Озарбайжон-Россия: Бокуда "Рус уйи" ёпилмоқда. Алиев энди Путинга чиндан қарши кета бошладими?

Сурат манбаси, AFP
Озарбайжон ҳукумати пойтахт Бокуда "Рус уйи" ёпилишини маълум қилган. Бу хабар расмий Боку чоршанба куни Украинага йирик миқдорда инсонпарварлик ёрдами юбораётганини билдириши ортидан чиққан. Кремль ташқи сиёсати учун муҳим "Рус уйи"нинг ёпилиши AZAL самолёти ҳалокати ортидан Озарбайжон-Россия алоқалари ёмонлашишининг энг кескин нуқтасига айланган.
6 февраль куни Озарбайжон маҳаллий матбуоти расмий Боку Россия томонига мамлакатдаги "Рус уйи" фаолияти тўхтатилаётгани ҳақида билдиришнома юборганини хабар қилган.
Бир қатор хорижий давлатларда очилган "Рус уйлари" — Евгений Примаков раҳбарлик қилаётган Россотрудничество лойиҳаси ҳисобланади.
Озарбайжон матбуоти тарқатган хабарда мамлакат ҳукуматининг "эндиликда ташқи аралашувга тоқат қилмоқчи эмаслиги" айтилади.
Бунгача Озарбайжонда Америка Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) идораси ёпилган эди.
Расмий Боку иккала ташкилотни ҳам "ташқи юмшоқ куч" сифатида баҳолаган.
"Озарбайжоннинг ўзи донор давлатга айланди ва энди ташқаридан ёрдамга муҳтож эмас, айниқса бу ёрдам шубҳали схемалар ҳамда фаолияти аниқ разведка хусусиятига эга бўлган ташкилотлар орқали амалга оширилаётган бўлса", дея хабар берган маҳаллий Report нашри ўз манбаларига таяниб.
Расмий сабаб — рўйхатга олинмаганлик
Расман Озарбайжон ҳукумати "Рус уйи"нинг ёпилишини унинг мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтмагани билан изоҳламоқда.
"Россия ахборот-маданият маркази — "Рус уйи", яъни Россотрудничествo'нинг Озарбайжондаги ваколатхонаси, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган", дейилади Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айхон Гажизаденинг баёнотида.
Хорижда "рус маданияти"ни тарғиб қилиш ва "этник руслар" ҳуқуқларини муҳофаза қилишни асосий вазифаси деб биладиган ҳамда Кремлнинг "юмшоқ куч" сиёсатини юритишда асосий воситаларидан кўрилган Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков ташкилотнинг ўзи Озарбайжон томонидан кўп йиллардан бери рўйхатдан ўтказишни талаб қилиб келганини айтган.
"Гап шундаки, бизнинг элчихонамиз ҳам, ваколатхонамиз ҳам, Ташқи ишлар вазирлигимиз ҳам йиллар давомида бир неча бор Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлиги ва ТИВига рўйхатдан ўтказишда ёрдам бериш сўрови билан мурожаат қилган. Биз ҳар доим бунга тайёр эдик, бироқ бизнинг мурожаатларимиз жавобсиз қолаверди", таъкидлаган у.
Жосуслик айбловлари

Сурат манбаси, Rs.gov.ru
Озарбайжондаги ҳукуматпараст маҳаллий нашрлар бу ташкилотни аввалдан танқид қилиб келади.
Январь ойида Баку.тв канали "Рус уйи" рус маданиятини тарғиб қилиш мақсади остида, аслида, жосуслик фаолияти билан шуғулланиши иддао этилган материал эълон қилган.
Шундан сўнг Озарбайжон элчиси Рахмон Мустафаев Россия ТИВига чақирилиб, унга норозилик билдирилган.
Примаков эса ташкилот обрўсини ҳимоя қилиш бўйича даъво аризаси тайёрланаётганини маълум қилган.
Баку.тв Озарбайжонда мамлакат ҳукумати хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирадиган нашр сифатида танилган.
"Рус уйлари" нима ўзи?

Сурат манбаси, Uzbekistan.rs.gov.ru
Россотрудничествo'нинг "Рус уйлари" дунёнинг ўнлаб давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам фаолият юритади.
"Рус уйлари" чет элда рус тилини тарғиб қилади, шеърият танловлари ўтказади, болалар тадбирлари ташкил этади ҳамда спектакллар намойиш қилади.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Европа давлатлари Россотрудничествo'ни Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига рахна соладиган ёки уларга таҳдид қиладиган ҳаракатларни амалга оширгани ёки қўллаб-қувватлагани учун санкциялар рўйхатига киритган.
Украинанинг ўзида эса мазкур ташкилот 2021 йилдан бери санкциялар остида.
"Биз Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз"
Бокудаги "Рус уйи" ёпилиши хабари чиқишидан бир кун аввал – 5 февраль куни президент Илҳом Алиевнинг матбуот хизмати Украинага навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилаётганини эълон қилган.
Шу куни Алиев имзолаган фармонда электрон жиҳозлар харид қилиши учун Украинага $1 миллион ажратиш ҳақида сўз боради.
Умуман олганда, 2024 йил охиригача Озарбайжон Украинага қарийб $40 миллионлик ёрдам кўрсатган.
Аввалроқ, Алиев Россия бошлаган урушни "иккала халқ учун ҳам катта фожиа" деб атаб, Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Биз бошқа давлатлар каби Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда бу ҳақда очиқ айтамиз, дарахт ортига яширинмаймиз", деган эди Озарбайжон президенти 2022 йил апрелида.
Бундан ташқари Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланиши ортидан Бокуда Украинани қўллаб-қувватловчи стихияли акциялар ўтказилган ҳам.
Бу Озарбайжон учун ғайриоддий ҳолат, чунки, одатда, мамлакат полицияси ҳатто якка пикетларни ҳам кескин бостиради.
Учоқ ҳалокати
Шунга қарамай, Қозоғистон ҳудудига қулаб тушган AZAL самолёти ҳалокати ортидан Озарбайжон ва Россия муносабатлари таранглиги ўзининг юқори чўққисига чиқаётгани кузатилмоқда.
Россия нашрлари декабрь охирида Оқтов шаҳрида қулаб тушган Озарбайжон учоғи ҳалокатига бортда газ баллонининг портлаши ёки қушлар билан тўқнашув сабаб бўлгани ҳақида ёзган эди.
Аммо Озарбайжон Россия томони келтирган талқинларга ишонмаслигини очиқ таъкидлаган.
Россия президенти Владимир Путин Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, шахсан узр сўраган, лекин Озарбайжон етакчиси ҳар томонлама тергов ўтказиш ва айбдорларни аниқлаш талабида қатъий турган.

Сурат манбаси, Getty Images
Озарбайжонда омон қолган экипаж аъзолари қаҳрамон сифатида кутиб олинган, ҳалок бўлганлар эса ҳурмат ила дафн этилган.
Озарбайжон матбуотида чиқиш қилган экспертлар Грозний шаҳрига парвозни амалга оширган учоқ ўша пайтда Украина дронлари ҳужумини қайтараётган Россия ҳаводан мудофаа кучлари томонидан ўққа тутилган, деган фаразни илгари сурган.
Шу билан бирга маҳаллий сиёсий шарҳловчилар самолёт "Каспий денгизига қулаб тушиши учун қасддан Оқтовга учишга мажбурланган"ини таъкидлаган.
Сиёсий таҳлилчилар фикрича, матбуот кучли назорат остида бўлган Озарбайжонда бундай жиддий сиёсий воқеа юзасидан шу қадар кескин фикрлар эълон қилиниши, аслида, расмий Боку қарашларини ўзида ифода этади.
Бир вақтнинг ўзида, Озарбайжондаги ҳукуматпараст матбуот Алиевни "Путиннинг шахсан ўзидан тергов ўтказишни талаб қила оладиган" даражада кучли сиёсий арбоб сифатида улуғлаган ҳам.
"Кучли Озарбайжон"

Сурат манбаси, Azertag
Умуман олганда, 2020 йилда Қорабоғ урушидаги ғалабадан кейин Озарбайжондаги ҳукуматпараст матбуот мамлакатни мустақил сиёсат юрита оладиган ва хорижий аралашувга тоқат қилмайдиган, минтақавий қудратли ўйинчи сифатида тасвирлай бошлаган.
Йил бошидан бери Озарбайжон ўз ҳудудида, нафақат "Рус уйи", балки АҚШнинг USAID ташкилоти фаолиятини ҳам тўхтатган.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов бу ташкилот нафақат Америка манфаатларини илгари сургани, балки шаффоф бўлмаган тарзда ҳам ишлаганини таъкидлаган.
Ҳукмрон доира хоҳиш-истагини илгари суриши билан танилган маҳаллий экспертлар фикрига кўра, Озарбайжонда фаолият олиб бормоқчи бўлган хорижий ташкилотлар "унинг мустақиллигини ҳурмат қилиши шарт".
Европа ва АҚШни "аксил-Озарбайжон" сиёсат юритишда айблаган Илҳом Алиевнинг ўзи эса маҳаллий матбуот бундан кейин хориждан "ҳатто бир фоиз" ҳам ёрдам олмаслигини таъкидлаган.
Мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари сўнгги бир ярим йил ичида хорижий донорлар билан ҳамкорлик қилган, деб топилган шахсларга нисбатан мисли кўрилмаган кўламдаги ҳибсларни амалга оширган.
Ўшанда, кузатувчилар Озарбайжон ҳукумати Россиянинг "юмшоқ куч"ига ҳам қарши чиқишга журъат қилармикан, деган саволни ўртага ташлаган эди.
Эндиликда, Озарбайжон ҳукумати "Рус уйи"ни ёпиш орқали ушбу саволга билвосита жавоб берган бўлиши мумкин.












