Мусулмонлар Каъбадаги қора тошни яна ўпишлари мумкин - Сovid-19 хавф солмайдими? Islom musulmonlar Ka'ba

Muslim pilgrims circle the Kaaba as they pray at the Grand Mosque, during the annual haj pilgrimage in the holy city of Mecca, Saudi Arabia July 12, 2022

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Коронавирус пандемияси пайти ижтимоий масофани сақлаш, инсонларнинг вирусни юқтиришлари олдини олиш мақсадида зиёратчилар билан қора тош ўртасида ўрнатилган тўсиқ олиб ташланди.

Масжидул-Ҳарам зиёратчилари яна Каъбатуллоҳ бурчагидаги қадимий қора тош - Ҳажарул-асвадни тавоф қилиш ва ўпишларига рухсат берилди.

Ковид-19 пандемияси туфайли Каъбатуллоҳ атрофига ўрнатилган тўсиқ ниҳоят олиб ташланди.

Каъбатуллоҳда тасвирга олинган фото ва видеоларда яна Ҳажарул-асвадга тегиниш бахтига муяссар бўлган зиёратчиларнинг шоду-хуррамликларини кўриш мумкин.

Коронавирус пандемияси пайти ижтимоий масофани сақлаш, инсонларнинг вирусни юқтиришлари олдини олиш мақсадида ўрнатилган тўсиқ Умра мавсуми бошланиши билан олиб ташланди.

Мусулмон инсондан, агарда имконияти бўлса, умрида камида бир марта Ҳаж зиёратини адо этиш талаб қилинади.

Бу йилги Ҳаж мавсуми 7-12 июль кунларига тўғри келди.

Умра зиёратини эса бутун йил давомида адо этиш мумкин ва бутун дунёдан ҳар йили миллионлаб мусулмонларни ўзига жалб этади.

Умра зиёратчилари Мадина шаҳридаги Набавий Масжидни ҳам зиёрат қиладилар.

Саудия Арабистони Covid-19 чекловларини шу йил бошидан юмшата бошлади, пандемия бошланганидан буён илк бор бу йилги Ҳаж зиёратчиларининг сони деярли Ковиддан олдинги рақамларга қайтди.

2020 йили фақат 1000 мусулмоннинг Ҳаж зиёратини адо этишига рухсат берилган эди.

Ўшанда фақат Саудия Арабистони ватандошларига изн берилган, халқаро зиёрат маън этилганди.

Зиёратчиларнинг сони 2021 йили 60000 ни ташкил этди.

Бу йилги Ҳаж зиёратини бир миллиондан ортиқ мусулмон адо этди.

Лекин агар Ковиддан олдинги зиёратчилар сонига солиштирилса, рақам анча пастдир.

Statista рақамларига таянилса, 2019 йили Маккаи Мукаррамага Ҳаж зиёратида 2,5 миллион инсон қатнашган, бу бутун дунёдаги энг йирик инсонлар тўпланиши бўлган.

Ислом анъаналарига кўра, қора тош - Ҳажарул-асвад Каъбатуллоҳнинг жанубий бурчагига, 1 метр 10 сантиметр баландликда ўрнатилган.

Узунлиги 25 см, энига 17 см.

Ҳажарул-асвад ёқутлардан бўлиб, Одам Ато ва Момо Ҳаво замонида жаннатдан тушган, деб ишонилади.

Қора тош Исломдан олдин ҳам муқаддас деб кўрилган.

Бошида ранги оқ бўлган ва уни тавоф қилиб ўпган инсонларнинг гуноҳлари туфайли тошнинг ранги қорайган, деб ишонилади.

Имом Термизийдан бу борада ҳадис ҳам бор:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳажарул-асвад жаннатдан тушганида сутнинг рангидан ҳам оқроқ эди. Одам болалари хатоси уни қорайтириб юборган", дедилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek