Ўзбекистон: Парламент сайловига яхши тайёргарлик кўрилди, аммо одамларга ҳақиқий танлов берилмади - ЕХҲТ. Видео

Сурат манбаси, rasmiy
27 октябр куни ўтган депутатлар сайловининг дастлабки расмий натижалари ва халқаро кузатувчиларнинг илк хулосалари эълон қилинди.
Якшанба куни ўтган Парламент сайловини кузатиб борган тўрт халқаро ташкилотнинг энг нуфузлиси – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, овоз бериш эркинликни чеклайдиган сиёсий муҳит шароитида ўтганини билдирган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дастлабки натижалар

Сурат манбаси, gazeta.uz
28 октябр куни Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, сайловда иштирок 74,7 фоизни ташкил этган – рўйхатга олинган қарийб 20 миллион сайловчининг 15 миллион бироз кўпроғи овоз берган.
МСК мамлакат тарихида илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтган сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп ўрин олганини билдирган.
Экопартия эса, дастлабки натижаларнинг умумий ҳолати бўйича Парламент қуйи палатасида энг кам ўрин олган сиёсий партияга айланган.
МСК овоз бериш жараёнида сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар тушмаганини маълум қилган.
ЕХҲТнинг дастлабки хулосалари

Сурат манбаси, .
Парламент сайловининг эртасига – 28 октябр куни ЕХҲТ 18 саҳифадан иборат дастлабки хулосаларни эълон қилган.
Ушбу хулосада парламент сайловига техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, халқаро стандартларга жавоб беришга оид жиддий муаммо-камчиликлар сақланиб қолаётгани борасида сўз боради.
Ташкилот сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз бериш даврида кузатилган сиёсий муҳит эркинликни чеклайдиган даражада қолгани, фуқароларга чинакам танлов имкониятини бермаганини таъкидлаган.
“Сайлов тизими босқичма-босқич ривожланиб, сайловларга техник жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилган бўлса-да, сиёсий партияларни рўйхатга олиш, сайланиш ҳуқуқи, сайловолди кампаниясини молиялаштиришнинг шаффофлиги, сайловнинг фуқаролар томонидан кузатилиши ва сайлов участкаси натижаларини эълон қилиш каби соҳаларда демократик сайловларнинг халқаро стандартларига жавоб бериш билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда”, дейилади ушбу ҳужжатда.
Шунингдек, ЕХҲТ уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлиги ҳамда сўз эркинлиги борасидаги асосий ҳуқуқлар қонун ҳужжатларида ҳам, амалиётда ҳам номутаносиб равишда чекланганлигича қолаётганини билдирган.
“Рўйхатга олинган барча бешта партия ҳукумат юритаётган сиёсатни қўллаб-қувватлайдиган бир манзарада сайловчиларга ҳақиқий муқобиллар берилмади. Бу фуқаролар овози чиндан янграши йўлида янада динамик ва рабоқатли сиёсий муҳитни шакллантиришга зарурат борлигини яна бир бор кўрсатди”, деган ЕХҲТ Парламент Ассемблеяси делегацияси раҳбари Саргис Ҳандаян.
ЕХҲТ бешта сиёсий партиянинг барчаси қонун асосида эркин ва тенг шароитларда сайловолди кампанияларини олиб боришга муваффақ бўлган бўлса-да, улар ўз сайловолди кампаниялари давомида ҳукмрон партия ёки бир-бирининг сиёсатига жиддий эътирозлар билдирмаганини таъкидлаган.
Шунингдек, ташкилот матбуотда сайловларни ёритиш сўз эркинлиги чекловлари билан олиб борилгани, оқибатда сайловчилар турли нуқтаи назарлардан фойдаланишларининг деярли имкони бўлмаганини қайд этган.
“Сайлов куни тинч ва тартибли ўтди, бироқ кўплаб қонунбузарликлар, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари, процессуал ва техник носозликлар жараёнга салбий таъсир кўрсатди. Овоз бериш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни жадвалларга умумлаштириш жараёнида муҳим кафолатлар кўпинча эътибордан четда қолиб, жараённинг ҳалол бўлганлиги ва шаффофлигига путур етказган”, дейилади дастлабки хулосада.
Ташкилот, шунингдек, овоз бериш кунида ҳам жиддий қоидабузарликларни қайд этганини маълум қилган.
ЕХҲТ ўзи кузатган 1053 та сайлов участкасининг 12 фоизида кечган овоз бериш жараёнини салбий баҳолаган ва бу ҳолатни жиддий муаммо, дея атаган.
“Халқаро сайловларни кузатиш миссияси (ХСКМ) кузатувчилари, айниқса, сайловчиларнинг овоз бериш ҳуқуқини текшириш ва бир неча марта овоз беришнинг олдини олишга қаратилган хавфсизлик чораларининг етарли даражада амалга оширилмагани бўйича тез-тез кузатилган жиддий процессуал қоидабузарликлар ҳақида хабар бердилар. Сайлов куни давомида ХСКМ кузатувчилари овоз беришда қатнашган сайловчилар сони ва расман эълон қилинган сайловчиларнинг дастлабки маълумотлари ўртасидаги тафовутни қайд этдилар”, дейилади дастлабки хулосада.
ЕХҲТ овозларни санаш жараёнида ҳам жиддий муаммолар кузатилганини қўшимча қилган.
“ХСКМ кузатувчилари 15 ҳолатда чекловларга дуч келишди, 16 ҳолатда эса улар овозларни санаб чиқиш жараёнларини етарли даражада кузата олмадилар, бу овозларни санаш жараёнининг шаффофлигига путур етказди. Умуман олганда, овозларни санаш жараёни ЙХҲТнинг 1990-йилги Копенгаген ҳужжати 7.4-бандига мувофиқ, сайлов бюллетенлари тўғри саналганлиги юзасидан жиддий хавотир уйғотди”.
ЕХҲТ хотин-қизларнинг номзодлар орасидаги ва сайлов бошқарувидаги вакиллиги миқдори ошганини сайловда кузатилган кам сонли ижобий ҳоллардан бири бўлганини қайд этди.
ЕХҲТнинг дастлабки хулосаси эълон қилинишидан бир неча соат аввал Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев сайлов участкаларида айрим камчиликлар кузатилгани, аммо улар овоз бериш натижаларига таъсир қилмаслиги ҳақида гапирган.

Сурат манбаси, rasmiy
ЕХҲТ миссияси
Ўзбекистондаги парламент сайловини кузатиб бориш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) 14 нафар халқаро экспертдан ташкил топган асосий миссияни юборган.
Шунингдек, октябр бошида Ўзбекистонга ташкилот билан ҳамкорлик қилувчи 15 давлатдан яна 26 нафар узоқ муддатли кузатувчи етиб келган.
27 октябрдан аввалроқ ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича офиси яна жами 300 нафар қисқа муддатли кузатувчидан иборат икки кишилик гуруҳларга Ўзбекистон бўйлаб сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнини кузатиб бориш вазифасини юклаган.
ЕХҲТнинг расман маълум қилишича, ташкилот юборган миссиянинг асосий вазифаси сайлов бўйича мавжуд қонунчиликни диққат билан ўрганиш, номзодларни рўйхатга олишдан тортиб то сайловолди кампаниялари олиб борилиши ва, табиийки, сайлов кунидаги овоз бериш, овозларни санаш, натижаларни ҳисоблашга қадар бўлган жараёнларни кузатишдан иборат бўлган.
Яна кимлар кузатди?
Bu saylovga xalqparvar emas, mansabparvar deputatlar tayinlangan, saylov shunchaki spektakl, rol o‘ynaladi...
Умуман олганда, 27 октябрда ўтган сайловни жами 850 нафардан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб борган.
Расман маълум қилинишича, жами тўрт ташкилот Ўзбекистонга ўз кузатувчиларини юборган: Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ).
МДҲ кузатувчилар миссиясига бошчилик қилган ва, бир вақтнинг ўзида, ташкилот бош котиби лавозимини эгаллаб турган Сергей Лебедев Ўзбекистонда сайловлар “ҳар сафар янада уюшқоқлик ва яхши тайёргарлик билан ўтаётгани”ни тилга олган.
“Миссия сайлов шаффоф, рақобат муҳитида, очиқ ва эркин ўтди, деган хулосага келди. Сайлов Ўзбекистон Республикаси Контитуцияси ва сайлов тўғрисидаги мавжуд қонунчилигига тўлиқ мувофиқ тарзда ўтказилди”, деган Лебедев 28 октябр куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида.
Лебедев, шунингдек, овоз бериш куни одамлар “сиёсий етукликни намоён эта бошлаганини кузатган”ини тилга олган.
“Агар аввалги сайловларда популистларга ишонч билдирилган бўлса, ҳозир одамлар номзодларга диққат билан баҳо бермоқда. Ҳозирги номзодлар таржимаи ҳолларига қарасангиз, улар таълим олган, катта ҳаётий тажрибага эга инсонлар эканини кўришимиз мумкин”, қўшимча қилган Лебедев.
Ўзбекистонликлар нима кутмоқда?

Сурат манбаси, .
Ўзбекистонликлар парламент сайлови мавзусини ижтимоий тармоқда фаол муҳокама қилгани у қадар кўзга ташланмаган.
27 октябр куни тармоқда қолдирилган постлар фойдаланувчиларнинг асосий қисми сайловда қатнашгани ҳақида хабар берган, сайлов участкаларидан олинган тасвирларни улашган.
Ўзбекистонлар сайловга оид тармоқ орқали изҳор этган оз сонли фикрларнинг аксар қисми умидсизлик ва ишончсизлик руҳида экани кўринган.
“Сайловолди ташвиқот халқимизнинг умидларини кўтаради, аммо сайловдан кейин сўндиради-да. Чунки 2019 йилга сайланган иймон, инсофли, халқпарвар депутатлар бор эди. Лекин босим, туҳматлар бардошини синдирди. Расулжон, Дониёржон, Жаҳонгир, Феруза муддатдан олдин кетишга мажбурланди. Бу сайловга халқпарвар эмас, мансабпарвар депутатлар тайинланган, сайлов шунчаки спектакль, роль ўйналади”, ёзган фойдаланувчилардан бири.
Қолдирилган фикрларнинг кўпида сайловга боришдан наф йўқ экани, депутатларнинг “бари аввалдан сайлаб бўлингани” борасидаги мулоҳазалар илгари сурилган.
“Бу йилги сайловлар тартибига халқдан сўрамасдан аҳмоқона ўзгартиришлар киритишди. Халқ ўзи хоҳламаган, танимаган ва олдиндан ҳукумат ва ҳокимликлар танлаган номзодларга овоз берадими? Сайловчилар аҳмоқми? Қўғирчоқ партиялар, сохта ва саводсиз, кар ва гунг депутатлар билан мамлакат жарга қуламоқда. Отарчи артистлар, жисмонан бақувват, аммо, ақли ва саводи ҳаминқадар спортчилар, вазиру вузаролар депутатликка сайловгача "сайланиб" бўлишган-ку!”, ёзган фойдаланувчилардан яна бири.














