Ҳаж ва товламачилик: Дунё бўйлаб ва Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Reuters
Ҳаж мавсуми зиёратчиларни кимлар ва қандай чув туширишади? Бундай ҳолатлардан ҳимояланиш йўллари борми? Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги ҳолатларга назар ташлаймиз.
Шу кунларда Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларида бўлажак ҳожиларни чув туширган гуруҳлар ушлангани ҳақида хабарлар чиқди.
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон матбуотидаги хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилган ва фуқароларнинг пулларини олган бир неча вилоятлардаги сайёҳлик ширкати ходимларини ҳибс қилганлар, бу ходимларнинг ҳибс пайтида Ҳажга юбориш ҳуқуқига эга эмасликларини ўзлари тан олган видеолари намойиш этилди.
Шу йил январида Умра зиёратига Саудия Арабистонига борган ўзбекистонликларнинг ватанга қайтолмай қолганлари хабар қилинди, бунга хусусий сайёҳлик ва авиакомпаниялар сабабчи экани айтилди.
Умра зиёратини ташкил қилиш билан шуғулланиб келган бир неча саёҳат ширкати фаолияти тўхтатилди.
Сохта Ҳаж фирмаси қурбони бўлдим
Би-би-си журналисти Этар Шалабий мусулмон дунёсидаги Ҳаж мавсумида учрайдиган қаллоблик ва товламачилик ҳолатларини ўрганди.
Улардан бири асли Фаластинда туғилган, бугун Миср паспортига эга Сулаймон ал-Шаир билан юз берган ҳодиса.

Сурат манбаси, .
Саудия Арабистонига етиб борган Сулаймон ал-Шаирга Ҳаж зиёрати амалларини адо этишга рухсат беришмади, Ҳаж ва Умра Миллий қўмитаси идорасига олиб боришди.
Бир неча соатдан кейин унга Ҳаж зиёратчиларини чув туширадиган сохта "Ҳаж фирмаси"нинг қурбони бўлганинини хабар қилишди.
Сулаймон Маккага Мисрдан Саудия Арабистонининг ташриф буюрувчи(visitor) визаси билан борган эди.
Унинг айтишича, "жуда жозибали" Ҳаж зиёрати рекламасини ижтимоий тармоқда кўриб қолган ва бу рекламани тарқатаётган жойлашган жойи Бирлашган Араб Амирликларида экани айтилган компания билан боғланган.
"Мен Ҳаж зиёрати лицензияси учун 6,000 дирҳам ($1,600) тўладим. Улар менга рухсатнома ва Ҳаж баркодини юборишди. Кейин билсам, ҳамма ҳужжатлар сохталаштирилган экан", дейди у.
Шунинг учун у бу йил Ҳаж зиёратини адо этолмади.
"Пулимни ҳам қайтариб ололмаяпман, чунки фирма вакиллари телефон қўнғироқларимга жавоб беришмаяпти", дейди Сулаймон.
"Мен роса хафа бўлдим, шокка тушдим. Чунки мен ҳам пулимдан, ҳам Ҳажимдан айрилдим", дейди у.
Ҳажга кириш рад этилган
Саад ал-Қурайший Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра Миллий қўмитасида маслаҳатчи бўлиб ишлайди.
Бу қўмита дунёдаги сайёҳлик ширкатлари билан ҳамкорлик қилади, зиёрат учун берилган рухсатномаларнинг ҳақиқийлигини текширади.
Саад ал-Қурайшийнинг Би-би-сига айтишича, Сулаймонга ўхшаган кўплаб зиёратчилар ўзларининг фирибгарлар қурбонига айланганларини қўмита биносига келганларидан кейин англаб етадилар.
Бу ерда Ҳаж зиёрати билан боғлиқ ҳужжатлар расмийлаштирилади ва бўлажак Ҳожига билагузук берилади, бу билагузук зиёратчининг Саудия ҳудудида қонуний бўлиб турганини англатади.
"Улар(Ҳаж рухсати бор инсонлар) бизнинг олдимизга Ҳаж рухсатномаси ва баркод билан келишади. Шунда улар сохта компаниялардан сохта қоғозлар ва шахсни тасдиқлайдиган кард олганларини аниқлаймиз. Бу дегани, улар ўша компанияларга тўлаган катта миқдордаги пулларига "куйиб қоладилар" дегани", дейди у.
Жаноб Қурайшийнинг айтишича, айниқса, Ҳаж арафасида Миср, Сурия ва Ироқда фирибгарлар жуда фаоллашадилар.
"Менинг ўзим бир ҳафтанинг ичида уч "товламачилик қурбонини" кўрдим", дейди у.
Энг охирги дақиқа жозибали пакетидан эҳтиёт бўлинг
Саад ал-Қурайший "энг охирги дақиқадаги жозибали пакет" таклифларидан эҳтиёт бўлишга чақиради, бундай эълонлар кўпинча ижтимоий тармоқларда арзон таклифлар сифатида роса тарқатилади.
Ҳаж ва Умра Миллий қўмитаси биносида ўтирган вақти Би-би-си билан суҳбатлашган Сулаймон ал-Шаир айтишича, қандай фирма эканини аниқлашга кам вақт сарфлаган фирмага пул ўтказиб хато қилган.
Ҳаж зиёрати рухсатномасини олиб беришга ваъда қиладиган ҳар қандай одам ёки компания вакилларига пул ўтказмаслик маслаҳатини беради у.
Чалғитувчи рекламалар ва ширкат ҳақидаги сохта мақтовлар
Ҳаж сайёҳлик чиптасини оламан деб бор-будидан айрилган фақат Сулаймон эмас.
Британиялик шифокор Фаррух Абдул Ваҳҳобнинг Би-би-сига айтишича, Британияда жойлашган туристик компания орқали буюртма бериб ўзи ва оиласи бир тийинсиз қолишини хаёлига ҳам келтирмаган.
Асли келиб чиқиши покистонлик Фаррухнинг айтишича, имконсиз нарсани ваъда қилган сайёҳлик ширкати билан узоқ курашган.
Охир-оқибат ўзи ва оиласи Ҳаж пакети учун депозит сифатида қўйган 7000 фунт стерлинг ($9,000)ни қайтаришнинг уддасидан чиқди.
Орадан уч йил ўтганидан кейин анча ишончли туристик ширкати орқали Ҳаж зиёратини адо этди.
Nusuk платформаси

Сурат манбаси, Nusuk.sa
Фаррухнинг мушкулликлари 2020 йили юз берган.
Бу Саудия Арабистони ҳукумати Европа, АҚШ ва Австралиядаги мусулмонлар учун Ҳаж зиёратини ташкиллаштиришга ихтисослашган Nusuk онлайн платформаси ва аппликациясини йўлга қўйишидан икки йил олдин эди.
Nusuk орқали бўлажак зиёратчи ўзига маъқул Ҳаж пакетларини танлаши, талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этиши, расмий идоралар ва ишончлилиги тасдиқланган туристик компанияларга тўловларни амалга ошириш мумкин.
Nusuk платформасидан ташқари Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазирлиги веб-сайтида расман рўйхатдан зиёратчиларга мамлакатга кириш ва Ҳаж амалларини адо этишга рухсат берилади.
Бошқа мамлакатлардан зиёратчилар ўз мамлакатларидаги Ҳаж ишлари учун масъул идоралардан рухсат олиб зиёрат қилишлари мумкин.
Саудия Арабистони кўплаб мамлакатларга зиёратчилар квотасини тақдим қилади. Бу мамлакатдаги ҳар миллион кишига 1000 зиёратчи деганилир.
Фаррух айтишича, Ковид пандемияси бошланишидан олдин ўзи ва оиласининг олти аъзоси Ҳаж зиёратига қарор қилдилар.
"Биз ишончли кўринган компанияга мурожаат қилдик, катта маблағ тўладик. Бироқ ўша йили Ҳаж пандемия туфайли бекор қилинди".
"Мен пулимни қайтаришларини талаб қилдим. Улар менга бир йил жавоб беришмади. Охири, судга бердим", дейди Фаррух.
Суд компанияга пулни қайтариш қарорини чиқарди.
Фаррух ўз пулини қайтариш расмиятчилигига киришди. Ўшанда у компания ёпилганини билиб қолди.
"Мен ҳукумат веб-сайтида компаниянинг регистрация рақами ва манзилини киритганимда, бундай компания йўқлигини билиб қолдим", дейди Фаррух.
Бу ҳақиқат, биродар

Сурат манбаси, Farouk Abdel Wahab
Пулимни қайтаришга ҳаракат қилган вақтим компания вакили доим "диний сўзларни қўллади". "Бу ҳақиқат, биродар", "Биз пулингни албатта қайтарамиз", деган ибораларни мунтазам такрорларди.
Ниҳоят Фаррух бу компаниянинг собиқ эгаларини ижтимоий тармоқда уялтиришдан бошқа ўз пулларини қайтариб олишнинг йўли йўқлигини англаган.
Янги компания у билан боғланган ва пулини бўлиб, бўлиб қайтаришларини айтишган.
"Менинг видеом машҳур бўлиб кетганидан кейин компания мен билан боғланди, бошқа фирма орқали пулимни қайтарди", дейди Фаррух.
Ҳаж фирибгарлари тузоғига тушмаслик маслаҳати
Британия полицияси Британия Сайёҳлик Агентликлари Ассоциациясига (Association of British Travel Agents (Abta) аъзо туристик компаниялар орасидан эҳтиёт бўлиб танлашга чақиради
Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бундай ташкилотлар мавжуд.

Сурат манбаси, Reuters
Мисол учун, Индонезия Тур ва сайёҳлик агентликлари Ассоциацияси (Association of the Indonesian Tour & Travel Agencies), Покистон Тур операторлари Ассоциацияси(Pakistan Association of Tour Operators) Нигерия Туризм ассоциациялари федерацияси (Federation of Tourism Associations of Nigeria) Бирлашган Араб амирликлари Саёҳат ва Туризм Кенгаши (Travel and Tourism Agencies Council in the United Arab Emirates).
Сайёҳликка ихтисослашган Ezus ширкатида кўплаб мамлакатларнинг туризм ширкатлари рўйхатлари мавжуд.
Британиядаги ABTA саёҳатчилар билан туристик ширкатлар ўртасидаги ҳамма келишувлар ҳужжатлаштирилиши, фақат телефон сўзлашувлари ёки оғзаки келишувларга таяниб қолмасдан, шартномаларда томонларнинг бурч ва мажбуриятлари киритилиши ва имзоланиши керак деб маслаҳат беради.
Сабоқ чиқарилди
Ўрганган бир хулосам, онлайн ижобий баҳо, ревьюларга ишонмаслик керак экан, дейди Фаррух.
"Мен билан бўлган ҳодисада кўплаб сохта компаниялар одамларга катта пул тўлаб, сохта яхши ревьюлар ёздириши, сўнг бу баҳоларни Интернетда жойлаштириши маълум бўлди. Ана шу чалғитувчи рекламалар оқибатида жуда кўп одамлар зиёрат пакетларини сотиб оламан, деб фирибгарлар қурбонига айланганлар", дейди у.
Саудия Арабистони ҳукумати расмий маълумотларига кўра, ўтган йили зиёратчиларнинг сони 1,8 миллиондан ошган, уларнинг 90 фоизи хориждан борган.
Одатда фирибгарлик қурбонига айланганларнинг атиги 3 фоизи расман шикоят билан мурожаат этганлар, фирибгарлик қурбонларининг ўртача ёши 42 ни ташкил этган.
Саудия расмийларига кўра, Nusuk платформаси жорий этилганидан кейин Ҳаж товламачилиги сони кескин пасайган.
126 мамлакат яшовчилари Nusuk орқали зиёратчиларга буюртма бериш, барча зарур ҳужжатларни тасдиқлатиш, пул ўтказмаларини ўтказиш каби ишларни бажароладилар.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













