Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) pасмини чизиш олдин тақиқланганми ё рухсат ҳам бўлганми?Islom Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жон Макканус
- Role, BBC News
Исломда пайғамбарнинг ҳар қандай тасвири, ҳатто ҳурмат кўрсатиб ишлангани ҳам тақиқланганлиги ҳақида мураккаб баҳс-мунозаралар бўлиб туради.
Аксарият мусулмонлар учун бу мутлақ тақиқ - Муҳаммад С.А.В, бошқа пайғамбарлар каби, ҳеч қачон тасвирланмаслиги керак. Тасвирлар, худди ҳайкаллар каби, бутга сиғинишни рағбатлантиради, деб ишонилади.
Буни Ислом оламининг кўп жойларида инкор этиб бўлмайди. Тарихий жиҳатдан Ислом санъатида тасвирий санъатдан кўра геометрик, гажак нақшлар ёки хаттотлик устунлик қилган.
Мусулмонлар Қуръондаги ўзлари пайғамбар деб ҳисоблаган Иброҳим А.С ҳақидаги оятга ишора қиладилар:
"[Иброҳим] отасига ва қавмига: "Сизлар сажда қилган суратлар нима?" деди. Улар: "Биз ота-боболаримиз уларга сажда қилганларини кўрганмиз", дедилар. У: «Албатта, сиз ва ота-боболарингиз очиқ-ойдин залолатда эдингизлар», деди.
Бироқ, Эдинбург Университети профессори Мона Сиддиқийнинг сўзларига кўра, Қуръонда пайғамбар тасвирини очиқдан-очиқ тақиқловчи ҳукм йўқ. Бунинг ўрнига бу ғоя Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) вафотидан кейинги йилларда тўпланган ҳадислар - Муҳаммад (С.А.В)нинг ҳаёти ва сўзлари ҳақидаги ривоятлардан келиб чиққан.
Сиддиқий пайғамбарнинг мусулмон рассомлари ишлаган, Бобурийлар ва Усмонлилар империялари давридан қолган суратларига ишора қилади. Улардан баъзиларида Муҳаммад (С.А.В)нинг юзи яширинган, аммо бу унинг ўзи эканлиги аниқ. Унинг сўзларига кўра, тасвирлар унга юксак ҳурматдан илҳомланган: "Кўпчилик бу расмларни бутпарастлик ниятида бўлмаган ҳолда, севги ва эҳтиром учун чизган".

Сурат манбаси, Getty Images
Қайси даврда Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) суратлари ҳаром қилинган ёки тақиқланган?
Муҳаммаднинг 1300 йилларга бориб тақаладиган кўплаб тасвирлари бутпарастликдан қочиш ва фақат шахсий кўриш учун мўлжалланган, дейди Мичиган Университети Ислом санъати бўйича доценти Кристиан Грубер. "Бир маънода, улар ҳашам белгиси бўлган, эҳтимол, тор доирадагилар фойдаланадиган кутубхоналарда бўлган."
Бу буюмлар орасида Ислом дини қаҳрамонлари тасвирланган миниатюралар ҳам бор эди.
Грубернинг айтишича, 18-асрда оммавий босманинг пайдо бўлиши муаммони юзага чиқарди. Унинг сўзларига кўра, Европа кучлари ва ғоялари томонидан баъзи мусулмон ўлкаларини мустамлака қилиш ҳам катта аҳамиятга эга эди.
Грубернинг таъкидлашича, мусулмонларнинг жавоби уларнинг дини насронийликдан қанчалик фарқ қилишини, таъкидлаш эди. Муҳаммад (С.А.В)нинг суратлари йўқола бошлади ва тасвирларга қарши янги риторика пайдо бўлди.
Аммо Буюк Британиядаги энг йирик масжидлардан бири бўлган Лидс Макка масжиди имоми Қори Осим кўп ўзгаришлар бўлганини рад этади. Унинг таъкидлашича, ҳадисларда ҳар қандай жонзот тасвири тақиқлангани, ўз-ўзидан пайғамбар суратларини ҳам қамраб олади.
Унинг айтишича, ўрта аср образларини контекстда тушуниш керак. "Ушбу тасвирларнинг аксарияти айнан шу тунги саёҳат ва меърож ҳақида. Қўчқор ёки от тасвири бор. Пайғамбар отда ёки бошқа нарсада тасвирланган.»
"Уламолар ҳам бу тасвирларни жуда қаттиқ қоралаганлар. Аммо улар барибир ишланаверган."
Муҳим нуқта шундаки, булар Муҳаммад (С.А.В)нинг оддий портретлари эмас. Осимнинг таъкидлашича, кўплаб тасвирларнинг мавзуси аниқ эмас. Унинг фикрича, бу суратларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам пайғамбаримиз ёки унинг яқин ҳамроҳини тасвирлаш учун мўлжалланганми, деган савол туғилади.
Эдинбург Университети қошидаги «Ал-Валид» Замонавий дунёда Исломни ўрганиш маркази директори, профессор Хью Годдард ўзгаришлар бўлганини айтади.
"Бирорта асосий манбада - Қуръон ва ҳадисда якдиллик йўқ. Кейинги мусулмон жамияти, қоида тариқасида, бу масалада ҳам, бошқаларга нисбатан ҳам турлича қарашларга эга эди.
Асосий шахс араб мулласи Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бўлиб, унинг таълимоти Саудия Арабистонида сунний исломнинг ҳукмрон шакли бўлган ваҳҳобийликка йўл очди.
"Муҳокама, айниқса, Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб ҳаракати билан боғлиқ ҳолда анча қизғинлашди. Сиз Аллоҳдан бошқа нарсага эътибор кўрсатишдан қаттиқ эҳтиёт бўлардингиз. Жумладан, Пайғамбар борасида ҳам.
"Сўнгги 200 йил, эҳтимол 300 йил ичида сезиларли ўзгаришлар бўлди."
Ҳайкалтарошлик ёки уч ўлчамли тасвирнинг бошқа турлари билан вазият бошқача, деб таъкидлайди Годдард, бу ерда тақиқ ҳар доим қатъийроқ бўлган.
Баъзи мусулмонлар учун, дейди Сиддиқий, суратларни ёқтирмаслик ҳатто уйларида ҳар қандай тирик мавжудот, одам ёки ҳайвоннинг суратини қўйишдан бош тортишгача борган.
Бироқ суратга қўйилган тақиқ ҳаммага ҳам тааллуқли эмас эди - кўпчилик шиа мусулмонларининг фикри бироз бошқача. Ҳозирда Германияда истиқомат қилувчи Эроннинг собиқ уламоси Ҳасан Юсуф Эшкаварийнинг айтишича, Муҳаммад (С.А.В)нинг замонавий тасвирлари мусулмон дунёсининг айрим қисмларида ҳамон мавжуд. Унинг Би-би-сига айтишича, Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) суратлари бугунги кунда кўплаб Эрон уйларида осилган: "Диний нуқтаи назардан, бу суратларга диний ёки маданий нуқтаи назардан ҳеч қандай тақиқ йўқ. Бундай тасвирлар дўконларда ҳам, уйларда ҳам мавжуд."
Мусулмонлар ўртасидаги ёндашувдаги фарқларни анъанавий шиа-сунний йўналишларида кўриш мумкин, бироқ Грубернинг айтишича, тарихий тақиқ доимо амалда бўлганини даъво қилганлар адашади.
Буни кўпчилик мусулмонлар қабул қилмайди.
"Қуръоннинг ўзи ҳеч нарса демайди, - дейди Исломий сиёсий фикр институтининг собиқ раҳбари доктор Аззам Тамимий Би-би-сига. - Барча Ислом маъмурлари Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) ва бошқа барча пайғамбарларни чизиб бўлмаслигини ва суратларда тасвирлаб бўлмаслигини тан оладилар. Чунки улар Ислом эътиқодига кўра, беғубор шахслар, ўрнакдирлар ва шунинг учун уларни ҳурматсизликка сабаб бўладиган тарзда тасвирламаслик керак".
У Муҳаммад С.А.Внинг ўрта асрлардаги тасвирларининг мавжудлиги мутлақ тақиқнинг йўқлигини кўрсатади, деган аргументга ишонмайди. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам Ислом уламолари томонидан қораланган бўлар эди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















