Украина уруши: Германия замбараклари Украинада, фақат "Азот" Украина назоратида Ukraina Rossiya

Сурат манбаси, BMVg_Bundeswehr
Германия Panzerhaubitze2000 лари Украинада
Украина мудофаа вазири Германиянинг ўзи юрар Panzerhaubitze2000 гаубицалари уруш жабҳасига етиб боргани ҳақида хабар қилди.
Украина Мудофаа вазири Олексий Резников Германия гаубицалари Украина ихтиёрида бўлган олтинчи турдаги 155 ммли артиллерия тури эканини маълум қилган ва Германия тарафига ўз миннатдорлигини билдирган.
Германия раҳбарияти Россиянинг Украинага босқини бошланганда қоралади ва Украинага ҳарбий ёрдам ваъда қилди.
Орада Украина раҳбарияти ва Германия матбуоти канцлер Олаф Шолцнинг ваъда қилинган кўмакни етказиб беришга шошилмаётганини танқид қилдилар.
Ўтган ҳафта Германия канцлери Украинада бўлди ва Россия босқини ҳақида янада кескинроқ баёнотлар берди.
Северодонецк ёнидаги Тошковка Россия қўлида

Сурат манбаси, Getty Images
Украина расмийлари Луҳанск вилоятининг Тошковка посёлкаси Россия ҳарбийлари назоратига ўтганини тасдиқладилар.
Бир кун олдин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Тошковка ўз назоратларига олгани ҳақида хабар берган эди.
Северодонецк шаҳрида эса фақат "Азот" кимёвий комбинати ҳудуди Украина қўшинлари қўлида қолган.
Шаҳарнинг қолган қисмини Россия босиб олган.
Шунга қарамасдан, шаҳар кўчаларида жанглар давом этаяпти.
Северодонецк ва унинг эгизак шаҳри Лисичанск охирги ҳафталарда Россиянинг қаттиқ артиллерия ва авиа ҳужумлари остида қолмоқда.
Россия бутун Луҳанск вилоятини ўз назоратига киритишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаяпти.
Украина расмийларига кўра, Россия вақтинча босиб олган ҳудудларидаги барча қўшинларини ҳозир Северодонецк атрофига ташлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















