Жазоир қонунчилиги Франциянинг мустамлакачилигини жиноят деб эълон қилди

Жазоирлик эркак миллий байроқ билан ўралган тобутлар олдида салом беради.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йилда Франция мустамлакачиликка қарши курашган 24 нафар жазоирлик жангчилар жасадларини қайтарган
    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Жазоир парламенти бир овоздан Шимолий Африкадаги бу давлатни Франция томонидан мустамлакага айлантирилишини жиноят деб эълон қилувчи қонунни қабул қилди. Шунингдек, узр сўраш ва товон тўлашни талаб қилди. Давлат телеканали хабарига кўра, қонун мустамлакачиликни улуғлашни ҳам жиноят деб белгилайди.

Бу овоз бериш икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар тобора ёмонлашаётганининг яна бир исботи бўлиб, айрим кузатувчилар фикрича, муносабатлар Жазоир 63 йил аввал мустақилликка эришганидан бери энг салбий кўрсатгичда.

Франциянинг 1830 йилдан 1962 йилгача Жазоирни мустамлака қилиши оммавий қирғинлар, кенг кўламли сургунлар билан кечган ва қонли мустақиллик уруши билан якунланган. Жазоир урушда 1,5 миллион киши ҳалок бўлганини айтади, француз тарихчилари эса бу рақам анча паст эканлигини таъкидлайди.

Алоқадор мавзулар:

Франция президенти Эммануэл Макрон аввалроқ Жазоирнинг мустамлакага айлантирилишини "инсониятга қарши жиноят" деб тан олган, бироқ узр сўрамаган.

AFP ахборот агентлиги хабарига кўра, қонун лойиҳаси парламентдан ўтганида депутатлар миллий байроқ рангидаги шарф тақиб, "Яшасин, Жазоир" деб ҳайқириб, олқишлашди.

Algeria's Foreign Minister Ahmed Attaf
EPA
Huquqiy mexanizm kompensatsiyani "had’ya yoki marhamat" sifatida ko‘rmaslikni ta’minlaydi.
Ahmad Attaf
Jazoyir Tashqi ishlar vaziri

Қонунда Франция "сабабчи бўлган фожиалар учун қонунан жавобгар " экани таъкидланади ҳамда "тўлиқ ва адолатли" товон тўлаш Жазоир давлати ва халқининг "дахлсиз ҳуқуқи" сифатида белгиланган. Франция ҳозирча овоз бериш бўйича изоҳ бермади.

Бу қарор Ғарб давлатларига қуллик ва мустамлакачилик учун товон тўлаш ҳамда музейларида сақланаётган талон-тарож қилинган артефактларни қайтариш бўйича босим кучайган бир пайтда қабул қилинди.

Жазоирлик қонунчилар Франциядан XVI асрга оид бронза тўп - "Баба Мерзоуг" ("Баракали ота") номи билан танилган, илгари Жазоир пойтахти бўлган Жазоир шаҳрининг ҳимоячиси сифатида кўрилган қуролни қайтаришни талаб қилиб келмоқда.

Француз қўшинлари 1830 йилда, учинчи уринишда, шаҳарни эгаллаб, тўпни олиб кетган. Ҳозир у Франциянинг шимоли-ғарбида, Брест портида сақланмоқда.

Алоқадор мавзулар:

2020 йилда Франция XIX асрда мустамлакачи кучларга қарши курашда ҳалок бўлган 24 нафар жазоирлик жангчи жасадларини қайтарган эди. Ўтган ой Жазоир адолат ва товон тўлаш масаласини илгари суриш учун Африка давлатлари конференциясига мезбонлик қилди.

Жазоир ташқи ишлар вазири Аҳмад Аттаф таъкидлашича, ҳуқуқий механизм компенсацияни "ҳадъя ёки марҳамат" сифатида кўрмасликни таъминлайди.

Ўтган 2024 йил, Макрон Франциянинг Ғарбий Саҳрода Марокаш суверенитетини тан олишини ва баҳсли ҳудуд учун чекланган автономия режасини қўллаб-қувватлашини эълон қилганида, Жазоир ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар ёмонлашди,

Жазоир Ғарбий Саҳрода мустақиллик тарафдори бўлган Полисарио Фронтини қўллаб-қувватлайди ва унинг асосий иттифоқчиси сифатида кўрилади.

Жазоир аэропортида ҳибсга олиниб, беш йилга қамалган, француз-жазоир ёзувчиси Боуалем Сансал, ўтган ой президент Абделмажид Теббоуне томонидан авф этилган эди.

Прокуратура уни Жазоир чегараларини шубҳа остига қўювчи фикрлар билдиргани учун миллий хавфсизликка таҳдид солганликда айблаган.