистонлик 15000 Ҳожи Ҳаж зиёратларини қандай адо этаётганларини мунтазам ёритиб келди, ўзбекистонлик ҳожилар ҳақида бирор нохуш хабар тарқатмади.
Бироқ Ўзбекистондаги gazeta.uz веб нашри ўз манбалари маълумотларига асосланиб хабар қилишича, 2024 йилги Ҳаж мавсумида 10 га яқин ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














