"Энг осон нишон – мигрантлар". Россияда янги "назорат остидаги шахслар реестри" қандай ишлаяпти?

Сурат манбаси, Kirill Kukhmar/TASS
- Author, Мухбирлар бўлими
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 10 дақ
Россияда, энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра, олти миллиондан ортиқ муҳожир яшайди. Россия иқтисодиётининг бутун тармоқлари – қурилиш, уй-жой коммунал хизматлар, логистика, маиший хизмат кўрсатиш ва етказиб бериш соҳалари, шунингдек, ўз келган ватанлари иқтисодиёти уларнинг меҳнатига боғлиқ: муҳожирларнинг пул ўтказмалари Марказий Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг сезиларли улушини ташкил этади. Шунга қарамай, улар Россиядаги энг заиф ижтимоий гуруҳлардан бири ва доимий камситишларга дуч келмоқда. Бу йил эса "назорат остидаги шахслар" реестри, ноқонуний муҳожирларни ҳисобга олиш тизими ишга туширилди. Унга тушиб қолган одам бир зумда ишдан, университетдаги ўрнидан ва ўз пулларидан маҳрум бўлиши мумкин. Кўпчилик "ноқонуний" тамғасини хатолик туфайли олади.
500 рубл нақд пул билан
Арсен* * 5 апрель куни эрталаб соат тўққизларда ҳали ҳам чарчоғи босилмай уйғонди. Ўтган куни кечқурун у дўстлари билан барга борган, кейин биргаликда фастфудга киришган ва у ердан Арсен уйига такси чақирган эди. 25 ёшли йигит учун одатий Москва кечаси.
Россияда 25 ёшли Арсен беш йилдан бери яшайди: асли қозоғистонлик, 2020 йилда кўчиб келган.
Тўлиқ уйғонмаган Арсен "Сбербанк" иловасини очиб, дўстига озгина пул ўтказмоқчи бўлди.
Қизил фонда ёзув пайдо бўлди – "Рад этилди".
Қуйида изоҳ келтирилган: "РФ ИИВ сизни назорат остидаги чет эл фуқаролари рўйхатига киритди. Сизга қуйидагилардан ташқари барча банк операциялари тақиқланади: кирувчи пул ўтказмалари; давлат (РФ) фойдасига мажбурий тўловлар; ойига 30 минг рублдан ортиқ бўлмаган нақд пул ечиб олиш."
Аввалига Арсен буни қандайдир носозлик деб ўйлади. Банкка қўнғироқ қилди, лекин у ерда бундай масалалар билан шуғулланмасликларини айтишди ва ИИВга мурожаат қилишни маслаҳат беришди.

Кўпчилик ёшлар сингари Арсен ҳам барча пулларини картада сақларди, энди эса карта тўсатдан блокланди. Квартирада амаллаб 500 рубль нақд пул топди – шу пул билан полиция бўлимига етиб борди. У ерда елка қисиб, "Зигзаг"га жўнатишди.
Москванинг Дмитровский туманидаги шу номдаги савдо марказида маҳаллий миграция пункти жойлашган бўлиб, у ерда одатда рўйхатдан ўтиш, миграция ҳисобини узайтириш ва ишлашга рухсат бериш масалалари билан шуғулланишади. У ерга "Давлат хизматлари" портали орқали ёзилиш мумкин. Энг яқин бўш вақт 10 кундан кейинга эди. Арсен ҳориб-чарчаб уйига қайтди.
Ижара ҳақини тўлаш муддати яқинлашмоқда эди. Озиқ-овқат сотиб олиш керак. Арсен бир неча юрист билан боғланди, бироқ маслаҳат учун пули йўқ эди.
Арсен сўнгги пули билан Сахаровога боришга қарор қилди.
Сахарово
Москва марказидан 60 километр жануби-ғарбда жойлашган Сахарово деб номланган кўп функцияли миграция маркази муҳожирлар учун жуда таниш жой. У катта навбатлар ва "ижтимоий хавфли касалликлар ва инфекциялар" – ОИВ, захм ва силни аниқлаш учун қон ва сийдик топшириш каби камситувчи тартиб-қоидалари билан машҳур. "Худди жиноятчиларга қилингандай," дейди Арсен.
"У ердаги шароит чидаб бўлмас даражада. Кўчада юзга яқин одам навбатда турибди. Ичкарига эса соатига бир неча кишини киритишади. У ерда аёллар ҳам, болалар ҳам, кексалар ҳам бор. Тиқилинч. Ҳамма ёқда қуролланган ОМОН, атрофи ўраб олинган. Ва бу ОМОН ҳаммага «ҳей, сен» деб мурожаат қилади, сўкади. Худди қандайдир террорчилар лагерига тушиб қолгандекман. Ҳамма жойда темир панжара. Бир аёл панжарага суяниб турган эди, ОМОНчи таёқ билан панжарага уриб, уни четлатди. Ҳайвонга қилингандай муносабат."

"Уч соат кўчада, қор остида навбатда турдим. Ичкарига исиниб олиш учун ҳам ҳеч кимни қўйишмайди. 0,5 литрлик сув камида 150 рубль (1,8 доллар) туради. Сникерс – 200 рубль. Ичкарида яна бир неча соат навбатда турдим. Кимдир шундоққина полда ўтирар, болалар бурчакларда буюмлар устида ухлашарди."
Арсен Сахаровога тушга яқин етиб борди ва фақат кечқурун соат саккиз яримда қўлига қоғоз рақам олди – клубларга кираверишда бериладиганга ўхшаш. Ҳужжатларни расмийлаштириш давом этаётганда бу рақамларни олиб ташлаш, йўқотиш мумкин эмас. Арсен эртаси куни Сахаровога қайтиши керак эди, шунинг учун у "тамға" билан, ўзи айтганидек, жамоат транспортида юрди, кечқурун душда эҳтиётлаб сақлади ва эртаси куни бармоқ излари топшириш ва таҳлиллар учун борди.
У ифлос тиббий хоналар ва йўлакларни, сув тортгичи ишламайдиган ва сийдик намунасини йиғиш керак бўлган ифлос ҳожатхоналарни, полда ётган қонли пахталарни эслайди.
Арсен, ҳар куни марказ олдида навбатда турган кўплаб одамлар сингари, Россияда қонуний асосда ишлайди ва ижарада туради. Бироқ бир кунда банк ҳисобига кира олмайдиган "назорат остидаги шахс"га айланиб қолди.
Назорат остидаги шахслар
Назорат остидаги шахслар реестри – Россияда ноқонуний бўлган чет элликлар (ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) киритиладиган маълумотлар базасидир.
Уни яратиш учун қонун лойиҳаси ўтган йил июн ойи охирида Давлат Думасига киритилган эди. Атиги бир ярим ой ичида у барча ўқишлардан ўтди ва март ойининг биринчи кунларидаёқ уни Федерация Кенгаши маъқуллади. Депутатлар тушунтиришича, "назоратни кучайтириш" ва миграция қоидаларини бузувчиларни ҳисобга олишнинг марказлаштирилган тизимини яратиш зарурати мавжуд эди.
Россия раҳбарлари ҳам мигрантлар содир этаётган жиноятлар сони кўплиги ҳақида бот-бот гапиришади. Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ўтган йили мигрантлар содир этган оғир жиноятлар сони бир йил ичида 32 фоизга, ўта оғир жиноятлар 26 фоизга, экстремизм билан боғлиқ жиноятлар эса 147 фоизга ошганини таъкидлаган эди. Бироқ, бу маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг расмий статистикасига тўғри келмайди – вазирлик чет элликлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони, аксинча, камайганини қайд этмоқда.
Реестр ташкил этилганидан бери бир ой ичида унга 685 минг хорижлик киритилган. ИИВ маълумотларига кўра, Россияда 6,2 миллиондан сал камроқ муҳожир яшайди. Демак, ҳар тўққизинчи мигрант "назорат остидаги шахс"га айланган, яъни гўё Россияда ноқонуний юрган ҳисобланади.
Дунёда ноқонуний мигрантлар деб одатда мамлакат ҳудудига миграция қоидаларини бузиб кирган шахсларга айтилади. Россияда эса кўп меҳнат миграцияси манбалари бўлган мамлакатлар билан визасиз режим бор ва ноқонуний кирган одамлар деярли йўқ.
"Ноқонунийлар" деганда, амалдорлар яшаш шартларини бузган одамларни назарда тутишади. Масалан, агар мигрант ўқиш мақсадида мамлакатга кириб, рухсатсиз ишлай бошлаган ёки яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтмаган бўлса.
Амалдорлар Россиядаги мигрантларнинг ҳақиқий сони ҳақида ҳали ҳам тортишмоқда: масалан, Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин бу рақам 13-14 миллион атрофида эканлигига ишонишини айтган.
Россиядаги хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари энг кўп. фуқаролари энг кўп. Кейинги ўринларда Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон ва Беларус турибди.
Бутун бошли мамлакатлар иқтисодиёти бу одамлар Россияда ишлашига боғлиқ. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари Тожикистон Ялпи Ички маҳсулотининг
49%ини, Қирғизистон ЯИМининг 18,59 фоизини, Ўзбекистон ЯИМининг 14%ини ташкил этган.

Сурат манбаси, Stanislav Krasilnikov/TASS
Аммо меҳнат муҳожирлари Россия иқтисодиётида ҳам муҳим рол ўйнайди. Масалан, пойтахтда қурилиш соҳасидаги мигрантлар улуши 50 фоиздан ошади, транспорт, савдо, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш соҳаларида эса мигрантлар ишчиларнинг учдан бир қисмини ташкил этади, деб ҳисоблайди "Олий иқтисодиёт мактаби" миллий тадқиқот университети.
Шу билан бирга, бозор шундай тузилганки, маҳаллий аҳоли ва муҳожирлар бир-бири билан рақобатлашмайди, чунки улар иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлашади. "Москвани мигрантлар қуради, қўриқлайди ва тозалайди, деган фикр муболаға эмас," деб хулоса қилишади тадқиқот муаллифлари ва миграция сиёсатининг қаттиқлашиши кадрлар танқислигини келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашади.
"Реестрлар – босим, изоляция ва жазолаш воситаси," дейди Волгоград вилоятидан миграция масалалари бўйича юрист К.Р. (у бу мавзуда очиқ гапиришдан хавотирланиб, бош ҳарфлар билан чекланишни сўради). "Ушбу реестрларга тушиш оммавий тамғага тенг бўлиб, у жиддий ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Давлатимиз тартиб ўрнатиш зарурати ниқоби остида ҳисоб-китоб ва назорат моделидан фаол фойдаланмоқда."

Сурат манбаси, .
Агар кимдир реестрга тушса, унга яшаш жойини ўзгартириш тақиқланади, у ўзи турган ҳудуддан ташқарига чиқа олмайди, кўчмас мулк ёки машина сотиб олиш ёки сотиш, никоҳ тузиш, машина ҳайдаш, банкда ҳисоб рақами очиш, компания ёки ЯТТни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш ва ўз пулларини тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади – ойига рухсат этилган 30 минг рублдан ташқари.
"Расман бу одамни «назоратда» ушлаб туришнинг бир усули, чунки ҳозирча қандайдир сабабларга кўра депортацияни ташкил этиб бўлмайди: ёки ҳужжатлар йўқ, ёки шунчаки депортацияни ташкил этиш учун пул ва ресурслар етишмайди, ёки одамнинг қаердалиги номаълум, ёки қарор судда кўриб чиқилмоқда," дея тушунтиради ҳуқуқшунос.
Хатолик туфайли
Аслида, реестрга фақат ноқонуний муҳожирлар эмас, бошқалар ҳам киритилмоқда, дейди мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази асосчиси Валентина Чупик. У 2005 йилда Ўзбекистондан Россияга қочиб, у ерда сиёсий бошпана олган ва муҳожирларга бепул юридик ёрдам кўрсата бошлаган. Аммо тўрт йил олдин Россия уни мақомидан маҳрум қилди ва ва кейинги 30 йил давомида мамлакатга киришини тақиқлади. Чупик бу ИИВдаги коррупцияни ва унинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятини танқид қилгани учун жазо эканига ишонади.
Валентина Чупик айтишича, реестр тузилган дастлабки икки куннинг ўзида унга 30 дан ортиқ одам мурожаат қилган ва улар рўйхатга хатолик туфайли киритилганини таъкидлаган. Би-би-си Россия Ички ишлар вазирлигига бундай хатолар сони ҳақида савол берган, бироқ жавоб олмаган.
Ҳозир Валентина Чупик Россияда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган ва расмий равишда ишлаётган ёш аёл Олеся*га ёрдам бермоқда. Арсен сингари, Олеся ҳам банк ҳисоби блокланганини ва у тўлиқ ҳужжатлари бўлса ҳам, "ноқонунийлар" реестрига киритилганини аниқлаган. Маълум бўлишича, расмийларнинг ўзлари хатога йўл қўйган: унинг миграция картасида – Россияга кираётган ҳар бир хорижлик олиши шарт бўлган ҳужжатда – қизнинг фамилиясидаги "о" ҳарфи "а" ҳарфига ўхшаш ёзилган.
"Буни аниқлаши биланоқ, у дарҳол миграция масалалари бўлимига борди. Аввалига уни депортация билан қўрқитишди. Биз аризалар ёздик, юқори бошқармага қўнғироқ қилдик, ниҳоят улар ҳужжатларни кўриб чиқишди, муаммони тушунтирдик. Охир-оқибат ундан узр сўрашди, базага тасодифан киритиб қўйганликларини айтишди ва ҳаммаси тўғрилангунча кутишни буюришди," дейди Чупик. Олеся ҳануз кутаяпти.

Сурат манбаси, Vladimir Gerdo/TASS
"Хатолик" туфайли у ишини йўқотиши мумкин: амалдорлар вазиятни ўрганиб чиққунича, агар иш берувчи қизни ишдан бўшатмаса, "ноқонуний муҳожир" билан ҳамкорлик қилгани учун миллион рубллик жаримага тортилиши хавфи бор.
Баъзи мутахассислар дастлабки ойлардаги тартибсизликни "турли идоралар ўзаро ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун уринаётган ўтиш даври" деб тушунтиришди ва бироз сабр қилишни маслаҳат беришди. Аммо бу келажак режалари бир кунда барбод бўлган одамларни тинчлантирмайди.
Иккита жарима
Чет эл фуқароси рўйхатга тушишининг кўплаб сабаблари бор. Кимдадир виза муддати тугаган, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки патент (ишлаш учун рухсатнома – улар Дмитрий Медведев президентлиги даврида берилишни бошлаган) муддати тугаган, бошқаларнинг мамлакатда визасиз бўлиш муддати тугаган, яъни миграция қонунчилиги кўп маротаба бузилган. Аммо бу ягона сабаб эмас.
Россияда маъмурий чиқариб юбориш каби жазо мавжуд – бу қонунни бузган чет эллик мамлакатни тарк этишга мажбурланиши мумкинлигини англатади.
"Маъмурий кодексда бундай чораларни назарда тутувчи бир қатор моддалар мавжуд. Масалан, кутилганидек, ноқонуний меҳнат фаолияти. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг ҳар қандай бузилиши ҳам маъмурий чиқариб юборишга олиб келавермайди. Лекин бу назарияда. Амалда эса ҳар қандай майда ҳуқуқбузарлик асос бўлиши мумкин," дейди миграция масалалари бўйича юрист К.Р.
Мират* Россия олий ўқув юртларидан бирининг тўртинчи курс талабаси. У Туркманистондан келган. Февраль ойида у, талаба йўл чиптаси бўлишига қарамай, йўл ҳақини тўламагани учун жарима олди.
Мират федерал судга мурожаат қилиб, қарор кутилаётган пайтда тўламаган жаримасига эътироз билдиришга ҳаракат қилди. Шу билан бир вақтда Мосгортранс пул ололмагач, мировой судьяга мурожаат қилди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг ишонишича, бу атай қилинган: "Улар жарима тўланмаса, федерал судга апелляция берилганини билишади. Мировой судда эса судья Москва шаҳар суди тизимини текширмаслиги ва шахснинг апелляция берганини кўрмаслиги эҳтимоли бор."

Сурат манбаси, Artyom Geodakyan/TASS
Мировой судья Мосгортранснинг далилларини қабул қилди ва Мират берган шикоятни эътиборсиз қолдирди. Эндиликда у гўёки иккита маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани – йўл ҳақини тўламагани ва жаримани ўз вақтида тўламагани асосида рўйхатга киритилди.
Иккита маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида тўғридан-тўғри кўрсатма берадиган қонун йўқ. Бироқ, агар одам қонунларни "мунтазам равишда" бузса, Ички ишлар вазирлиги чет элликнинг мамлакатда бўлишини номақбул деб тан олиш ҳуқуқига эга. ИИВ эса бу тизимлиликни икки ва ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида талқин қилмоқда. Бу кичик жарималар бўлиши мумкин: масалан, автомобилни нотўғри тўхтатганлик, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтганлик, тезликни оширганлик, йўл ҳақини тўламаганлик.
Назорат остидаги шахслар рўйхатига киритилган Мират ҳозир университетдан четлаштирилмоқда.
"Кондукторлар ўз режасини бажармоқда: улар маълум миқдорда жарима баённомалари тузиш режасини бажариши керак. Бу босқичда ҳам энг осон нишон – муҳожирлар, – дейди мутахассис Валентина Чупик. – Булар ҳуқуқсиз одамлар, уларни талаш жуда осон, улардан пора ундириш жуда осон, уларни ерга уриш осон, уларни, мисол учун, бирор ҳодиса юз берса, урушга жўнатиш осон."
"Ирқчилик қарашлари ҳали ҳам бартараф этилмаган"
Россиядаги муҳожирлар қаттиқ назорат қилинадиган тизимда яшашга мажбур, уларнинг қонуний мақоми эса тўғридан-тўғри ишлаш учун рухсатнома, рўйхатдан ўтиш, миграция картаси ва бошқа ҳужжатларга боғлиқ: ҳар қандай кичик хато мақомнинг бекор қилиниши ва мамлакатдан чиқариб юборилишига олиб келиши мумкин.
Кўчмас мулк эгалари кўпинча уйларни муҳожирларга ижарага бермайди, баъзилари эса эълонларда камситишга қарши қонунларни менсимасдан, очиқчасига "фақат славянларга" деб ёзиб қўйишади. Ижарага берсалар ҳам, кўпинча одамларни расман рўйхатдан ўтказишдан бош тортадилар, ваҳоланки қонун шуни талаб қилади. Рўйхатдан ўтмаган муҳожирлар қонунни бузади, шунинг учун сохта ҳужжатларни тайёрлайдиган хусусий шахслар ва бир кунлик фирмаларга қарам бўлиб қолади.
Уларнинг ҳуқуқлари поймол этилганда, ҳақ талаб қилишлари қийин бўлади. Ҳар куни кўпчилик ксенофобияга дуч келади, уларнинг фарзандлари "жой етишмаслиги баҳонасида" болалар боғчалари ва мактабларга қабул қилинмайди, ўзлари эса бевосита иш жойларида "рейдларга" дучор бўлишади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳуқуқ-тартибот идоралари муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш билан доимий қўрқитиб, улардан пора ундириши ҳақида гапиришади.

Сурат манбаси, Kirill Kukhmar/TASS
Ҳатто Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ҳам муҳожирларга босим ўтказиш воситасига айланди: уларга кириш тақиқини бекор қилиш, тезроқ фуқаролик бериш ёки чиқариб юборишни бекор қилиш каби ваъдалар эвазига урушда қатнашишга мажбурлашмоқда. Майда жиноятлар учун ҳибсга олинган муҳожирларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш эвазига озод қилиш таклиф этилган ҳолатлар маълум.
Россиядаги муҳожирларга қарши чораларнинг бир қисми ўтган йилнинг март ойида "Крокус Сити Холл"га уюштирилган ҳужумдан кейин қабул қилинган эди. Ҳужум қилганлар Тожикистоннинг тўрт фуқароси.
Бунга жавобан ҳокимият вакиллари кенг кўламли рейдлар ва текширувлар уюштирди – миграция қоидаларини бузганликда гумон қилиниб, минглаб муҳожирлар қўлга олинди. Тожик диаспораси вакиллари кундалик ҳаётда камситиш авж олгани ҳақида хабарлар беришди, Тожикистон ҳукумати эса Россиядаги фуқароларига ўз хавфсизлиги учун иложи борича уйдан чиқмасликни маслаҳат берди.

Сурат манбаси, Kirill Kukhmar/TASS
Сўнгги бир йил ичида Россия ҳукумати никоҳ асосида яшаш учун рухсатнома олишни чеклади: соддалаштирилган тартиб бекор қилинди ва чет элликлар нафақат никоҳнинг ўзини, балки узоқ муддат бирга яшашни ҳам тасдиқлашлари керак бўлди. Шунингдек, энди рус тилини белгиланган даражада билмайдиган болаларни мактабларга қабул қилиш тақиқланди. Бошқа ўзгартиришлар эса Ички ишлар вазирлигига муҳожирларни судсиз Россиядан чиқариб юбориш ҳуқуқини берди.
Россия ҳукумати кўпинча бошқа давлатларни русийзабон фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилишда айблайди – Украинадаги уруш ҳам уларни ҳимоя қилиш баҳонасида бошланган эди. Россия ташқи ишлар вазирлиги эса ўтган йилги ҳисоботида Ғарбда "одамларни ўзимизникилар, "яхшилар" ва бошқалар – "ёмонлар"га бўлиш, ирқчилик, мустамлакачиликдан мерос бўлиб қолган қарашлар ва ёндашувлар ҳали ҳам йўқ қилинмагани" ҳақида айтилган эди.
Айни пайтда, россиялик сиёсатчилар ва амалдорларнинг муҳожирлар "бу ерда бизнинг ўрнимизга яшашни хоҳлашлари", Москва вилоятини эса "хорижий фуқаролар томонидан қорайиб кетмаслиги" учун "оқартириш" кераклиги ҳақидаги сўзлари расмий даражада қораланмайди.
Сахаровода икки кеча-кундуз қолиб кетган, бурчак-бурчакларда нақд пул йиғиб, навбатда оч-наҳор турган, 200 рубллик "сникерс"ларга кўз тиккан Арсеннинг ҳикояси яхшилик билан тугади: уни тўсатдан рўйхатга олишганидек, кўплаб таҳлилларни топширгандан сўнг бир неча кун ўтгач, уни "ноқонунийлар" рўйхатидан ўчиришди. Ҳеч ким ундан кечирим сўрамади ва хато сабабини тушунтирмади.
*Матндаги ҳамма қаҳрамонлаар ўз шахси аноним қолишини сўрадилар.
**ИШИД — Россия ва бошқа мамлакатларда тақиқланган террорчи ташкилот.












