Россия: "Рус марши"нинг нуфузи тушиб, мигрантларда қўрқув кетдими?

"Халқ бирлиги куни"да кўчага чиқишга қўрққан мигрантлар бу йил унда хизмат қилди
Сурат тагсўзи, "Халқ бирлиги куни"да кўчага чиқишга қўрққан мигрантлар бу йил унда хизмат қилди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Москвада бир вақтлар 10 минглаб миллатчиларни йиққан ва мигрантларга ҳужум билан якунланган "Рус марши" бўлиб ўтди. Сўнгги икки йилда иштирокчилари камайиб кетаётган "Рус марши"да бу йил 100 га яқин киши иштирок этди. Олдинлари бу куни кўчага чиқишга қўрққан муҳожирлар, бу йил байрамда қатнашганларга хизмат қилди.

Россияда "Рус марши" 2005 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. "Халқ бирлиги куни" Россия 1612 йилда поляк босқинчилари устидан ғалаба қозонган кун муносабати билан президент Владимир Путин томонидан жорий қилинган.

Бу байрам 1917 йилда большевиклар инқилоб амалга оширган кун нишонланадиган 7 ноябрь байрамининг ўрнига нишонланади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Сана муносабати билан Россиянинг турли шаҳарларида сиёсий партиялар тадбирлар ўтказди, байрам сайллари уюштирилди. Москванинг ўзида 20 дан зиёд майдон ва хиёбонларда йирик тадбирлар бўлиб ўтди.

Миллатчилар томонидан ташкиллаштириладиган "Рус марши" 2013-2016 йилларда Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши намойишлари ва шу куни мигрантларга нисбатан очиқдан очиқ тажовузлар билан дунё ОАВнинг эътиборини тортиб келаётган эди.

Москва шаҳрининг ўзида 10 минглаб иштирокчилар қатнашган намойишларда оммавий тартибсизликлар юзага келарди.

"Рус марши" удумдан қолмоқдами?

Сўнгги йилларда "Рус марши"да иштирок этувчилар камайиб бораётгани кузатилади. Москва шаҳрининг Люблино туманида бўлиб ўтган бу йилги намойишида 100 га яқин киши иштирок этди. Ташкилотчилар "нон учун ва рус халқига озодлик" лозунгини маршнинг асосий шиори қилишди. Кўнгиллилар, турли партиялар тарафдорлари ва ижтимоий ҳаракатлар вакиллари сиёсий маҳбусларни озод қилишга, мамлакатда коррупцияга барҳам беришга, ижтимоий тенглик, адолат ўрнатиш каби чақириқлар билан қатнашишди.

Ҳар йили 4 ноябрь куни Владимир Путин Россия халқини ўзи жорий этган байрам билан қутлайди ва халқ фаровонлиги учун бирдамлик, ўзаро ҳамжиҳатликка чорловчи нутқлар ўқийди.

Аммо "Халқ бирлиги куни"га ҳайрихоҳ бўлмаган сиёсатчилар ҳам талайгина.

"Мен бу байрам билан сизларни табрикламайман. Чунки бизда халқ бирлигининг ўзи йўқ. Аслида 4 ноябрь - халқ бирлигини йўқотган кун", дейди россиялик дипломат, тарихчи олим Николай Платошкин.

Дипломат Россияда бирдамлик собиқ иттифоқ даврида бўлган деб ҳисоблайди. "Тасаввур қила оласизми, 2 млн рубль маош олувчи вазир ўзини шундай иш ҳақига муносиб деб билади. Қайсидир ҳудуддаги киши эса 15-20 минг рубль ойлик ва 6000 рубль нафақага яшаяпти. Қандай халқ бирлиги ҳақида гап бўлиши мумкин?!"

"Неча йилки, бу "байрам" мавжуд, аммо "яшаб" кетмаяпти. Чунки у сунъий, ўйлаб топилган. Бундай яшаб бўлмайди, мамлакатга ўзгаришлар керак. Москвадаги "ташқи кўркам"ликка қарамай, ҳаммаси ёлғон" дея фикр билдирди Ирина Едунова.

Россия ҳукумати эса "Халқ бирлиги куни"ни йилдан йилга халқ сайли, тантаналар, миллий анъаналар ва турли тадбирлар намойиши ўтказиладиган байрамга айлантиришга ҳаракат қилиб қилмоқда.

Бир неча йил олдин бу кунда кўчага чиқишга ҳам қўрққан Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари эса, бугунга келиб Путиннинг байрамида хизмат қилаётганликларини кўриш мумкин.

- Улар бизни яхши кўриб қолгани йўқ, шунчаки ўзларининг муаммолари кўпайиб кетиб, эътибор у ёққа ўтди. Мигрантлар Россияга кераклигини ҳам тушунишди. Мана, улар байрам қилаяпти, биз ишлаяпмиз - дейди байрамда кабоб пишираётган тожикистонлик Жўрабек.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek