Ийд ал-Адҳа: Нега аксар йирик динларда жонзотлар қурбонликка келтирилади?

Қўй

Мусулмонларнинг Ийд ал-Адҳа - Қурбонлик байрамида Иброҳим пайғамбар ўз ўғлини қурбонлик қилишга тайёр бўлгани хотирланади. Иброҳим насронийлик ва яҳудийликда Абраҳам ёки Авраам номи билан машҳур.

Иброҳим пайғамбар бир куни туш кўради ва бу тушни ўғли Исмоилни итоаткорлик белгиси сифатида қурбонлик келтиришга Аллоҳдан келган буйруқ деб қабул қилади. Бу ҳақда ўғлига айтганида, Исмоил рози бўлиб, отасидан Яратган буйруғига итоатни сўрайди. Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбонлик келтиришга тараддудланганда, Аллоҳ уни тўхтатиб, ўрнига қурбонликка бир қўчқор юборади.

Алоқадор мавзулар:

Бутун дунёда мусулмонлар турли хил чорва молларини қурбонлик қилишади. Анъанага кўра, агар мусулмон ўз эҳтиёжидан ортиқ бойликка эга бўлса, қурбонлик келтириш мажбурийдир.

Бошқа асосий динлар ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳиндувийлик, яҳудийлик ва насронийликда ҳайвонларни қурбон қилишга қандай қаралади?

Эчки судраётган одам

Сурат манбаси, Getty Images

Яҳудийлик

Ислом тарихи яҳудийлик ва насронийлик тарихи билан жуда кўп умумийликларга эга.

Буюк Британиядаги Лео Бек коллежининг академик хизматлар директори раввин Гэри Сомерснинг айтишича, яҳудий муқаддас битиклари ҳар хил қурбонликларни кўрсатади, уларнинг ҳар бири маълум вақт ва жойда амалга оширилиши керак.

"Бугун биз бу қурбонликларни қилмаяпмиз, чунки бу маросимлар ўтказиладиган маъбад ҳозир йўқ. Бу қурбонликлар ўрнига ибодат қиламиз", дейди у.

Раввин доктор Брэдли Шавит Артсон Америка Яҳудий университети вице-президенти ва Абнер ва Рослин Голдштейн раввинлик тадқиқотлари мактаби мудири.

"Иккинчи маъбад Римликлар томонидан вайрон қилинганидан сўнг, яҳудийликда ҳайвонларни қурбон қилишга рухсат берилмади. Кўпчилик бу энди абадий тақиқланган деб ҳисобласа, бошқалар Масиҳ келгандан кейин қайта тикланади, деб ўйлашади", дея тушунтиради у.

Маъбад деганда Қуддуснинг Эски шаҳридаги Ал-Ақсо масжиди жойлашган Маъбад тоғидаги ибодатхона тушунилади.

Яҳудийлар маъбад қайта тиклангач, ҳайвонларни қурбонлик қилиш амалиётига қайтишлари мумкинлигига ишониб, унинг тикланиши учун ибодат қилишади.

Гарчи кўпчилик яҳудийлар маъбад йўқлиги сабабли ҳайвонларни қурбон қилишмаса ҳам, Қуддусдаги баъзи гуруҳлар, масалан, самарияликлар Фисиҳ (пасха) байрамида ҳамон қурбонлик келтиришади. Бошқалар қурбонлик жонивори қийматига тенг миқдорда садақа қилишлари мумкин.

Қўй, қўтос, сигир ёки эчки бўладими, қурбонлик қилинадиган ҳайвон диний жиҳатдан маъқулланган ёки «кошер» бўлиши керак. Доктор Артсон "фақат кошер ҳайвонларини сўйишга рухсат берилган, баъзилари қурбонгоҳда ёқиб юборилган, баъзилари руҳонийларнинг оилаларига берилган, баъзилари эса ўзлари ва уларнинг оилалари томонидан истеъмол қилинган" деб тушунтиради.

Тўғридан-тўғри қурбонликлар кенг тарқалган бўлмасада, гўшт истеъмоли кўплаб фестивалларнинг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда. Ҳайвонларни қурбон қилиш учун яҳудийларнинг маросимлари хилма-хил бўлиб, қурбонликнинг мақсадига қараб фарқланади.

Илгари яҳудийликнинг учта зиёрат байрами - Фисиҳ, Шавуот (Ҳафталар байрами) ва Суккот (Муваддас чодир байрами) ҳайвонларни қурбонлик келтириш маросимлари сифатида аҳамиятга эга эди.

Буюк Британиядаги Лео Бек коллежининг академик хизматлар бошлиғи раввин Гэри Сомерснинг тушунтиришича, Рош Хашанаҳ (Яҳудийларнинг Янги йили) ва Ём Кипур (Покланиш куни) каби бошқа байрамларда ҳам ҳайвонлар қурбонлик келтирилади.

Иброҳим қурбонлиги яҳудий битикларида ҳам учрайди. Аммо қурбонлик келтириш ҳақидаги буйруқ кейинроқ келган ва яҳудийлар учун у сал бошқачароқ маъно англатади.

Қўйлар суруви

Христианлик

Христианлик илдизлари яҳудийликка бориб уланади ва яҳудийларнинг Муқаддас битиклари ва христианларнинг Эски Аҳди кўп жиҳатдан ўхшаш.

"Эски Аҳд китобларида, айниқса Левит 17 ва Қонунлар китобида ҳайвонларни қандай қурбонлик келтириш кераклиги батафсил битилган - одатда эрталаб ва кечқурун, шунингдек, турли байрамларда", дейди Даккадаги Кафрул католик черкови руҳонийси доктор Прошанто Т. Ребейро.

Ўша пайтда ҳайвонларни қурбонлик қилиш тазарру ва ёмон майллардан тавба қилиш умидида қилинган.

Аммо бу одат ҳозир диний жиҳатдан кузатилмайди, чунки Исо Масиҳнинг ўлими энг олий қурбонлик сифатида кўрилади. Христианликда Исога "Худонинг қўзиси" сифатида қаралади.

Динда қурбонлик ҳақида ҳеч қандай кўрсатма йўқ бўлсада, кўп ҳолларда "шунга аҳд қилган, кўнглига туккан бўлса, ҳайвонларни қурбонлик қилиш бошқача тарзда амалга оширилади".

Доктор Реберионинг таъкидлашича, насронийликда Яратгувчи номидан ҳайвонларни қурбон қилиш анъанаси йўқ эди.

Бироқ, гўштни истеъмол қилишда ҳеч қандай чеклов йўқ. Кўпгина мамлакатларда яҳудийларнинг Фисиҳ байрамида қўзичоқни истеъмол қилиш одат тусига киради ва Риберио Италияда бўлган вақтларида Фисиҳ байрамидан олдин қўзичоқ гўштини истеъмол қилиш деярли мажбурийдек туюлганини таъкидлайди.

Бироқ, христианликда яҳудийлардаги каби диний мақсадларда қурбонлик келтириш одати йўқ.

Ҳиндувийлик

Ҳайвонларни қурбон қилиш ҳиндувийликда баҳсли масала бўлса ҳам, ҳиндларнинг айримлари шундай қилади.

Мисол учун, Ҳиндистон ва Бангладешнинг кўп жойларида ҳайвонлар диний маросимларда, жумладан Дурга Пужа ва Кали Пужа каби фестивалларда қурбонлик келтирилади.

Читтагонг (Бангладеш) университетининг санскрит тили доценти доктор Кушал Баран Чакрабортининг айтишича, "Рамаяна [ва] Маҳабҳорат каби турли қадимий ҳинд битикларида ва муқаддас китобларда [масалан, Пураналар] бу ҳайвонларни қурбон қилиши ҳақида айтилган".

"Ҳиндувийликнинг қадимий диний матнларидан бири бўлган Ригведада қурбонлик қилинган ҳайвон озод бўлиши [ва] тутқунликдан қутулиши ҳақида сўз юритилади", дея таъкидлайди у.

Ҳайвонларни қурбон қилиш Ведалар даврида, эрадан аввалги 1500-500 йиллар орасида кенг тарқалган деб ҳисобланади. Қурбонлик гўшти худоларга назр қилинган ва кейин зиёфатларда истеъмол қилинган. Бироқ, замонавий Ҳиндистондаги мутахассислар орасида ҳайвонларни қурбон қилиш амалиёти ҳақида турли фикрлар мавжуд.

Доктор Чакрабортининг айтишича, баъзи қадимий ибодатхоналарда ҳайвонларни қурбонлик келтириш ҳали ҳам амалда бор. У Бангладешдаги Дакешвари ва Ҳиндистондаги Трипура Сундари, Камахя ва Калигҳат Кали каби ибодатхоналарни таъкидлайди.

Бироқ, ҳиндувийлик бўйича яна бир мутахассис, доктор Роҳини Дҳармапал замонавий Ҳиндистонда ҳайвонларни қурбон қилиш кенг тарқалганидан бехабарлигини айтади.

Доктор Чакраборти таъкидлашича, ҳиндувийликдаги ҳайвонларни қурбон қилишнинг замонавий амалиётлари кўпинча қурбонликнинг маънавий маъносини эмас, балки ўз-ўзини қондириш, рақобатни кўрсатади.

Ҳиндистондаги бир қанча гуруҳлар ихтиёрий равишда турли ибодатхоналарда ҳайвонларни қурбон қилишни тўхтатди ва диний мақсадларда ҳайвон сўйишни тақиқлашни ёқламоқда.

Шри-Ланка ва Непал ҳиндуларга ҳайвонларни қурбонлик қилишни тақиқлади. Аммо тақиққа доим ҳам амал қилинмайди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002