"Биз қийналаркан, сиёсатчилар бойиди" - Экофаол ҳукуматни 48 соатда ағдаришга қандай кўмаклашди?

Танужа Пандей ўтган ҳафтадаги намойиларда коррупцияга қарши шиор билан

Сурат манбаси, Tanuja Pandey

Сурат тагсўзи, Танужа Пандей ўтган ҳафтадаги намойиларда коррупцияга қарши шиор билан
    • Author, Рама Паражули
    • Role, BBC Непал хизмати
    • Author, Камал Парияр
    • Role, BBC Непал хизмати
    • Author, Келли Нг
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ёш непалликлар – Z авлод ёшлари ҳукуматни 48 соатда ағдарди. Аммо бу ғалабага оғир йўқотишлар эвазига эришилди.

"Қилган ишимиздан фахрланамиз, аммо елкамизда жароҳатлар, надомат ва ғазаб юки турибди", дейди намойиш ташкилотчиларидан бири Танужа Пандей.

72 киши ҳалок бўлган ўтган ҳафтадаги норозилик намойишлари Непалда сўнгги ўн йилликлардаги энг даҳшатли тартибсизлик билан кечди. Расмий бинолар, сиёсий етакчиларнинг қароргоҳлари ва 2024 йил июлда очилган "Ҳилтон" каби ҳашаматли меҳмонхоналар ёндирилди, бузилди ва талон-торож этилди. Собиқ Бош вазирнинг рафиқаси уйларига ўт қўйилгач, ўлим билан олишиб ётибди.

Халқаро инқироз гуруҳи катта маслаҳатчиси Ашиш Прадҳан айтишича, норозилик намойишлари "Непалнинг ҳозирги сиёсий синфи ўнлаб йиллар давомидаги нобоп бошқаруви ва давлат ресурслари талангани учун тамоман рад этилиши" бўлди. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, давлат хизматларига етказилган зарар "қарийб 9000 кишининг ҳаётига зомин бўлган 2015-йилги зилзила оқибатлари билан тенглашиши мумкин".

Вайронагарчилик фақат пойтахт Катманду билан чекланмади – бутун мамлакат бўйлаб камида 300 та маҳаллий ҳокимият идораларига зарар етган.

"Kathmandu Post" газетаси хабар беришича, молиявий йўқотишлар 3 триллион Непал рупиясига (21,3 миллиард доллар), яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли ярмига тенг бўлиши мумкин. Газетанинг ўз идораларига ҳам оломон ўт қўйган.

Непалликлар сиёсатчиларнинг болаларини "непо болалар" деб аташади

Сурат манбаси, Instagram / sgtthb

Сурат тагсўзи, Непалликлар сиёсатчиларнинг болаларини "непо болалари" деб аташади

"Непо болалари"

8 сентябрдаги даҳшатли намойишдан икки кун олдин, 24 ёшли атроф-муҳит фаоли Пандей хоним минтақадаги энг мўрт тоғ тизмаларидан бири – Чуреда жойлашган кон майдони тасвирланган видеони интернетга жойлади. У "Непал бойликлари сиёсатчиларнинг хусусий компанияларига эмас, халққа тегишли бўлиши керак" деб ёзиб, тенгдошларини "коррупцияга ва миллат бойликларидан нотўғри фойдаланишга қарши юриш"га чақирди.

Осиёдаги кўплаб ёшлар ҳаракатлари каби, Непалдаги Z авлод ёшларининг [1996 йилдан кейин туғилганлар] норозилик намойишлари ҳам етакчисиз эди. Непал ҳукумати 26 та ижтимоий тармоқни маҳаллий рўйхатдан ўтмагани учун тақиқлашга қарор қилганидан сўнг, бошқалар ҳам Пандей хонимга эргашиб, чақириқлар билан чиқди.

Алоқадор мавзулар:

Бир неча ойдан бери турли нуфузли сиёсатчиларнинг фарзандлари бўлмиш "непо болалар"га [непотизм болалари – қариндош-уруғлик орқасидан мавқе қозониб, фароғатда яшаётганлар фарзандлари] қарши ғазаб тўпланиб пишиб келаётган эди. Бу болаларни манбаси номаълум бойликларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилишда айблашарди.

Энг кўп тарқалган суратлардан бирида бир вилоят ҳокимининг ўғли Саугат Тҳапа Louis Vuitton, Gucci ва Cartier каби ҳашаматли брендлар қутисидан ясалган Мавлуд арчаси ёнида турарди. Норозиликларга жавобан у суратни "хато талқин" қилишаётганини, отаси "давлат хизматидан топган ҳар бир рупийни жамиятга қайтарганини" айтди.

Пандей хоним деярли барча "непо болалар" ҳақидаги контентларни кўрган эди, аммо бир сиёсий оиланинг ҳашаматли ҳаёти билан Форс кўрфази мамлакатида ишлашга мажбур бўлган оддий непаллик йигитнинг ҳаёти таққосланган видео уни айниқса таъсирлантирди.

"Буни кўриш жуда оғриқли, айниқса, ўқимишли ёшлар ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишаётганини билсанг. Чунки бу ердаги иш ҳақи муносиб яшашга етмайди," дейди у.

Непал – ёш демократия. У 17 000 дан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган ўн йиллик, маоистлар бошчилигидаги фуқаролар урушидан сўнг 2008 йилда республикага айланди.

Бироқ ваъда қилинган барқарорлик ва фаровонлик рўёбга чиқмади. 17 йил ичида Непалда 14 та ҳукумат алмашди ва ҳеч бир раҳбар белгиланган беш йиллик муддатни тугата олмади. Мамлакат сиёсати мусиқали стуллар ўйинини эслатади: коммунистик партиялар ва марказчи Непал Конгресси навбатма-навбат ҳокимиятга келади. Z авлод норозиликлари туфайли истеъфога чиққан КП Шарма Оли дохил уч нафар етакчи бир неча бор ҳокимиятга қайтганди.

Непалнинг аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти 1500 доллардан паст бўлиб, у Жанубий Осиёда фақат Афғонистондан кейин иккинчи энг қашшоқ давлат ҳисобланади. Аҳолининг тахминан 14 фоизи чет элда ишлайди ва ҳар уч оиладан бири четдан пул ўтказмаси олади.

Пандей хоним Непал шарқидаги ўрта синфга мансуб оиладан чиққан. Унинг отаси нафақадаги давлат мактаби ўқитувчиси. Уч йил олдин унга мия ўсимтаси ташхиси қўйилган ва ҳозир ҳам даволанмоқда. Тиббий харажатлар унинг оиласини деярли хонавайрон қилди, шунинг учун опаси уларни қўллаб-қувватлаш учун Австралияга кўчиб кетди.

Tanuja Pandey
Buni ko‘rish juda og‘riqli, ayniqsa, o‘qimishli yoshlar ham mamlakatni tark etishga majbur bo‘lishayotganini bilsang. Chunki bu yerdagi ish haqi munosib yashashga yetmaydi.
Tanuja Pandey
Ekofaol, Nepal (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Норозиликлар бошланишидан олдин Пандей хоним бошқалар билан биргаликда зўравонликсиз ва ўзаро ҳурматга ундовчи, иштирокчиларни "фитначи"лардан эҳтиёт бўлишга чақирувчи йўриқномалар ишлаб чиқди.

8 сентябрь куни эрта тонгда у бир нечта дўсти билан Катманду марказидаги улкан транспорт чорраҳаси Майтигар Мандалага етиб борди. У кўпи билан минг чоғли одам тўпланса керак деб ўйлаганди, аммо оломон тобора кўпайиб борди.

26 ёшли намойишчи Аакрити Гимиренинг айтишича, дастлаб вазият тинч ва дўстона эди. "Ҳаммамиз ўтириб, эски Непал қўшиқларини куйлардик, – дейди у. – Шиорлар ва бошқа нарсалар шунчалик қизиқарли эдики, маза қилаётгандик. Кейин юришни бошладик... полиция бизни транспорт воситалари безовта қилмаслиги учун назорат қилиб турарди."

Пандей хоним ҳам, Гимире хоним ҳам тушга яқин, оломон парламент жойлашган Янги Банешвор мавзеига ўта бошлаганида, хавфни сеза бошлади. Иккаласи ҳам мотоциклда келган одамларни кўрди. Пандей хонимнинг айтишича, бу одамлар ўртача Z авлод намойишчи ёшларлардан каттароқ кўринарди.

Гимире хонимнинг фикрича, улар фитначи эди. "Тинч намойишчиларни зўравонлик ниятида келганлардан ажратиш қийинлашди."

Баъзи намойишчилар парламент атрофидаги хавфсизликни бузишга уринганида, полиция бунга жавобан кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагич ишлатди ва ўқ узди. Ҳақиқий ўқлар ишлатилгани ҳақида далиллар бор ва улар мактаб ўқувчиларига ҳам ўқ узганликда айбланмоқда. Содир бўлган воқеа юзасидан тергов бошланган.

Ҳилтон нишонлардан бири бўлган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳилтон нишонлардан бири бўлган

Эртаси куни тартибсизлик ва зўравонлик авж олди. Намойишчилар бунга жавобан парламент, Бош вазир идораси ва бошқа ҳукумат биноларини ёқиб юбордилар. Пандей хоним ҳам, Гимире хоним ҳам уйда қолиб, воқеалар ривожини онлайн кузатишди.

"Кўпчилик сиёсатчиларнинг қилмишлари оқибатини кўриш жуда яхши бўлди, деб айтарди," дейди Гимире хоним раҳбарларнинг уйлари вайрон қилинганини назарда тутиб. Аммо кўп ўтмай кайфият ўзгарди.

"Қўлида бензин тўлдирилган шиша кўтарган одамларни кўрдим. Улар буни мотоцикллардан олишганди. Улар парламентга ҳужум қила бошлашди," дейди Пандей хоним.

Ҳуқуқшунослик факультети битирувчиси Олий суд ёнаётганини кўриб йиғлаб юборди ва бу унинг учун "маъбад" каби эканлигини айтди. Унинг воқеа жойидаги дўстлари алангани ўчириш учун сув сепишарди. Улар бу уриниш беҳуда эканлигини биларди – буни фақат ўзларини юпатиш учун қилишарди.

"Одамлар ўт қўювчилар келиб, бу нарсаларни атай ёқишганини айтишмоқда... Бу одамлар кимлар ўзи? – деб сўрайди Гимире хоним. – Видеоларда бу одамларнинг ҳаммаси ниқобда экани кўриниб турибди."

Вазиятни назорат қилиш учун армия жойлаштирилгач, бироз осойишталик қарор топди – бир неча кун комендантлик соати жорий этилди. Ҳафта охирида Олий суднинг собиқ раиси Сушила Карки вақтинчалик Бош вазир этиб тайинланди. Унинг бу лавозимга келишини намойишчилар қўллаб-қувватлаган эди.

Пандей хоним "у мамлакатни самарали бошқаришига, белгиланган муддатда сайловларни ўтказишига ва ҳокимиятни халққа топширишига" умид қилмоқда.

Бироқ, Непалнинг сиёсий келажаги ҳақидаги хавотирлар ҳамон сақланиб турибди.

Колумбия университетининг Жанубий Осиё бўйича мутахассиси Румела Сеннинг айтишича, "армиянинг ҳушёрлик ва барқарорлик тимсоли сифатида мисли кўрилмаган улуғланишини" кўриш "ташвишли".

Кўпчилик Дурга Прасаийнинг ҳарбийлар таклифи билан дастлабки музокараларда иштирок этганидан ҳам ноқулайлик ҳис қилмоқда. Жаноб Прасаи март ойида монархияни қўллаб-қувватловчи зўравон намойишларда иштирок этгани учун ҳибсга олинган эди. У Ҳиндистонга қочди, аммо Непалга қайтарилди. Z авлод намойишчилар унинг иштироки туфайли музокаралардан чиқиб кетишди.

Ijtimoiy tarmoqlarni taqiqlash natijasida yuzaga kelgan korruptsiyaga qarshi norozilik namoyishi chog'ida halok bo'lganlar xotirasiga bag'ishlangan sham yoqish marosimida odamlar qatnashmoqda.

Сурат манбаси, Reuters

Ҳалок бўлган намойишчиларнинг оилалари ҳам мусибатдан азоб чекмоқда.

"Суюкли ўғлимизни йўқотганимиздан чуқур ларзадамиз, – дейди Юбараж Неупане, унинг 23 ёшли ўғли Ёгендра норозилик намойишларида ҳалок бўлган. – Мен ҳали унинг қандай ҳалок бўлганини аниқлай олмадим."

Экспертиза хулосасига кўра, Ёгендрага парламент биноси яқинида бошининг орқа қисмига ўқ узилган.

Непалнинг жануби-шарқидан бўлган бу оиланинг тўнғич ўғли Катмандуда таҳсил олган ва давлат хизматчиси бўлишни ният қилган. Дўстлари ва қариндошлари айтишича, у доим ўқиш билан банд бўлган.

Бироқ 8 сентябрь куни у дўстлари билан намойишларга қўшилиб, мамлакатга ўзгаришлар олиб келишни орзу қилди. Вазият кескинлашгандан кейин ўзи қўнғироқ қилмагунча, унинг воқеа жойида бўлганини оиласи билмаган эди.

"Бизнинг жигарбандимиз ўзгаришлар учун курашиб, ҳаётини йўқотди, – дейди унинг катта амакиси Саубхагя. – Келажакда бошқа ёшлар кўчага чиқишга мажбур бўлмаслиги учун унинг қони ва фидойилиги эътироф этилиши керак."

Пандей хоним ватани келажагига хавотир аралаш умид билан қараётганини, аммо ўтган ҳафтадаги жароҳат умри охиригача уни тарк этмаслигини таъкидлайди.

Бу унинг тенгдошлари учун сиёсий уйғонишдир.

"Биз энди жим турмаймиз, адолатсизликка рози бўлмаймиз, – дейди у. – Бу шунчаки енгил ундов эмас, балки ўнлаб йиллар давомида ҳокимиятни қўлида тўплаган тизимга қарши дадил чақириқдир."