Юмшоқ куч? Чўлпон шеърини ўқиган Эрдўған Туркий давлатлар бўйича қарашларини эълон қилди

Туркия раҳбарининг тақдимотдаги чиқиши

Сурат манбаси, Akparti

Сурат тагсўзи, Туркия раҳбарининг тақдимотдаги чиқиши
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Туркия ҳукуматидаги "Адолат ва тараққиёт" партияси ташкил қилган "Турк дунёси истиқболи" номли ҳужжат тақдимотида Президент Ражаб Тойиб Эрдўған туркий давлатлар билан бирлашиш зарурати ҳақида гапирди.

У ўз нутқида Чўлпоннинг "Гўзал Туркистон" шеъридан иқтибос келтирди.

"1930-йилларда, истило ва зулм чидаб бўлмас даражага етганида, Ўзбекистоннинг жасур ўғли Сулаймон Чўлпон кейинчалик отиб ўлдирилишидан олдин ёзилган шеърида шундай деб ҳайқирган эди:

Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?

Саҳар вақтида гулларинг сўлди.

Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,

Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?

Ҳа, бизнинг сўнгги икки асримиз нафақат миллатимиз, балки бутун туркий дунё учун қийинчиликлар, машаққатлар, азоб-уқубатлар ва ишғолларга тўла бўлди. Маданий жўғрофиямизнинг кўплаб минтақаларида ўша ерларнинг қадимги ўзига хосликлари, тиллари ва диний қадриятлари тақиқланган, халқлар парчаланиб кетган эди. Биз том маънода парчаланиш даврини бошдан кечирдик", - деди Туркия президенти.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Президент Эрдўған ўтмишда ҳам ўз нутқларида Чўлпоннинг шеърларига юзланган. 2018 йил Ўзбекистон Олий Мажлисида қилган нутқини у Чўлпоннинг «Тўфон» шеъри билан якунлаганди.

Бу қандай ҳужжат?

15 декабрда тақдим этилган "Турк дунёси истиқболи ҳужжати" ("AK Parti Türk Dünyası Vizyon Belgesi") бош партиянинг туркий давлатлар бўйича стратегиясини чизади.

Унда туркий дунё бўйича қарашлар, мақсадлар ва устувор масалалар белгиланган.

Ҳужжат қонуний кучга эга эмас. Унда туркий миллатлар орасидаги сиёсий ва дипломатик ҳамкорликлар, иқтисодий бирлашув ва савдо, энергия ва транспорт даҳлизлари, маданий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик, мудофаа ва минтақавий хавфсизлик каби жиҳатлар бўйича Туркиянинг қарашлари ўрин олган.

Erdogan
Reuters
Biz bu hujjatimizni umumiy alifbo bilan oltita lahjada tayyorladik. Bu hujjatimiz partiyamizning turkiy dunyodagi birlik va uyushqoqlikni mustahkamlash yo‘lidagi irodasi isboti.
Rajab Toyib Erdog'an
Turkiya prezidenti (bbc.com/uzbek)

Кузатувчиларга кўра, ҳужжат Туркиянинг кенгроқ ташқи сиёсати ва юмшоқ қудрат стратегиясига мос.

Аммо, унда Туркия сиёсий лидер сифатида намоён қилинмаган, аксинча, "öncü ülke" (етакчи давлат), "kolaylaştırıcı" (мувофиқлаштирувчи), "eşit ortaklık" (тенг ҳамкорлик) ва "çok taraflı iş birliği" (кўп-томонлама ҳамкорлик) каби иборалар қўлланилгани айтилади.

Эрдўған раислик қилувчи "Адолат ва тараққиёт" партияси ҳужжатнинг тўлиқ версиясини ўз сайтида чоп қилмаган.

Олтмиш битта пунктдан ташкил топган "Турк дунёси истиқболи ҳужжати" ҳақида гапирар экан, Эрдўған у иқтисодий ҳамкорликдан тортиб ёшлар сиёсатигача бўлган соҳаларни қамраб олишини билдирди.

"Биз бу ҳужжатимизни умумий алифбо билан олтита лаҳжада тайёрладик. Бу ҳужжатимиз партиямизнинг туркий дунёдаги бирлик ва уюшқоқликни мустаҳкамлаш йўлидаги иродасига аниқ исбот", - деди у.

Иқтисод

Президент Эрдўғаннинг айтишича, иқтисодий даҳлизлар, логистика йўналишлари ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш турк дунёсини дунёдаги илғор иқтисодий кучлардан бирига айлантиради.

Унга кўра, Анқара туркий давлатлар билан ташқи савдо айланмасини ўрта муддатли келажакда 60 миллиард долларга, ўзоқ муддатда эса 100 миллиард долларга етказишни режаламоқда.

Охирги беш йил ичида, хусусан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси 15,8 миллиард долларга етган.

Ашхободда 12 декабрда ўтган саммитга Россия Президенти Владимир Путин ҳам келди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ашхободда 12 декабрда ўтган саммитга Россия Президенти Владимир Путин ҳам келди

Президент Боқудан Нахичевангача бўлган "ўрта даҳлиз", ҳамда Каспий денгизи узра ўтувчи маршрутларни ягона тизимга бирлаштириш туркий давлатлар ўртасидаги савдони тезлаштиришини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, охирги йилларда туркий давлатлар ўртасида ошган ўзаро ишонч олдинга қўйилган мақсадларга эришиш осонлашганини англатади.

"Туркий дунёнинг келажагига боғлиқ режалар энди абстракт таклифлар доирасидан чиқиб, конкрет режаларга айланяпти", - деди Туркия раҳбари.

Унинг айтишича, туркий халқларнинг бирлашишига ва «ягона юрак» бўлиб уришига икки асрки тўсиқлар қўйиб келинган, ҳамда ўзлиги ва қадриятларини ҳимоя қилган зиёлилар "туронизм"да айбланган, турмага ташланган ё сургун қилинган.