Ўзбеклар энг кўп яшайдиган Афғонистон шимолида зилзила: камида 20 инсон ҳалок бўлган

Тунда зилзиладан жабрланган эркакларни "Тез ёрдам" машинасидан тушираётган кишилар.

Сурат манбаси, Afghan Red Crescent/X

Сурат тагсўзи, Толибон расмийларига кўра, жабрланганларнинг сони ортади деб кутилаяпти
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ер силкиниши Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистонда ҳам сезилган зилзила ярим тунги соат 1 ларда рўй берди. Зилзила эпицентри Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳри яқинида, Ўзбекистон чегарасидан 90 км узоқликда бўлган.

АҚШ Геология хизматига кўра, зилзила эпицентрида кучи 6,3 магнитудани ташкил этган.

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик марказига кўра, магнитуда 6,8 га етган.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти маркази Термизда зилзила кучи 5 баллни ташкил этган.

Алоқадор мавзулар

Афғонистоннинг ер қимирлашидан энг кўп жабр кўрган вилоятлари Ўзбеклар энг кўп истиқомат қиладиган Балх ва Самангон бўлгани хабар қилинаяпти.

Толибон тиббиёт расмийларига кўра, зилзила оқибатида камида 20 инсон ҳаётдан кўз юмган, юзлаб одамлар жароҳатланган.

Мозори-Шариф Афғонистон шимолидаги аҳолиси ярим миллион кишини ташкил этадиган энг йирик шаҳар.

АҚШ Геология хизмати ушбу зилзилага норинж рангдаги огоҳлик кучини берди, мутахассисларга кўра, бу "салмоқли сондаги талофатлар" бўлиши мумкинлигига ишора беради.

Толибон Соғликни сақлаш вазирлиги масъули Шарофат Замон Амар айтишича, 20 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 320 дан зиёд киши яраланган.

Маҳаллий расмийларнинг айтишича, қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, ҳойнаҳой, жабрланганларнинг сони янада ортади.

Шифохонага олиб келинган зилзиладан яраланган кекса аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Толибоннинг Балх вилоятидаги масъули Ҳожи Зайд X(Собиқ Твиттер) тармоғида ёзишича, Мозори-Шарифдан жанубда жойлашган Шулғара туманида "кўп одамлар жароҳатланганлар".

"Бутун вилоятдаги барча туманларда кичик жароҳатлар ва катта шикастлар рўй бергани ҳақидаги хабарларни олгани"ни ёзди у.

"Кўп одамлар баланд бинолардан қулаганлари оқибатида жароҳатланганлар", деб ёзди Ҳожи Зайд.

500 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Мозори-Шариф шаҳри яшовчилари югуриб кўчаларга чопиб чиққанлар, бинолар қулаб тушади, деб қўрққанлар, деб хабар беради "Франс Пресс" ахборот агентлиги.

Толибоннинг Балх вилоятидаги расмийси Мозори-Шариф шаҳридаги машҳур Мақом Али, Равзаи Шариф ёки Мовий Масжидидан ўпирилиб тушган бино парчалари видеосини X(Собиқ Твиттер)да эълон қилди.

Мозори-Шарифга яқин тоғли Самангон вилоятида ҳам қурбонлар бўлгани хабар қилинди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, қидирув ва қутқарув жамоалари вайрон бўлган бинолар остида тирик қолган одамларни қидираяптилар, йўлларни вайроналардан тозалаяптилар.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон ҳудудида жабрланганлар, вайронагарчиликлар кузатилмаган.

Интернет ижтимоий тармоқларида зилзила пайтида Ўзбекистонда тасвирга олинган видеолар тарқалди.

Видеоларнинг аксари Термиз шаҳрида олинган.

Видеоларда силкинишлар бир минутдан кўп вақт давом этганини, буюмлар ҳаракатга келгани овозларини эшитиш мумкин.

Видеолардан бирида қаттиқ силкиниш туфайли симёғоч чироқлари ўчиб қолгани, одамлар югуриб кўчага чиққанлари кўринади.

Афғонистоннинг шарқий тоғли минтақасида шу йил августида ҳам кучи 6 магнитудали ҳалокатли зилзила рўй берган, оқибатда 1000 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган эди.

Афғонистонда аксар уйлар пахса ва ёғочдан барпо этилади, айниқса, қишлоқ жойларидаги бундай уйлар қулаши одамларнинг умрига зомин бўлади.

Афғонистон сейсмологик фаол ҳудуд ҳисобланади.

Чунки Афғонистон замини остида Ҳинд ва Евроосиё тектоник плиталари ёриқлари туташган.