Ўзбекистон сайёҳларнинг чўнтаги изидан қувяптими?
Ўзбекистон сайёҳликни ўзи учун муҳим соҳалардан бири сифатида кўрмоқда. Мирзиёев қудратга келгач, сайёҳлар оқими қарийб олти бараварга ошиб, соҳа мамлакат учун устивор йўналишга айланди. Бироқ, айни ривожланиш баъзи ҳолларда аҳоли эътирози ва турар-жой биноларининг бузилиши баробарида кечмоқда.

Сурат манбаси, president.uz
9-апрелдаги йиғилишда Президент Мирзиёев туризм соҳасида эришилган ютуқларни қайд этган.
Йиллар давомида ташқи дунёга қарийб ёпиқ бўлиб келган Ўзбекистон сайёҳлик оқимини 2016 йилги 2 миллиондан қарийб 11 миллионга етказди.
Сайёҳликнинг ЙИМдаги улуши 0.5 фоиздан тахминан 3 фоизга ўсган.
Ўзбекистонда туризм хизмат кўрсатишдаги муҳим сектор ўлароқ шаклланмоқда. Ҳукумат айни соҳага бўлган эътиборни кучайтирган.
Президент матбуот хизмати буни "сўнгги саккиз йилда эришилган ютуқ" ўлароқ тавсиф этади.
Ўзбекистоннинг Туризм элчиси Софиа Иботсонга кўра, мамлакатнинг туризм салоҳияти кенг, aммо ижродаги камчиликлар айни ривожланишга тўсиқ бўлмоқда.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Президент Шавкат Мирзиёев эълон қилган баёнотга кўра, Ўзбекистон 2024-йилда 10 миллиондан ортиқ халқаро сайёҳни жалб қилган ва бу мамлакатнинг туризм секторига 3,5 миллиард доллар даромад келтирган.
Режаларда дастлаб Ўзбекистон 2030-йилга бориб хорижлик сайёҳлар сонини 15 миллионга етказиши кўзда тутилган эди.
Аммо Ўзбекистон президентининг айтишича, мамлакат айни мақсадга жорий йилда эришиши мумкин.
Бироқ, мавжуд ташрифлар йўналиши чекланган. Сайёҳларнинг аксарияти, асосан, тарихий иморатлар ва музейлар билан чекланади.
Уларнинг ҳам баъзилари аллақачон ҳимояга муҳтож аҳволда.
Таъмирлаш ва кенгайтиришлар бўйича чиқарилган лойиҳалар эса баъзан эътиборсиз қолиб кетади, баъзан аҳоли эътирозига сабаб бўлади.
Жумладан, Самарқанддаги Имом Мотуридий мажмуасини кенгайтириш мақсадида 217 нафар фуқарога тегишли бўлган турар-жой бинолари бузилиши режа қилинган.
Тармоқларда тарқалган эътирозли хабарларга жавобан, Маданий Мерос агентлиги айни лойиҳа Президент фармонига мувофиқ ва ЮНEСКО Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилган ҳолда амалга оширилишини билдирган.

Сурат манбаси, Madaniy meros agentligi
Шу билан бирга, ҳукумат туризмнинг бир йўналиши билан чекланиб қолмасликка ва сайёҳликнинг бошқа жабҳаларини ҳам ривожлантиришга уринмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг жанубий тоғли ҳудудларида қишки дам олиш масканлари барпо этиш режаланган.
Куни кеча эса Президент Мирзиёев Яшнобод туманида қурилиши кўзда тутилаётган океанариум билан танишган. Ушбу океанариум Чирчиқ дарёси бўйидаги 20 гектар ерда қурилади.
Расмийлар, шунингдек, сайёҳлар учун чипта ва виза олиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш мақсадида электрон платформа ишлаб чиқишмоқда.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш учун шу қадар кўп қарорлар қабул қилинганки, айни пайтда қонунчилик базасида соҳага доир юздан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.
Уларнинг баъзилари амалда бўлса-да, аксари чала ҳолатда ёки эътибордан четда қолгани айтилади.
Маҳаллий Kun.uz нашрининг ёзишича, олти ой аввал қабул қилинган ҳукумат қарорида кўрсатилган кўплаб ташаббуслар амалга ошмай қолмоқда.
"Шуниси эътиборга лойиқки, саноат, геологик, илмий, ҳарбий ва давлат бошқаруви туризми каби янги туризм форматлари ҳали пайдо бўлмаган, PayPal ва Apple Pay каби хизматлар ҳали ҳам Ўзбекистон бозорига кирмаган" - деб ёзади нашр.
Шунга қарамай, сайёҳликка доир янги лойиҳа ва қарорлар тўхтаб қолгани йўқ.
Чет эллик меҳмонларнинг тез кўпайишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон расмийлари Европада ишлаб чиқарилган 14та Аirbus йўловчи самолётини сотиб олиш ва қўшимча бештасини ижарага олиш бўйича дастлабки келишувга эришди.
Бундан ташқари, расмийлар АҚШнинг Boeing ишлаб чиқарувчиси билан тахминан 2 миллиард долларлик 14 787-8 Dreamliner сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон туризмни катта даромад келтирадиган, иш ўринлари яратадиган соҳага айлантирмоқчи.
Софиа Иботсон мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти кенг эканлигини, аммо ижродаги камчиликлар лойиҳаларни кечиктираётганини айтади.
"Ўзбекистон ҳам маданий, ҳам кўнгилочар манзил сифатида шакллана олади. Биз буни сўнгги йилларда аниқ кўрдик. Аммо ҳукумат ишлаб чиққан лойиҳаларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошмайди. Бу эса мамлакатда туризм ривожланишини ортга тортмоқда" - дейди у.












