АҚШнинг Венесуэла раҳбарини қўлга олгани Россия ва Хитой сиёсатига қандай таъсир қилиши мумкин?

- Author, Шон Юан
- Role, Глобал Хитой бўлими
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Ню-Йоркда гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ савдоси бўйича айбловларга нишон бўлдилар. Айни пайтда, таҳлилчилар АҚШнинг Венесуэла раҳбарини қўлга олгани халқаро тартибот учун қандай оқибатларга олиб келиши ва бошқа давлатларни ҳам айни турдаги амалларга руҳлантириши мумкинлигини айтмоқдалар.
Президент Доналд Трамп АҚШ ҳокимият "хавфсиз, тўғри ва оқилона" алмашгунга қадар Венесуэлани "бошқариши"ни айтди. У яна Гренландияни қўшиб олиш чақириқларини такрорлади ва ғарбий ярим шарда АҚШ ҳукмронлигини таъкидлайдиган 1823-йилги Монро доктринасини эслади.
Венесуэланинг қўшнилари ва узоқ муддатли иттифоқчилари бўлган Россия ва Хитой АҚШнинг ҳаракатларини қораладилар.
Улар бу халқаро ҳуқуқни бузади ва бошқалар учун прецедент яратади деб ҳисобламоқда.
Бироқ Вашингтоннинг иттифоқчилари муносабат билдиришда эҳтиёткор бўлдилар, Буюк Британия, Германия ва Франция қоралашдан ўзларини тийдилар.
Хўш, Хитой ва Россия вазиятни қандай баҳоламоқда ва бу уларнинг ҳаракатларига қандай таъсир қилиши мумкин?
Бу Хитой учун нимани англатиши мумкин?
"Агар Қўшма Штатлар жиноий хатти-ҳаракатларда айблаган хорижий раҳбарларни қўлга олиш учун ҳарбий куч ишлатиш ҳуқуқига даъво қилса, Хитойни Тайван раҳбариятига нисбатан худди шундай ҳуқуққа даъво қилишдан нима тўсади?" деди АҚШ Демократик партияси сенатори Марк Уорнер ўз баёнотида. "Бу чегара бузилгач, глобал тартибни сақлаб турган қоидалар қулай бошлайди ва авторитар режимлар бундан аввало фойдаланади."
Хўш, сенатор ҳақми, Вашингтоннинг ҳаракатлари Хитойни Тайванга, яъни Хитой ўзиники деб ҳисоблайдиган ва зарур бўлса куч билан қайтариб олмоқчи бўлаётган демократик ўз-ўзини бошқарадиган оролга қарши шундай ҳаракат қилишга ундаши мумкинми?
Муқаррар эмас, дейди Сингапурдаги Нанянг Технология университети доценти Ху Тян Бун. "Хитойликлар бу икки масала ўртасида параллел кўрмайдилар... Хитойнинг Трампдан намуна олиши эҳтимоли жуда оз."
Таъкидлаш жоизки, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Вашингтоннинг куч ишлатишини халқаро ҳуқуқни бузиш ва Венесуэла суверенитетига тажовуз сифатида қоралаб: "Биз ҳеч қачон бирор давлат халқаро полиция вазифасини бажаришини маъқулламаймиз", деди.

Сурат манбаси, Reuters
Бошқа экспертлар икки минтақа ўртасида асосий фарқ борлигини қўшимча қиладилар.
Пекин учун Тайван – провинция, Венесуэла эса суверен давлат, шунинг учун у Тайванга нисбатан ҳар қандай ҳаракатни ички иш деб ҳисоблайди.
Таҳлилчилар фикрича, Хитой учун Тайванга бостириб киришни оқлаб ўтириш шарт эмас, унга фақат имконият керак.
Тайван парламенти аъзолари ҳам Тайван ҳукумати раҳбарини қўлга олиш Пекиннинг режасида йўқ деб ҳисоблайдилар.
"Хитой ҳукумат раҳбарини мажбуран четлатиш ёки бутун Тайван оролини бомбалаб, кейин ташлаб кетишни эмас, балки бирлашиш ва бошқаришни истайди," деди тайванлик депутат Хоу Хан-тинг CTi News'га. "Демак, фақат шу нуқтаи назардан, АҚШ ҳозир Венесуэлада қилаётганини такрорлаш Пекиннинг Тайванга муносабатига мос келмайди."

Бироқ баъзи кузатувчилар АҚШ Кариб денгизига муҳим денгиз кучларини жойлаштирганини Пекин Вашингтон диққат марказидаги вақтинчалик ўзгариш сифатида қабул қилишини таъкидлашмоқда. Бу ҳол АҚШнинг бошқа минтақалардаги ҳарбий тезкорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо Би-би-си билан суҳбатлашган экспертлар бу Пекиннинг Тайванга нисбатан ҳисоб-китобини ўзгартирмаслигини ҳам айтишди – орол ҳали ҳам АҚШ билан кенг кўламли шартномаларга эга ва Вашингтондан катта миқдорда қурол-яроғ сотиб олмоқда.
Бироқ Хитой АҚШ ҳатти-ҳаракатлари ҳақида глобал тасаввурларни шакллантиришдан наф кўриши мумкин.
Бу хитойлик дипломатлар ва ОАВга Қўшма Штатларни халқаро меъёрларни бузадиган беқарор куч сифатида, Хитойни эса суверенитет муҳофизи сифатида кўрсатиш имконини беради.
Шунга қарамай, танқидчилар Хитойнинг Жанубий Хитой денгизи каби баҳсли ҳудудлардаги фаоллигини таъкидлайдилар. Бу жойларда сунъий ороллар қурилган, ҳарбийлаштирилган, қирғоқни қўриқлаш ва ҳарбий-денгиз кучларидан фойдаланилган.
Хитойнинг Венесуэла билан муносабатларига келсак, бу йигирма йилдан ортиқ вақт давомида ривожланган, чуқур иттифоқдан кўра кўпроқ имкониятларга асосланган эди.

Сурат манбаси, Miraflores Palace/ Reuters
Аввал Уго Чавес, кейин Николас Мадуро даврида Каракаснинг Вашингтон билан муносабатлари ёмонлашгани сабабли Пекин билан яқинлашди. Хитой Венесуэланинг энг йирик кредиторига айланди; қарзлар асосан нефт билан тўланди ва бунинг эвазига Пекин энергия таъминоти ва сиёсий дастак берди.
Вақт ўтиши билан Хитойнинг Венесуэладаги фаолияти унинг бутун Лотин Америкасидаги кенгроқ иштироки рамзига айланди. Хитой қитъада бозорлар, табиий ресурслар ва дипломатик қўллаб-қувватлов излади, айни пайтда, ўзини суверенитет ва ички ишларга аралашмаслик тамойилини ҳурмат қиладиган ҳамкор сифатида кўрсатди.
Бироқ Хитойнинг Лотин Америкасига кириб бориши тобора кўпроқ тўсиқларга дуч келмоқда – яқинда Панама Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" инфратузилма лойиҳасидан чиқди ва Гондурасда бўлиб ўтган сўнгги сайловларда Трамп қўллаб-қувватлаган номзод Насри Асфура ғалаба қозонди.
2023 йилда Тайпейдан узоқлашиб, Пекинга яқинлашган бу мамлакат Тайван билан дипломатик алоқаларни қайта тиклаши мумкин.
Бу Россия учун нимани англатиши мумкин?

Сурат манбаси, Reuters / Alexander Zemlianichenko
АҚШ сенатори Марк Уорнер Хитой вазиятни қандай баҳолаши мумкинлигига эътибор қаратиш билан бирга, АҚШнинг ҳаракатлари Москванинг ўз стратегик мақсадларига дипломатик эмас, балки ҳарбий йўл билан эришиш истагини кучайтирмайдими деб савол қўйди: "Украина президентини ўғирлаш учун шунга ўхшаш баҳона келтирмасликдан Владимир Путинни нима тўсади?" деди у.
АҚШнинг Венесуэладаги операциясига Россиянинг муносабати Янги йил байрамлари туфайли ҳозирча эҳтиёткор. Гарчи Россия дипломатлари Қўшма Штатларни қоралаб, президент Мадурони озод этишни талаб қилган бўлса-да, президент Владимир Путин ҳали жамоатчилик олдида изоҳ бергани йўқ.
Шундай бўлса-да, Кремл воқеалар ривожини диққат билан кузатаётганига шубҳа йўқ.
Вазият Путинни мураккаб аҳволга солмоқда. Эҳтимол, у АҚШнинг Венесуэладаги операциясидан Украинага босқинни оқлаш учун фойдаланиши мумкин – у бир неча бор Ғарбни икки томонлама стандартларда айблаб, масалан, Ироқдаги уруш ва НАТОнинг Югославияни бомбалаганини эслаган эди.
Путин аввалдан АҚШга ишонмаган ва Вашингтонни бошқа давлатлар ички ишларига аралашгани учун бир неча бор танқид қилган, бу стратегияни Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларга путур етказган омиллардан бири деб ҳисоблаган. Мадуронинг ўз ётоғидан олиб кетилгани Кремлнинг АҚШ бошчилигидаги режим ўзгартириш ҳаракатларидан хавотирини янада кучайтириши мумкин.
Бироқ Американинг "ўзи жойлашган ярим шарда" етакчиликка даъвоси Кремлнинг ўз мафкураси билан ҳамоҳанг. Путин ҳам Россия ўз чегаралари бўйлаб манфаатларини фаол ҳимоя қилишга ҳақли, деб ҳисоблайди.
Бир пайтлар Кремл Украинада осон ғалабани кўзлаган эди, аммо кенг кўламли босқиндан деярли тўрт йил ўтибди ҳамки, Россия ҳамон Украина шарқида депсиниб турибди – бу Трампнинг Венесуэладаги тезкор операциясидан кескин фарқ қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган йил давомида Путин Вашингтонни Москва томонга оғдиришга ва Киевга халқаро қўллаб-қувватловни заифлаштиришга умид қилди. Бу оҳангнинг сезиларли ўзгариши билан кечди: Путин раҳбарлигидаги Россия амалдорлари одатда президент Трампни тўғридан-тўғри танқид қилишдан ўзларини тийдилар.
Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларнинг муҳим палласида Москва Қўшма Штатлар билан муносабатларни янада мураккаблаштиришни хоҳламайди.
Венесуэла билан муносабатларга келсак, Россия мамлакатнинг асосий иттифоқчиларидан бири, узоқ йиллик алоқалар энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, нефт лойиҳалари ва қурол-яроғ етказиб беришгача қамраб олади.
2005-2017 йиллар оралиғида Москва Каракасга Су-30 учоқлари ва С-300 ҳаво мудофааси тизимларини ўз ичига олган 11 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги қуролларни сотди ва қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.
Бироқ "Россиянинг ҳаво мудофааси тизимлари унчалик яхши ишламаган кўринади, шундай эмасми?" деди 5 январ куни АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет.
2006 йилдан бери Москва, Reuters ахборот агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 17 миллиард долларлик кредитлар ва кредит линияларини тақдим этган.
Булар иқтисодий эмас, сиёсий сармоялар эди. Мадуро 2014 йилда Москва Қора денгиздаги Қрим ярим оролини ўзига қўшиб олганида Қримни Россиянинг бир қисми деб тан олган ва Путиннинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаган кам сонли раҳбарлардан бири бўлган эди.
Венесуэла Россиянинг энг сўнгги сўзсиз иттифоқчиларидан бири. Унинг авторитар раҳбари четлатилгани Москва Украина билан машғуллигида Россияга дўстона режимлар учун яна бир зарба бўлди.
Шунга ўхшаш вазият бошқа жойларда ҳам кузатилган. Сурияда мухолифат кучлари 2024 йилда Россиянинг иттифоқчиси Башар Асадни ағдарди. Москванинг яна бир яқин ҳамкори бўлган Эроннинг ядровий дастури АҚШ зарбалари остида қолди, Россия эса бунга деярли қаршилик кўрсатмади.
Ушбу ҳолатлар йиғилиб, Россия билан дўстликнинг сиёсий ва ҳарбий қиймати ҳақида ноқулай саволларни туғдиради. Ўтган йили Москва ва Каракас стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди, аммо АҚШ Мадурога қарши ҳаракат қилганида, Москва ўз иттифоқчисини ҳимоя қилиш учун ҳеч нима қилмади.
Москвада АҚШнинг Венесуэладаги ҳаракатлари охир-оқибат барбод бўлишига умид бор, чунки узоқ муддатли режанинг аниқ тафсилотлари ва бундай режимни муваффақиятли ўзгартириш учун ишончли мисоллар йўқ.
Москва 1979 йилда саройни эгаллаш билан бошланган, аммо ўн йиллик урушга айланган Совет-Афғон урушини эслаши мумкин.












