Россияда ўспиринлар қандай қилиб неонацистга айланмоқдалар?

Рисунок, на котором изображен человек, закрывающий лицо пистолетом

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

    • Author, Амалия Затари
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 15 дақ

Россияда неонацистлар яна фаоллашди – бу улар томонидан содир этилган жиноятлар сони кўпайишида кўринмоқда. Кўпинча вояга етмаган ўсмирлардан иборат замонавий нацист-скинхедлар муҳожирлар ва ноодатий турмуш тарзидаги одамларга ҳужум қилиб, буни видеога оладилар ва интернетга жойлаштирадилар, ҳозирча қотиллик содир этмаяпти, холос. Ҳар ҳолда, 2000 йиллардаги ўтмишдошларичалик эмас.

Би-би-си Костромадаги ёшлар гуруҳи мисолида бугунги ёш неонацистлар кимлар экани, кўпчилик бўлиб футбол томошасига бориш одамларга ҳужумлар билан якунлангани, кучишлатар тизимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан нега яна неонацист ғоялар Россия ёшлари орасида оммалашгани, бунда Тик-ток ва Телеграмнинг роли қандайлиги ҳақида ҳикоя қилади.

"Телбалар" ва " кэжуаллар"

2024 йил бошида Волга бўйидаги 264 минг аҳолига эга қадимий Кострома шаҳрида неонацистлар тўдаси пайдо бўлди. Унинг аъзолари вояга етмаган ўсмирлар эди.

Ҳаммаси Telegram'даги ёпиқ каналдан бошланди, дейди ўша пайтда 17 ёшда бўлган гуруҳнинг собиқ аъзоси Антон (исми ўзгартирилган): "Аввалига бу шунчаки танишлар учун канал эди: сайр қилиш, ўйинга бориш учун."

Алоқадор мавзулар

Кўп ўтмай, маҳаллий футбол жамоаси ўйинларига боришдан ташқари, улар Кострома кўчаларида свастикалар, келт хочлари ва бошқа ултра-ўнг рамзларни чиза бошладилар. Ўсмирлар шаҳар деворларида неонацистик ёзувларни ва ўз тўдалари номини - Made With Hate ("нафрат билан ясалган" - инглизча) қолдиришарди.

Ёзга келиб, тўда кўп ҳолларда ўзи бошлаган муштлашувларда фаол иштирок эта бошлади. "Бир гуруҳ бўлиб йиғилиб, кимнидир дўппослашлари мумкин эди, – дейди Антон, – Аввалига шунчаки бориб, гиёҳвандлар ва ичкиликбозларни қидириб, уларга ҳужум қилишарди. Кейин сўл ҳаракатдагиларга (антифашистик ҳаракат иштирокчилари – Би-би-си) тинимсиз ҳужумлар бўлиб турди."

Ҳужумларни аксарият ҳолларда ўзлари тасвирга олиб, ўз каналларига жойлаштиришарди. Бу каналда аллақачон юздан ортиқ одам бор эди – нафақат Костромадан, балки Россиянинг бошқа шаҳарларидан ҳам, Антоннинг сўзларига кўра, ҳатто Украина ва Полшадан ҳам бир неча киши.

Уларни ўнг қарашлар бирлаштирган, аммо ҳар бирида радикаллик бор эди, дейди Антон: "Миллатчилар ҳам, ашаддий, тугалланган, телба нацистлар ҳам бор эди. Баъзи кэжуаллар (инглизча casual - "тасодифий, номунтазам" – Би-би-си) ҳам бор эди, улар ким биландир муштлашишмаса туролмасди. Улар шу гуруҳ билан юришар, биринчи бўлиб муштлашишарди."

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Ўзлари ҳам билишмайди"

Антон "биз" эмас, "улар" дейди ва суҳбат давомида тўданинг бошқа аъзоларидан иложи борича ўзини узоқ кўрсатишга уринади. "Мен ўшанда ҳеч нарсани тушунмасдим, ҳеч нарса ўқимасдим, шунинг учун ҳатто нимага амал қилишимни ҳам билмасдим," деб эслайди у.

У 10 ой давомида тўдада бўлган ва ўтган йилнинг октябр ойида неонацизмни "чуқурроқ тушунишни" бошлаганида уни тарк этишга қарор қилган.

Антон мавзу бўйича айнан нимани ўрганганлиги ҳақидаги саволга лўнда қилиб: "Адабиёт, тарих, видео таҳлиллар, ҳар хил китоблар..." деб жавоб беради. Аммо кейин у ўта ўнг мафкурадан ҳафсаласи пир бўлганини қўшиб қўяди, жумладан, россиялик "Тесак" лақабли неонацист Максим Марцинкевичнинг автобиографик китобини ўқиганидан кейин. Россия суди 2014 йилда бу китобни экстремистик деб топган.

"Мен тушундимки, улар [нацист-скинхедлар] ўзлари ҳеч нарсани билишмайди. Фақат юзаки, қандайдир кўпик. Мен бундай эмаслигимни англадим," дейди у.

Ракетница тутган ва бомбер кийган йигит

17 ёшли Ярослав (исми ўзгартирилган) Костромага Москва вилоятидан келган, у маҳаллий коллежга заргарлик бўйича ўқишга кирганди.

Ўтган йилнинг 16 ноябрида у дўсти билан 2009 йилда БОРН неонацистлари томонидан ўлдирилган антифашист Иван Хуторский ҳақидаги филм намойишига боришга қарор қилди. Намойишни Кострома антифашистик фаоллари қотилликнинг 15 йиллигига бағишлаб уюштирганди.

Ярослав дўсти билан намойишдан қайтаётганда, уларнинг олдига тўққиз киши келиб, сиёсий қарашлари ҳақида сўрай бошладилар, деб ёзади "Антифа.Ру" Telegram канали. Шундан сўнг улардан бири ракетница ёки сигнал тўппончаси деб аталадиган пистолетини олиб, Ярославнинг юзига қарата ўқ узган.

Рисунок, на котором условно изображен выстрел из ракетницы в лицо

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

Ўқ отилгандан сўнг, ҳужумчилар қочиб кетишди. Ярославнинг дўсти "тез ёрдам" чақирди, уни касалхонага ётқизишди, аммо кўзни сақлаб қолиш иложи бўлмади. Шундан сўнг, бир кўзи кўр бўлиб қолган Ярослав заргарлик бўйича ўқишни ташлаб, Москва вилоятига ота-онаси олдига қайтишга мажбур бўлди. У Би-би-си билан гаплашишни истамади.

Костромадаги ракетница билан боғлиқ воқеадан бир неча кун ўтгач, ҳужумда гумон қилинган 17 ёшли Кирилл (исми ўзгартирилган) қўлга олинди. Унга нисбатан қурол ишлатиб безорилик қилиш моддаси бўйича иш очилди (етти йилгача колония), суд ўсмирни тергов изоляторига жўнатди. Кейинроқ, декабр ойи бошида унга яна бир модда – 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи қуролдан фойдаланган ҳолда баданга оғир шикаст етказиш моддаси қўшилди.

Қонунга кўра вояга етмаганлар маълумотлари ошкор этилмаслиги керак, аммо Кострома суди бир марта тасодифан Кириллнинг исм-шарифини ва унинг адвокатларининг фамилияларини эълон қилди. Сўнг Би-би-си унинг ижтимоий тармоқларини топиб, у ҳақидаги очиқ маълумотларни ўрганишга муваффақ бўлди.

Кириллнинг онаси 2012 йилда, у атиги беш ёшда эканида вафот этган, шунинг учун болани опаси билан бирга отаси тарбиялаган.

Унинг "ВКонтакте"даги бир неча йилдан бери кирмаган саҳифасидаги профил суратларида сочи калта қирқилган кичкина бола тасвирланган. Бу суратларда оғир ботинка ва бомбер-куртка (скинхедлар учун хос кийим – Би-би-си) кийган, ракетница ҳужуми куни кузатув камераларига тушиб қолган баланд бўйли йигитни таниб олиш қийин.

Собиқ неонацист Антон Би-би-сига Кирилл ҳибсга олинишидан бир неча ҳафта олдин қўшилган Made With Hate гуруҳида бўлганини айтди. Кириллнинг отаси ва адвокати Би-би-си билан суҳбатлашишни истамадилар.

Автоматли одамлар

Декабр ойи бошида Костромада ракетница билан ҳужум қилиш факти бўйича яна бир киши қўлга олинди. У Кострома савдо ва озиқ-овқат техникумининг 17 ёшли талабаси бўлиб, ўзига Иккинчи Жаҳон уруши давридаги нацистлар концлагери номи билан Бухенвалд лақабини олган эди. Ҳибсга олингунга қадар у маҳаллий "Скалки Палки" ресторанида ошпаз бўлиб ишлаган (ресторандан Би-би-си сўровига жавоб келмади).

Антоннинг айтишича, айнан Бухенвалд Made With Hate гуруҳининг илғори бўлган. У "Бухенвалднинг нима учун умуман бу ўнг ҳаракатга қўшилганини" билмаслигини қўшимча қилади: "У бурят, лекин ўзи славян бўлмаса-да, ўзига ўхшаганларга қарши ва славян уруғи учун курашган."

Суд Бухенвалдни уй қамоғига жўнатди, аммо апелляцияда эҳтиёт чораси кучайтирилди ва ўсмир ҳибсхонага жўнатилди. Тергов версиясига кўра, у "неонацизм мафкурасига эргашиб," Костромада камида 15 кишидан иборат экстремистик жамоа ташкил этган ва унга раҳбарлик қилган. Улар 2024 йил июнидан ноябригача камида уч нафар маҳаллий аҳолига ҳужум қилишган, деб маълум қилди Тергов қўмитаси.

9 декабр куни эрталаб Антон эшик тақиллашидан уйғониб кетди. У туйнукдан қараш учун яқинлашди, лекин тақиллатаётганлар туйнукни қўллари билан бекитиб туришарди, ҳеч нарса кўринмасди. "Бу ФСБ," дейишди эшик ортидан.

"Мен уйқусираб, бу ҳазил бўлса керак, деб ўйладим. Бироз турдим, ҳазиллашдим, очмайман дедим. Охир-оқибат очдим ва чиндан ҳам автомат кўтарган одамлар кириб келишди," деб эслайди у.

Хавфсизлик хизмати ходимлари Антоннинг уйида тўрт соатча бўлишди, бу вақтда улар унинг онасини кутишди. Онаси кенжа қизини мактабга кузатиш учун кетган, хавфсизлик кучлари эса вояга етганларсиз тинтувни бошлаши мумкин эмасди – Антон ҳали вояга етмаган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг компютери ва телефонини олиб қўйиб, ўзини сўроққа олиб кетишди.

Антоннинг фикрича, у қўлга олинган, чунки ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Кострома нацист скинхедлари чатининг собиқ аъзолари орасида топган. Терговчи сўроқ пайтида унга ўша куни яна тўққиз киши ҳибсга олинганини айтди. Сўроқ ўтказилаётган Тергов қўмитаси биносида у бир неча собиқ сафдошларини ҳам учратди.

Терговчилар саволлари Made With Hate фаолияти билан боғлиқ эди – "гуруҳ қандай ташкил этилган, мен унда қанча вақт бўлганман, нима қилишган, нима учун кетганман." Сўроқдан сўнг у ва бошқа ҳибсга олинганлар экстремистик уюшма тузиш тўғрисидаги жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида қўйиб юборилди.

Би-би-си 16 ноябр куни ракетница ҳужумидан кейин қўзғатилган жиноят ишлари бўйича Тергов қўмитасига сўров юборди, бироқ бу мақола эълон қилинган пайтда ҳам жавоб олмади.

Анъаналарни тиклаш

Кострома воқеалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, аммо аслида бу Россиядаги неонацистларнинг янги тўлқини жиноятларининг бир мисоли, холос. Ўта ўнглар томонидан содир этилган ҳужумлар сони сўнгги йилларда яна ўсмоқда, гарчи бунгача 10 йил давомида камайган бўлса-да, рақамлар буни тасдиқлайди.

Ўнг радикаллар фаолиятини кузатиб борувчи "Сова" (Россияда "чет эл агенти" деб тан олинган) маркази маълумотларига кўра, ўтган йили ўта ўнгчиларнинг ҳужумлари оқибатида 259 киши жабрланган, улардан бири ҳалок бўлган. Бир йил аввал тадқиқотчилар 123 нафар жабрланувчини қайд этган эди.

Бундай ҳужумлар асосан вояга етмаганлар гуруҳлари томонидан содир этилади, уларнинг баъзилари 16 ёшга ҳам тўлмаган. Улар муҳожирларга, ташқи кўриниши славян бўлмаган шахсларга, уйсизларга, маст ҳолатдаги одамларга, ноодатий кўринишдаги ёшларга ва мафкуравий рақибларга ҳужум қилишади.

Янги нацист-скинхедлар, тадқиқотчилар ёзишича, "анъаналарни ва 2000 йилларда ишлаб чиқилган зўравонликнинг барча турларини" қайта тиклашга ҳаракат қилмоқдалар.

"Барча стандарт схемалар ва усуллар қайтди: сохта учрашувлар, "оқ вагонлар," пиплхейтинг, уйсизларни таҳқирлаш," дейди "Сова" тадқиқотчиси Вера Алперович.

Рисунок, на котором изображено избиение человека

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

Сохта учрашувлар Тесак ва унинг шериклари томонидан кенг қўлланилган – улар вояга етмаганлар номидан педофил деб ҳисобланганларга учрашувлар белгилаб, кейин уларни калтаклашган. "Оқ вагонлар" – 2000 йилларда россиялик нацист-скинхедлар орасида машҳур бўлган поездларда меҳмонларга ҳужум қилиш амалиёти. Пиплхейтерлик – ўта ўнг мафкура бўлиб, жамиятни тозалаш зарурлигини таъкидлайди. Пиплхейтерлар этник келиб чиқишидан қатъи назар, уйсиз, маст ёки гиёҳвандларга ҳужум қилишади.

Замонавий ўта ўнг қарашли ўсмирлар одамларга ҳужум қилиш тасвирлари каби кўплаб видео контентларни тарқатмоқдалар. Алперовичнинг айтишича, интернет фаоллигига ва "шов-шувга интилиш"га бўлган оммавий интилиш уларни ўтмишдошларидан ажратиб туради.

Нацистик цирк

"Шов-шувга бўлган чанқоқлик ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳим рол ўйнамоқда, – дейди Алперович, – Тесак бу маънода истисно эди ва кўплаб ўта ўнг қарашли кишилар уни айнан шу учун ёқтирмасди – у қизғин курашни от циркига айлантирарди. Бугун эса цирк асосий нарса бўлиб қолган, ҳеч бўлмаганда шундай таассурот уйғонади."

2000 йиллардаги ўта ўнг муҳитда "шунчаки кимнидир дўппослашни ёқтирадиган" одамлар кўп эди, аммо барибир ўша пайтда ҳаракатнинг асосини ғоявий неонацистлар - "неонацистик адабиётни кўп ўқиган ва ўз журналларини чиқарган мафкуравий жиҳатдан пишган одамлар" ташкил этарди.

Ҳозир Россияда нацист-скинхедларнинг фаоллиги яна ўсиб бормоқда, аммо ҳозирча бу субмаданият ибтидоий ҳолатда ва ҳали сиёсий ва мафкуравий жиҳатдан хом: "Булар аввалгидек ғоявий курашчилар эмас. Путин, уруш, Америка – буларнинг барчаси улар учун жуда мураккаб. Мана, мигрантлар бор – уларни калтаклаб, видеосини олиш керак, шу холос."

"2010 йиллар ўрталарида ўта ўнг ҳаракат деярли илдизи билан йўқ қилинди, – дейди Алперович, – ва шунинг учун [неонацистларнинг] янги авлоди аввалги авлоднинг тажрибасини унчалик яхши билмайди, улар аслида қолмади – кимдир Украинага кетди, кимдир вафот этди, кимдир қамалди, кимдир бомберини ечди. Одамлар кетди ва ҳозирги авлоднинг аввалги авлод билан алоқаси йўқ."

Замонавий ўта ўнг қарашли ўсмирларнинг олдинги авлод билан алоқаси фақат тармоқдаги видеолар ва "интернет шов-шув" даражасида сақланиб қолган, дейди Алперович: "Буларнинг барчаси шу кўринишда қайта тикланди."

Унинг фикрига неонацистлар тўдасининг собиқ аъзоси Антон ҳам қўшилади. Уларни собиқ сафдошлари билан "ноллардан [ўта ўнгларнинг олдинги авлоди] қолган ҳар хил видеоларни кўриш" илҳомлантирган.

"Сен ваҳимали мусиқа остида юрган скинхедлар видеосини кўрасан. Ва ўйлайсан: мен ҳам шундай бўлишни хоҳлайман," дейди Антон.

Замонавий ўта ўнг қарашлилар ўз ўтмишдошларининг кийиниш услубини ноллардан деярли айнан нусхалашади. "Бомберлар, оғир пойабзаллар, камуфляж, оқ боғичлар," дейди Антон ҳозирда Костромадаги радикал ўнг қарашли ёшлар киядиган нарсаларни санаб ўтиб. 2000-йилларда Россиядаги нацист скинхедлар шундай кийинишган ва ўз навбатида 1980-йиллардаги Британия скинхедлари модасига тақлид қилишган.

2010 йиллар охиридан бошлаб Россияда ўта ўнг ҳаракат аста-секин жонлана бошлади, дейди Алперович. Бунга, унинг айтишича, Россия расмийлари ва давлат оммавий ахборот воситаларининг ксенофобик риторикаси, шунингдек, "Россия жамиятининг умумий милитаристик йўналиши" ва нафақат Россияда, балки ундан ташқарида ҳам сиёсий кун тартибидаги ўнгга бурилиш – масалан, Европа ўнг популистларининг машҳурлиги ёки АҚШда Доналд Трампнинг ҳокимиятга келиши ёрдам берди.

Аммо Россияда ўнг қарашли ёшлар фаоллашувига 2020 йилда Челябинскдаги тергов ҳибсхонасида неонацист Тесакнинг ўлими катта туртки бўлди.

"Ўнг ва сўл қарашли ёшлар бир-бирларини исмма-исм билишади"

Костромалик 19 ёшли антифашист Егорнинг айтишича (у фамилиясини кўрсатмасликни сўради), Тесак ўлгач, унинг шахсига тўғридан-тўғри сиғиниш бошланди ва бу ерда кўплаб одамлар шу таъсир остида ўнг ҳаракатга қўшила бошладилар.

Егорнинг ўзи ўша пайтда "норасмий ҳаракатларга чуқурлаша бошлаган" ва шу муносабат билан ўнг радикал қарашлилар билан зиддиятлар юзага кела бошлаган. Ўшанда, 2020 йилда, улар "яланғоч муштда жанг қилишга шай эди," деб эслайди у. Унинг тенгдошлари, "футбол фанатларининг эски ўнг қарашли йигитлари" "бу борада ҳалолроқ" эди.

Сўнгги йилларда уларнинг ўрнига ўнг қарашли ёшларнинг янги авлоди – 16-17 ёшли ўсмирлар келди, "улардан ҳам ёшроқлари бор эди," улар "шаҳарда тартибсизликни бошладилар," деб ҳикоя қилади Егор: "Улар ташқи кўриниши, эътиқоди учун тўда бўлиб кимгадир ташланишар эди. Масалан, ноодатийлар ва уларга жавоб қайтара олмайдиган ҳар хил одамларга."

Охир-оқибат, давом этади у, "улар турли хил отиш мосламалари – ракетницалар ёки қалампирли баллонлардан фойдаланадиган даражага тушишди."

Кострома – кичкина шаҳар, бу ердаги ўнг ва сўл қарашли ёшлар бир-бирларининг исмларини билишади, Егор шундай ҳикоя қилади: "Сизлар ё битта коллежда ўқийсизлар, ёки умумий дўстларингиз ва танишларингиз бор. Яъни, барибир қандайдир тарзда тўқнашасиз ва бир-бирингизни танийсиз."

"Костромада ўқув юртлари унчалик кўп эмас ва уларнинг деярли барчасида ўнг қарашли талабалар ўқийди, – деб давом этади у, – Аммо коллежлар гўёки нейтрал ҳудуд. Улар бизни кўришади, биз уларни кўрамиз, лекин у ерда улар жанжал чиқаришга журъат этишмайди. Бу интернетда ёки кўчада содир бўлади."

Шунинг учун, Егор тушунтиришича, Антон аъзо бўлган тўда антифашистлар эътиборида эди. Уларнинг фаолиятига мисол сифатида у "Рус миллий бирлиги" (РМБ) маҳаллий ячейкаси йиғилишларига қатнашганини ҳам келтиради. Бу 1990-йиллардаги машҳур рус неофашистик ташкилоти бўлиб, ҳозирда унинг номи остида Россиянинг кўплаб шаҳарларида ячейкалар фаолият юритмоқда (РМБнинг Рязан ва Омск вилоятларидаги, шунингдек, Татаристондаги бўлинмалари экстремистик деб тан олинган ва Россияда тақиқланган). Улар Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлайди ва россиялик ҳарбийларни олқишлаш учун тадбирлар ўтказади. РМБнинг баъзи аъзолари 2014 йилдан бери Донбассда жанг қилмоқда.

Шу билан бирга, шаҳардаги неонацист ўсмирлар тўдаси, чамаси, урушни қўллаб-қувватламаган. Улар Костромада қолдирган граффитилар орасида "Россияга озодлик, Украинага тинчлик" деган ёзув бор эди. Ўсмирларнинг ёпиқ Telegram каналида Украинадан келган одамлар бор эди ва Бухенвалд атрофдагиларга урушнинг маъносизлигини "славянлар славянларни ўлдирмоқда" дея тушунтирарди.

антивоенная надпись в Костроме

"Уларнинг барчаси шунчаки ақлдан озган, – деб тушунтиради антифашист Егор, урушга қарши ўсмирлар нима учун урушни қўллаб-қувватловчи РМБ йиғилишларига боришгани ҳақида, – уларнинг миясида ҳаммаси аралаш-қуралаш. Костромада Украинани қўллаб-қувватлайдиган ўнгчи катталар йўқ. Шунинг учун улар буларга қўшилиб олишган."

Антоннинг эслашича, улар РМБдаги катталар билан бирга "шаҳарни патрул қилиш" ва тартибни назорат қилиш учун боришган. "ВКонтакте"даги РМБ Кострома ячейкаси гуруҳидаги видеолардан бирида унинг фаоллари кўчада маҳаллий аҳолига яқинлашиб, "шаҳардаги муҳожирларнинг кўпайиб кетиши" ҳақида нима деб ўйлашларини сўрагани кўрсатилган. Уларнинг "этник жиноят қурбонлари" хотирасига гул қўйиш тадбиридан олинган фотосуратда эса Егор Made With Hate иштирокчиларидан бирини таниб қолган.

TikTok неонацистлари

Ўсмирлар орасида ўта ўнг фикрларни тарқатишда ҳозирда TikTok муҳим рол ўйнамоқда. "Кўпчилик ундан маълумот олади, ҳозир у ерда бундай нарсалар жуда кўп," дейди собиқ неонацист Антон.

Россия TikTok сегментида ҳақиқатан ҳам ўнгчи мавзудаги кўплаб видеоларни топиш мумкин. Кўпинча улар ўтган йиллардаги таниқли ўта ўнгчи шахсларга бағишланган. Масалан, нацист-скинхедлар Дмитрий Боровиков ("Кислий") ва Алексей Воеводин, "Жанговар террорчилик ташкилоти" (ЖТТ) етакчилари, ўндан ортиқ қотилликни содир этган энг қонхўр неонацист тўдаларидан бири. Россияда ЖТТ террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва тақиқланган.

2006 йилда Санкт-Петербургда ҳибсга олиш пайтида хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган 21 ёшли Боровиков ва умрбод қамоққа ҳукм қилинган Воеводин анъанавий равишда ўта ўнгчилар орасида машҳур шахслар эди ва TikTok'да улар қаҳрамонлаштирилмоқда.

Ўсмирлар Боровиковнинг қабрига гул қўйганлари, уни туғилган куни билан табриклаганлари ҳақида видео суратга олишмоқда, унинг архив тасвирларини чоп этишмоқда. Баъзи видеоларда неонацистларнинг инсониятга қарши мафкурасига тўғридан-тўғри ишора қилинмайди, аксинча, масалан, уларга бўлган муҳаббат эътирофлари бор.

рисунок могилы Тесака

Сурат манбаси, BBC/Getty images

Неонацист Тесак ўнгчи ўсмирлар орасида яна бир машҳур шахс. У қамоқхонада ўзини ўлдирганига шубҳа билан қарашади.

Тесак ҳақида нафақат TikTok'лар эълон қилинади, балки унинг фаолиятидан ҳам кўп нарса ўзлаштирилган. Сохта учрашувлар уюштириш ва калтаклаш, муҳожирлар, уйсизлар, гомосексуаллар ва неонацистлар педофил деб ҳисоблаган одамларга ҳужум қилиш, бу ҳужумларни суратга олиш ва интернетда эълон қилиш – буларнинг барчаси Тесак ва унинг шериклари томонидан ташкил этилган "Формат18" (Россияда экстремистик ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган) ва "Реструкт" ҳаракатлари доирасида 2000-2010 йилларда амалга оширилган.

Шунга ўхшаш услублар ҳозир ҳам қўлланмоқда, фақат ҳужумлар видеолари асосан Telegram'даги ёпиқ каналларда жойлаштирилмоқда. Энг йирик каналлардан бири – «"Қўллар юқорига" қишлоқ клуби» ҳозирда 22 мингдан ортиқ обуначига эга.

"Бизнинг Кострома скинхедларимиз орасида бу жуда машҳур канал, улар уни кузатишади, нимадандир илҳомланишади," дейди Антон.

"Қишлоқ клуби" канал маъмурларига обуначилари юборган ҳужумлар видеоларини, Адолф Гитлернинг туғилган куни билан табрикларни, ҳибсга олинган шериклари учун пул йиғиш эълонларини жойлаштирмоқда. Баъзида канал рекламаси TikTok'да ҳам кўриниб қолади.

"Менинг "Қишлоқ клуби"да учта акциям бор," деб мақтанади фойдаланувчилардан бири шундай видеога изоҳ қолдириб. TikTok'да ҳам баъзан ҳужумлар акс этган видеолар эълон қилинади, лекин Telegram билан солиштирганда улар унчалик кўп эмас. Шунингдек, қандай қилиб ҳужум қилиш, қандай қилиб яширин келишувга риоя қилиш ва кузатув камераларидан яшириниш кераклиги ҳақида видеолар ҳам учрайди.

"Қишлоқ клуби"нинг сўнгги хабарларидан бири – ўтган йил охирида қамоққа олинган, ҳозирда экстремизм ҳамда террорчилик ташкилотида иштирок этишда айбланаётган 16 ёшли ўсмир – "Разгром" номли канал администраторининг суд мажлисига келиш чақириғи.

RTVi хабар берганидек, "Разгром" администраторига сўнгги айб, у россиялик тарғиботчилар Маргарита Симонян ва Владимир Соловёвга суиқасд тайёрлаш иши бўйича судланувчиларни қўллаб-қувватлашга чақиргани учун қўйилган. Тергов судланувчиларни NS/WP ултра-ўнг ташкилоти (Россияда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган) билан алоқадор деб ҳисоблаяпти.

NS/WP (Национал Социализм/Оқ Ирқ Ҳукмронлиги) – ултра-ўнглар орасида эски ва таниқли ном. Россия ҳокимияти буни халқаро ҳаракат деб билади, 2021 йилда Россия суди NS/WPни террорчи ташкилот деб тақиқлади. Аслида эса, бу қисқартмани турли даврларда кўплаб ултра-ўнг гуруҳлар ишлатган. Ҳозир бу ҳештэг остида Telegram'да ҳам, TikTok'да ҳам тез-тез видеолар чиқмоқда. "TikTok'да ҳозир NS/WP тарғиботи айниқса кўп," дейди Антон.

"Ҳуқуқ-тартибот идоралари зўравонлик ўсиши ортидан улгурмаяптилар"

"Сова" маркази маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда Россияда ултра-ўнгчилар кўпроқ таъқиб қилинмоқда.

Марказ Би-би-си билан нафратга асосланган зўравон жиноятлар бўйича қўзғатилган жиноят ишлари статистикасини бўлишди. 2022 йилда – 15 кишига қарши 11 та иш, 2023 йилда – 29 кишига қарши 18 та иш, 2024 йилда ҳам 18 та иш, аммо айбланувчилар сони икки баробар кўп – 57 киши. 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида ҳозирча 15 кишига қарши саккизта иш маълум.

"Вақти-вақти билан ултра-ўнгчиларнинг чат ва каналларидан бирор фаолга ёки ҳатто фаоллар гуруҳига қарши жиноят иши қўзғатилгани ва улар ҳибсга олингани ҳақида билиб турдик, – дейди Алперович. – Бироқ ҳуқуқ-тартибот тизими буни оммавий ахборот воситаларида эълон қилмади, чамаси, Россияда нацист-скинхедлар мавжудлигига эътибор тортмасликка уриниб. Россия ҳукумати эса улар фақат Украинада борлигини таъкидлаяпти."

Замонавий ултра-ўнг ўсмирларнинг олдингилардан асосий фарқи шундаки, улар ҳали 2000-йиллардаги неонацистлар даражасида шафқатсиз эмас, дейди Алперович: "Бу Боровиков-Воеводин гуруҳлари эмас, уларнинг қўллари тирсаккача қонга ботган эди."

"Аммо зўравонликнинг кучайиши кўз ўнгимизда содир бўлмоқда, – давом этади у. – Яқинда, 2023 йил кузида биз қайд этган зўравонлик ҳолатларининг аксариятини газ баллончаси билан ҳужумлар ташкил этарди. Ҳозир фақат баллонча билан камдан-кам ҳужум қилишмоқда, қурбонлар бир неча марта зарба ҳам олишмоқда. Қотилликлар ҳам, "болғачилар" ҳам пайдо бўлди (ўнглар орасида болға ҳужум қуроли сифатида машҳур бўлган ва шундай қолмоқда – Би-би-си). Аммо ҳали улар югуриб келиб 18 марта пичоқ уришигача етиб бормадик."

Ёш неонацистлар сони нафақат Россияда, балки бу халқаро тенденция, дейди Британиянинг Нортҳэмптон университети радикализм ва экстремизм тарихи профессори Пол Жексон. "Ижтимоий тармоқларнинг кучи ўта ўнг майдонига янги ва кучли динамика берди. Айниқса Telegram каби кам назорат қилинадиган онлайн платформалар машҳур."

Неонацистик жиноят содир этувчиларнинг ёши ҳам пасаймоқда. Британияда сўнгги йилларда ултра-ўнг террорчилик учун қамоққа олинган энг ёш шахс 13 ёшли бола бўлди, деб таъкидлайди Осло университети Экстремизм тадқиқотлари маркази илмий ходими Грем Маклин.

"Менимча, ўсмирлар орасида ултра-ўнг ғоялар жозибадорлиги қисман неонацист онлайн маконлари ўзига хос визуал эстетикани яратгани билан боғлиқ. Бу, шубҳасиз, экстремал ёки "кескин" контент излаётганларни ўзига жалб қилади," дейди у.

"Ёшлар баъзан жамиятда мақсад йўқлигини ҳис қилади ва ўз норозиликларига экстремистик контентдан жавоб топади, – деб қўшимча қилади Жексон. – Бундан ташқари, одамлар бу экстремистик майдонларда бошқа жойларда тополмайдиган умумийлик туйғусини топиши мумкин."

"Замонавий ва зўр"

Ҳозирда Костромадаги ракетница билан ҳужум бўйича жиноят ишининг иккала айбдори ҳам тергов ҳибсхонасида. Бу иш ва Made With Hate аъзолари тинтув қилингани маҳаллий ўнгчилар муҳитини бузмади, аксинча шаҳарда ўнгчилар сони ошди, дейди Антон.

"Сўнгги икки ой ичида шунчалик кўп янги йигитлар пайдо бўлдики, кўчада юриб ҳеч кимни танимайман, – дейди у. – Бир йил олдин ўнг ҳаракатда мен билан бирга 15 киши бўлган бўлса, ҳозир 40-50 киши бўлса керак."

Антоннинг айтишича, асосан 14-19 ёшли ўсмирлар ҳақида гап кетмоқда. Унинг фикрича, ултра-ўнг субмаданият оммалашувига интернет - Telegram ва TikTok кучли таъсир кўрсатмоқда. "Уларнинг ҳеч бири ҳеч нарсани тушунмайди ва улар учун асосий адабиёт TikTok бўлгани учун, тақлид қиладиган намуналари, эҳтимол, Кислий ва Воеводин бўлса керак," деб ҳисоблайди у.

Ўсмирлар ўнгларга қўшилмоқда, чунки ҳозир "бу замонавий ва зўр," дейди антифашист Егор: "Кўпчилик ўзларига зўр йигит имижини яратиш учун бунга қўшилишни хоҳлайди. Худди шундай кийина бошлайди, ҳамма шу тўдаларга қўшилиб кетади. Тенгдошлари олдида ўзларини ўнг скинхедлар ва футбол безорилари сифатида кўрсата бошлайдилар."

Человек в бейсболке и шарфе футбольного клуба, закрывающем пол-лица, в агрессивной позе

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

Бошқа ўнг скинхедлар даврасида бундай ўсмирлар ўзларини "ҳимояланган ва зўр ҳис қилишади, чунки улар кўпчилик," деб ҳисоблайди Егор. Бошқа тенгдошлари "эҳтимол, уларни шундай қабул қилишади" ва "эҳтимол, ҳатто хавфли деб ўйлашади," "катта ёшли одамлар эса уларни шунчаки кўрмайди."

Костромада "Бухенвалд ўрнига келган" янги ўнг ўсмирлар энди "учрашганда ўзларини нацистлар деб айтмайдилар." "Қўрқишади ва шунчаки футбол фанатлари эканликларини айтишади," дея давом этади Егор ва улар антифашистлар калтакламаслиги учун шундай жавоб беришаётганини тан олади.

Егорнинг айтишича, ўта ўнглар каби, кўчаларда 16-19 ёшли антифашистлар ҳам жанжаллашади, уларнинг антифашистик муҳитдаги катта ёшли ўртоқлари эса зўравонликда иштирок этмайди – улар бошқа антифашистик акциялар ёки мусиқий тадбирларда учрашиб туришади.

Антон неонацистлар гуруҳидан кетганидан сўнг, "ўзининг оддий дўстлари" билан мулоқот қилишни давом эттирди ва антифашистлар билан бироз алоқада бўла бошлади. "Made With Hate" иши бўйича тинтув ва сўроқдан сўнг, у ўқиган коллежда Егорнинг дўстига – у ҳам антифашист эди – ўз тарихини айтиб берди – "бу пайтга келиб у неонацист бўлмаса-да, қандай қилиб уларга қўшилиб қолганини" Егор эслайди. Антон панк-рокка қизиқа бошлади ва шунинг учун антифашистлар бир марта унга ўзлари билан Ивановога панк-концертга боришни таклиф қилишди.

"У энди ўнг эмас ва панк-рокка қўшилишни хоҳлайди, шунинг учун уни чақиришга қарор қилдик. У келди, мусиқа тинглади ва кетди. Ҳеч ким у билан дўстлашишга ҳаракат қилмади," дейди Егор.

"Зўр йигитлар, ёзда нега бир-биримизни урганимизни билмайман, – дейди Антон, – Аслида кулгили ҳолат. Ёзда бир-биримизга мушт туширардик, қишда эса панк-концертда бирга рақсга тушамиз."

"Эркакча танлов"

Апрел ойи охирида Антон Би-би-сига жавоб беришни тўхтатди. "У махсус ҳарбий операцияга кетди," деди Егор ва Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганини қўшимча қилди. Егор Антоннинг мақсади ҳақида шундай дейди: "У катта бўлишни хоҳлашини ва оилада ҳамма ҳарбий эканлигини айтди. Яна аллақандай сафсата гаплар."

Егор сўнгги пайтларда Антон билан деярли гаплашмай қўйганди, лекин яқинда уни автобусда учратиб, тушунтиришга ҳаракат қилди: "Мен ундан [шартномали хизмат] нима учун кераклигини сўрадим. Унга аҳмоқлик қилмаслигини маслаҳат бердим. Лекин у кеч бўлганини айтди."

Егорнинг айтишича, Бухенвалд ва унинг урушга қарши гуруҳи Костроманинг ултра-ўнг муҳити учун истисно эди. Ҳозир шаҳардаги барча ўнг ёшлар асосан Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватламоқда: "Улардан баъзилари ҳатто Антон билан бирга боришни хоҳлашади. Қолганлари эса биз ўзимизникилар, Россия тарафдоримиз, дейишади."

Май ойи ўрталарида Антон яна Би-би-си билан алоқага чиқди. Унинг айтишича, у ҳарбий хизматни ўтамаган ва Мудофаа вазирлиги билан "асосан фақат отаси ҳарбий бўлгани учун" шартнома тузган.

"Қолган нарсаларга аралашмадим," дея қўшимча қилди у.

Антоннинг отаси, Чеченистондаги уруш фахрийси, ўғли саккиз ёшга тўлганида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган. У уруш ҳақида кам гапирди, "фақат бу қўрқинчли," деб эслайди Антон. Унинг урушга кетиш қарори туфайли онаси "жуда хафа бўлди, аммо бу эркаклар танлови эканлигини айтди."

"Мен кимнингдир ғояларини ҳимоя қилиш учун бормаганман, – дейди Антон, – Ҳар доим экстримни яхши кўрганман. Ўлдирсалар ўлдирар."

Мақолани тайёрлашда суриштирув бўлими иштирок этган

Муҳаррир Анастасия Лотарева (Россия расмийлари Анастасияни "хорижий агентлар" реестрига киритган. Би-би-си ушбу қарорга мутлақо қарши ва қарор устидан маҳкамага мурожаат қилган)

Getty Images фотоларидан фойдаланилган