Ўзбек Интернет фойдаланувчилари Бокунинг Москвага итоатсизлигини мақтаяптилар. Видео

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга расмий ташрифи Интернет ижтимоий тармоқларида қўллаб-қувватлаб турилгани кузатилган бир вақтда ўзбекистонлик шарҳловчилар Озарбайжоннинг Россиядаги ўз фуқаролари таъқиб қилинишига қарши қаттиқ турганини мақтадилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 2 июл куни Бокуга ташрифи чоғи ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчилар, таҳлилчилар ва зиёлилар Озарбайжоннинг Россияга нисбатан муросасиз ёндашувини юқори баҳоладилар.
Президентнинг Мирзиёев сафари Россиядаги озарбайжонликларга нисбатан муносабатлар боис Москва билан Боку ўртасидаги вазият таранглашган вақтга тўғри келди, онлайн кузатувчиларнинг Ўзбекистон ҳам Озарбайжонга ўхшаб қатъий ташқи сиёсат юритиши керакми-йўқми, деган муҳокамаларини келтириб чиқарди.
Кўплаб ўзбек таҳлилчилар Озарбайжоннинг сўнгги ҳодисалардаги мавқеъини Россия билан муносабатларни мувозанатлаштириш баробарида ўз суверенитетини сақлаб қолишга интилаётган туркий ва Марказий Осиё давлатлари учун намуна сифатида кўрмоқдалар.
Шарҳловчилар, хусусан, Озарбайжоннинг Москва сиёсатини очиқ танқид қилишга тайёрлигига эътибор қаратдилар, буни Марказий Осиё ҳукуматларининг эҳтиёткор дипломатик ёндашувига қиёсладилар.
Gazeta.uz веб нашри Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади, президент ташрифини оддий қўшничилик намойиши эмас, балки ҳақиқий иттифоқчиликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракат деб баҳолади.
"Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга бўлажак ташрифи янги битимлар имзоланиши билан бирга кечади. Бироқ, афтидан, асосий вазифа аллақачон мавжуд бўлган ҳамкорлик механизмларини чуқурлаштириш бўлади. Ўзбекистон ва Озарбайжон яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда давом этмоқда ва ҳақиқий иттифоқчи бўлишга интилмоқда", деб ёзди gazeta.uz
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Озарбайжон мустақил сиёсати

Сурат манбаси, .
Ўзбекистонлик тарихчи ва сиёсий шарҳловчи Анвар Назир Россия ва Озарбайжон вазиятида Озарбайжонни қаттиқ дастаклашга чақирди:
"Шу кунларда мен Озарбайжонни қўллаб-қувватлайман ва қўллаб-қувватлашга барчангизни чақираман! "Россияда озарбайжонларнинг уюшган жиноий гуруҳи фаолият юритади ва Россия унга қарши курашяпти" деган гаплар соддалар учун яратилган ёлғон!", деб ёзди ўзининг Facebookдаги саҳифасида Анвар Назир.
Ёзувчи Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон Озарбайжонни қисқа, лўнда ифодалади:
ЗЎРАВОНЛИКНИ ОҚИБАТИ ШУНАҚА БЎЛАДИ
ОЗАРБАЙЖОН ЕЛКАСИДАГИ ҚЎРҚУВНИ УЛОҚТИРИБ, ҚАДДИНИ ТИКЛАДИ
Ўрисия орқага бир одим отишга мажбур бўлди.
Яшавор, Озарбойжон! Бошқаларга ўрнак бўлдинг! Шараф деб буни айтадилар!, дейилади Фейсбукда тарқатилган постда.
Сиёсий шарҳловчи Алишер Илҳомов Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни батафсил таҳлил қилди, сўнгги ҳодисалар янада кенг минтақавий қудратлар динамакасини намоён этаяпти, деган хулоса қилди.
Сиёсий таҳлилчи назарида Москванинг Озари мигрантларга нисбатан сўнгги муомаласи Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг одатий рейдидан кўра кўпоқ сиёсий қасос бўлган.
"Бу маҳаллий кучишлатарларнинг шунчаки ўзбошимчалиги эмас, балки Путин олдида том маънода тиз чўкадиган Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларидан фарқли ўлароқ, Кремл сурнайига рақс тушишни истамаётган Озарбайжон ҳукуматининг анча мустақил ўзини тутиши учун сиёсий қасд эди", деб ёзди Алишер Илҳомов.
"Файзбоғ" Телеграм канали муаллифи Темур Малик шу баҳона минтақавий интеграция интилишларини қаттиқ танқидга тутди:
"Мана шунақа вазиятларда янги интеграция дея жар солинаётган туркий давлатлар бирлиги асли олганда қанчалик мўрт эканлиги кўриниб қолади. Биттаси Россия билан қарама-қарши позицияга чиқиб олса, бошқалари мум тишлагандек жим бўлиб қолишади. Қуруқ тадбирвозлигу баландпарвоз шиорлар ортида қуп-қуруқ фасаддан бошқа ҳеч вақо йўқ".
Куч дипломатияси
27 июн куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Росгвардия, полиция ва Федерал Хавфсизлик хизмати озарбайжонликларга қарши рейдлар ўтказди. Ҳуқуқ-тартибот органлари буюртма асосида содир этилган қотилликларда гумон қилинган шахсларни қидираётганини хабар қилган.
Рейдлар оқибатида икки озарбайжонлик ҳалок бўлган. Бири полиция биносида, иккинчиси эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бирига тегишли хизмат машинасида вафот этди.
Россия Тергов қўмитаси ҳалок бўлган ака-укалардан бири юрак етишмовчилиги сабабли вафот этган, иккинчисининг ўлими сабаби ўрганилаётгани хабарини тарқатди. Жасадлар Озарбайжонга топширилди.
Озарбайжоннинг Minval нашри жасадлар суратлари ва суд-тиббий экспертиза натижаларини эълон қилди.
Жасадни ёриб кўриш хулосаларига кўра, эркаклар кўплаб олган жароҳатлари туфайли вафот этган. Озарбайжон Бош прокуратураси улар қийноқлар оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди ва гуруҳ бўлиб қасддан одам ўлдириш, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва қийноқлар моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди.
Екатеринбургда эса суд рейд пайтида қўлга олинган тўрт нафар шахсни тергов ҳибсхонасига жўнатди. полиция идорасидан яна икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. SOTAVision нашри маълум қилишича, қўлга олинганлар ток билан қийноққа солинган.
Озарбайжон фуқаролари эҳтимолий зўравонлик оқибатида ҳалок бўлгани маълум бўлгач, мамлакат полицияси Боку шаҳридаги Россиянинг пропаганда агентлиги — Sputnik офисига рейд уюштирди ва унинг етти нафар ходимига нисбатан фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва мулкни легаллаштириш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди. «Sputnik Озарбайжон» директори Игорь Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов тергов ҳибсхонасига жўнатилди.
1 июл куни эрталаб Озарбайжон полицияси Боку шаҳрида россияликларни қўлга олгани маълум бўлди. Озарбайжон расмийлари саккиз россияликни "уюшган жиноий гуруҳ" аъзолари деб эълон қилди, улар Эрондан гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётгани хабар қилинди.
Шу куннинг ўзида Россияда озарбайжонликларга қарши рейдлар қайта бошланди.
Боку ва Москва ўртасидаги бу можаро сўнгги бир йил ичида иккинчи марта рўй бераяпти.
2024 йил 25 декабрда Боку — Грозний йўналиши бўйича парвоз қилган AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт Қозоғистонда ҳалокатга учради.
Озарбайжон расмийларига кўра, Чеченистон пойтахтига яқинлашган самолётга ҳаво мудофаа тизимлари томонидан ҳужум қилинган. Учувчилар самолётни Каспий денгизи устидан олиб ўтиб Қозоғистон аэропортига қўндиришга ҳаракат қилганлар, аммо у барибир қулаган. Оқибатда 38 киши ҳалок бўлди.
Боку халқаро судга мурожаат қилиш ниятида эканини билдирди ва бир неча бор Кремлдан айбни тан олиш ва узр сўрашни талаб қилди.
Шунингдек, Озарбайжондаги "Рус Уйи" ёпилди, ходимлари жосусликда айбланди, Россия экстрадициясини талаб қилган собиқ судя Елена Хахалева қамоқдан озод этилди. Озарбайжонда россияликларнинг мамлакатда бўлиш муддати ҳам 90 кунга қисқартирилди.
Россия Президенти Владимир Путин самолёт билан боғлиқ ҳодиса Россия ҳудудида содир бўлгани учун узр сўради, аммо ҳалок бўлганлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 9 майдаги Москвадаги ҳарбий парадга бормади.
Екатеринбургда икки озарбайжонлик ўлими учун жиноят иши ҳозирча қўзғатилгани йўқ.












