"Ўндан ортиқ украиналикни ўлдирган"га шартли жазо – Ўзбек судлари Россия томонида жанг қилган ватандошларга "бағрикенглик" қиляптими?

Сурат манбаси, Reuters
Андижон ва Фарғонада Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган ватандошлар устидан суд маҳкамаси бўлиб ўтган. Судланувчилардан бири "ўндан ортиқ украин аскарини ўлдирган"ини тан олган. Ҳар икки ишда ҳам судланувчиларга шартли жазо тайинланган. Очиқ маълумотлардан ўзбек судлари Россия томонида жанг қилган ватандошларга енгил жазо бераётгани кўринади.
Ўтган йилнинг охирида Андижон ва Фарғона вилояти судларида Россия томонида Украинага қарши жанг қилган ўзбекистонликлар устидан икки алоҳида маҳкама бўлиб ўтган.
Бу ҳақда ҳар иккала суд қарорини ўрганган маҳаллий Газета.уз нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, судланувчилардан бири – 2023 йил Россия армияси сафига ёлланган андижонлик 39 яшар эркак ўша йилнинг ноябрига қадар бўлган жангларда 10 дан ортиқ украиналик аскарни ўлдирганини тан олган.
Фарғона вилоятида кўрилган бошқа бир ишда эса 2023 йил августида Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 22 ёшли йигит ўша йил октябрдан 2024 йил февралигача Украинадаги жангларда қатнашганини тан олгани ҳақида сўз боради.
Собиқ ёлланма жангариларининг ҳар иккиси ҳам Россия томонида жанг қилиш эвазига салмоқли маош (195 минг рублдан 450 минг рублга қадар ёки ҳозирги курс бўйича $1,805 – $4,165) таклиф этилгани ҳақида кўрсатма берган.
Ўзбек суди фарғоналик собиқ ёлланма жангарини шартли 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган, аммо жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, йигитга шартли 3 йил синов муддати белгилаган.
"Ўндан ортиқ украиналик аскарни ўлдирган"ини тан олган андижонлик эркакка эса 4 йил 2 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.
Суд қарорлари матнига таянган Газета.уз'нинг ёзишича, ўзбек судлари айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги каби енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, енгилроқ жазо бериш қарорини олган.
Умуман олганда, охирги икки йилда матбуотда пайдо бўлган хабарларга разм солинса, Украинада жанг ҳаракатларида қатнашган ўзбекистонликларга нисбатан енгил жазолар тайинланаётгани кўринади.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш)да эса беш йилдан ўн йилга қадар озодликдан маҳрум этиш ҳақида сўз боради.
Россия меҳнат муҳожирларини урушга тортишга зўр бераётган бир манзарада ўзбек судларининг ёлланма жангарилик учун юмшоқ жазолар тайинланаётгани мигрантлар орасида "урушга боришдан қўрқмаслик" ҳиссини пайдо қилиши эҳтимоли юзасидан хавотирлар пайдо бўлган.
Бегона уруш

Сурат манбаси, National Guard of Ukraine
Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган ёки жанг қилаётган ўзбекистонликларнинг умумий сони ҳақида аниқ статистика мавжуд эмас.
Россия томони меҳнат мигрантларини босим, қўрқитиш, жазодан эртароқ озод этиш, молиявий рағбат, мамлакат фуқаролигини бериш каби усуллар ёрдамида урушга жалб этишга зўр бериб уринаётганига оид кўплаб далиллар чиққан.
Ўзбекистон томони ҳам ўз фуқароларини ушбу ҳарбий можарода иштирок этмасликка чақириб келади.
Шунга қарамай, кўплаб марказий осиёликлар қаторида ўзбекистонликлар ҳам, асосан, Россия томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганига оид маълумотлар бот-бот чиқиб туради.
Масалан, биргина Россия тарафидаги йўқотишлар статистикасини юритиб келадиган Украинанинг "Потери" лойиҳаси сайтида уруш бошланганидан бери ҳалок бўлган 20 нафар ўзбекистонликнинг исми-шарифи келтирилган.
Би-би-си Рус хизмати эса 2023 йилнинг июнь ойидаёқ Россия томонида жанг қилган 34 ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ёки этаётган ҳамда ёлланма жангарилик фаолияти учун жазога тортилган ўз фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни очиқламаган.
Шунга қарамай, маҳаллий матбуотда кўринган хабарлардан 2022 йил февралида рус қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери ўзбек судлари Россия армиясига ёлланган ёки шундай амалга қўл уришни режалаган камида 10 нафар ватандош устидан ҳукм ўқигани англашилади.
Бу ўзбекистонликлар "ёлланиш" ва "хорижий армияда хизмат қилиш"да айбланган.
Ўзбекистон қонунлари бўйича бундай жиноий ҳаракат учун бериладиган энг юқори жазо – 10 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш.
Маҳаллий матбуот ёритган суд қарорларида эса фақат уч судланувчига 5 ва 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлангани, қолганлар ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниш, озодликдан чеклаш каби енгилроқ жазолар олгани кўринади.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон Россия томонига ўз фуқароларини урушга жалб этмаслик борасида аниқ далиллар қўйгани ёки йўқлиги маълум эмас.
Бундай мавҳумлик ва ўзбек судлари қотилликка қўл урганига иқрор бўлган фуқарога ҳам енгил жазо тайинлаётган бир манзарада, Россиядаги меҳнат мигрантлари орасида урушга боришдан ҳайиқмаслик кайфияти кучайиши эҳтимолидан хавотирлар ортган.
Масалан, таниқли журналист Муҳрим Аъзамхўжаев бу ҳолатни "ўзбек судлари томонидан бағрикенглик", дея атаган.
Қуйида журналистнинг Telegram'даги ўз каналида ёзган постини тўлиқ ҳолда келтирамиз:
Андижон суди Россия-Украина урушида қатнашиб, 10 дан ортиқ украиналикни ўлдирганини тан олган Ўзбекистон фуқаросига 4 йил 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлабди. Бу, худди, "уй қамоғи" дегандек гап - одатда ишлаб, тинч яшаб юрса, кечаси кўчага чиқмаса бўлди.
Бошқа бир ҳолатда эса Фарғонадаги суд Россия-Украина урушида беш ой қатнашган (қанча одамни ўлдиргани айтилмаган), бунинг эвазига Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликка 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, "жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб", шартли 3 йил синов муддати белгилабди. Яъни, у ҳам ҳақиқий маънода барибир қамалмаган.
Таъкидланишича, униси ҳам, буниси ҳам ўз хоҳиши билан Ўзбекистонга қайтиб, ўзини ўзи Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига топширган ва нега Россия армияси таркибида Украинага қарши жанг қилгани бўйича суд уларнинг айбини енгиллаштириш учун асосли деб тан олган важларни келтирган.
Сизга қандай билмадиму, лекин бу Ўзбекистон суд органлари томонидан Ўзбекистон фуқароларининг чет эллардаги жанговар ҳаракатлардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга ўхшаб кўринди. Сиз ойлаб, йиллаб хорижий давлатда ёлланма жангчи бўлиб хизмат қиласиз, қанчадан-қанча одамларни ўлдирасиз, уйини куйдирасиз ва Ўзбекистонга бош эгиб келиб, "оилам оғир аҳволда эди, пулим йўқ эди, қийналиб кетгандим", деб тан олсангиз, тамом, бағрикенг ўзбек суди сизга ҳеч қанақа уруш кўрмаган Ўзбекистон фуқароси каби обод ўлкада озод яшаш имконини яратиб беради. Худди "Россия армиясига қўшил, Украинага қарши жанг қил ва топган пулингга Ўзбекистонда мазза қилиб яша" деган махсус акцияга ўхшайди.
Балки улар Россиядан бекордан бекорга қайтмагандир? Ўзи Россия тарафдан урушда қанча ўзбекистонлик қатнашяпти - расмийларимизда бу ҳақда маълумот борми? Эртага уларнинг бари (омон қолганлари) Ўзбекистонга қайтса, судларимиз мана шундай шартли, юмшоқ жазо тайинлашда давом этаверадими? Умуман, бунинг миллий хавфсизлигимизга нисбатан оқибатлари ўйлаб кўрилганми - балки Россия уларни Ўзбекистонга топшириқ билан юбораётгандир? Ҳар ҳолда, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг мингларча ҳарбий хизматчиларидан фарқли ўлароқ, улар ҳақиқий жанг майдонида бўлган, уруш кўрган, бўлганда ҳам, эҳтимолий душман сафида малака оширган одамлар.
Яна бир қизиқ масала шундаки, жаҳоннинг бошқа қайноқ нуқталардан "адашганини англаб", бош эгиб қайтган қолган ўзбекистонликларга ҳам шундай бағрикенглик қилинармикин?












