Россия қуроллари намойиши Тошкентда

Украина ҳарбийси қўлидаги Калашников автомати

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украина ҳарбийси қўлидаги Калашников автомати
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ғарб матбуоти эътиборини Украинадаги урушда ўзини намойиш этгани айтилаётган Россияда ишлаб чиқариладиган қуролларнинг Тошкентдаги кўргазмада намойишга қўйилгани тортди.

Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ"да 5 ноябр куни "Жамоавий хавфсизлик - Securex Uzbekistan 2024" деб номланган халқаро кўргазма очилди, у 7 ноябргача давом этади.

Ташкилотчиларга кўра, хавфсизлик, ёнғиндан ҳимоя масалаларига бағишланган йирик халқаро кўргазма 15-марта ташкил этилаяпти ва бу йил илк бор Тошкент кўргазмасига Россиянинг "Рособоронэкспорт" ширкати ҳам қатнашаяпти.

Россия ширкати кўргазмада бир неча Калашников автомати, тўппонча ва снайперлик милтиғи, Россияда ишлаб чиқарилган замонавий дронларни намойиш этаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Россия 2022 йил февралида қўшниси Украинага тўлақонли босқин бошлади.

Айримлар буни СССР парчаланганидан афсусланган Владимир Путиннинг Россия ҳукмронлигини қайта тиклаш мақсадидаги империячилик уринишларининг дастлабки қадами деб баҳолади.

Ғарб Россияга қарши қатор санкциялар жорий этди, қурол-яроғ савдосини тақиқлади.

Россия қурол ва техникасининг сифати атрофида ҳам саволлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон ва бошқа собиқ Совет республикалари Кремлнинг тажовузини очиқдан-очиқ қораламадилар, МДҲ, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ва яқиндаги BRICS саммити доирасида Россия раҳбарияти билан учрашиб турибдилар.

Марказий Осиё раҳбарларининг Москва Қизил Майдонидаги Ғалаба парадидаги иштироки танқидларга ҳам сабаб бўлаяпти.

Ўзбекистон ва минтақа сиёсатчиларининг ёндашуви прагматик деб баҳоланмоқда, Ғарб қурол-яроғ билан ёки киритилган санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётган мамлакатларни жазолаши ҳақида огоҳлантирган.

Telegram kanalimiz