«Бир русмиз. Худо биз билан». Россияда қандай қилиб ўта миллатчи ўнглар пайдо бўлди? Уларнинг эскисидан фарқи нима?

millatchilar

Сурат манбаси, GETTY IMAGES, OBSHINA_RU/T.ME

    • Author, Амалия Затари
    • Role, Би-би-си

"Рус жамоати" Россияда бир неча йиллардан бери мавжуд. Улар Украинадаги уруш ва репрессияни қўллаб-қувватлайди, анъанавий қадриятларни ҳимоя қилади ва ЛГБТ вакиллари, аборт ва муҳожирларга қарши курашади. "Жамоачилар" мунтазам равишда хавфсизлик кучлари билан биргаликдаги рейдларда қатнашади. Камига, Россияда ирқчилик ҳужумлари сони кўпая бошлади. Би-би-си Россияда миллатчилик яна қандай ва қай шароитда авж олгани ва улар хавфсизлик кучлари томонидан деярли тор-мор этилган ўтган йиллардаги эски миллатчилардан қандай фарқ қилиши ҳақида ҳикоя қилади.

"Ғалати ёрдам"

Нижневартовсклик 39 ёшли Марина дўстларидан "Рус жамоаси" ҳақида эшитди. "Менга улар одамларга, жумладан, қизларга қийин вазиятларда ёрдам беришини ва полиция билан алоқалари борлигини айтишди", деб тушунтиради у Би-би-сига. Қиз собиқ севгилиси билан муаммоларга дуч келган, улар ажрашгач, йигит уни таъқиб қилган, квартирасини вайрон қилган, травматик қуролдан деразаларга ўқ узган, аммо полиция унинг мурожаатларига жавоб бермаган экан.

Натижада у "жамоачиларга"га мурожаат қилишга қарор қилди. У уларнинг маҳаллий гуруҳига тегишли Telegram канални топди ва улардан ёрдам сўради. Бу 2023 йил декабри эди. Улар тезда унга шахсий хабарда жавоб беришди ва ундан нима кераклигини сўрашди. Марина жамоа аъзоларидан полициядаги алоқаларидан фойдаланиб, собиқ севгилиси билан гаплашиб қўйишларини истарди.

У уларга собиқ йигитининг суратини ҳам юборди. Соқолли қора сочли одамни кўрган "Рус жамоаси" унинг миллатини сўради. Марина уларга тўғрисини айтиб, ярим рус, ярмини билмайман деди. "Мен улар миллат масаласига жиддий қарашларини билардим..."

iqtibos

У "жамоачилар" унга ёрдам беришга нега рози бўлишганини билмайди - вазият ёки собиқ йигитининг миллати ҳал қилувчи роль ўйнади. Охир-оқибат, беш киши - "30 ёшли йигитлар" у билан шахсан гаплашиш учун унинг уйига машинада боришган.

Марина уларга собиқ севгилиси Максим билан интернетда танишганини айтганди. Улар тезда муносабат бошлаган ва йигит Марина биринчи турмушидан туғилган болалари билан яшаётган квартирасига кўчиб ўтганди. Кейин Максим ўзгара бошлади - у Маринага дўстлари билан мулоқот қилишни ва ижтимоий тармоқларда ўтиришни тақиқлади, унга қўл кўтара бошлади: "У унинг юзига урди, тепди." Ўзаро муносабатлар бошланганидан бир неча ой ўтгач, Марина ҳомиладорлигини билгач, Максимдан яширинча аборт қилдирди. "Бошқа танловим йўқ эди", дейди у.

Аммо у фақат декабрда ажрашишга журъат эта олди. Йигит буни қабул қила олмади. Максим нарсаларини олиб кетиши керак бўлган куни уйга қайтганида, Марина квартирадаги барча симлар узилганини, балкон деразалари ва эшиклар синганини, кир ювиш машинаси люки ишдан чиққан ва болға билан телевизор экранига урилганини кўрди. Аммо бу Максим учун етарли эмас эди, шундан кейин у яна бир неча бор унинг уйига келиб, кўчадан унинг квартираси деразаларига травматик қурол билан ўқ узди.

rasm

Сурат манбаси, GETTY IMAGES, MEGAPOLIS/VK.COM

"Рус жамоаси йигитлари мени оддий, хотиржам, ҳатто тушуниб тинглашди. Улар бирор чорасини топишларини, ҳеч бўлмаганда у билан (Максим) гаплашишга ҳаракат қилишларини айтишди. Умуман олганда, ҳеч бўлмаганда қандайдир тарзда ёрдам беришмоқчи бўлишди».

Бир неча кундан кейин Марина Нижневартовскдаги "Рус жамоаси" каналида "Қотиллик учун тўлов" деб номланган янги видеони кўрди. Унда номаълум "жамоачи" Маринанинг исмини тилга олмай, унинг бошдан кечирганлари ва ёрдам сўрагани ҳақида гапириб берди. "Маст эркак қиз билан гаплашгани келган ва суҳбат давомида қиз унга ўхшаган эркакдан бола туғмаслигини, шунинг учун аборт қилдирганини айтган. Шу аснода, тушунишимизча, бу одам погромни бошлади". Видеодаги "жамоачи" Маринанинг ҳолатини шундай изоҳлади.

"Рус жамоаси бу қизга ёрдам бермайди. У аборт қилдирган. Бизнинг "рус жамоамиз" чақалоқни ўлдиришга қарши. Абортга қарши. Биз бу одам қандай бўлишидан қатъи назар, у билан қандай воқеа бўганидан қатъи назар, собиқ йигитига нисбатан ғазаб туфайли болани ўлдириш мумкин эмас», деди жамоачи видеода.

"Мен буни кўрганимда, албатта, безовта бўлдим", дейди Марина. Унинг айтишича, суҳбатдан кейин «Жамоа»дан ҳеч ким у билан шахсан боғланмаган ва бу видеодан ёрдам ҳам бермасликлари маълум бўлган. "Изоҳларда мен ҳақимда ёмон нарсаларни ёза бошлашди. Аборт қилганимни, бунинг учун менга ёрдам бериш у ёқда турсин, ўзимни ёқиб юбориш кераклигини ёзишди. Улар болалар ўлдирилиши ҳақидаги расмларни жойлаштира бошладилар".

Мени гуруҳдан чиқариб юбориб блоклашди, дейди у. "Квартирани бузиш, мулкни ўғирлаш, болаларни қўрқитиш... Менинг барча деразаларим ҳали ҳам синиқ. Улар учун бу катта иш эмас, болаларим азоб чекканлари маъқул. Аммо «Рус жамоаси" учун менинг аборт қилганим собиқ йигитим қилган ҳамма нарсадан каттароқ гуноҳ бўлиб чиқди. Уларнинг фикрича, бу менинг айбим. Уларнинг ёрдами ғалати бўлди», дейди Марина.

"Руслар бирлиги"

«Рус жамоаси» лойиҳаси 2020 йил охирида пайдо бўлди. Унинг асосчиларидан бири Россияда абортни бутунлай тақиқлаш тарафдори бўлган "Ҳаёт учун" ҳаракатининг собиқ координатори Евгений Чесноковдир. «Жамоа»нинг бошқа таниқли ҳаммуассислари - Омск шаҳар кенгашининг собиқ вице-спикери Андрей Ткачук ва СПАС телеканали журналисти ва собиқ Андрей Афанасьев.

Ткачук ҳам, Афанасьев ҳам тадбиркор ва "Царьград» телеканали асосчиси Константин Малофеевни яхши билишарди, у 2014 йилда Донбассдаги можаро бошида ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРга молиявий ёрдам кўрсатган. 2010 йилларда Афанасьев Малофеев молиялаган бир нечта ўнгчи лойиҳаларни бошқарган. Аввалига бу "Россия ёшлар ташкилоти", кейин "Икки бошли бургут" эди.

millatchilar

Сурат манбаси, RUSS.OBSHINA/YOUTUBE, ANDRAFANAS, CHESNOKOV_E_V/VK

Иккала лойиҳа ҳам императорлик ғоялари, православлик ва анъанавий қадриятларни тарғиб қилган, шунингдек, "этножиноят" мавзусини тарғиб қилувчи контентни нашр этган. Маълумки, Малофеев Россиядаги бошқа бир қатор миллатчи лойиҳаларини молиялаштирган, аммо у «Рус жамоаси»га пул бергани ҳақида маълумот йўқ.

«Жамоа» веб-сайтида таъкидланишича, унинг мақсади "бир-бирини қўллаши учун рус халқи бирлигини таъминлаш"дир. "Улар ўзларини рус диаспораси сифатида рус халқи манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида кўрсатишади, бу Россияда қанчалик кулгили туюлмасин", дейди, «СОВА» ахборот-таҳлил маркази эксперти (Россияда «хорижий агент» деб тан олинган) Вера Альперович. У Россиядаги ўта ўнглар фаолиятини кузатади.

"Бизда арман диаспораси ёки тожик диаспораси бор. Бу, аслида, ўхшаш жамоалар. Улар ҳам якдил яшашади, лекин негадир ҳеч ким улардан тожик диаспораси нега керак, деб сўрамайди. Худди шундай, "Рус жамоаси" мавжуд, дейди "Рус жамоаси" Ярославл бўлими координатори Павел Омельницкий Би-би-си билан суҳбатда.

Ҳозирда ташкилотнинг асосий Telegram канали (у "Русская община ZOV" деб аталади) 400 мингдан ортиқ обуначига эга. Унда эълон қилинган рўйхатга кўра, Жамоанинг бутун мамлакат бўйлаб 150 га яқин минтақавий бўлимлари бор. Москвадаги бўлим каналида 25 мингдан ортиқ, Санкт-Петербург бўлиминики 23 мингдан ортиқ обуначига эга. Жамоанинг Россиянинг айрим миллий республикаларида, масалан, Бурятияда (500 дан ортиқ обуначи) ва Татаристонда (2800 дан ортиқ обуначи) филиаллари мавжуд.

Омельницкий 2023 йилда Рус жамоасининг Ярославл бўлими координатори бўлди. Ҳозир у 37 ёшда, кўп фарзандли ота, унинг айтишича, чуқур диндор инсон. У Троице-Сергиевадаги Москва диний академиясида таҳсил олган, аммо 2022 йилда ўқишдан танаффус олди. Россия Украинага бостириб киргандан сўнг, Омельницкий Украинадаги рус ҳарбийлари учун ёрдам йиғиб, уларни фронтга жўната бошлади. Унинг Россия томонида жанг қилаётган иккита укаси бор - бири сафарбар қилинган, иккинчиси у билан бирга кўнгилли тарзда кетган.

Омельницкий Москва диний академиясида таҳсил олаётгандаёқ, мамлакатда одамлар ўртасида бирдамлик йўқолаётганидан хавотирлана бошлади - у рус халқининг "бирдамлигини жонлантириш" ва болалар ва ёшларга черковга бориш муҳимлигини қандай тушунтириш ҳақида ўйлай бошлади." "Шу аснода кўпчилик бизнинг рус маданиятимизни, рус урф-одатларимизни ҳам билмайди деган масала пайдо бўлди", деб тушунтиради Омельницкий "Рус жамоаси"га қўшилиш қарорини.

"Русча ўйин-кулги"

"Рус жамоаси"га қўшилгандан сўнг, Омельницкий ташкилот номидан россиялик ҳарбий хизматчиларга ёрдам етказиб бера бошлади. Бунда «Жамоа»нинг бошқа бўлимлари ҳам фаол иштирок этмоқда: улар нафақат "гуманитар ёрдам", балки жанговар операцияларда асқатадиган буюмларни ҳам фронтга юбора бошлашди. Май ойи ўрталарида "жамоачилар" Харьков йўналиши бўйича рус ҳарбийларига ёрдам етказиб беришди. Уларга яна бошқа нарсалар қаторида дронга қарши қуроллар, шунингдек, разведка учун зарур бўлган дурбин термалмонокулярлар ва бошқаларни етказиб беришди.

plakat

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

Ҳарбийларга ёрдам беришдан ташқари, "Рус жамоаси" спорт машғулотлари ва тадбирлари ташкил қилади, черковга биргаликда боради, турли православ удумларини амалга оширишади, "Казак оқшомлари"ни ташкил қилади, бошқа анъанавий рус ва православ байрамларини нишонлайди. У ерда "русча ўйин-кулги", шу жумладан, анъанавий рақсларни ташкил қилади.

"Улар учун православлик жуда муҳим, улар ҳар хил православ байрамларини нишонлашади; черков ва черков иерархлари билан ўзаро алоқада бўлиб, православ диний ташкилотлари билан қўшма тадбирлар ўтказадилар. Ҳозир ўзини миллатчи, рус деб биладиганлар билан эмас, балки биринчи навбатда православлар билан», дейди «СОВА»дан Вера Альперович.

bayroq

Сурат манбаси, T.ME/OBSHINA_RU/T.ME

«Жамоа» "қийин аҳволга тушиб қолган рус йигитларга" ёрдам бериш учун тузилган, дейди ташкилотнинг Тула вилоятидаги бўлими аъзоси Би-би-си билан суҳбатда, исмини ошкор қилмаслик шарти билан. Аммо кейин шундай қўшимча қилади: "Бизнинг мақсадимиз, албатта, рус, православларга ёрдам бериш, лекин биз бошқа миллатларга ҳам ёрдам беришдан бош тортмаймиз."

"Рус жамоаси"нинг кўплаб минтақавий гуруҳларида ташкилот ўзини «рус» деб ҳисоблайдиган Россиянинг барча халқлари вакилларини қабул қилиши алоҳида таъкидланган, аммо баъзиларида (масалан, Уляновск гуруҳида), аксинча. Унда таъкидланишича, ташкилотга фақат «славянлар» қабул қилинади". Би-би-си Павел Омельницкийдан «Жамоа» нима учун этник асосда бирлашишга қарор қилгани ҳақида сўраганида, "савол русофобияга ўхшайди", деб жавоб берди.

rus jamoasi

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

"Биз одамларни миллатига, тери рангига, динига қараб ажратмаймиз, ирқ ёки синфни белгиламаймиз", дейди у.

"Рус жамоаси" ўтган йил баҳорида Москванинг Косино-Ухтомский туманидаги Муқаддас кўлда масжид қурилиши бошланиши билан боғлиқ жанжал манзарасида кенг танилди. Ўшанда "жамоачилар" бошқа православ фаоллари билан биргаликда масжид қурилишига фаол қаршилик кўрсатишган ва "Биз жойларимизни масжидлар билан таҳқирланишига йўл қўймаймиз" шиори остида оммавий йиғилишлар ўтказган.

Владимир Путин ҳам, Патриарх Кирилл ҳам рус насронийлари ва мусулмонлар биродарлиги ҳақида бир неча бор гапирган. "Рус жамоаси" ҳам буни ўз риторикасида такрорлашга ҳаракат қилмоқда. "Жамоачилар" масжид қурилишидан норозилигини, уларнинг фикрича, ибодатгоҳ маҳаллий мусулмонлар учун эмас, балки Марказий Осиёдан келган муҳожирлар учун қурилгани билан изоҳлади. "Рус жамоаси"га кўра, бу минтақа "Россияни исломлаштириш" учун айбдордир.

masjidga qarshi

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

"Жамоачи" Омельницкий Би-би-си билан суҳбатда муҳожирларга нисбатан хусумат йўқлигини таъкидлайди. "Уларнинг кўпчилиги билан дўстона муносабатдаман, улар ажойиб инсонлар. Жиноят ва қонунбузарликларга нисбатан муросасизлик мавжуд холос. Аммо жиноятчининг миллати муҳим эмас. Сўнгги пайтларда муҳожирлар орасида кўпроқ жиноятчилар чиқмоқда. Бу шунчаки факт", дея қўшимча қилади у.

Омельницкий ноҳақ. Июнь ойи бошида Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида муҳожирлар томонидан содир этилган зўрлашлар сони 40 фоизга, оғир жиноятлар эса 13 фоизга ошганини айтди. Умуман олганда, 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоизга кам жиноят содир этилган, дейилади Ички ишлар вазирлигининг май ойи охирида эълон қилинган статистик маълумотларида. Жорий йил февралида Россия Фанлар академияси Демографик тадқиқотлар институти РБКга Россияда мигрантлар жиноятларнинг қарийб 2 фоизини содир этишини маълум қилган эди.

Альперовичнинг таъкидлашича, Бастрикин эълон қилган рақамларга жиноятнинг кўпайиши эмас, балки унинг очилишининг кўпайиши ҳам таъсир қилиши мумкин эди. "Полициянинг муҳожирларга бўлган тўхтовсиз эътибори ҳам рақамлар ўсишига хизмат қилади", дейди у ва жиноятлар юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Тергов қўмитасига мунтазам мурожаат қиладиган миллатчиларнинг ўзлари ҳам рақамларга таъсир кўрсатиши мумкинлигини қўшимча қилди.

"Бизнинг жамоамиз тарихан руслар ва православлар кўпчилик бўлган ҳудудда жойлашган, ҳозир эса аҳолининг бу қисми ҳимоясиз қолди. Биз муҳожирларнинг муқаддас жойларни таҳқирлашига дуч келяпмиз", дейди Тула вилоятидан келган "жамоачи".

Бу каби таҳқирлашларга мисол келтирингчи, деган сўровга жавобан, у январь ойида "Тула яқинида бир муҳожир черков ҳовузига сийди" сарлавҳаси билан чиққан хабарни юборди. Бу ҳақиқатан ҳам Жамоанинг кўплаб минтақавий саҳифалари ва оммавий ахборот воситаларида такрорланган, аммо кейинчалик маҳаллий полиция уни ёлғон деб айтган эди. Бироқ, Би-би-си суҳбатдоши бунга ишонмайди: "Менимча, бу ҳақиқат эди, лекин ОАВ буни фейк деб тарқатмоқда".

Жамоа аъзолари ўзларини миллатчи деб аташни ёқтирмайди. "Улар «миллатчилик» сўзини фақат жуда ёмон одамларга нисбатан қўллашади. Чунки ҳозирги сиёсий тилда миллатчи ёмон одам, фашист эса бутунлай ёмон одам. Улар ўзларини, табиийки, рус ватанпарварлари деб аташади. Улар ватанпарвар ва ҳамма миллатчилар Киевда", дейди Альперович.

«Этно-гопниклар» ва "бизнинг рус йигитлари"

"Рус жамоаси" ўзини ДПНИ 2.0 (Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат, 2000 йилларда Россиянинг ўта ўнг қанотлари орасида машҳур бўлган; 2011 йилда Россия суди уни экстремистик деб эълон қилган ва тақиқлаган) деб даъво қилмоқда, бу эса ноқонуний муҳожирларга қарши кураш билан боғлиқ этник миллатчилик лойиҳасига ниқобдир", дейди кўп йиллар давомида ўта ўнглар фаолиятини кузатиб келаётган антифашистик ресурс «Antifa.ru» админстратори. Илгари Россияда ўта ўнглар бир неча бор антифашистларга ҳужум қилган, шу боис Би-би-си суҳбатдоши исмини ошкор қилмайди.

Россиянинг ўта ўнг гуруҳлари учун муҳожирлар масаласи доим муҳим бўлиб келган, лекин бу қизиқиш ягона эмас, дейди Альперович. "2010 йиллар ўрталарига келиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари деярли бутун ўта ўнг гуруҳларни элакдан ўтказа бошлаганидан кейин, бу масала аста-секин орқа қаторга ўта бошлади. Унинг долзарблиги жамиятнинг ўзида ҳам пастлади. Аммо 2020 йилда муҳожирларга қарши ксенофобик чиқишлар жонлана бошлади ва «Рус жамоаси» унинг бугунги Россияда жуда баланд овозда бўлишига катта ҳисса қўшмоқда".

Ижтимоий тармоқларда «Рус жамоаси» бўлимлари минтақавий янгиликлар ва ўз фаолиятлари тўғрисида хабарлар тарқатади ва "жамоачилар" томонидан айтилган кўплаб ҳикоялар ксенофобия ва миллатчилик тусини олмоқда, улар учун "ҳамма нарсага келгиндилар айбдор, руслар оппоқ», дейди Альперович. "Улар кўпинча вазиятга маълум бир талқинни таклиф қиладилар, кўпинча маиший, жиноий ёки бошқа майда ишкалларга этно-ксенофобик контекстни қўшадилар. Буни умуман олганда миллатчилар қилади ва «Рус жамоаси» буни жуда зўр уддаламоқда".

Ташкилотнинг асосий каналида мунтазам равишда Россиянинг айрим ҳудудларида маҳаллий аҳолини қўрқитаётган "этник тўдалар" ҳақидаги хабарлар чиқади ва "жамоачилар" ўз постларида жиноятчиларнинг миллатини алоҳида таъкидлашга ҳаракат қилишади. Хабарларнинг оҳангига кўра, «Рус жамоаси» бошқа миллат вакиллари устидан шикоят тушса, астойдил ёрдам беришга ҳаракат қилади ва бу ҳақда хабар тарқатади.

Канал обуначиларига "мактаб ўқувчиларидан пул ундирувчи ўсмирлар тўдалари", "ноқонуний муҳожир такси ҳайдовчилар", "этно-гопниклар тўдалари", "АУЭ мигрантлари тўдалари" (ҳаракат экстремистик деб тан олинган) ҳақида сўзлаб берилади. Россия ва тақиқланган).

Постларнинг аксарияти Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳақида, бироқ «Жамоа» Россиянинг Шимолий Кавказдаги республикалари туб аҳолиси ҳақида ҳам ёзади. Январь ойида «Общины» каналида гўёки Томск вилоятини эгаллаб олган "қора бригадалар" ҳақида хабар пайдо бўлди: пост муаллифларига кўра, "Кавказдан келганлар тўдаси" кедр уруғларини йиғишда зўравонлик қилишган ва "атрофдаги қишлоқларни қўрқитмоқда."

Ўтган февраль ойида Челябинскдаги мактабга ниқоб кийган олти йигит бостириб кириб, ўрта мактаб ўқувчиларини калтаклаган. Тез орада улар қўлга олинди, уларнинг баъзилари вояга етмаганлар бўлиб чиқди. Бу воқеа ҳақида кўп ёзган «Рус жамоаси»ига кўра, ўсмирлар ўқувчиларни мактаб ва бутун ҳудудни даҳшатга солаётган "тожиклар тўдаси"дан ҳимоя қилиш учун мактабга келган.

sud

Сурат манбаси, NEWS_74RU/T.ME

Ҳибсга олинган ўсмирлар неонацистлар эътиқодига содиқлиги тезда маълум бўлди. Уларнинг неонацист атрибутлари бўлган фотосуратлари Интернетда топилган, у ерда улар қўлларини кўтариб нацистча саломлашгани тасвирланган. Яна Тесак лақабли Максим Марцинкевични (қамоқда вафот этган) қўллаб-қувватловчи плакат билан турган фотосуратлари ҳам бор. Бундан ташқари, қўлга олинганлар аввал ҳам бир неча бор этник сабабларга кўра ҳужум ва муштлашувларда иштирок этгани маълум бўлди.

Бу «Рус жамоаси» ўта ўнг рэпер Миша Маваши томонидан тузилган яна бир мафкуравий ўхшаш ташкилот "Шимолий одам" позициясидан фарқланган ҳолатлардан биридир. «Рус жамоаси» ва "Шимолий одам" кўпинча қўшма тадбирларда қатнашади, бироқ миллатчилар фаолиятини кузатиб борадиган Би-би-си суҳбатдошлари Мавашининг лойиҳаси ёшроқ аудиторияга қаратилганини айтишади. Мавашининг ўзи Би-би-си билан суҳбатлашишдан бош тортди.

"Шимолий одам" Челябинск мактабига ҳужум қилган ўсмирларни деярли бир зумда қоралаб, улар учун адвокат излашдан бош тортди. Маваши ҳатто ҳужум ҳақида алоҳида видео ёзиб, унда ташкилотининг позициясини тушунтириб берди.

"Булар шунчаки йигитлар эмас. Улар ҳарбий этиклар, ҳарбий шимлар ва камзул кийиб, сочларини қириб юришади. Қисқаси, бу бетайин, тийиқсиз одамлар. Улар одамларга ҳужум қилишди, улар нафақат рус бўлмаганларни, балки рус ўсмирларини ҳам калтаклашди. Улар моҳиятан шоқоллар, - деди у видеода ва - "Шимолий одам этник бирлашма холос, радикал ва экстремистик бирлашма эмас" деб таъкидлади.

«Рус жамоаси» ўз ҳаммаслакларидан фарқли ўлароқ, ҳибсга олинганларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлашни ўз зиммасига олди ва айбланаётган ўсмирлардан бирининг отаси охир-оқибат ташкилотнинг Челябинск бўлими бошлиғи бўлди. «Рус жамоаси» ижтимоий тармоқларда ҳибсга олинган ўсмирларни (уларнинг баъзилари, шу жумладан Челябинск «Жамоаси» раҳбарининг ўғли ҳозир тергов изоляторида) "бизнинг рус йигитлар" деб атайди.

Машҳур Бастрикин

«Рус жамоаси» ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан фаол ҳамкорлик қилади. 2020 йилда ташкил этилганидан кейин ташкилот SOS тугмачасига эга бўлган худди шу номдаги иловасини ишга туширди. "Улар мунтазам равишда бундай ҳолатларни хабар беришади. Мисол учун, бир киши автоҳодисага дуч келди. Иккинчи машина, масалан, Кавказдан келганларга тегишли эди. Ҳайдовчи СОС тугмасини босди, «Жамоа»нинг йигитлари етиб келишди ва полицияни чақиришди. Улар шундай вақтда ёнма-ён туришади, деб тушунтиради Альперович.

«Рус жамоаси» фаоллигини яқинда Ростов вилоятининг Батайск шаҳрида содир бўлган воқеаларда яққол кўриш мумкин. Апрель ойи охирида Батайскдаги 4-мактабда дарс пайтида кекса ўқитувчи ва язидий ўқувчи ўртасида даҳанаки жанжал келиб чиққан. "Жамоа"нинг маҳаллий саҳифаларида эълон қилинган видеода ўқитувчи аввалига болага "ўзини қўпол тутаётганини" айтади, сўнг этник асосда ҳақоратга ўтади: "Бизсиз сенлар ҳеч кимсан, ҳеч ким. Нима, самолёт бошқара оласанларми? Вертолёт ярата оласанларми? Мен ўзимнинг рус халқим, Америка Қўшма Штатларига қарши турган қудратли давлат билан фахрланаман. Сенларнинг ўз тилинг ҳам йўқ, ҳатто ўз давлатингиз ҳам йўқ. Руслар бўлмаса, сенларни ўлдиришади."

Бола у билан тортиша бошлайди: "Сиз кўп марта кимдир мени калтаклашини айтдингиз. Лекин [улар] ташқарига чиққач, тиз чўкишди". "Ким?! Олдингда ким?!" деб сўрайди аёл ва бақира бошлайди: "Кел, мени тиз чўктир! Мени тиз чўктир! Мени, рус тили ўқитувчисини тиз чўктир! Мени, рус аёлини тиз чўктир! Мана, русларни тиз чўктирганингни ҳамма эслайди". "Мен қарамайман, мен уларни тиз чўктирдим", деб жавоб берди бола.

maktab

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

«Рус жамоаси» ўқувчининг хатти-ҳаракатидан ғазабланди, уларда ўқитувчининг хулқига нисбатан ҳеч қандай савол туғилмади. Ушбу ҳолат ҳақидаги постда улар болани "русларни тиз чўктиришга қарор қилган дарғазаб ўсмир", ўқитувчини эса "ҳурматли муаллим" деб аташди ва уни қўллаб-қувватлаш учун мактаб яқинига йиғилишди. «Жамоа» маълумотларига кўра, мактабда йиғилган юзга яқин ҳаммаслаклар Россия байроғини, "Биз русмиз, Худо биз билан" деб ёзилган Чор Россияси байроғини ва Исо Масиҳ суратларини кўтариб олган эди.

Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу ўз-ўзидан пайдо бўлган йиғилиш натижасида олтита "жамоачи", шу жумладан, Бахмут учун жангларда қатнашган "Шимолий ҳарбий округ фахрийси" ҳибсга олинган. Улар, «Жамоа»нинг ўзи айтишича, мактаб директори уларга қарши ариза ёзган, уларнинг сўзларига кўра, унинг ўзи уларни дастлаб уларни чақирган. "Гўёки бизнинг посбонларимиз болаларнинг мактабга боришига ёки кўчада автомобиллар ҳаракатига тўсқинлик қилганмиш. Кўчалар ва йўлларни полициянинг ўзи тўсиб қўйганди, кейин мактабни ҳам ўраб олишди», деб шикоят қилди «Жамоа»дагилар.

8 май куни Батайск суди ҳибсга олинган барча олтита "жамоачи"ни жамоат жойида оммавий тартибсизлик чиқариш моддаси бўйича уч суткага ҳибсга олди (ушбу модда бўйича максимал ҳибсга олиш муддати 15 сутка).

Суд қарори «Рус жамоаси»ни ғазаблантирди - улар айблов, уларнинг фикрича, ҳодиса жойида бўлмаган экстремизмга қарши кураш маркази ходимининг баённомасига асосланганлиги, айблов томоннинг барча гувоҳлари кўрсатмалари чалкашлиги ва "баъзан улар шунчаки туҳмат қилишган"идан норози эдилар.

Шунга ўхшаш қонунбузарликлар мунтазам равишда россиялик мухолифатчиларга қарши сиёсий сабабларга кўра содир бўлади. Улар кўп ҳолларда анча узоқроқ қамоқ жазосига ҳукм қилинади, бироқ ҳокимият билан келишмаганларга қарши репрессиялар «Рус жамоаси» норозилигига сабаб бўлмайди.

Олтита "жамоачи" ҳибсга олинганидан сўнг, мамлакатнинг турли минтақаларидаги ташкилот бўлимлари ўз сафдошларини қўллаб-қувватлаш учун видеолар чиқара бошладилар ва Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинни бу масалани ўрганишга чақирдилар. У деярли дарҳол жавоб берди ва нима бўлганини текширишни буюрди.

Бастрикин россиялик ўта ўнглар орасида машҳур шахс, дейди Альперович. Тергов қўмитаси раҳбарининг ўзи бир неча бор оммавий миграцияга қарши чиққан ва муҳожирларнинг жиноятлари ҳақида гапирган, шунинг учун миллатчилар уни ҳамфикр деб билишади, дея тушунтиради у. «Рус жамоаси» мунтазам равишда Бастрикинга турли вазиятларда мурожаат қилишади. "Бу уларнинг биринчи қиладиган асосий иши. Тажриба шуни кўрсатадики, бу сўровларга тезкор жавоб берилади", дейди «СОВА» эксперти.

«Рус жамоаси» ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан самарали муносабат ўрнатади, бундан ташқари, ушбу органлар уларнинг сўровларига фаол жавоб беради. Буларнинг барчаси улар ўртасида яхши йўлга қўйилган ёки ҳеч бўлмаганда фаол йўлга қўйилаётган ҳамкорликдан далолат беради, - дейди Альперович. - Бундай ҳамкорлик юқоридан рухсат бўлмаса амалга ошмайди. Улар орасида Бастрикиннинг машҳурлиги унинг бу ҳамкорликка рухсат бериши, маъқуллаши ёки ҳеч бўлмаганда аралашмаслигига ишонишимиз учун асос беради.

«Рус жамоаси» ҳақиқатан ҳам хавфсизлик кучлари билан фаол алоқада.

"Биз фақат қонун доирасида ҳаракат қиламиз. Мен ўз ҳаракатларимни ФСБ ва Тергов қўмитаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бўлимлари билан мувофиқлаштираман", дейди ярославллик "жамоачи" Павел Омельницкий, лекин у айнан қандай ҳаракатларни мувофиқлаштирганини аниқ айтмайди. Унинг айтишича, «Жамоа» аъзолари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан, жумладан, халқ отряди доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади.

Ўтган йилдан бошлаб "жамоачилар" полиция рейдларида фаол иштирок эта бошлади. "Энг кўзга ташланадиган ва кенг тарқалган бундай ҳолат ўтган йилнинг ёз-куз ойларида бошланган. Бунгача ҳеч қачон бундай рейдлар бўлмаган ёки ҳеч бўлмаганда улар бунчалик эълон қилинмаган», дейди "СОВА» эксперти.

"Жамоанинг иштироки аслида нимадан иборатлиги кўпинча аниқ эмас. Улар биргаликда нима қилишади. Ёки ёлғон гапиришяптими? Масалан, муҳожирлар ишлаган қайсидир омборга, полиция келиб ҳаммани босганда нима қилишади? Ёки улар полиция билан югуриб, одамлар қўлига кишан соладими? Биз билмаймиз, бизга айтишмайди. Улар "иштирокида" деб ёзадилар, дея қўшимча қилади Альперович.

migranlar

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

Январь ойи ўрталарида хавфсизлик кучлари Екатеринбургдаги қурилиш майдончасида муҳожирларга қарши йирик рейд ўтказган эди. Унда ФСБ, Россия Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва прокуратураси ходимлари, шунингдек, маҳаллий «Рус жамоаси» вакиллари иштирок этди. Айнан "жамоачилар" рейдда олинган видеолавҳани ўз каналига жойлаштирди, унда қурилиш майдончасидаги ишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари назорати остида эмаклаб юришга мажбур бўлгани кўрсатилган. Видео кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан (видеодаги уч нафар ишчи Қирғизистон фуқаролари) Россия хавфсизлик кучларининг иш услубларини «камситувчи» деб атади.

Шундан сўнг Свердловск Омбудсмани Татьяна Мерзлякова «Рус жамоаси»ни танқид қилди, рейдда олинган видеони чоп этгани ва умуман олганда, уларнинг рейдда иштирок этишини қоралади. "Бундай рейдларга фаолларни жалб қилиш жуда салбий амалиёт. Биз нодавлат тузилмаларни тинглашимиз керак, лекин улар буни кўргазма қилганда... Нега буни кўрсатиш керак?", дея Ura.Ru унинг гапидан иқтибос келтирди.

Полиция ўйини

«Рус жамоаси» нафақат хавфсизлик кучлари муҳожирларга қарши ҳаракатларида иштирок этади. Март ойи бошида Оренбургдаги ташкилот фаоллари маҳаллий хавфсизлик кучлари билан биргаликда маҳаллий «Pose» гей-клубига рейд уюштиришди, шундан кўп ўтмай Россияда ЛГБТ вакилларига нисбатан экстремизм бўйича биринчи жиноят иши очилди (ўтган йил охирида мамлакат Олий суд асли мавжуд бўлмаган "халқаро ЛГБТ ҳаракати" экстремистик ташкилотини тақиқлади), клуб эгаси ва бир неча ходимлари экстремистик жамиятни ташкил этишда айбланиб ҳибсга олинди.

Рейдда иштирок этган "жамоачилар" клубга ташкилот рамзлари туширилган кийимларда келишган ва кейинчалик ўз ижтимоий тармоқ каналларида клубдан олинган видеоларни чоп этишган. Улар видеога тушган клуб меҳмонлари юзини хиралаштирмаган, шунинг учун улардан баъзиларини кўриш мумкин. Видеодан кўринишича, баъзи клубдагилар ерга юз тубан ётқизилган, бироқ "жамоачилар" рейд вақтида ўзини қандай тутгани видеода аниқ кўрсатилмаган.

Аммо, рейд қандай кечганини кўрган клуб аъзоларидан бири Би-би-сига "жамоачилар" ўзларини қўпол тутиб, зўравонлик қилишганини айтди: "Ўзларини кимнидир ҳимоя қиляпмиз деб ўйлаётган оддий масхарабозлар. Улар бирдан бостириб келиб меҳмонларни, дижейни калтаклашди ва ҳеч ким ҳеч нарсани билиб қолмаслиги учун дарҳол видеокузатув камераларини қидира бошлашди. Улар келибоқ клуб ходимларининг бир қисмини столга ўтқазиб қўйиб сўроққа тута бошлашди. Агар жавоблар уларга ёқмаса, уларнинг бошини шиша столга уришлари мумкин эди."

«Antifa.Ru» админстраторининг ишонишича, "жамоачилар" ўтказадиган баъзи бошқа тадбирлар зўравонликсиз ўтиши мумкин эмас.

"Бир гуруҳ одамлар бозорларни, вокзалларни қўриқлайди, манякларни ушлайди, зўравонларни полицияга топширади, ноқонуний савдога қарши курашади - бундай ҳаракатлар у ёки бу даражада зўравонликсиз амалга ошмайди. Бироқ, «Жамоа» бошқа ўта ўнг гуруҳлардан фарқли ўлароқ, зўравонликка эътибор қаратмайди, улар зўравонликни рус диаспорасининг ўзини ҳимоя қилиш воситаси деб билади", дейди у.

krokus terakti

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

«Крокус Сити Холлдаги терактдан сўнг жамоачилар ва хавфсизлик кучларининг қўшма рейдлари учун янги баҳона топилди - терроризмга қарши кураш», дейди Antifa.ru админстратори. "Ўта ўнглар хавфсизлик кучларига жиноятчиларни таъқиб қилишда ёрдам бермоқда - бу бутун дунёда кенг тарқалган «ҳушёрлик» намоёнидир", дея қўшимча қилади у.

Бундай миллатчи гуруҳлар ҳар доим бўлган, лекин [хавфсизлик кучлари билан] мунтазам ҳамкорликка эришиш ва «Рус жамоаси» каби миқёсда янги ҳодиса, дейди Альперович. Ҳозирча, дейди у, бу ҳар икки томон учун ҳам фойдали: "Полиция учун «Рус жамоаси» ўз ишларини бажаришда ёрдам беради, жамоачилар эса ўзларининг мафкуравий платформасини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўли билан ҳимоя қилади".

"Тўғрисини айтсам, «Рус жамоаси»нинг ишида мени ҳайратда қолдирган нарса уларнинг расмийлар билан доимий алоқасидир. У янада чуқурлашиб бормоқда ва бундай ташкилотлар нафақат ўз фикрдошларини, балки полиция ролини ўйнашни истайдиганларни ҳам ўзига жалб қилади. Бу ҳамкорлик юқори раҳбарият «тўхта» дегунча давом этади, дейди Альперович.

"Энг жозибали миллатчилар"

2010 йилларда ўта ўнглар ҳаракати деярли бостирилди ва унинг кўплаб таниқли арбоблари ирқчи қотилликлар ва ҳужумлар учун узоқ муддатга Россия колонияларига тарқалиб кетди.

"Миллатчи гуруҳлар анъанавий равишда тизимга қарши бўлиб келган - улар потенциал инқилобчилар. Аммо вақт ўтиши билан инқилобчилар тартибга солинди ва бу кун тартиби билан узоққа бора олмаслигингиз аён бўлди», дейди Альперович. Бундай шароитда замонавий рус миллатчилари узоқ вақтдан бери "ўзлари ва ҳокимият учун баъзи умумий жиҳатларни" топишга ҳаракат қилмоқдалар, дея давом этади у.

Шу сабабли, ўта ўнглар ўзлари ва давлат учун "умумий душманлар" қидира бошлади ва уларни топдилар - улар ЛГБТ ҳамжамияти вакиллари, мухолифатчилар ва Украинадаги уруш мухолифларидир.

«Рус жамоаси» Украинадаги расмий сиёсий курсни ва урушни қўллаб-қувватлайди. Уруш тарафдори бўлган миллатчиларнинг ҳаммаси ҳам амалдаги тузумни қўллаб-қувватламайди, бироқ «Рус жамоаси» шундай ташкилотлардан бири холос: улар ҳокимиятни ҳамма нарсада қўллаб-қувватлайдилар ва қандайдир тақиқлар ҳақида гап кетганда, улар баъзан амалдорлардан ҳам қаттиқроқ чораларни исташади. Бу, масалан, аборт масаласида кузатилади: бир қатор амалдорлар абортни чеклаш тарафдори бўлса, "жамоачилар" уларни бутунлай тақиқлаш тарафдори.

abortga qarshi banner

Сурат манбаси, OBSHINA_RU/T.ME

Ультра-ўнг муҳитнинг ўзида, аниқроғи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тозаловидан кейин қолган нарсаларда «Рус жамоаси»га муносабат ноаниқ. Баъзи замонавий субмаданий неонацистлар «Рус жамоаси» билан спорт машғулотларида ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида алоқада бўлишади, дейди Antifa.Ru админстратори.

"Илгари ўта ўнглар орасида инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча лойиҳалар бор эди, масалан, 2009 йилда пайдо бўлган "Россия қарори". У ўта ўнгчи БОРН террорчи гуруҳи аъзолари билан яқин алоқада бўлган. Бугунги кунда «Жамоа» унинг ўрнини эгаллаган ва ҳибсга олинган рус миллатчиларига адвокатлар топади. Кўпинча субмаданий суҳбатларда ва сафдошларнинг ҳибсга олиниши ҳақидаги янгиликларга шарҳларда «Жамоа»дан ёрдам сўранг, қабилидаги маслаҳатларни кўрасиз.

Айни пайтда, дея давом этади Би-би-си суҳбатдоши, айрим миллатчилар «Жамоа» билан ҳамкорлик қилмасликка чақирмоқда. Масалан, «Нацдем» ўта ўнг канали шундай қилди. Улар ҳам муҳожирларга қарши, бироқ «Жамоа»дан фарқли ўлароқ, Путин режимини қўллаб-қувватламайдилар - улар урушга қарши ва мунтазам равишда мухолиф фикрларни тарқатишади, шу жумладан, шу йилнинг февраль ойида колонияда ноаниқ шароитда вафот этган Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб чиқишди. Март ойи ўрталарида «Нацдем» админстраторларига нисбатан Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан адоват ёки нафрат қўзғатиш) бўйича жиноят иши очилиб, икки киши ҳибсга олинган эди - 18 ёшли Кирилл Никуленков ва 23 ёшли Георгий Парамошин.

"Нацдем айтишича, «Жамоа» ҳокимиятнинг миллатчиларни назорат остига олишга бўлган навбатдаги уриниши, дейди Antifa.Ru админстратори. Унинг таъкидлашича, «Жамоа» мухолифлари орасида бу фикр тарқалгани бежиз эмас эди: "«Рус жамоаси»нинг иловасидан фойдаланиш ва ташкилот фаолиятида иштирок этиш учун сиз паспорт маълумотларини узатишингиз керак. Бу бутун лойиҳа разведка хизматлари томонидан ўта ўнг муҳитни назорат қилиш учун тузилган фитна деган шубҳалар учун асосдир.

«Рус жамоаси» иловаси Россиянинг AppStore'да мавжуд ва у ерда рўйхатдан ўтишда паспорт фотосуратини юклаш сўралади. Бироқ, Би-би-си мухбири текширганда, илова бусиз рўйхатдан ўтиш имконини бериши маълум бўлди.

«Шимолий одам» каби «Рус жамоаси»ни ҳам миллий муаммо билан шуғулланадиган одамларни қандайдир мафкуравий ва сиёсий қолипга тушириш учун тузилган деган фикр бор", дейди Альперович.

Илгари ксенофобик қарашлар этномиллатчиликка айланиб, кейинчалик бу фикр одамларни аввал полицияга, кейин эса давлатга қарши мафкурага олиб келарди, деб тушунтиради у: "Бир қанча ташкилотлар бор эдики, улар муҳожирларга қарши кураш билан чекланишмайди, балки Путин режимига ҳам қарши туришади. Агар бундай одамлар "Рус жамоаси"га киритилган бўлса, уларга бунинг учун қандай тўғри курашиш кераклигини, улар давлатга қарши эмас, балки давлат билан биргаликда ҳаракат қилишлари кераклигини тушунтиришади.

«Рус жамоаси» ҳақиқатан ҳам Россия минтақаларидаги бошқа ўнгчи ташкилотлар билан муносабат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Маълумки, «Жамоа»нинг Нижний Новгород бўлими Нижний Новгород Миллатчилар Кенгаши (Нижегородском советом националистов - НСН) билан шундай ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилган. Унинг ижтимоий тармоқлардаги каналларига кўра, бу Кенгаш неонацистларга очиқчасига хайрихоҳдир. «ВКонтакте"даги Кенгаш саҳифасида неонацистларнинг "Жангари террорчилик ташкилоти" (террорчи деб тан олинган ва Россияда тақиқланган) асосчиси Дмитрий Боровиковни (у 2006 йилда Санкт-Петербургда хавфсизлик кучлари томонидан отиб ташланган, шундан сўнг у неонацистлар учун қаҳрамонга айланган), аъзолари кўплаб ирқчи қотилликлари учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган яна бир неонацист «НСО-Шимол» гуруҳидан (экстремистик деб тан олинган ва Россияда тақиқланган) Максим Базилев ва Максим Марцинкевични улуғловчи постларни топиш мумкин.

"(Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида) Нижний Новгороддаги «Рус жамоаси» раҳбари Олег Вавилов бизга яқинлаша бошлади. У жиддий муаммолар бўлса, иш, хавфсизлик ва юридик ҳимоя ваъда қилди. Унинг фикрича, НСН «Жамоа»нинг норасмий ёшлар қанотига айланиши мумкин, дейди собиқ НСН (ҳозирда ташкилот ўз фаолиятини тўхтатган) аъзоси Би-би-сига.

Би-би-си суҳбатдошига кўра, Вавилов НСН учун офис ижарасига қисман тўлай бошлаган ва келажакдаги барча харажатларни ўз зиммасига олишга ваъда берган, НСН йиғилишларида "тез-тез гапира бошлаган" ва НСН фаолларига «Жамоа» спорт машғулотларида қатнашиш ва унинг "видео материалларини тайёрлашда [НСН] йигитларидан қўшимча сифатида фойдаланишга" рухсат берган. Жорий йилнинг 10 февраль куни НСН гуруҳида «Рус жамоаси» вакиллари ташкилот фаолларига тиғли ва травматик қуролларни олиб юриш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари бўйича маъруза ўқигани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Шу хабардан 10 кун ўтиб, хавфсизлик кучлари Нижний Новгородда 18 ёшли Иван Шихитинни муҳожирларга тегишли машиналарга ўт қўйгани учун ҳибсга олди. Ҳибсга олинган шахс нафрати сабабли жиноят содир этганини тан олди. Улар ижтимоий тармоқлар ва оммавий саҳифаларда Шихитин НСН аъзоси эканлигини ёза бошладилар, аммо ташкилотнинг бундай эмаслигини айтди. Би-би-си суҳбатдоши айтишича, Шихитин "НСН фаолларидан бири" эди, лекин у ўз «қилмишини» ёлғиз ўзи бажарган ва буни "НСН позициясидан фарқли ўлароқ" ўзбошимчалик билан қилган. Бунинг сабаби билан курашиш керак тергов билан эмас.

Шихитин ҳибсга олингандан сўнг, НСН офисида тинтув ўтказилди; Шундан сўнг, Би-би-си суҳбатдошига кўра, Вавилов НСНдан ўзининг «Рус жамоаси»га аъзолигини инкор этувчи видео чиқаришни талаб қилган. Бу видео аслида НСН гуруҳида 28 февраль куни пайдо бўлган.

millatchilar

Сурат манбаси, AS_NAR_NN/VK.COM

"НСНнинг икки раиси (бири собиқ, иккинчиси жорий) қамалиши мумкин эди. Полиция ходимлари бу ҳақда уларга аниқ айтишди. Ёки ҳеч бўлмаганда институтдан ҳайдатишни айтишди. Аксарият фаоллар мулоқотни тўхтатди. Сафда фақат ёшлар қолган - кўплари 18 ёшга тўлмаган эди. [НСН тарқатиб юборилганидан кейин] Вавилов йигитларни «Жамоа» доирасида ўз ғояларини ҳимоя қилишлари мумкинлигини айтди, масалан, муҳожирларга қарши паруллар ва бошқалар. Лекин йигитлар бу ҳукуматпараст ташкилот эканлигини жуда яхши тушунади, демак, уларнинг муҳожирларга қарши кураши шунчаки тақлид", дейди Би-би-си суҳбатдоши.

Би-би-си билан суҳбатда у НСН фаоллари ресурсларидан фойдаланиш (масалан, бепул спорт машғулотлари) учун «Жамоа» билан ҳамкорлик қилганини, лекин у билан мафкуравий ҳамкорлик қилишдан маъно кўрмаганини айтди: "Бу аниқ. Путин, Махсус ҳарбий операция ва православ фундаментализми учун турадиган ташкилот бу".

Олег Вавиловнинг ўзи Би-би-си билан гаплашишдан бош тортди. Би-би-си суҳбатдошининг айтишича, Вавилов "Москвага Нижний Новгород ўнгчи гуруҳларни тор-мор этгани ҳақида хабар бериб, пул олиш учун НСН билан ҳамкорликка муҳтож эди. «Рус жамоаси» вакиллари ижтимоий тармоқ саҳифаларида фақат хайр-эҳсонлар эвазига фаолият кўрсатишларини таъкидламоқдалар, аммо Би-би-си суҳбатлашган НСНнинг собиқ аъзоси «Жамоа»нинг минтақавий бўлимлари координаторлари "иш ҳақи олади." "Жуда кам пул йиғилади, молиялаштириш асосан Москвадан", дейди у.

У шундай деб ўйлайдиган ягона одам эмас. «СОВА»дан Альперович "жамоачилар", ҳеч бўлмаганда, баъзилари пул учун ишлайди, деб ҳисоблайди. У буни уларнинг ижтимоий тармоқларда ҳам, офлайн режимда ҳам фаоллиги билан боғлайди. Бу ҳолат, унинг фикрича, улар пул олмай ишлашига шубҳа уйғотади. Бу ҳақиқатми ёки йўқ, номаълум. Ярославл «Жамоаси» координатори Омельницкий Би-би-сига «Жамоа»дан маош олмаслигини айтди. Тула вилоятидан келган "жамоачи" унчалик қатъий гапирмади. "Ҳозирча тўловлар йўқ, лекин шунга ҳаракат қиляпмиз", деди у Би-би-сига.

«Жамоа» зўравонликдан кўра кўпроқ нарсани таклиф қилади - ҳимоя қилиш, ўзлик, қурол билан ишлаш кўникмалари, ҳатто жамоавий дам олиш ва гуруҳ ичидаги бартер. Буларнинг барчаси «Жамоа» ни Россиядаги энг жозибали миллатчи ташкилотга айлантиради", дея хулоса қилади Antifa.ru админстратори.

Бошига қайтиш

2023 йилда Россияда ўта ўнглар томонидан содир этилган зўравонлик жиноятлари сони кескин ўса бошлади. Уларнинг қурбонлари орасида нафақат бошқа миллат вакиллари, балки бошқа сиёсий қарашларга эга бўлганлар, шунингдек, ЛГБТ жамияти вакиллари, уйсизлар, гиёҳвандлар ва бошқалар ҳам бор. Ўта ўнгларнинг аксарият ҳужумлар газ баллончалар билан содир этилади. Бироқ Альперовичнинг айтишича, бундай ҳужумлар шунчалик кўпки, «СОВА» уларни ҳаттоки ўз статистикасига ҳам киритмайди ва "сезиларли зўравонлик"га эътибор қаратади. Бундай ҳолатлар сони ҳам кескин ошган.

«СОВА» мониторингига кўра, 2024 йил бошидан бери Россияда камида 123 киши нафрат сабабли ҳужумлардан жабр кўрган - бу ўтган йилдагидан кўп, камида 121 киши мафкуравий сабабга кўра зўравонликдан азият чеккан (улардан уч нафари вафот этган). Бунгача ўта ўнглар ҳужуми қурбонлари сони етти йил давомида камайиб бораётган эди: 2022 йилда «СОВА» 29 қурбонни, 2021 йилда эса 72 кишини қайд этган.

"Охирги икки йил ичида бундай ҳодисалар сони ортиб бормоқда. Бу, албатта, аввал-бошдаги кўрсаткичларга ҳам яқинлашмайди (ўта ўнг зўравонлик Россия шаҳарлари учун жиддий муаммо бўлган 2000 йиллар охирида йилига ҳужумлар сони 600 дан ошганди - Би-би-си), лекин биз аллақачон 2015 йил кўрсаткичларига яқинлашдик", дейди Альперович бу статистик маълумотларни шарҳлаб.

rasmlar

Сурат манбаси, NAZIVIDEOMONITORING/T.ME

2023 йил сентябрь ойида ўта ўнг ҳужумлар сони ортиши манзарасида NVMP (нацистлар видео мониторинги лойиҳаси) ишга туширилди. "Биз лойиҳани ишга туширдик, чунки 2023 йил ёзидан бери неонацистларнинг Telegram каналларида ҳужумлар акс этган видеолар кескин ошганини пайқадик", деди унинг админстраторларидан бири Би-би-сига. Ўтган йил сентябрь ойида улар 96 та ҳужумни (62 таси одамга ва 34 таси мулкка, асосан автомашиналарга), октябрда эса 121 та ҳужумни санашган. Жорий йил март ойида улар 123 та, апрелда 112 та ҳужум қайд этилган.

rasmlar

Сурат манбаси, NAZIVIDEOMONITORING/T.ME

"Афсуски, сўнгги ойларда сифат жиҳатидан ҳам ўзгаришлар бўлди, - деб таъкидлайди NVMP. - Лойиҳамизни бошлаганимизда, видеоларнинг аксарияти ғалатироқ эди, лекин ўткинчилар ёки уйсизларга газ пуркагич баллончалар билан қилинган ҳужумлар унчалик хавфли эмас эди. Катта зарар етказиши мумкин бўлган шафқатсиз калтаклаш видеолари камдан-кам учрарди. Шундай қилиб, 2023 йил сентябрида атиги олтита видео бор эди, октябрда саккизта, ноябрда аллақачон 15 та. 2024 йил апрель ойида биз 31 эпизодни ҳисобладик ва тўққиз ҳолатда одамларнинг бошига болға ёки калтак билан уришган, баъзилари ҳушини йўқотгунча калтакланган.

"Шафқатсизлик аста-секин ўсиб бормоқда, биз буни лойиҳанинг бошида башорат қилган эдик", деб хулоса қилишади улар.

Бундай ҳужумлар учун ҳибсга олинганлар асосан 18 ёшгача бўлган ўсмирлардир. Уларнинг аксарияти ҳужум чоғида скинҳедлар каби кийинганини кўриш мумкин. "Уларнинг каттароқ ёшдаги ҳаммаслаклари аллақачон сустлашиб қолган ёки "тўғридан-тўғри ҳаракатда" иштирок этиб, ўзини хавфга қўйишни истамайди, улар учун хавфсиз "ахборот иши" афзалроқ", дейди NVMP.

"Ўта ўнгчиларнинг янги, ҳайиқмас авлоди етишиб чиқди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари "кўча жангчилари"нинг олдинги авлодида қўрқув пайдо қила олди, аммо бу таъсир кучи ҳозир камайиб қолган", деб таъкидлайди Альперович.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002