"Украинангга қайтиб кет": уруш қочқинлари Польшадаги камситишлардан норози

Сурат манбаси, EPA
- Author, Will Vernon
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Светлана айтишича, қизи Польшадаги мактабини жуда яхши кўрган.
"Ҳатто бошқа ҳудудга кўчганимизда ҳам, у мактабини ўзгартиришни хоҳламади, – дейди 31 ёшли украиналик она. – У мактабини жуда ёқтирарди. У ерда ҳеч қандай безорилик бўлмаган."
Энди у мактабда ва умуман Польшада вазият ўзгарганини таъкидлаяпти.
"Икки ҳафта олдин қизим уйга келиб, "Бугун бир бола менга «Украинага қайтиб кет» деди," деб айтди.
У Польшада яшаётган ва Би-би-сига сўнгги ойларда ўзларига қарши кайфият сезиларли кучайганини айтган ўнлаб украиналиклардан бири.
Кўпчилик жамоат транспортида ҳақорат, мактабларда қўпол муносабат ва интернетда ксенофобик материалларга дуч келганини таъкидлади.
Кескинликни президентлик сайловлари кампанияси янада кучайтирди, якшанба куни овоз беришнинг биринчи босқичи бўлиб ўтади.
Светлананинг қизига Украинага қайт деб айтишган куннинг эртасига вазият янада ёмонлашди.
"Юқори синфдаги қизлар унинг украинча гапиришидан шикоят қила бошлашди. Кейин улар ерга ётиб олиб, «Ракета! Ёт!» деб бақириб кулишган, – дейди Свитлана. – Қизим уйга йиғлаб келди."
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Бир неча кун олдин Россия ракетаси Светлананинг Украинадаги она шаҳрига тушган ва ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлган эди. Унинг қизи бу воқеадан руҳан жароҳат олган.
Светлана унинг ҳақиқий исми эмас, чунки у ўч олишларидан қўрқади. У бизга қизига ёмон муносабат сабабли мактаб ходимларига қилган шикояти скриншотларини кўрсатди.
Унинг айтишича, бошқа жойларда ҳам украиналикларга бўлган муносабат ўзгарган: "Ишхонада кўпчилик украиналиклар бу ерга келиб, ўзларини ёмон тутишаётганини айтишмоқда. Украиналик дўстларим эса поляклар қабул қилмагани учун уйга қайтмоқчи эканликларини айтишяпти. Ҳозир бу ерда яшаш қўрқинчли бўлиб қолди."

Сурат манбаси, EPA
Ҳукумат статистикасига кўра, Польшада камида 2,5 миллион украиналик яшайди, бу Польша умумий аҳолисининг деярли 7 фоизини ташкил этади.
2022 йил февраль ойида Украинага кенг кўламли босқин бошланганида, поляклар катта ҳамдардлик билдиришди. "Бу ажойиб эди. Ҳар куни одамлар қўнғироқ қилиб, «Қандай ёрдам беришимиз мумкин?» деб сўрашарди," дейди Варшавадаги "Украина билан елкама-елка" жамғармаси раҳбари, фаол Наталя Панченко.
"Баъзилар гуманитар ёрдамлар ташкил қилишди ёки қочқинларни бу ерга олиб келишди. Улар уйларини, озиқ-овқатларини, бор нарсаларини ва қалбларини ҳам беришди."
Уч йил ўтиб, Наталя полякларнинг кўпчилиги ҳали ҳам Украинани қўллаб-қувватлашига ишонишини айтади. Аммо баъзилар бундай эмас ва унинг ташкилоти бир неча ой олдин Украинага қарши онлайн ҳақоратлар кўпая бошлаганини пайқади.
"Кейин бу ҳақиқий ҳаётга кўчди, – дейди у. – Сўнгги пайтларда бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда... дўконларда ёки меҳмонхоналарда ишлайдиган одамлар украинча акцент билан гапиргани учун ксенофобик [ҳақорат]га учраяпти."
Наталянинг айтишича, кўплаб украиналик қочқинлар руҳан жароҳат олган. "Бу аёллар ва болалар гуруҳлари уруш туфайли Польшада, кўпинча уларнинг қариндошлари фронтда, асирликда ёки ҳалок бўлган... ва айнан шу гуруҳ нишонга олинмоқда."
Yuqori sinfdagi qizlar uning ukraincha gapirishidan shikoyat qila boshlashdi. Keyin ular erga yotib olib, «Raketa! Yot!» deb baqirib kulishgan. Qizim uyga yig‘lab keldi.
Тадқиқотлар кўрсатишича, Польшада украиналикларга нисбатан жамоатчилик фикри ҳақиқатан ҳам ёмонлашмоқда. Нуфузли CBOS маркази томонидан 2025 йил март ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, полякларнинг атиги 50 фоизи украиналик қочқинларни қабул қилиш тарафдори, бу тўрт ой ичида етти фоизга камайган. Икки йил олдин бу кўрсаткич 81 фоиз эди.
Бир миллионга яқин украиналик кенг кўламли босқин бошланганидан кейин келганлиги расман қайд этилган. Польша ўз ЯИМнинг 4,2 фоизини украиналик қочқинларга сарфлайди.
Украина масаласи Польшанинг муҳим президентлик сайлов кампаниясида қизғин сиёсий масалага айланди.
Ҳозирда учинчи ўринда турган ўта ўнг популист Славомир Ментзен Украинага қарши ва Владимир Путин билан "келишув"ни қўллаб-қувватлайди.
Иккинчи ўринда Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишига ҳамда қочқинларга молиявий ёрдам беришга қарши бўлган, аммо уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдиган консерватив Карол Навроцкий турибди.
Украинага энг хайрихоҳ номзод – Бош вазир Доналд Таск коалициясидан етакчи номзод Рафал Трасковски. Аммо у ҳам украиналикларнинг ижтимоий таъминотини қисқартиришга ваъда берган.
Сиёсий таҳлилчи Марсин Заборовскийнинг айтишича, Трасковски сайловларда марказчилар овозини ютиш учун Украина тарафдори эканлигини очиқ намоён қилишдан ўзини тиймоқда.
"У жамоатчилик муносабатидаги ўзгаришга мослашмоқда. Уруш қурбонларини қўллаб-қувватлашга бўлган дастлабки иштиёқ йўқолиб бормоқда, салбий кайфият устун келмоқда ва бу унинг учун унчалик қулай масала эмас."
Ўта ўнгчиларнинг яна бир номзоди Гжегож Браун апрель ойидаги сайловолди митингида шаҳар ҳокимлиги биносидаги Украина байроғини юлиб ташлагани учун полиция томонидан тергов қилинмоқда. Сўровномаларда атиги 3 фоиз овоз олаётган Браун мунтазам равишда ўзи "Польшанинг украиналаштирилиши" деб атаётган жараёнга қарши чиқмоқда.
Ўтган ҳафта Польша ҳукумати Россиянинг "Польша фуқаролари орасида ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатиш" орқали Польша сайловларига аралашишга "мисли кўрилмаган уриниш" қилаётгани ҳақида огоҳлантирди. Москва сайловларга аралашиш бўйича барча айбловларни рад этмоқда.

Польшада дезинформация ва тарғиботни кузатиб борувчи нодавлат ташкилотга раҳбарлик қилаётган Михал Марек ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Украинага қарши материалларга мисоллар келтиради.
"Асосий ғоялар шундан иборатки, гўё украиналиклар Польша бюджетидан пул ўғирлаётган эмиш, украиналиклар бизни ҳурмат қилмас эмиш, улар бизни талаш ва ўлдиришни истаётган эмиш ҳамда уруш учун жавобгар эмиш," дейди у.
"Бу маълумотлар дастлаб русийзабон Telegram каналларда пайдо бўлади, кейин эса биз худди ўша фотосуратлар ва матннинг Google Translate орқали таржима қилинганини кўрамиз. Улар бу материални Польша ахборот майдонига ёйишга ҳаракат қилишмоқда."
Жаноб Марек бундай дезинформацияни Польшада Украинага қарши кайфият кучайиши билан бевосита боғлайди ва тобора кўпроқ поляклар пропаганда таъсирига тушиб қолаётганини таъкидлайди.
"Бироқ фақат сайловдан кейин кўрамиз – полякларнинг қанча фоизи очиқчасига Россия тарафдори бўлган номзодларга овоз беришни хоҳлайди."












