Ўзбекистонга четдан $17,3 млрд юборилган, Ўзбекларга Шенген визаси енгиллашадими? Дайжест

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ўзбекистон Марказий Банки ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг бошидан ноябр ойигача хориждан Ўзбекистонга 17,3 миллиард долларлик пул ўтказмалари юборилган.
Ҳисобот ички валюта бозоридаги вазиятга бағишланган.
Ўн бир ой давомида пул ўтказмалари 25% ошган.
Ўз ҳисоботида Марказий Банк Ўзбекистонга қайси мамлакатлардан қанча пул юборилгани ҳақидаги маълумотни тақдим этмаган.
Журналистлар шу муносабат Марказий Банкнинг олдинги расмий ҳисоботларига назар ташлайдилар.
Январ—июнь ойларида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми $8,2 млрд ни ташкил этган.
Ўшанда Ўзбекистон Марказий Банки транзакциялар суммасининг ошишига таъсир кўрсатган омиллардан бири сифатида марказий осиёлик мигрантлар кўп сонда меҳнат қиладиган давлатлар валюталари курсининг мустаҳкамланишини қайд этган.
Масалан, Россия рубли 2025 йил бошидан АҚШ долларига нисбатан деярли 30% га қимматлашган. Шунингдек, кўплаб давлатларда меҳнат кучига талаб юқори ва иш ҳақлари ҳам анча яхши даражада сақланиб қолган.

Сурат манбаси, O'zbekiston Markaziy Banki
Маълум қилинишича, ҳисобот давридаги тушумларнинг асосий қисми анъанавий равишда Россия ҳиссасига тўғри келган — $6,4 млрд ёки барча пул ўтказмаларининг 78 фоизи. Рўйхатда кейинги ўринларда Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон турган.
Йилнинг иккинчи чорак якуни бўйича Марказий Банк Россия, АҚШ ва Европа мамлакатларидан келаётган пул ўтказмалари ўсиши секинлашганини қайд этган.
Бироқ Болтиқбўйи давлатлари — Литва, Латвия ва Эстониядан келаётган транзакциялар кўпайган.
Жорий йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистондан бошқа давлатларга жами $2,4 млрд чиқарилган, бу эса 2024 йилнинг шу даврига нисбатан $157 млн кам.
Ҳисоботда шунингдек таъкидланишича, 2025 йил январ—ноябр ойларида аҳоли банкларга жами $19,4 млрд миқдорида валюта сотган, бу ўтган йилнинг 11 ойи билан солиштирганда 32,8% кўп.
Ўзбекистонликларнинг нақд валюта сотиб олишлари 24,7% га ошиб, тахминан $10,6 млрд га етган.
Ўзбекистон ва Еврокомиссия визалар тартибини енгиллаштиришни муҳокама қилди

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги меҳнат мигрантлари, талабалар, юк автомобиллари ҳайдовчилари ва туристик гуруҳлар учун визалар тартибини соддалаштириш масалалари бўйича Еврокомиссия экспертлари билан консултацияларнинг биринчи босқичини ўтказган.
Консултацияларнинг биринчи босқичи Тошкентда бўлиб ўтгани ҳақида хаабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги.
Хабарда таъкидланишича, Европа томони Ўзбекистон фуқаролари учун визалар тартибини енгиллаштириш масаласини Еврокомиссия йиғилишлари кун тартибига киритиш учун бажарилиши лозим бўлган қатор шартларни белгилаб берган.
Визалар тартибини енгиллаштириш мақсадига тезроқ эришиш учун шунга ўхшаш маслаҳатлашувларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди, — дейилади хабарда.

Сурат манбаси, .
2025 йил октябрида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаганди. Ўшанда бу икки томон ўртасида реадмиссия ва визалар тартибини енгиллаштириш масалалари бўйича музокараларни бошлаш имконини яратиши айтилиб ўтилган эди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар gazeta.uz веб-нашрига интервюсида визалар режимини енгиллаштириш борасида илгарилаш Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларининг мустаҳкамланиши ҳамда ўзбекистонликларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларида визалар қоидаларига риоя қилишига боғлиқлигини эслатган.
"Агар фуқаролар визалар қоидалари ва бўлиш муддатларига риоя қилсалар, бу кейинги қадамлар учун яхши замин яратади", — деб айтган ЕИнинг Тошкентдаги элчиси Тойво Клаар.
17 декабр. Тожикистон Ўзбекистондан электр ола бошлади, Ўзбекистон сайёҳлар оқими бўйича дунё етакчилари қаторида, мактабда ҳужум - Душанбе Москвадан терговни назоратга олишни сўради

Сурат манбаси, Vitaly Smolnikov/TASS
Москвадаги мактабда ҳужум қурбони бўлган бола Тожикистон фуқароси эканлиги тасдиқланди. Тожикистон энергия танқислигини юмшатиш учун Ўзбекистондан электр ола бошлади. Ўзбекистон сайёҳлар оқими ўсиши бўйича дунёда етакчилардан
Россия мактабида ҳужум: Душанбе Москвадан терговни назоратга олишни сўради
Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси Москва вилоятининг Одинцово туманида мактабда ўқувчи тожик боланинг ўлдирилиши ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий мурожаат йўллади.
Тожикистон ТИВнинг "Азия-Плюс" агентлигига маълум қилишича, элчихона 10 ёшли ўқувчи ҳалок бўлган ҳолатни назоратга олган ва Россия расмий идоралари билан алоқада.
Вазирликнинг тасдиқлашича, ҳалок бўлган бола — Қобилжон Алиев — Тожикистон фуқароси бўлган.
"Бу масала Россиядаги Тожикистон элчихонаси назоратида. Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат юборилди. Элчихона ҳалок бўлган боланинг онаси билан доимий алоқада", — дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.
Вазирлик марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, Россия томонидан ҳодиса холисона тергов қилиниши ва айбдорлар қонун олдида жавобгарликка тортилишига умид билдирди.
Ҳодиса 16 декабр куни тахминан соат 09:00 ларда Москва вилояти Одинцово туманидаги Горки-2 аҳоли масканида жойлашган Успенская мактабида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, 15 ёшли россиялик ўқувчи мактаб қўриқчисига ва ўқувчилардан бирига ҳужум қилган. 10 ёшли Қобилжон Алиев олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Россия Тергов қўмитасининг расмий хабарларида ҳалок бўлган боланинг шахси ва фуқаролиги ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳужум тафсилотлари
Россиянинг Mash телеграм-канали эълон қилган видеоларда ҳужумчи ўқувчилар гуруҳи олдига келиб, «Қайси миллатдансан?» дея сўрагани акс этган. Қўриқчи уни тўхтатишга уринган, аммо гумонланувчи газ баллончасини ишлатиб, уни пичоқ билан яралаган. Кейин у болаларга қайта ҳужум қилиб, ўқувчилардан бирига пичоқ билан зарба берган.
"112" канали маълумотларига кўра, ҳалок бўлган боланинг онаси ўша мактабда фаррош бўлиб ишлаган.
Ҳужумдан сўнг гумонланувчи мактаб синфларидан бирида беркиниб олган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. Тергов пайтида у жиноятни содир этганини тан олгани айтилмоқда.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Тожикистон энергия танқислигини юмшатиш учун Ўзбекистондан электр ола бошлади

Сурат манбаси, Energetika vazirligi
Тожикистон қиш мавсуми кириб келиши билан кучайган электр энергияси танқислигини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондан электр олишни бошлади. Бу ҳақда 15 декабр куни Тожикистоннинг мустақил Pamir Inside нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Тожикистон, шунингдек, 16 йил олдин қарзлар, электр узилишлари ва сиёсий келишмовчиликлар сабаб тарк этган Марказий Осиё Ягона энергетика тизимига қайта уланишга тайёргарлик кўрмоқда.
Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги 15 декабр куни Ўзбекистондан импорт қилинаётган электр энергияси ички бозордаги тақчилликни камайтиришга ёрдам бераётганини тасдиқлади. Вазирликнинг маълум қилишича, Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам электр етказиб беришни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилган.
Айни пайтда Тожикистон учун электр импорт қилишнинг амалдаги ягона йўли — Ўзбекистон электр тармоғи, хусусан 500 киловольтли Регар–Ғузор узатиш линияси ҳисобланади.
Энергия таъминотидаги муаммолар мамлакатда сўнгги йилларда, айниқса қиш ойларида, кенг кўламли электр узилишлари билан намоён бўлиб келмоқда.
Айни дамда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парламентга қилган йиллик мурожаатида мамлакатдаги электр танқислигини тан олди ва вазият яхшиланишини ваъда қилди. Унинг айтишича, 2027 йилга бориб, Роғун гидроэлектростанциясининг учинчи турбинаси ишга туширилади ва шундан сўнг тожикистонликлар "электр узилишларини унутади".
Ўзбекистон туризм ўсиши бўйича дунёда етакчилар қаторида

Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO/AFP via Getty Images
Ўзбекистон хорижий сайёҳларни жалб қилиш суръатлари бўйича жаҳон миқёсида етакчи давлатлар қаторига кирди. БМТнинг Туризм ташкилоти томонидан эълон қилинган World Tourism Barometer ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонга келган халқаро сайёҳлар сони 2019 йилга нисбатан 73 фоизга ошган.
Бу натижа билан Ўзбекистон дунё бўйича хорижий сайёҳлар оқими энг тез ўсган ТОП–7 мамлакат қаторига кирди.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Европа минтақасида ҳам юқори кўрсаткичларга эришган. 2019 йилга нисбатан туристлар сони ўсиши бўйича мамлакат Европа минтақасида 2-ўринни эгаллаган. 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида хорижий сайёҳлар сони 2024 йилга нисбатан 13 фоизга кўпайган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Шу орқали Ўзбекистон Европа минтақасида туристлар оқими энг тез ўсган ТОП–4 йўналишдан бирига айланган.
БМТ Туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида бутун дунё бўйлаб халқаро саёҳатлар ўртача 5 фоизга ошган. Бу пандемиядан кейин глобал туризмнинг барқарор тикланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистонда эса ўсиш суръатлари жаҳон ўртача кўрсаткичларидан анча юқори. 2025 йилнинг дастлабки 11 ойида мамлакатга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келган. Апрел ойидан бошлаб эса ойлик сайёҳлар оқими илк бор 1 миллион кишидан ошган.
Туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 4,4 миллиард доллардан ошгани айтилган.












