Парламентга сайловлар: Сайлов сайлов учунми ёхуд сиёсий умидлар қачон оқланади? O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Журналист, Ўзбекистон
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Ўзбекистонда Олий Мажлисга бу йилги сайловлар - ўтказилиши жиҳатдан аввалгиларидан бир қадар янгиликлар билан бойитилган, масалан сайловчилар алоҳида номзодлардан ташқари партияларга ҳам овоз беришлари мумкин, бироқ аралаш сайлов тизими деб аталаётган бундай ўзгаришлари билан ҳам кузатувчилар назарида сайлов жараёни қолган жиҳатларида эски тартиб ва мазмунида қолиб, бу ўзига хос классик аҳамият ҳам касб этади.
Айнан партиялар сони кўпаймагани, депутатлар кўлами жиҳатдан ҳам Олий Мажлис ўттиз йиллик сайлову қонун чиқарувчи орган сифатидаги фаолиятида янада ҳам классик мақомни тақдим этадики, қўшимча ўзгартириш киритиш айни тартибга дарз етказиш эҳтимолини уйғотиб, бунга эҳтиёткорона ёндашув зарурдек туюлади.
Лекин ўша ўн йилликлар мобайнида сайловларга қизиқиш барибир бунга лоқайдлик йўсинида шаклланиб,бу мавсумда ҳам фавқулодда қизғин кайфиятни кузатиш ноёб манзаралигича қолган.
Алоқадор мавзулар:
"Алмисоқдан қолган" сайлов...ми?

Сурат манбаси, Saylov.uz
"Ёшлар орасида парламент сайловларига алоҳида орзиқиш билан қизиқувчанликни кузатмайман. Зотан улар шу сайловлар билан баробар улғайишган. Уларда бунга нисбатан кучли лоқайдлик мавжуд. Ўзгаришларга таъсир этишга умидсизлик уларда устун деб ҳисоблайман,"- дейди Термиздаги хусусий университет талабаси 24 ёшли Абдуназар.
Унинг айтишича, давлат ташкилотлари билан боғлиқ фуқаролар ушбу сайлов жараёнига қизиқишиб, уни тадбир сифатида жонлантириб туришибди.

" Менга тенгдош холаваччам сайловлар тарғиботига бағишланган ижтимоий роликлар, дебатларни томоша қилаётгани гувоҳи бўлдим. У яқинда маҳаллий олий ўқув юртини тамомлади. ДХХга ишга кириш учун ҳужжат топширган. Натижасини кутяпти. Унинг таъбирича, сайловдан хабардорлик сиёсий онг даражасини белгилайди, бу янги лавозимга ишга жойлашишига имтиҳон вазифасини бажараркан, "- дейди Абдуназар.
Айни пайтда ТВ экранларида намойиш этилаётган сайловга оид лавҳалардан ташқари катта кўчаларда илиб қўйилган суратли паннолар ҳам бу йилги парламент сайловлари руҳини акс эттиради.
"Шу кўчадан ҳар кун ўтаман. Кўзим депутатликка номзоди қўйилган аёлнинг расмига кунида бир неча бор тушади. Лекин айтарли қизиқиш менда уйғонмади. Сабаби турмуш ташвишларидан ортмайман. Гўёки бу менга дахлсиз туюлади. Менинг танловим нимани ҳам ўзгартирарди. Бироқ сайлов куни шу аёлга овоз бермоқчиман. Исмини эслаб қолсам бас,"-дейди Термиз кўчаларидан бирида учратганимиз 37 ёшли уй бекаси Нозима.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Бу йилги сайловлар илгаригидек йил охирида айни қишки совуқ кунларда эмас, кузнинг нисбатан илиқ кунларида ўтказилиши ҳам жараёнга бирмунча сокин маромни бағишлаган. Айни мавсумда эса чироқ, газ билан боғлиқ муаммолар ёхуд ўзгача кундаликмасалалар нигоҳдан йироқ ҳам туради.
"Ёшим 48 да, шу йиллар ичида биздаги сайловлар менга кўзбўямачилик, лўттибозлик бўлиб туюлган. Мазкур паннодаги "Табиат билан бирлашайлик! " чақириғи мени руҳлантиради. Самимий шиор деб уни қабул қилганимда унга эргашгим келади. Чунки хориждагидек бизда ҳам оддий жониворлар ҳимоясига отланиш лозимлиги ҳақида дастлабки бонглар урилмоқда. Бунинг ростданам самимий одим эканлигига ишонгим келяпти. Чинига шундай бўлса унинг бошида пешқадам турардим, "-дейди ўқитувчи Саломат.
Яна бир ҳали ўзини сайловчи деб аташга оғиз жуфтлай олмайдиган такси ҳайдовчиси Фарҳоднинг фикрига кўра, тирикчилик, рўзғор ташвиши кишиларни унинг таъбирича, бундай сиёсий машваратлардан йироқлаштириб, бу уларда ортиқча "бош оғриғи"дек ҳис этилади.
" Машинамдаги йўловчилар ва менга кимдир бир донадан тарғибот буклети ташлаб кетди. Оддий қизиқиш юзасидан, иримига бўлса-да бирор зоғ унга кўз югуртирмади. Одамлар ўз муаммоларига андармон. Уларга аслида ўша муаммоларнинг жўяли ечими ўзлари сайлаётган депутатлар чиқариши мумкин қонунларга боғлиқлигини тушунтириш мушкул. Чунки қонунлар ҳам ўзаро манфаатларга мос эмас. Хуллас ҳафсала ҳам, ишонч ҳам, савия ҳам бир нави, "- дейди Фарҳод.
Мазкур суҳбатдошимизнинг хулоса қилишича, алоҳида янгилик унсурларисиз анъавий тус касб этиб бораётгани ҳам айни сайловларни бир қадар аҳамиятсиз одатий ва оддий воқеликка айлантирган.
Аслиятда эса, анъаналардан ташқари ўзгаришлар

Сурат манбаси, Rasmiy
Мактабда педагоглик билан машғул термизлик Насиба Бадалова деярли тўртта парламент сайловида ташкилий-жамоатчилик масалалари билан бевосита шуғулланган. Бу йил ҳам у сайловчиларни рўйхатга олиш, яъни хатловга жалб этилган.
"Сайлов бўйича хатлов жараёнини енгил юмуш деб бўлмайди. Масалан ўзимга беш қаватдан иборат" дом" сайловчиларини рўйхатга олиш юкланган. Аксарият кишилар бунга руйхушлик билдирмайдилар. Кекса ёшдагилар ҳатто "бемаънигарчиликни бас қилинглар, бизсиз ҳам аллақачон керакли шахсни тайинлаб, сайлаб бўлгансизлар", деган қўпол гаплар билан эшикни юзимизга ёпишади. Фақат давлат идораларида ишлайдиган ёки бунга тааллуқли фуқаролар яхши кайфиятда алоқага чиқадилар,"- дейди Термиз шаҳридаги сайлов участкаси фаоли Насиба Бадалова.
Унинг айтишича, ҳозирдаги сайловчилар сони кўлами аввалгиларига нисбатан саёзлашган. Бу эса сайлашга лаёқатлиларнинг хорижга, Россия, Туркия каби давлатларига муҳожирлик меҳнат сафарига кетганлиги билан боғлиқ. Ушбу жамоатчи фаолнинг билдиришича, умумий маънода сайловларга қизиқиш ўтган даврдагидан унчалик фарқ қилмайди.
"Бунинг биринчи сабаби депутатликка номзоди қўйилган шахсларнинг бунга оид ҳаракатни суст олиб бораётгани деб ҳисоблайман. Чунки айнан депутатлар ўз ваколати доирасида йиллар мобайнида алоҳида хос имтиёзларга эга бўладилар. Масалан бепул уй билан таъминланадилар, турли транспортларда ҳудуддан ҳудудга чиқишда уларга енгиллик мавжуд. Умуман қатор имтиёзлардан улар баҳраманд. Шундай экан-улар буни суистеъмол қилмай, омма олдида жавобгарлик ҳиссини туйиб, шунга яраша ўзларини тақдим этишлари даркор. Ҳатто ўзим ҳам сайлов жараёнининг ўқ марказида туриб номзод ким, депутат кимлигидан хабарсизман."-дейди сайлов фаоли.
Унинг яна таъкидича, ҳозирда давлат муассасаларида фаолият кўрсатаётганлар сайловга маълум қизиқишни билдирмоқдалар. Мисол учун ҳарбийларнинг оилалари сайловга боришни ҳатто мажбурият санамоқдалар, чунки бу сўнгра давомат сифатида идоравий назоратдан ўтказилишини эҳтимолдан соқит этиб бўлмайди.
Яна бир сайлов участкаларида фаолликда тажрибага эга педагог Дилсора Остонақулованинг сўзларига кўра ҳам депутатлик сайлови беш йилда бир марта қисқа вақт ичидаги жараён бўлмасдан тизимли узвийлик бўлмоғи лозим.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
"Халқ дарди, фикри билан яшайдиган шахслар ҳар доим зарур. Бундай кишилар фақат ўзига керакли пайтда пайдо бўлиб, сўнгра яна хилватга бекинишади. Аслида эса фаолият, керак бўлса касб нуқтаи назардан муносабат тадрижий, малакага бой бўлиши керак. Ўшанда одамларда депутатларга, сайловларга ишонч кучаяди. Ўзим ўтган президентлик сайловида ҳам иштирок этганман. Ўзимда ҳам депутат бўлиш иштиёқи уйғонган, бироқ турмуш ўртоғим билан батафсил маслаҳатлашиб оилани танлашимга тўғри келган. Халқ ташвиши билан яшаш, ўзгаришларга шахсан ҳисса қўшиб миллионлар кунига яраш бахтдир, "-дейди Д. Остонақулова.
Айнан сайловларни ташкиллаштиришда ўқитувчиларнинг иштироки ҳаминқадар молиявий кафолатланган, яъни улар ўз маошларини тўлиқ олган ҳолда уларга оз миқдордаги товон пули тўланади. Улар ушбу миқдорнинг оширилишига умид боғлашади.
Зотан нафақат мавсумий сиёсий воқеа, балким-да келгуси йирик ҳаётий ўзгаришлар жараёни жамоатчи фаолларнинг бетиним меҳнати эвазига бунёдга келади, бунинг ўз баҳосига яраша рағбати эса мақсадни оқлайдиган омилдир.
Келажакка мулоҳазалар

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Ўзбекистондаги сайловлар, ундан кейин таркиб топадиган қонун чиқарувчи орган Олий Мажлисга нисбатан тенденциоз фикрлаш изчилроқ шаклланишга улгурганки, унинг моҳиятини деярли бир хил тўпламдаги мулоҳазалар ташкил этади.
Айнан эса сиёсий партияларни "қўғирчоқ партиялар", парламентни эса" чўнтак парламенти" деб ифодалаш даврлардан буён ўзгармасдан қолган.
Мамлакат сиёсий вазиятига таъриф ўлароқ бундай баҳоланиш шаклланган қолипни сезиларли ўзгартиришидан ҳам кўра бир бил оғир мазмун ўлчамига солиб қўйган.
Бироқ маълум тизимлашган дунёқарашдаги парламент қандай бўлмасин кишилар турмуши тамойилларини белгилаб беради, улар истас истамаса мазкур парламент чиқарадиган йўриқлар, қонунлар асосида умргузаронлик кечиришади.
Айни маънода сайловчиларнинг ҳар вақтда лоқайд бўлмаслиги эртага кутилган ва ҳоҳланган ўзгаришларга туртки беради.
Муҳими сиёсий онгнинг етук кўринишда шаклланиши ўз маъносидаги, умум қабулидаги кенг кўламли чинакам демократик ислоҳотларга сўзсиз етаклайди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













