BRICS саммити - Путин дипломатиясининг ғалабасими?

Сурат манбаси, Reuters
Ғарб матбуоти ёзишича, Қозон шаҳридаги BRICS саммити Украинага бостириб киргани учун Ғарб яккалаб қўйишга интилаётган Россиянинг дипломатик ғалабаси бўлди.
BRICS саммитига БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Хитой Президенти Си Цзинпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён, бу ташкилотга аъзо бўлмаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ва бошқалар бордилар.
Саммитда Хитой раҳбари “Украинадаги жангларни кенгайтирмасликка” чақирди, Бош вазир Моди дунёдаги бирор бир можарони назарда тутмасдан, биз “уруш эмас, мулоқот ва дипломатияга чақирамиз”, деди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эрон Президенти Пезешкиён BRICS раҳбарларидан “Ғазо ва Ливандаги урушни тўхтатиш учун барча жамоавий ва якка қобилиятларини ишга солишга” чақирди.
BRICS аъзолари Фаластин ҳудудларига 1967 йилги чегараларида БМТнинг тўлақонли аъзоси мақоми берилишини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
43 саҳифалик Қозон декларацияси қабул қилинди.
Кремл матбуоn котиби Дмитрий Песков сўзларига кўра, бир неча давлат раҳбари Украина можаросини ҳал этиш бўйича воситачиликка тайёрлиги ҳақида Президент Путинга яккама-якка мулоқотлари пайти билдирганлар.
BRICS ташкилоти дунёдаги ривожланган етти мамлакат – йирик еттиликка муқобил деб ҳам кўрилади, Буюк Британияда нашр этиладиган Times рўзномаси ўтган йилги ЖАРдаги BRICS раҳбарлари саммитида Хитой бу ташкилотнинг G7 нинг тўлақонли рақибига айланиш тарафдори экани ҳақидаги баёнотини эслатди.
Times ёзишича, “Си Цзинпиннинг Қозонга келиши, ҳар бир томон ўзининг стратегик ва иқтисодий манфаатларини кўзлаётган бўлса-да, Россия билан Хитойнинг АҚШ ҳукмронлигига қарши бирлашганини намойиш этади”.
“Охирги йилларда Хитой Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорликларини кенгайтириш билан ўзининг халқаро таъсирини кенгайтирди. Ғарб мамлакатлари ичига ҳар хил мамлакатлар – ҳам демократик, ҳам диктаторлик режимлари киргани учун BRICSга унча эътибор берганлари йўқ. Бироқ халқаро таранглик ортиб бориши билан BRICS тобора кўпроқ “Ғарб Шарққа қарши” ва “Жанубга қарши Шимол” тамойили асосида дунёда ўзаро душман геосиёсий блоклар юзага келаётганининг аломати сифатида кўрилмоқда”, деб ёзди Times газетаси.

Сурат манбаси, Reuters
Қозон декларацияси
Британиянинг Daily Telegraph газетаси ёзишича, Қозон саммитига БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш боргани “БМТнинг ташкилот сифатида барбод бўлгани” аломатидир.
“Украинага жиноий босқини туфайли Россияни “ихоталаш”га нима бўлди?”, дея савол қўйган рўзнома.
“Гутерриш Иван Грозний қурган қалъа олдидаги тадбирга бориш билан Путинга пропаганда учун ажойиб имконият яратиб берди. Бундан ташқари бир неча иштирокчи мамлакат Путинни ҳарбий жиноятларда айблаб арест ордерини чиқарган Халқаро Жиноят суди тузилишини кўзда тутган Рим Статусини имзолаган”, деб ёзди Times.
“Украина уруши учун Ғарб бойкот қилган Россия Президенти Владимир Путин сешанба куни дипломатик ғалабани қўлга киритди. У Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Африка раҳбарларини АҚШ устунлик қилаётган дунё мувозанатини ўзгартиришга интилаётган ўтиш иқтисодидаги мамлакатлар саммити очилиши маросимида қарши олди”, деб ёзди АҚШда босиладиган New York Times газетаси.
“Халқаро Жиноят суди чиқарган ҳибсга олиш ордери боис дунё бўйлаб саёҳат қилолмайдиган Путин ўзини дунё миқёсидаги сиёсатчи деб тасаввур қилиши мумкин”, деб ёзди рўзнома.

Сурат манбаси, Reuters
“Россия 22 давлат раҳбари ва 30 дан зиёд мамлакат вакилини Қозонда қабул қилаётгани Путин халқаро саҳнада яккалаб қўйилмагани ва Халқаро Жиноят суди ордерининг кучи чекланганини кўрсатади”, деди New York Timesга Тарқатмаслик бўйича Жеймс Мартин маркази эксперти Ханну Нотте.
“Бу нарса Украина уруши нормал ҳолатга айлангани ва уни халқаро реалликнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилаётганларини кўрсатади”, деди эксперт.
New York Times ёзишича, барча BRICS иштирокчилари Украина урушини давом эттиришда Россия иқтисодиётига ёрдам бераяпти.
Украина БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Қозон саммитига борганини танқид қилди.
“БМТ Бош котиби Украинанинг Швейцариядаги Глобал Тинчлик саммитина таклифини рад этди. Бироқ ҳарбий жиноятчи Путиннинг Қозон саммитига таклифини қабл қилди. Бу тинчлик ишига ёрдам бермайдиган нотўғри танлов”, дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлигининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилган баёнотида.
Бундан олдин бош котиб вакили у Россия Президенти Путин билан Украина урушини тугатиш йўлларини муҳокама этиш учун учрашиш ниятида эканини маълум қилди.
«Бош котиб ўзининг Украина урушига нисбатан таниқли мавеъини ва БМТ низоми, халқаро ҳуқуқ ва БМТ резолюциялари шартларини тасдиқлайди”, деди БМТ бош котиби вакили.
BRICSга қўшилмаган Қозоғистонни Россия "жазо"лаяптими?

Сурат манбаси, EPA
Россиянинг деҳқончилик маҳсулотлари хавфсизлиги учун масъул ташкилоти "Росселхознадзор" Қозоғистондан Россияга олиб кириладиган мева-сабзавотга вақтинчалик тақиқ жорий этганини эълон қилди, бу Қозоғистоннинг Россия етакчилигидаги BRICS ташкилотига қўшилмаслиги ҳақидаги баёнотидан сўнг кузатилди.
"Росселхознадзор" ўз қарори 17-октябрдан кучга кириши, Қозоғистондан Россияга помидор, қалампир, кунгабоқар, қовун ва бошқалар олиб ўтиши тўхтатилишини хабар қилди.
Айни пайтда BRICS ташкилоти раислиги Россияда, 22-24 октябр кунлари Қозон шаҳрида BRICS раҳбарлари саммити режаланган.
Ўтган йили Халқаро Жиноят судининг ҳибс ордери боис Жанубий Африкадаги саммитда онлайн қатнашган Россия Президенти Владимир Путин Қозон йиғилишига раислик қилади.
Қозоғистон матбуоти хабар қилишича, Россия Президент Қосим-Жўмарт Тоқаевга BRICS ташкилотига қўшилиш таклифини юборган ва жаноб Тоқаев меҳмон сифатида Қозон саммитида иштирок этади ва 24-октябр куни маъруза қилиши ҳам режаланган.
Бироқ ҳам Тоқаевнинг ўзи, ҳам Қозоғистон президенти маъмурияти расмийлари сўзларига кўра, "Қозоғистон яқин орада BRICSга қўшилишга ариза топширишдан ўзларини тийиб турадилар".
BRICS саммитига 78 яшар Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳам бормаслиги хабар қилинди, сабаби унинг бошидан жароҳатлангани дейилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-сининг Россия бўйича муҳаррири Стив Розенберг ёзишича, Президент Путин BRICS саммитини Ғарб босими иш бермаётганининг исботи сифатида намойиш этишни хоҳлайди.
2022 йил февралида Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан кейин Ғарб Россия сиёсатчиларига, молия тизимлари, ишлаб чиқариш корхона ва ширкатларига кўплаб санкциялар жорий этди, газ ва нефт савдоларини чеклади.
Бундай шароитда Президент Путин, Европа бўлмаса, Осиё, Лотин Америкаси ёки Африка билан яхши иттифоқчиликни қўлга кирита олишини кўрсатишни истайди ва шунга ҳаракат қилмоқда.
МДҲ раҳбарлари учрашувлари ҳам Президент Путинга дунёдан яккаланиб қолмаганининг намойиши бўлиб хизмат қилаяпти.
Ана шундай бир шароитда Қозоғистоннинг BRICSга қўшилмаслик қарори Путинга зарбадек бўлиб туюлади, ёзишмоқда сиёсий таҳлилчилар.

Сурат манбаси, EPA
Қозоғистон BRICSга қўшилгандан кўра, Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзолик билан кифояланишини билдирди.
"Қозоғистон бизнинг дўстимиз, стратегик шеригимиз, бизнинг иттифоқчимиз. Биз муносабатларимизни қадрлаймиз. Шунинг учун ҳам Қозоғистон муайян ташкилотлардаги иштироки борасида ўзи қарор қабул қилади", дея муносабат билдирди Кремл сўзчиси Дмитрий Песков.
BRICS Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикаси номлари илк ҳарфларидан ясалган ташкилот номи.
2024 йил 1 январидан Миср, Эрон, Эфиопия ва Бирлашган Араб амирликлари қўшилди, Саудия Арабистони ҳам таклиф қилинган.
Мухбирларга кўра, Президент Путин Қозон саммитида АҚШ долларини четлаб ўтадиган тўлов тизимини йўлга қўйиш таклифида.
Аммо сўнгги таҳлилларга кўра, Кремлнинг амбицияли режаларини ташкилот аъзолари қўллаб-қувватлашни хоҳламаяптилар.
Мисол учун Ҳиндистон сиёсатчилари BRICSнинг "аксиламерика ташкилот"га айланишини хоҳламасликларини айтишган.
Ғарб билан муносабатлари жуда яхши БАА глобал Жануб Ғарбга нисбатан мухолифатда деган мавқеъни хуш кўрмаслигини билдирган.
Қозон саммити Эроннинг янги президенти Маъсуд Пезешкиён иштирок этадиган илк йирик халқаро тадбирлардан бири бўлиши хабар қилинган.
Яқинда Исломободда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари учрашуви бўлди, у ҳам расмий Теҳрон иштирокидаги жаҳон эътиборидаги йиғин бўлди.
Бугунги кунда Россия ҳам, Эрон ҳам халқаро санкцияларга учраган, Украина уруши ва Яқин Шарқ можароси Эрон ва Россия ҳарбий ҳамкорлигининг кучайишига сабаб бўлаётган омиллардан деб кўрилади.
Шу кунларда Исроил Эрон ракета ҳужумларига ўзининг жавоби ҳалокатли бўлишидан огоҳлантирган, Ғарб Яқин Шарқ можароси янада кенгайишидан хавотирда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













