IPHR - Ўзбекистон: Мухолифат фаоллари сайловдан олдин ва кейин тазйиқларга учради

Сурат манбаси, IPHR/screengrab
Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) ва Инсон ҳуқуқлари йўлидаги халқаро ҳамкорлик ((IPHR) ташкилотлари Ўзбекистон ҳукумати охирги президентлик сайловларидан олдин қатор мухолифат фаолларини тазйиқ остига олганидан хавотирда эканини билдирганлар.
IPHR баёнотида айтилишича, Ўзбекистон расмийлари Хидирназар Оллоқулов, Маҳмуд Давронов, Жаҳонгир Отажонов ва бошқа фаол мухолифат аъзоларини 2021 йилги президентлик сайловлари олдидан қўрқитган ва тазйиқ остига олган.
"Улар ҳали ҳам кузатувда ва хавф остида қолмоқда", дейилади баёнотда.
AHRCA ва IPHR Ўзбекистон ҳукуматини бу ва бошқа сиёсий мухолифат фаоллари, ҳамда уларнинг оила аъзоларини босиб остига олишни тўхтатиш ва сиёсий мухолифат партияларини рўйхатга олишга чақирган.
Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 октябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида 80,1% овоз билан давлат раҳбари курсисини сақлаб қолди.
IPHR баёнотида айтилишича, сайловларда "мазмунли рақобат" бўлмаган.
"Президентликка номзодларни фақат расман рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар илгари суриши мумкин бўлиб қолар экан, биронта ҳақиқий мухолиф партия регистрациядан ўта олмади ва сайловга ўз номзодини илгари сура олмади", дейилади ҳужжатда.

Сурат манбаси, Facebook/BBC
Баёнотда Ўзбекистонда сайловларни бевосита кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 25 октябрда чиқарган илк хулосасидан ҳам иқтибослар келтирилган.
"Ҳақиқий рақобатнинг йўқлиги ва партиялар рўйхатдан ўтишига қўйилган оғир талаблар бу сайловлар ўтаётган сиёсий муҳитнинг плюралистик моҳиятини савол остига қўяди", дейилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг хулосасида.
Оллоқулов
IPHR билдиришича, "Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси раиси Хидирназар Оллоқулов ўзи, фарзандлари ва набираларига қилинган босимлар ортидан сиёсий фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини билдирган. Баёнотда айтилишича, у интернет троллари ҳужумлари, кузатувлар, ИИБ идораларидаги сўроқлардан ташқари номаълум шахслар томонидан жисмоний ҳужумга учраган, уни ўзи, қизи ва ўғлига қарши қатор маъмурий ишлар очилган.
Оллоқулов эндиликда "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" номи остида янги партия тузиш ниятида эканини билдирган. Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон Адлия вазирлиги унинг партияси қонун талаблари доирасида етарлича овоз йиға олмаганини айтган, аммо партия аъзолари маҳалла қўмиталари таҳдидлари ва босимлари остида ўз имзоларини қайтариб олишга мажбур бўлишганини билдирганлар.
Давронов
"Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси раисининг собиқ ўринбосари ва янги тузилган "Озод ватан" партиясининг раисдоши Маҳмуд Давронов ҳам, IPHRга кўра, ўзига қарши таҳдидлар, кузатув ва вақтинчалик ҳибсдан шикоят қилган.
Баёнотда, хусусан, Давронов 2021 йил 26 майида аллақачон тўлаган жарималари учун йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан уч марта қўлга олингани, 5 июнда автобусдан тушириб олиниб ИИВ ходимлари томонидан таҳдидга учрагани, ҳамда хорижга чиқишига тўсқинлик қилиш учун унга қарши сув ва газ тўловларидан қарздорлик айблари сохталаштирилгани айтилади.
Отажонов
IPHR баёнотида айтилишича, "Эрк" партияси фаоли Жаҳонгир Отажонов ҳам давлат, ва ҳам нодавлат гуруҳлар томонидан тазйиқларга учраган.
Ташкилот ёзишича, "Эрк" партияси 26 майда уни президентлик номзоди сифатида тақдим қилганида, номаълум шахслар гуруҳи унинг уйига бостириб кириб, унга ҳақоратлар ёғдиришган ва тухумлар отишган. У, шунингдек, июнь ва июль ойларида уч марта Ички ишлар бошқармасига чақирилган ва, агар сиёсий фаолиятини тўхтатмаса, оила аъзоларига муаммолар бўлишидан огоҳлантирилган, дейилади баёнотда.
Отажонов сиёсий фаолиятини вақтинча тўхтатса-да, "Эрк" партияси аъзоси бўлиб қолаётганини билдирган. Баёнотга кўра, у ўзига қарши янги босимлар бўлаётгани, хусусан, сохта алимент тўламаслик айбловлари асосида 17 октябрда мамлакатдан чиқишига рухсат берилмаганини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














