Мухолифатсиз ўтаётган сайлов - бу сафарги парламент сайлови нимаси билан фарқланади? Видео

Сурат манбаси, ЎзЛиДеП
Ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг иккинчи марта парламент учун сайловда қатнашади. Бу сайлов ўтган галгисидан фарқ қиладими?
Ўзбекистон илк маротаба ҳам депутатларга ҳамда партияларга овоз бериб аралаш сайлов тизимини синовдан ўтказади. Хўш ушбу ўзгариш ягонами?
Номзодлар
Бу сафарги сайловда парламентга номзодларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил қилмоқда. Бу ҳукуматнинг гендер тенглигини таъминлаш борасида ташлаган жиддий қадами сифатида баҳоланмоқда. Бундан ташқари амалдаги вазир ва бошқа мулозимларнинг ҳам ўз номзодини қўйганини кўриш мумкин.
Яна бир эътиборли томони ўтган сафар депутат бўлиб халқ манфаатлари ҳақида кўпроқ гапиргани билан танилган депутатлар Расул Кушербаев ва Дониёр Ғаниевлар бу сафар қатнашмаяпти.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сўз эркинлиги
Ўтган сафарги сайлов арафасида Ўзбекистон сўз эркинлиги шамоли эса бошлаган вақтга тўғри келган ва ўша йиллари сўз эркинлиги рейтингида ўз мавқеини кескин яхшилаб олганди.
Бу сафарги сайлов олдидан ушбу мавқе заифлашди. Ўзбекистонда блогер ва журналистлар турли айблар билан қамала бошлади. Аммо ҳозирча бирор партия ушбу кўрсатгични яхшилаш, сўз эркинлиги қадрияти учун курашишга қандай тайёр эканлиги борасида ҳозирча ҳеч нарса демади.
Saylovlarda faqat ovoz berish yashirin, boshqa barcha narsa oshkoradir...
Сиёсат ва чироқ
Ўзбекистон парламенти бу сайловга электр инқирози билан қайта юзлашган ҳолда кириб келмоқда. Шавкат Мирзиеёв ҳокимиятга келгач узлуксиз берила бошланган ток, сўнгги йилларда яна тез-тез ўча бошлаган. Бу сайловнинг олдингиларидан фарқи эса бундай йирик сиёсий тадбирга қарамасдан светнинг ўчиб қолаётганидир.

Сурат манбаси, Getty Images
“Олдинги сайловлар ҳақиқатда свет ўчмаслик рамзи эди. Декабр ойининг сўнги ҳафтасида бўладиган сайлов пайти ўчмасди. Пахта тугаши ва сайлов кунлари орасидаги зиммистон кунларида қалбларга ҳеч бўлмаса уч кун ёруғлик олиб келарди”, дейди Файзулла Ҳолбутаев.
“Эрталаб кўзингни очганинда свет бўлмаса, демак сен Ўзбекистонни пойтахтида уйғонган бўласан. Аввалги энергетикларда сал бўлса ҳам виждон бўларди: сиёсий жараёнлар (сайлов, президент ташрифи) арафасида светни ўчиришга уялишарди. Ҳозир эса фарқи йўқ”, деб ёзади Мирсаид Хайдаров.
Дебатлар
Тошкент шаҳридаги “Дебат Холл” медиа маркази бир ой давомида ҳар жума куни партиялар ўртасида сиёсий баҳслар ўтказилди. Бу жараёнлар Миллий медиа бирлашмасига аъзо телеканаллар ҳамда лойиҳанинг ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларида тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Сурат манбаси, Milliy media birlashmasi
“Дебат Холл” ташкилотчиларига кўра, баҳсларда асосан партияларнинг ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва ташаббусларининг мазмун-моҳияти ҳамда ҳаётийлигига эътибор қаратилган.
Ушбу марказда сиёсий партиялар раислари ўртасида ўтказилган илк теледебат ижтимоий-иқтисодий масалаларга бағишланган ва партиялар номзодлари ўртасидаги дебатлар эса “Давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ масалалари”, “Иқтисодиёт ва тадбиркорлик”, “Илм-фан, таълим ва ёшлар сиёсати” каби мавзулар билан давом этди.
Сиёсий партиялар ўртасидаги баҳсларни олиб борган Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа "Сайловларда фақат овоз бериш яширин, бошқа барча нарса ошкорадир", дейди.
Теледебатнинг ҳар бир раундида сиёсий партиялар номзодлари қисқа вақт оралиғида ўзларининг сайловолди дастури, муҳим концептуал мақсад ва вазифаларини илгари суришди.
Ўзбекистондаги сиёсий баҳслар мамлакатдаги давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, телеканаллар, ижтимоий тармоқларда ўзбек, рус, инглиз тилларида сурдо таржимаси билан бериб борилган.
Бироқ кузатувчилар бу йилги сайловда айрим партиялар ваъда эмас натижа деган шиорни олиб чиққан бўлса-да, дебатларда партиялар янги ваъдаларни беришда давом этганини айтишади.
Айримларга кўра, бу йилги дебатлар ўтган сафарги дебатлар билан солиштирганда қизғин бўлмади.
Асосан савол-жавоб тарзида ўтган дебатларда партияларнинг сайловолди дастурлари муҳокама марказида бўлди. Ўтган беш йилда эришилган ёки эришилмаган мақсадлар сарҳисоб қилинмагани айтилмоқда.
Ўтган сафарги сайлов олдидан қизғин дебатнинг ташкил қилиниши, сайловчиларда сиёсий фаолликни қайтаргани айтилади.
Мухолифат
Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери парламент сайловларида ўзгармас жиҳат сифатида унга мухолифатнинг қўйилмаслиги эътироф этилади.

Ўтган галги сайлов арафасида ва ундан сўнг Ўзбекистонда мустақил ва мухолиф партия тузиш ҳаракатлари бўлганди. Аммо бу сайлов арафасида партия тузиш ҳаракатлари ҳам сўнди ёки сўндирилди.
Мамлакат сайловга синовдан ўтган анъанавий партиялар билан кириб келяпти.
“Бу сайлов фуқароларимиз учун, хеч нарса қилиб беролмайди. Чунки, Ўзбекистондаги 5-та қўғирчоқ партиялар давлат бюджети хисобидан кун кўришса-да, ўзбек халқининг муаммоларини ечиб беролмаган ва ҳал қилиб беролмайди ҳам. Бунақа маддоҳ партиялар кимга кераги бор?! Қайёққа қараманг, сохта депутатлар, сохта табассум, сохта ваъдаларни бериб, халқимизни алдашдан нарига ўтишолмаяптилар. Шунинг учун, "Ўзбекистон Парламент Сайлови"га қатнашдан бош тортинг ва сайловни, "Байкот!" деб эълон қилинг! Бу Сизнинг конистутсавий хақ-хуқуқларингиздир”, дейди фаол Фахриддин Тиллаев.
Умид
Шундай бўлса-да, одамлар орасида халқ дардини баралла айтадиган якка номзодлар чиқишига умид сўнмаган.
“Ўтган сафарги сайловларда ҳеч ким кутмаган тарзда Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев каби халққа ён босадиган депутатлар чиқиб қолганди. Бу сафар ҳам шундай номзодлар бўлиши мумкин”, дейди Мусанниф Адҳам.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














