Россия ва Ўзбекистон: Бу Кремлнинг жавоб муждасими?

Москвада 500 дан ортиқ мигрант қўлга олингани ҳақидаги Россия Тергов қўмитаси видеосидан скриншот

Сурат манбаси, Rossiya Tergov qo'mitasi

Сурат тагсўзи, Мигрантлар Россиянинг бошқа мамлакатларга босим воситаси сифатида кўрилади
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Яна Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўта ашаддий хавфли жиноятчиларни тутиб олгандек сафга тизиб қўйган, бошқасининг елкасига қўли қўйилган мигрантларни автоуловга тиқаётган видеони ижтимоий тармоқларда тарқатди.

Кузатувчилар Москвада меҳнат муҳожирларига нисбатан янги рейд Ўзбекистоннинг Россияга топширган норозилик нотасига жавоби кутилаётган, Россиянинг баъзи мамлакатларга нисбатан санкция жорий қилиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти янграган ва Озарбайжон билан Россия муносабатлари таранглашиб турган вақтда Президент Мирзиёевнинг Бокуга ташрифи ортидан юз берганига эътибор қаратмоқдалар.

9 июн куни Москванинг Строгиносидаги ётоқхонада рейд уюштирилгани, рейдда мигрантлар тепкилангани видеолари тарқалди, ўз фуқароларига нисбатан ноинсоний муомала МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон раҳбариятини ҳам норози қилди.

11 июн куни Россиянинг Тошкентдаги элчилиги вакиллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган, Россияга нота топширилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котибаси Мария Захарова нота диққат билан ўрганилаётгани, Ўзбек томонининг мурожаати Россиянинг мутасадди органларига етказилишини маълум қилди.

8 июл куни Россия Тергов қўмитаси Москва шаҳрида яна "ноқонуний миграцияни аниқлаш" мақсадида рейд уюштиргани, 500 дан ортиқ мигрант қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.

30 дан зиёд мигрант Россия ҳудудида бўлиш қоидаларини бузгани учун мамлакатдан чиқариб юборилгани билдирилди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Айни шу кунларда Insider-T Телеграм канали Россия Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларига қарши қаттиқ санкциялар пакетинини тайёрлаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу санкциялар русийзабон аҳолини сиқувга олиш кучайган, рус тилидан фойдаланишни чеклайдиган қонунлар қабул қилинаётган мамлакатларга қўлланиши мумкинлиги хабар қилинди.

Times.uz Телеграм канали ёзишича, Россиянинг жазо чоралари орасида

  • Визали тартибни жорий этиш,
  • Россиядан пул ўтказмаларини чеклаш,
  • Меҳнат мигрантлари учун квоталарни камайтириш,
  • Йирик логистик лойиҳаларни тўхтатиш кабилар бор.

Манбага кўра, ушбу санкциялардан энг кўп зарар кўриши мумкин бўлган давлатлар қаторида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон тилга олинмоқда.

Бундан ташқари, Россия ушбу минтақалар яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда, деб ёзди Times.uz

Шу кунларда Россия билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани кузатилди.

Бунга Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган рейд пайтида ака-ука Озарбайжон фуқаролари ўлгани сабаб бўлди.

Боку Россия журналистлари ва Россия фуқароларини ҳибсга олди.

Бу орада - 3 июлда Озарбайжон Қорабоғидаги Хонкенди шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтди.

Саммитда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Эрон президентлари қатнашдилар.

Аммо Қозоғистонни Президент Тоқаев эмас, Бош вазир Ўлжас Бектенов тақдим этди.

Хонкенди саммитида Президент Тоқаев иштирок этмагани Қозоғистондаги Интернет маконида турли баҳсларни келтириб чиқарди.

Айримлар 2024 йил декабрида Озарбайжон йўловчи самолёти ҳалокатидан кейин совуқлашган Россия - Озарбайжон муносабатлари манзарасида Тоқаевнинг ушбу қадами Кремлни ғазаблантирмаслик ҳаракати деб талқин қилинди.

Президент Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи ўта самарали бўлгани қайд этилди, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бу даражада юқори бўлмагани таъкидланди.

8 июл куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан телефонлашганлари хабар қилинди.