Ўзбекистон Адлия вазирлиги яна Хидирназар Оллоқулов партиясини рўйхатга олишдан бош тортди - Янгиликлар

Оллоқулов ўзига Фарғонада провокация уюштирилганини айтганди.

Сурат манбаси, HTBP

Сурат тагсўзи, Оллоқулов ўзига Фарғонада провокация уюштирилганини айтганди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Хидирназаров Оллоқулов раислик қилувчи "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" партиясини рўйхатга олмаганини эълон қилди.

Адлия вазирлиги ўз сайтида ёзишича, вазирликка шу йилнинг 15 майида "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" партиясини рўйхатга олиш ҳақидаги ариза келиб тушган.

Вазирлик бу ариза ва унга илова қилинган таъсис ҳужжатларини роппа-роса бир ой давомида кўриб чиқиб, рўйхатга олишни рад этиш қарори қабул қилинганини билдирди.

Ўзбекистоннинг "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонунининг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган, ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Аммо, Адлия вазирлигига кўра, Оллоқуловнинг янги партиясини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ушбу партияга бирлашиш истагини билдирган фуқароларнинг 10 777 та имзоси келтирилган.

20 майда Андижонда имзо йиғиш жараёни муштлашув билан якун топганди.

Сурат манбаси, SKRINSHOT/YOUTUBE: XALQ PARTIYASI

Сурат тагсўзи, 20 майда Андижонда имзо йиғиш жараёни муштлашув билан якун топганди.

Вазирликнинг айтишича, "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" партиясига бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатига қуйидагилар киритилганлиги "маълум бўлди":

"- сиёсий партия таъсис конференцияси ўтказилгунгача вафот этган 145 нафар шахс;

- 23 нафар вояга етмаган шахс;

- маҳаллаларни асфалтлаш, коммуникация тизимларини янгилашга маблағ олиш мақсадида "Очиқ бюджет" лойиҳасига овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик ушбу имзоларини қайтариб олган 3 900 нафар шахс;

- шахсга доир маълумотлар тақдим этилмаганлиги сабабли шахси аниқланмаган 1 775 нафар шахс;

- имзолари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган электрон шаклда олинган 2 257 нафар шахс;

- партия тузиш учун хоҳиш билдирмаган ва ҳеч қандай имзо қўймаган 844 нафар шахс;

- суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилган 185 нафар шахс;

- Ўзбекистонда яшамаётган 209 нафар шахс."

Вазирлик ёзишича, "натижада ҳақиқатда партияга аъзо бўлиш истагини билдирган фуқароларнинг 1 439 та имзоси мавжуд эканлиги аниқланди."

Адлия вазирлиги ўз баёноти якунида рўйхатдан ўта олмаган партия Олий Судга шикоят қилиши мумкинлигини эслатган.

Хидирназар Оллоқулов ва "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" партияси ҳозирча Адлия вазирлиги қарорига муносабат билдиргани йўқ.

Янги партия

Оллоқуловнинг ўз партиясини рўйхатдан ўтказишга уриниши яна муваффақиятсиз бўлди.

Сурат манбаси, HTDP

Сурат тагсўзи, Оллоқуловнинг ўз партиясини рўйхатдан ўтказишга уриниши яна муваффақиятсиз бўлди.

Профессор Оллоқулов Ўзбекистонда 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан олдин ўзининг "Ҳақиқат ва тараққиёт" партиясини рўйхатдан ўтказишга уринганди.

Ўшанда у Адлия вазирлиги унинг партияси қонун талаблари доирасида етарлича овоз йиға олмаганини айтгани билдирган, аммо партия аъзолари маҳалла қўмиталари таҳдидлари ва босимлари остида ўз имзоларини қайтариб олишга мажбур бўлишганини хабар қилган.

Шавкат Мирзиёев 80,1% овоз билан президентлик сайловларида ғолиб бўлиши ортидан, Оллоқулов "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" номи остида янги партия тузиш ниятида эканини билдирганди.

Биринчи уринишидан кейин Профессор Оллоқулов ўзи, фарзандлари ва набираларига қилинган босимлар ортидан сиёсий фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини айтганди. Унга кўра, у интернет троллари ҳужумлари, кузатувлар, ИИБ идораларидаги сўроқлардан ташқари номаълум шахслар томонидан жисмоний ҳужумга учраган, уни ўзи, қизи ва ўғлига қарши қатор маъмурий ишлар очилган.

Жорий йил 9 июлига белгиланган президентлик сайловларидан олдин сиёсатга қайтган Хидирназар Оллоқуловнинг иккинчи уриниши ҳам ўхшаш босимлар остида ўтди.

Жумладан, Оллоқуловнинг сафдошлари 7 июнда Фарғонадаги имзо йиғиш чоғида провокацияга дуч келишганини айтишган. Уларнинг иддао қилишича, Ички ишлар бошқармасига борган Оллоқулов ва бир қатор партия аъзолари қўлларига кишан солинган ва бинода ушлаб турилган.

Хидирназар Оллоқулов "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" партиясига имзо йиғиш учун 20 май куни Андижонга борганида бир гуруҳ номаълум шахслар ҳужумига учрагани, ҳамда ўзи ва бошқаларга тан жароҳати етказилганини айтганди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.