Украина уруши асносида БРИКС давлатлари ўз глобал таъсирини кенгайтиришга уринмоқчи Ukraina Rossiya Янгиликлар

Россия Президенти Владимир Путин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Хитой Президенти Си Цзиньпин 2019 йилги БРИКС учрашувида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия Президенти Владимир Путин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Хитой Президенти Си Цзиньпин 2019 йилги БРИКС учрашувида

БРИКС етакчиларининг бу йилги мулоқоти геосиёсий тартиботдаги катта ўзгаришлар вақтида кузатилди.

Ўз номини беш аъзо давлат - Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африканинг инглизча бош ҳарфларидан олган ушбу гуруҳ ўзининг йиллик саммитини ўтказди.

Бу БРИКС музокараларининг кетма-кет учинчи йил виртуал форматда ўтказилиши. Охирги иккитаси Ковид пандемияси пайтида бўлиб ўтди, аммо нега раҳбарлар бу йил ҳам юзма-юз учрашувларни ўтказиб юборишга қарор қилгани сабаби номаълум.

Бу Ҳиндистон, Австралия, Япония ва АҚШдан иборат Quad - тўртликдан кескин фарқ қилади, уларнинг раҳбарлари ўтган ой дунё оммавий ахборот воситаларининг кузатувида Японияда шахсан учрашгандилар.

Айрим таҳлилчиларнинг айтишича, бу қисман БРИКС давлатлари йиллар давомида умидларни оқламагани сабабли ҳамдир. 2009 йилда ташкил этилганида, мазкур гуруҳ глобал иқтисодиётни қайта шакллантириши ва ривожланаётган дунёга ёрдам бериш учун янги молиявий тартиб яратиши кутилган эди.

Унинг муваффақиятини энг яхши ҳолатда ўртача деб таърифлаш мумкин, аммо унинг аҳамиятини ортиқча баҳолаб бўлмайди. БРИКС мамлакатлари аҳолиси 3.23 миллиардни ташкил этади ва умумий ЯИМ 23 триллион доллардан ошади.

Вашингтондаги Уилсон маркази таҳлил маркази директори ўринбосари Майкл Кугелман: "БРИКС ўз ўрнига эгамасдек туюлиши мумкин, чунки у АҚШ бошчилигидаги мавжуд глобал тизимга муқобил тизимни яратиш бўйича узоқ йиллик саъй-ҳаракатларида олдинга силжимаган".

Аммо унинг қўшимча қилишича, "гарчи ўз вазни даражасида зарбаси кучли бўлмаса ҳам", БРИКСни умумий иқтисодий қудрати туфайли ҳисобдан чиқариш хато бўларди.

Иқтисодиёт ҳар доим БРИКСнинг марказида бўлган, аммо Украинадаги уруш бу галги саммитга катта ўзгаришлар киритиши мумкин, дейилди.

Давлатлар уруш ҳақида очиқ айтмаслиги мумкин, аммо Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Россия Президенти Владимир Путин, Хитой Президенти Си Цзиньпин, Жанубий Африка Президенти Кирил Рамафоса ва Бразилия Президенти Жаир Болсонару ўзаро гаплашганда, бу албатта муҳокама қилинади.

Control Risks консалтинг компаниясининг Жанубий Осиё бўйича директори Пратюш Раонинг айтишича, Украина хонадаги фил бўлиши шубҳасиз.

"Кўпчилик саммитни, хусусан, Украина бўйича Россия-Хитой муносабатлари динамикасини кузатиб боради", дейди у.

Хитой Россияни қўллаб-қувватлаш борасида очиқроқ бўлган бўлса-да, Ҳиндистон, Жанубий Африка ва Бразилия уруш туфайли дипломатик тор йўлакдан юришга ҳаракат қилишди. Улар Россияни очиқдан-очиқ танқид қилмадилар, балки урушни тугатиш учун музокаралар олиб бориш тарафдори эдилар.

Аммо уруш бошланганидан бери кўп нарса ўзгарди. Урушнинг иқтисодий оқибатлари ва Ғарб санкциялари кўплаб мамлакатларда инфляциянинг ўсиши, глобал таъминот занжири узилиши ва озиқ-овқат танқислиги қўрқуви билан бутун дунёда сезилмоқда.

Россиялик шарҳловчилар санкциялар оқибатларини юмшатишда БРИКС мамлакатлари аҳамияти ҳақида гапириб келмоқда.

Жаноб Раонинг айтишича, саммитда Ғарб санкцияларига қандайдир қаршиликлар бўлишини кутиш мумкин ва бу Россияга таскин беради.

"Аммо буни Россия ҳаракатларини маъқуллаш деб талқин қилмаслик керак", дея қўшимча қилади у.

Бироқ, БРИКС аъзолари ривожланаётган мамлакатларга урушнинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришда фаол бўлишни хоҳлайди.

"Мен саммитда гуруҳ умумий демографик ва иқтисодий таъсири туфайли глобал аҳамиятини кўрсатишга уринади деб ўйлайман. Бундан ташқари, мен бу камбағал ва ўрта даромадли мамлакатларга Украина инқирозининг иқтисодий таъсирига чидамлилигини оширишга ёрдам беради деб умид қиламан", дейди жаноб Кугелман.

Аммо кейин гуруҳ ичида муаммолар пайдо бўлади. Пекин ва Москва Ғарбга нисбатан қатъийроқ позицияни эгаллашга рози бўлиши мумкин, аммо Деҳли саммитдан АҚШни ва кенгроқ айтганда, Ғарбни очиқ танқид қилиш учун фойдаланишни истамайди.

Деҳли ўзининг "стратегик мухторияти" ва қўшилмаслик сиёсати билан фахрланади ва ҳатто рақобатдош кўп томонлама форумларнинг муҳим аъзоси эканлигини кўрсатган.

"Ҳиндистон мустақил стратегик сиёсатга ва жаҳон саҳнасида мустақил автоном овозга эга ва бу масалада муроса қилишни истамайди", дейди жаноб Рао.

Россия ҳам, Хитой ҳам «Quad»ни "Осиё НАТОси" сифатида танқид қилди, аммо бу Деҳлини Пекин ўзининг таъсир зонаси деб ҳисоблаган Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги гуруҳ ташаббусларини қўллаб-қувватлашини эълон қилишдан тўхтатмади.

Таҳлилчиларга кўра, Россия ва Хитой БРИКСни ривожланаётган дунёга ёрдам берадиган, айни пайтда тез ўзгариб бораётган геосиёсий тартиботда ўз аҳамиятини сақлаб қолган ҳаётий молиявий институтга айлантиришдек кенгроқ мақсадни кўзлаб, бу майдароқ омилларни эътиборсиз қолдириши мумкин.

Айни пайтда Деҳли ва бошқа аъзолар ўртасида БРИКСни кенгайтириш борасида келишмовчиликлар мавжудлиги ҳақида хабарлар бор.

Bloomberg ахборот агентлиги яқинда Деҳли Пекиннинг гуруҳга янги аъзоларни киритиш режасига қаршилик кўрсатиши ҳақида хабар берди.

"Ҳиндистон Хитой етакчи роль ўйнайдиган гуруҳда кўпроқ аъзоларни кўришни истамайди. Ҳиндистон Хитой таъсири кучайишидан эҳтиёт бўлади", дейди жаноб Кугелман.

Саммитнинг муваффақияти икки давлатнинг шу ва бошқа масалалар, жумладан, давом этаётган чегара низолари бўйича келишмовчиликларни қандай ҳал қилишига ҳам боғлиқ бўлади.

Жаноб Кугелман ҳам, жаноб Рао ҳам икки давлат манфаатли бўлса, ўзаро келишмовчиликларга эътибор бермасликка қодир, деб ҳисоблайдилар.

Улар саккиз давлатнинг иттифоқи бўлган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти билан ҳамкордир ва шунингдек, COP26 саммитида эмиссияларни қисқартириш бўйича қатъий мақсадларни қабул қилишга қарши чиқишда ҳам ҳамкорлик қилишди.

Бу манзарада Украина БРИКСнинг туташ нуқтасига айланиши мумкин. Гуруҳ учун бу Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси каби Ғарб институтларига қарши муносиб молиявий муқобил бўлиши мумкинлигига дунёни ишонтириш учун имконият бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шундай қилиб, БРИКС бошчилигидаги Янги Тараққиёт Банкига қўшимча сармоя тўғрисида баъзи аниқ эълонлар бўлиши мумкин.

Таҳлилчиларнинг айтишича, бу жиддий глобал ўйинчи сифатида кўпроқ таъсирини кўрсатиш учун БРИКСга тўғри йўналишдаги қадам бўларди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek